Давр нафаси      Бош саҳифа

Ўзбекистон – АҚШ: Масофа билмас ҳамкорлик ва экологик тараққиёт истиқболлари

Дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Ўзбекистон – АҚШ:  Масофа билмас ҳамкорлик ва  экологик тараққиёт истиқболлари

Ўзаро ишонч ва манфаатлар уйғунлигига асосланган муносабатлар орадаги узоқ масофани ҳам қисқартириб, янги босқичга кўтарилмоқда. Бу иқтисодиётимизни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг катта салоҳияти, бой маданий мероси ва ўзига хос ижтимоий ҳаёти, сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига Океанортидаги қизиқиш алоҳида эътиборга моликдир. Чунки мунтазамлик касб этаётган кўп томонлама ҳамкорлик стратегик шерикликка айланди ва бу нафақат икки мамлакат, балки Марказий Осиё минтақаси учун муҳим ўрин тутади.

Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган йирик халқаро анжуман Ўзбекистон – Марказий Осиё ва АҚШ муносабатларида том маънодаги янги даврнинг бошланиши, дейиш мумкин. Бунинг пойдевори эса, янги Ўзбекистоннинг дунёга очилгани, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан боғланади.

Самарқандга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан кескин ўсиб бораётгани халқларимизни, давлатларимизни бир-бирига янада яқинлаштираётганини бежиз алоҳида қайд этмади. Биргина жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошган, иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия каби истиқболли йўналишларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар аллақачон дастлабки натижаларини бера бошлади. Бу янги иш ўринлари, аҳоли даромадлари ошиши, илғор тажриба ва инновацияларни ўзлаштиришда айниқса яққол кўринмоқда.

Муҳими, ўзаро ҳамкорлик фақат савдо-иқтисодий алоқалар билангина чекланиб қолгани йўқ. Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги муносабатлар изчил кенгаймоқда. Тошкентда Webster университети, Америка технологиялар университети ҳамда Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази фаолият юритаётгани мамлакатимизда халқаро таълим ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Ўзбекистонга ташриф буюраётган америкалик сайёҳлар сонининг ортиб бораётгани ҳам юртимизнинг тарихий обидалари, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиётига бўлган қизиқиш тобора кучаяётганини кўрсатади.

Айниқса, Ўзбекистоннинг кўп асрлик анъаналарига таянган маҳалла тизими хорижликлар, жумладан, америкаликлар учун ҳам ўрганишга арзигулик тажриба ҳисобланади. Маҳалланинг аҳолини бирлаштириш, ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси ва ўзаро кўмакни таъминлашдаги ўрни мамлакатимизнинг ўзига хос ижтимоий тажрибасини намоён этади. Бундай жиҳатлар халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яна бир истиқболли йўналиши – экологик ислоҳотлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик. Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, ҳавонинг ифлосланиши, чўлланиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш каби масалалар глобал аҳамият касб этмоқда. Бу муаммоларни самарали ҳал этиш эса замонавий технологиялар, илмий ёндашувлар ва халқаро тажриба алмашинувини тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, АҚШнинг илғор технологик ечимлари ва инновацион ишланмаларидан фойдаланиш Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлаши, шубҳасиз.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, ҳавонинг сифатини мониторинг қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида ҳамкорлик учун АҚШда катта салоҳият мавжуд. Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технология­лар имкониятларидан экологик мониторинг, табиий хавфларни прогнозлаш ҳамда атроф-муҳит ҳолатини таҳлил қилишда фойдаланиш мумкин. Бундай ташаббуслар нафақат экологик муаммоларни бартараф этишга, балки яшил иқтисодиётни ривож­лантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Самарқандда ўтган «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви эса бу ҳамкорлик алоқаларида янги уфқлар очиш учун катта имконият бўлди. Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон тарихида Aмерика бизнес ҳамжамиятининг бундай кенг кўламдаги иштироки илгари ҳеч қачон бўлмаган. Aмерика бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши бу даражага кўтарилгани – тарихда янги саҳифадир.

Коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш соҳасидаги «Артемида» битимларининг имзоланиши бунинг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин. Бу Ўзбекистоннинг халқаро илмий-технологик жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва истиқболли йўналишларда янги имкониятлардан фойдаланиш учун замин яратади.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни ҳам беқиёс. Мулоқотлар давомида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларни ташкил этувчи 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат тўплам шакллантирилди. Уларни изчил амалга оширишга қаратилган комплекс ҳаракатлар дастурининг ишлаб чиқилиши эса эришилган келишувларни аниқ натижаларга айлантиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай кенг кўламли ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт мақсадлари, серқирра ривожланиш босқичлари билан ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янада замонавий ёндашувларни талаб этмоқда. Бу жараёнда АҚШнинг илғор технологиялари, илмий ишланмалари ва амалий тажрибасини ўрганиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим самара бериши аниқ.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидагиЎзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон – АҚШ:  Масофа билмас ҳамкорлик ва  экологик тараққиёт истиқболлари

Ўзбекистон – АҚШ: Масофа билмас ҳамкорлик ва экологик тараққиёт истиқболлари

🕔14:52, 22.10.2026 ✔32

Дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Батафсил
Табиат неъматлари муҳофазасида  Ўзбекистон  роли кучаймоқда

Табиат неъматлари муҳофазасида Ўзбекистон роли кучаймоқда

🕔14:45, 22.10.2026 ✔26

«Leaders for Nature» саммитида биохилма-хилликни асрашга доир учта халқаро ташаббус илгари сурилди

Батафсил
МДҲ – ишонч,  ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

МДҲ – ишонч, ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

🕔13:20, 15.10.2026 ✔159

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар