Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бир кунлик экологик сарф oна табиат бағрида қолдираётган «из»имизга бир назар

Катта шаҳарда бир кунлик ҳаётимиз давомида биз табиатнинг қанча ресурсини истеъмол қилишимизни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бир инсоннинг оддий кунлик эҳтиёжлари ортидан қанча сув, энергия, ҳаво, ер ва табиий ресурслар сарфланишини биласизми?

Бир кунлик экологик сарф oна табиат бағрида қолдираётган «из»имизга бир назар

Эрталаб соат етти. Телефоннинг уйғотувчи мусиқасини ўчириш баҳонасида уни қўлга оламизу анча вақт «титкилаймиз». Чироқни ёқамиз, ювинишга кирамиз, жўмракни очамиз, тишимизни ювамиз, душ қабул қиламиз. Нонуштага ўтирамиз чой қайнайди, музлаткич очилади, телефон яна қувватлагичга уланади.

Ишга отланамиз. Кимдир ўз шахсий автомобилида, кимдир таксида, яна кимдир автобусда... Светофорлар йўл кўрсатади, дўконлар очилади, кондиционерлар ёқилади, насослар сув ҳайдайди, электр тармоқлари юклама билан ишлашни бошлайди.

Тушлик вақти. Дастурхонда нон, гўшт, сабзавот, мева ва ичимлик. Ишдан сўнг уйга қайтамиз, телевизор, компьютер, музлаткич, кондиционер яна ишлайди, кун охирида эса пластик идишлар, қоғоз, озиқ-овқат қолдиқлари ва бошқа чиқиндилар чиқинди қутисига тушади.

Биз учун бу оддий бир кун. Табиат учун эса бу – сув, энергия, ер, хомашё ва тирик экотизимлар сарфланган, энди уларнинг ўрни тикланиши шарт бўлган яна бир жараён.

Шу ерда бир савол туғилади, бир инсон бир кунда табиат ресурсларидан қанчасини истеъмол қилади? Бу саволга битта рақам билан жавоб бериш қийин, чунки табиат истеъмоли фақат жўмракдан оққан сув ёки электр ҳисоблагичдаги рақамдан иборат эмас, унинг ортида «яширин» сув, энергия, ер, транспорт, маҳсулот ишлаб чиқариш, чиқинди ва углерод излари бор.

Ўзбекистон аҳолиси 2026 йил сентябрь ҳолатига 37,8 миллион кишидан ортди. Тошкент шаҳрида эса 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бир одамнинг қарори кичик, аммо миллионлаб одамларнинг кичик қарорлари мамлакат миқёсида катта экологик таъсирга айланади. Шунинг учун замонавий экологик сиёсатни фақат корхона, полигон ёки йирик лойиҳалар билан ўлчаш етарли эмас. Инсоннинг кундалик ҳаёти экологик сиёсатнинг энг катта майдонларидан бири ҳисобланади.

Инсоннинг табиат билан биринчи катта мулоқоти кўпинча сувдан бош­ланади, тиш ювиш, юз-қўлни ювиш, душ, чой, нонушта – буларнинг барчаси сув билан боғлиқ. Аммо сув истеъмолини фақат уйдаги жўмракдан оқаётган литрлар билан ўлчаш нотўғри. Маҳсулотларни етиштириш ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳам катта миқдорда сув сарфланади, бу «виртуал сув» ёки маҳсулотнинг «сув изи» деб аталади.

«Water Footprint Network» ҳисоб-китобларида бир килограмм гўштнинг глобал ўртача сув изи тахминан 15 500 литр, бир килограмм гуручники 3 400 литр, бир килограмм нонники эса 1 300 литр деб баҳоланган. Бу рақамлар фақат Ўзбекистонга хос эмас, балки глобал ўртача кўрсаткичлар ҳисобланади.

Ўзбекистон учун сув масаласи алоҳида аҳамиятга эга. FAO (БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) маълумотларига кўра, мамлакатда сув олишнинг тахминан 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келиб, сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёларга боғлиқ.

Демак, сувни тежаш орқали биз фақат коммунал тўловларимизни камайтиришни ўйлашимиз эмас, балки бу миллий ресурс хавфсизлиги масаласини ўйлашимиз керак.

Ишга бориш учун машинага ўтирамиз, автомобиль бизга қулайлик, тезлик ва вақт беради, лекин ҳар бир ҳаракатнинг экологик нархи бор: ёқилғи ёнади, энергия сарфланади, атмосферага чиқиндилар чиқади, йўл инфратузилмаси учун ер ажратилади. Шаҳар қанча катталашса, ҳаракатга бўлган эҳтиёж ҳам шунча ортади, ҳаракат кўпайса, энергия ва ҳавога босим ҳам ортади. ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи шаҳарларда яшайди ва бу улуш 2050 йилга бориб қарийб 68 фоизга етиши кутилмоқда. Шаҳарлар глобал энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари чиқиндиларининг катта қисмини шакллантирадиган асосий манбага айланиб бормоқда.

