Давр нафаси      Бош саҳифа

МДҲ – ишонч, ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

МДҲ – ишонч,  ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

Шу нуқтаи назардан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги мулоқот нафақат сиёсий муносабатларни ривожлантириш, балки иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам майдон ҳисобланади.

Ўтган ҳафтада Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида иштирок этиши ва илгари сурган ташаббуслари кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган изчил сиёсатининг муҳим ифодаси бўлди. Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро инвестицияларни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бунда оддий товар айирбошлаш билан чекланиб қолмасдан, биргаликда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш ва уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда. Бундай ёндашув мамлакатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси янги корхоналар, инвестиция лойиҳалари, муносиб иш ўринлари ва аҳоли даромадларининг ўсишида намоён бўлади.

Эркин савдо ҳудудининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, савдодаги техник тўсиқларни камайтириш, маҳсулотлар ҳаракатини соддалаштириш ва транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар ҳам долзарбдир. Транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, замонавий логис­тика марказларини ривожлантириш ва ташиш харажатларини қисқартириш Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорларимизнинг янги бозорларга чиқиши учун қўшимча имконият яратади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зотан, аҳоли эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бугунги кунда жуда долзарб ҳисобланади. Бу борада МДҲ давлатлари ўртасидаги таж­риба алмашинув ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар катта аҳамиятга эга.

Энергетика ва экологик барқарорлик масалалари ҳам замонавий тараққиётнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, кам углеродли технологияларни жорий этиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорлик келажак авлодлар олдидаги муҳим масъулиятдир. Иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар чегара билмаслигини ҳисобга олсак, бу йўналишдаги ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортади.

Саммитда кибержиноятчилик ва интернет орқали содир этиладиган фирибгарликка қарши курашиш масаласига эътибор қаратилгани ҳам айни муддаодир. Рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир шароитда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, молиявий маблағлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифага айланмоқда. МДҲнинг Қўшма алоқа марказини ташкил этиш ташаббуси трансчегаравий кибержиноятларга қарши тезкор ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим механизм бўлиши мумкин.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати – инсон капитали, таълим, илм-фан ва ёшлар салоҳиятини ривожлантириш. Мамлакатларнинг узоқ муддатли тараққиёти, аввало, билимли, замонавий касбларни эгаллаган ва инновацион фикрлайдиган ёшларга боғлиқ. Шу сабабли таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш, рақамли технологиялар ва янги касблар бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекис­тоннинг 2027 йилда МДҲга раислик қилиши мамлакатимиз учун кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва мавжуд келишувларни амалий натижалар билан бойитиш имкониятидир. «МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони» шиори остида амалга ошириладиган раислик доирасида иқтисодиёт, транспорт, хавфсизлик, инновациялар, таълим ва инсон салоҳиятини ривожлантириш каби йўналишлардаги ҳамкорлик уфқлари янада кенгаяди.

Умуман, Президентимиз илгари сураётган ташаббуслар замирида муҳим бир мақсад мужассам: давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан мустаҳкамлаш ва унинг самарасини ҳар бир инсон ҳаётида намоён этиш. Зеро, иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари, хавфсиз рақамли муҳит, экологик барқарорлик ва ёшлар учун кенг имкониятлар – буларнинг барчаси самарали ҳамкорлик натижаларидир.

Ишонч, ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Дўстона ҳамкорликка йўналтирилган саъй-ҳаракатлар нафақат бугунги кун вазифаларини ҳал этиш, балки келажак авлодлар учун ҳам тинч, хавфсиз ва фаровон ҳаётни таъминлашда пойдевор бўлади.

Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон – АҚШ:  Масофа билмас ҳамкорлик ва  экологик тараққиёт истиқболлари

Ўзбекистон – АҚШ: Масофа билмас ҳамкорлик ва экологик тараққиёт истиқболлари

🕔14:52, 22.10.2026 ✔28

Дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Батафсил
Табиат неъматлари муҳофазасида  Ўзбекистон  роли кучаймоқда

Табиат неъматлари муҳофазасида Ўзбекистон роли кучаймоқда

🕔14:45, 22.10.2026 ✔23

«Leaders for Nature» саммитида биохилма-хилликни асрашга доир учта халқаро ташаббус илгари сурилди

Батафсил
МДҲ – ишонч,  ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

МДҲ – ишонч, ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

🕔13:20, 15.10.2026 ✔158

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар