ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР
ёхуд яшаш завқи, ҳаёт гўзаллигидан бебаҳралик оқибатлари
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар қирқ сонияда бир киши ўз жонига қасд қилади. Улар орасида инсоният наслининг давомчилари бўлган аёлларнинг борлиги жуда аянчли. Аёл — оиланинг мадори. Фарзандлар туғилганидан бошлаб онага суянади. Она улар учун чинакам ватан. Эркакнинг ҳам бу ёруғ дунёдаги рўшноси — аёл. Эркак кези келганда, шу ожизага суяниб яшайди.






