Кун давомида сарфланаётган электр энергиясини кўпинча сезмаймиз: чироқ ёнади, телефон қувват олади, музлаткич ишлайди, лифт ҳаракатланади, компьютер ишлайди, кондиционер совитади, сув насос орқали уйимизга етиб келади...

Ўзбекистонда 2025 йилда абонентлар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси 63,746 миллиард кВт·соатни ташкил этган. Расмий статистикада аҳоли жон бошига абонентлар электр истеъмоли 1 697,9 кВт·соат деб қайд этилган. Бу йиллик кўрсаткични кунликка шартли равишда бўлганда тахминан 4,65 кВт·соатга тўғри келади. Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига абонентлар электр истеъмоли 2025 йилда 2 631,8 кВт·соатни ташкил этган – бу шартли ҳисобда кунига тахминан 7,2 кВт·соат.

Бу рақамлар бир одамнинг уйида ҳар куни айнан шунча электр ишлатишини англатмайди, улар расмий статистикадаги аҳоли жон бошига йиллик ўртача кўрсаткични ифодалайди. Аммо тенденция аниқ шаҳарлашув ва қулайликлар ортиши билан энергияга талаб ҳам ортади.

Тошкент шаҳрини ёз фаслида кондиционерсиз тасаввур қилиш қийин, бироқ совитишга бўлган талаб ортиши электр энергетикасига ҳам қўшимча юклама беради. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, совитишга бўлган эҳтиёж дунёда электр энергияси талабининг тез ўсиб бораётган йўналишларидан биридир. Бу ерда шаҳарсозлик билан энергетика ўртасидаги боғлиқлик яққол кўринади, агар шаҳарлар кўпроқ бетонланса, асфальт ва бинолар қуёш иссиқлигини кўпроқ ютади, иссиқлик ортиб борса, кондиционерлар кўпроқ ишлайди, кондиционерлар кўпроқ ишласа, электрга талаб ортади.

Мана шунинг учун дарахт ва яшил ҳудуд масаласи аслида энергетика масаласи ҳамдир.

Биз дарахтни кўпинча кўкаламзорлаштириш элементи сифатида қабул қиламиз. Аслида эса дарахт шаҳар инфратузилмасининг табиий қисми, у соя беради, ҳавони совитишга ёрдам беради, чангни ушлайди, ёмғир сувининг ерга сингиш жараёнида иштирок этади ва пиёдалар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади. ЖССТ маълумотларига кўра, катта бетон майдонлар ва яшил қопламаларнинг етишмаслиги шаҳарларда «иссиқлик ороли» эффектини кучайтиради. Айрим шаҳарларда бундай таъсир натижасида ҳарорат атрофдаги қишлоқ ҳудудларига нисбатан 3-5°C юқори бўлиши мумкин. Шунинг учун дарахт экишни фақат «кўчат экиш тадбири» деб қараш етарли эмас, уни шаҳарнинг соғлиқни сақлаш, энергия ва иқлимга мослашув сиёсати билан боғлаш зарур.

Тушликда дас­турхондаги таомни тайёр маҳсулот сифатида кўрамиз, табиат эса унинг ортидаги ресурсларни «кўради». Нон ортида – ер, сув, уруғ, ўғит, техника ва энергия, гўшт ортида – чорва, ем-хашак, сув, ер ва энергия, сабзавот ортида – суғориш, ер, ўғит, меҳнат ва транспорт... Хуллас, бу биз ўйлаганимиздан кўра анчагина узун ва мураккаб жараёндир.

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сув ресурсларига жуда катта даражада боғлиқ бўлиб, мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий қисми суғоришга таянади. Шунинг учун истеъмол маданияти ҳақида гап кетганда, овқатни исроф қилмаслик ҳам экологик сиёсатнинг бир қисми бўлиши керак, чунки исроф қилинган овқат билан бирга уни етиштиришга сарфланган сув, ер, энергия ва меҳнат ҳам чиқитга чиқади.

Кун охирида экологик ҳисоб-китобнинг яна бир қисми – чиқинди билан тўқнашамиз. 2025 йилда Ўзбекистонда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган, бу ўртача ҳисобда кунига 41 минг тоннадан ортиқ маиший чиқинди деганидир. 2024 йилда эса 14,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган ва шундан 900,5 минг тоннадан ортиғи қайта ишланган – тахминан 6,1 фоиз. Бу рақамлар чиқиндини фақат экологик муаммо эмас, балки иқтисодий ресурс сифатида кўриш зарурлигини ҳам кўрсатади. Пластик, қоғоз, металл ва шиша – қайта ишланиши мумкин бўлган материаллар. Органик чиқиндилардан эса компост ва бошқа маҳсулотлар олиш мумкин. Демак, чиқинди қутисига ташланган ҳар бир унсур «кераксиз» эмас, унинг бир қисми нотўғри жойга тушган ресурс бўлиши мумкин.

Биз бир литр сувни кўрамиз, аммо уни тозалаш ва уйимизга етказиш учун сарфланган энергияни кўрмаймиз, биз нонни кўрамиз, аммо унинг ортидаги далани, сувни, ёнилғини ва меҳнатни кўрмаймиз, биз телефонни кўрамиз, аммо уни ишлаб чиқариш учун керак бўлган металл ва минералларни кўрмаймиз, биз автомобилда маза қилиб ҳаракатланамиз, аммо унинг ишлаб чиқарилиши, ёнилғиси, йўл инфратузилмаси ва атмосферага таъсирини бир вақтда ҳис қилмаймиз.

«Экологик из»нинг катта қисми кўзга кўринмайди, шунинг учун замонавий экологик маданият фақат «чиқинди ташлама» ёки «дарахтни асра» деган чақириқлар билан чекланмаслиги керак. Инсон ўзининг ресурс истеъмолини англаши, дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиши шарт.

Сувдан фойдаланганимиз учун табиат бизга ҳисоб-фактура юбормайди, дарахтнинг соясидан фойдаланганимиз учун ҳам, ёки тоза ҳаводан нафас олганимиз учун ҳам. Аммо табиат хизматлари ёмонлашганда, уларнинг иқтисодий қиймати намоён бўла бошлайди, сув танқис бўлса янги инфратузилма керак, иссиқлик кучайса кўпроқ совитиш учун электр энергияси керак, ҳаво ифлосланса саломатликка боғлиқ харажатлар ортади, чиқинди кўпайса уни йиғиш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун кўпроқ маблағ талаб этилади. Демак, табиатнинг кўплаб хизматлари бизга ҳозирча «бепул» кўринади, лекин уларнинг ўрнини сунъий воситалар билан тўлдиришга тўғри келса, ҳақиқий нархи жуда қиммат бўлиши мумкин.

Балки келажакда ҳар бир инсон ўзининг «экологик из»ини оддий шаклда кўра олиши муҳимдир, масалан шартли экологик паспортда бир ойда қанча электр ва сув истеъмол қилингани, қанча маиший чиқинди ҳосил қилгани, қанча чиқинди саралаб топширгани, шахсий автомобиль ва жамоат транспортидан фойдаланиш улуши, хонадонда қуёш ёки яшил энергиясидан фойдаланиш каби кўрсаткичлар акс эттирилиши мумкин. Бу одамни назорат қилиш учун эмас, аксинча унга ўзининг танловини кўрсатиш учун керак. Чунки инсон нимани ва қанча истеъмол қилаётганини ўзи билмаса, уни камайтириш ҳақида қарор қабул қилиши қийин.

Экологик муаммолар ҳақида гапирганда кўпинча катта рақамлардан қўрқамиз, миллион тонна чиқинди, миллиард киловатт-соат электр, миллиардлаб куб метр сув, абадий музликларнинг эриши ва ҳоказо. Аммо бу катта рақамларнинг барчаси охир-оқибатда инсоннинг кичик кундалик қарорларидан ташкил топади. Бир одамнинг душ қабул қилиши, автомобилдан фойдаланиши, кондиционер ёқиши, овқатни исроф қилиши, пластик идишни қаерга ташлаши, дарахтни асраши... Бир қарашда буларнинг ҳеч бири катта ишдек кўринмайди, аммо миллионлаб кичик қарорлар жамланганда, уларнинг таъсири жуда катта бўлади.

Шунинг учун экологик маданиятни фақат катта акциялардан эмас, оддий кундан бош­лаш керак, эрталаб уйғонганимиздан то кечқурун ухлаганимизгача биз табиат билан доимий мулоқотдамиз, фақат бу мулоқотни ҳар доим ҳам сезмаймиз.

Ҳар биримиз XXI асрнинг муҳим экологик саволини ўз олдимизга қўйиш вақти етган: «Табиатни қандай асраймиз?» эмас, балки «Бугун мен табиатдан қанча фойдаландим ва эртага унга қанчасини қайтариб бера оламан?..»

Зотан, табиат бизнинг ташқи муҳитимиз эмас. Биз ҳам табиатнинг бир қисмимиз ва унинг тақдири, охир-оқибатда, ўзимизнинг тақдиримиздир.




Ўхшаш мақолалар

Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

🕔14:42, 22.10.2026 ✔33

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Батафсил
Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

🕔14:29, 22.10.2026 ✔25

Дўкондан озиқ-овқат маҳсулоти харид қилар экансиз, аввало, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор беришингиз тайин.

Батафсил
Ҳашамдор  қадоқлар –  кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳашамдор қадоқлар – кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

🕔13:15, 15.10.2026 ✔184

Ҳар куни дўконда, бозорда зарур нарсаларни харид қилар экансиз, уларнинг қадоғига, бежирим кўринишига албатта эътибор қилишингиз тайин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар