Бу икки мамлакат ўртасидаги янги ҳамкорлик модели сиёсий ишонч, иқтисодий шериклик ва яшил тараққиёт асосида шаклланмоқда. Ўзаро муносабатлар бугун тарихий қардошлик ва маданий яқинлик доирасидан чиқиб, узоқ муддатли сиёсий, иқтисодий ва геостратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилди.
Қардошликдан стратегик иттифоққача
Ўзбекистон ва Озарбайжонни умумий тарих, тил, маданият, маънавий қадриятлар ва туркий дунёга мансублик бирлаштиради. Бироқ бугунги муносабатларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, тарихий-маънавий яқинлик замонавий давлатчилик манфаатлари, иқтисодий интеграция, ўзаро инвестициялар ва минтақавий хавфсизлик масалалари билан тўлдирилмоқда.
Сўнгги беш йилда давлат раҳбарлари даражасида амалга оширилган 15 та ўзаро ташриф сиёсий мулоқотнинг изчил ва юқори суръатларда ривожланаётганини кўрсатади. Жорий йил 23-24 август кунлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи эса бу узлуксиз жараённинг муҳим тарихий воқеаси бўлди.
Ташриф доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, Олий Давлатлараро Кенгашнинг III йиғилиши, Абадий дўстлик тўғрисидаги Шартноманинг имзоланиши, янги инвестиция ва саноат лойиҳаларининг ишга туширилиши икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликка янги мазмун бағишлади.
Сиёсий яқинлашувнинг амалий натижалари, аввало, иқтисодий кўрсаткичларда намоён бўлмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йилга нисбатан уч баробардан зиёд ошиб, 795 миллион АҚШ долларига етди. 2026 йилнинг январь-май ойларида эса савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоиз ўсиб, 144 миллион долларни ташкил этди.
Яқин йилларда ўзаро савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинди. Муҳими, савдо ҳажмининг ўсиши инвестиция, транспорт ва ишлаб чиқариш занжирларининг кенгайиши билан бирга кечмоқда.
Табиий ресурслар: экологик масъулият уйғунлиги
Табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги кунда иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда. Энергетика, тоғ-кон, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларнинг барқарорлиги, аввало, ресурслардан фойдаланиш маданияти, экологик талабларга риоя этиш ва келажак авлодлар манфаатларини ҳисобга олиш билан боғлиқ.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг табиий ресурслар, энергетика ва экологик барқарорлик соҳаларидаги ҳамкорлиги ана шу умумий масъулиятни амалий мазмун билан тўлдириши мумкин. Бу йўналишда илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари, давлат идоралари ва парламентлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, тоғ-кон саноатида замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларида ресурс ва энергия тежамкорлигини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда атроф-муҳитга таъсирни камайтириш масалалари долзарбдир. Янги инвестиция лойиҳалари нафақат иқтисодий самара, балки экологик хавфсизлик мезонлари асосида ҳам баҳоланиши зарур.
Табиий ресурслардан фойдаланишда очиқлик, масъулият ва узоқ муддатли режалаштириш тамойилларининг устувор бўлиши мамлакатлар ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлиги иқтисодий манфаатлар билан экологик масъулиятни уйғунлаштиришнинг муҳим намунаси бўла олади.
Энергетикада янги имкониятлар
SOCAR компаниясининг Ўзбекистон ёқилғи бозорига кириб келиши ва нефть-газ қидируви соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши икки давлат иқтисодий алоқаларида муҳим воқеа ҳисобланади. Бу жараён Озарбайжоннинг энергетика соҳасидаги имкониятлари фақат нефть ва газ экспорти билан чекланмаслигини кўрсатмоқда. Компаниянинг қазиб олиш, қайта ишлаш, чакана савдо, нефть-кимё ва хизматлар йўналишларидаги фаолияти уни интеграциялашган халқаро энергетика тузилмаси сифатида намоён этмоқда.
Шу билан бирга, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни фақат анъанавий ёқилғи ресурслари билан чеклаб қўймаслик лозим. Энергия самарадорлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари, электр тармоқларини модернизация қилиш ва «яшил» технологияларни жорий этиш келажак тараққиётининг муҳим шартларидир.
Марказий Осиёнинг улкан қайта тикланадиган энергия салоҳиятини Озарбайжоннинг Каспий денгизидаги шамол энергетикаси имкониятлари, экспорт инфратузилмаси ва Европа билан стратегик энергетика шериклиги билан уйғунлаштириш келажакда муҳим натижалар бериши кутилмоқда.
«Яшил» энергетика – умумий келажак
Бугун энергетика хавфсизлиги ва экологик барқарорлик бир-биридан ажралмас тушунчаларга айланмоқда. Электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши, иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларга босимнинг кучайиши мамлакатлардан янги технологик ечимларни излашни талаб этмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг «яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги ана шу чақириқларга жавоб бериш учун катта имконият яратади.
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва электр энергиясини узатиш инфратузилмасини такомиллаштириш икки давлат учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Каспий денгизи орқали «яшил» электр энергиясини Ғарб йўналишига узатиш истиқболи ҳам минтақавий энергетика ҳамкорлигининг янги босқичини шакллантириши мумкин. Бундай лойиҳалар нафақат энергия манбаларини диверсификация қилиш, балки экологик тоза энергиядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Менинг фикримча, «яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда учта устувор вазифага эътибор қаратиш зарур: биринчидан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ҳажмини ошириш; иккинчидан, энергия самарадорлигини таъминлаш; учинчидан, экологик хавфсизлик ва технологик инновацияларни уйғунлаштириш.
Бу борада парламентлараро мулоқот ҳам муҳим ўрин тутади. Қонунчиликни такомиллаштириш, экологик стандартларни яқинлаштириш, «яшил» инвестицияларни рағбатлантириш ва халқаро тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик барқарор тараққиёт учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Каспий денгизи ва экологик барқарорлик
Озарбайжон учун Каспий денгизи нафақат транспорт ва энергетика йўлларининг муҳим бўғини, балки ноёб табиий экотизим, биологик хилма-хиллик ва минтақавий экологик мувозанатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис Каспий денгизидан фойдаланиш масалаларида иқтисодий манфаатлар билан экологик масъулиятни уйғунлаштириш муҳимдир. Денгиз экотизимларини муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ифлосланишнинг олдини олиш ва табиий биохилма-хилликни асраш бўйича ҳамкорликни кучайтириш минтақавий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик мулоқотни ривожлантиришда сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишнинг олдини олиш ва экологик таълим масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш мумкин.
Бу йўналишда тажриба алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва экологик технологияларни жорий этиш икки мамлакатнинг умумий манфаатларига мос келади. Чунки экологик муаммолар давлат чегаралари билан чекланмайди, уларни ҳал этиш эса ҳамкорлик ва умумий масъулиятни талаб қилади.
Транспорт йўлаклари: Евроосиё тараққиётига элтади
Икки давлат ҳамкорлигининг яна бир стратегик йўналиши транспорт ва логистикадир. 2025 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида транзит ташиш ҳажми 6,7 фоиз ошиб, қарийб 1,4 миллион тоннани ташкил этган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса бу кўрсаткич яна 12,2 фоиз ўсиб, 675 минг тоннага етди.
Бу рақамлар фақат икки давлат ўртасидаги юк ташиш ҳажмини эмас, балки Хитой ва Марказий Осиёдан бошланиб, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Жанубий Кавказ орқали Европага чўзилаётган кенг Евроосиё логистика тизимининг шаклланаётганини англатади.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини Ўрта йўлак билан боғлаш, Транс-Каспий йўлаги салоҳиятини биргаликда ривожлантириш ва Каспийда қўшма флот яратиш бўйича ташаббуслар мазкур йўналишнинг стратегик аҳамиятини янада оширади.
Шу билан бирга, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда экологик талабларни ҳисобга олиш ҳам муҳимдир. Энергия тежамкор транспорт, логистика жараёнларини рақамлаштириш, чиқиндиларни камайтириш ва экологик хавфсиз технологиялардан фойдаланиш келажакдаги транспорт тизимининг ажралмас қисми бўлиши керак.
Шу тариқа, Озарбайжон оддий транзит ҳудудидан минтақавий логистика жараёнларини мувофиқлаштирувчи марказга айланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг ишлаб чиқариш, савдо ва транспорт салоҳиятини Жанубий Кавказ ҳамда Европа бозорлари билан боғловчи муҳим бўғинга айланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари тарихий занжири иттифоқчилик, умумий капитал, қўшма ишлаб чиқариш, энергетика интеграцияси, транспорт боғланишлари, минтақавий мувофиқлаштириш ва умумий стратегик келажак каби янги ҳалқалар билан бойимоқда. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергетика хавфсизлиги ва экологик барқарорликни мустаҳкамлаш эса ана шу стратегик шерикликнинг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. Чунки замонавий тараққиёт фақат иқтисодий ўсиш билан эмас, балки инсон саломатлиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва келажак авлодлар манфаатларини таъминлаш билан ҳам ўлчанади.
Шу маънода, Ўзбекистон-Озарбайжон йўналиши шунчаки икки қардош мамлакат муносабатларидан иборат эмас. У Марказий Осиё билан Жанубий Кавказни, Каспийнинг Шарқи билан Ғарбини, Осиё ишлаб чиқариш марказларини Европа бозорлари билан боғловчи янги Евроосиё архитектурасининг етакчи элементларидан бирига айланмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон ва Озарбайжон бу жараённи четдан кузатиб турган давлатлар эмас. Улар янги сиёсий ва иқтисодий маконни, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергетика хавфсизлиги ва экологик барқарорликка асосланган умумий келажакни биргаликда шакллантираётган асосий иштирокчилардир.
Содиқ ҚУРБОНОВ,
Озарбайжон Республикаси Миллий
Мажлисининг Табиий ресурслар,
энергетика ва экология қўмитаси раиси