Давр нафаси      Бош саҳифа

Янги қонунлар: кучайтирилган жазо, муросасиз ёндашув

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Янги қонунлар:  кучайтирилган жазо,  муросасиз  ёндашув

Аввало ушбу масалалар Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди. Кун тартибига қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар билдирилди, қизғин савол-жавоблар бўлди, партия фракцияси позицияси шакллантирилди.

Фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимоясида янги қадам «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилиниб Сенатга юборилди.

Ўзгаришнинг мазмунига кўра, одамлар судларда барча босқичлардан ўтиб, бошқа ҳимоя воситалари қолмаганида ва ўша ишда қўлланилган қонун Конституцияга зид деб топилганда, бевосита Конституциявий судга шикоят қилиш механизми янада аниқ ва қулай кўринишга келтирилмоқда. Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида сўзсиз ижросини таъминлаш ҳамда процессуал тартибларни аниқ белгилашга қаратилган нормалар ҳам мустаҳкамланди. Бу янгилик конс­титуциявий одил судловга эришиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

 

Наркожиноятларга қарши курашишда – ҳамма масъул

Жамиятимиздаги энг хавфли балолардан бири бўлган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича қатор қатъий чоралар белгиланди. Янги қонун билан наркотикларнинг интернет тармоғидаги янги усуллар билан тарқалишига қарши курашиш, ноқонуний нарколабораторияларни аниқлаб, уларнинг илдизига болта уриш бўйича масъул идораларга аниқ вазифалар юклатиляпти.

Эндиликда бирор корхона ёки ташкилот наркожиноятга йўл қўйса ё ундан олинган маблағларни қонунийлаштирмоқчи бўлса, бундай юридик шахс­лар суд қарорига асосан тўғридан-тўғри тугатиб юборилади. Фақат жазолаш эмас, балки ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши барқарор иммунитетни шакллантириш, таълим муассасаларида бу балонинг олдини олиш ҳамда даволаш ва реабилитация тизимини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Муҳими, қонунда наркожиноятлар ҳақида хабар берган ё уларга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш ва уларнинг шахсига доир маълумотлар қатъий сир сақланиши ҳам тўлиқ кафолатланмоқда.

 

Болаларга нисбатан зўравонлик билан муроса қилиб бўлмайди

Жамиятимиздаги энг нозик, ҳимояга муҳтож қатлам бўлган фарзандларимизни асраш мақсадида ҳужжат билан 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган ўта оғир жиноятлар, жумладан, номусга тегиш ёки зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда жиноий эҳтиёжни қондириш каби қилмишлар учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Бундай жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли ҳеч ким жазодан қутулиб қолмайди – жазо муқаррарлиги тўлиқ таъминланади.

Шунингдек, болалар хавфсизлигига бефарқ қараган, комиссия қарорларини бажармаган педагог ва масъуллар ҳам қонун олдида жавоб беради.

Агар ўқитувчи томонидан таълим-тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этилса, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан дарҳол бекор қилиниши учун ҳуқуқий асос яратиляпти. Зўравонликдан жабрланган ёки гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам ҳам кўрсатилади. Тергов ва суд жараёнларида болаларнинг руҳий ҳолатини асраш мақсадида сўровлар видеоёзув орқали қайд этилиши, яқинлари томонидан зўравонлик қилинганда эса васийлик органи вакилининг иштироки шартлиги белгиланмоқда. Асосийси, зўравонликка учраган бола ёрдам сўраш учун идорама-идора югурмаслиги, ўз бошидан кечирган даҳшатли воқеани қайта-қайта сўзлаб беришга мажбур бўлмаслиги керак, аксинча, давлатнинг ўзи унинг олдига бориши лозим.

 

Камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушди

Депутатлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ҳисоботини тинглашди. Ярим йил ичида эришилган натижаларга кўра:

– мамлакатда камбағаллик даражаси 4,5 фоизгача пасайган, йил охиригача эса уни 2,8 фоизга тушириш режалаштирилган;

– 275 минг оила (1,2 миллион аҳоли) реал даромадга эга бўлиб, камбағалликдан чиқарилган;

– бандлик йўналишида 469 минг одам доимий ишга жойлашган, ярим миллиондан ортиқ (615 минг) норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилган;

– маҳаллаларда 100 мингдан зиёд микролойиҳалар очилиб, одамларга ўз ҳудудида пул топиш имконияти берилган.

Алоҳида эътибор тортадиган жиҳати, кам таъминланган оилаларнинг 49 минг нафар фарзанди IT, инглиз тили, SMM ва дизайн курсларида мутлақо бепул ўқитил­япти. Болаларга замонавий касб ўргатиш – оилани узоқ муддатли фаровонликка олиб чиқадиган энг тўғри йўл. Депутатларимиз бу натижаларни маълумот учун қабул қилиб, ажратилаётган маблағлар ва яратилаётган иш ўринлари реал ҳаётда барқарор бўлишини назорат қилиб боришини таъкидлашди.

 

Жамият ва давлатнинг муҳим бурчи

– Бола оиланинг қувончи, жамиятнинг эртаси, мамлакат келажагининг бунёдкоридир. Унинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиши шарт.

«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Менинг назаримда, бу борадаги энг муҳим масала – зўравонлик содир этилганидан кейин айбдорни жазолаш билан чекланиб қолмасдан, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва ҳар бир боланинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Болаларга нисбатан зўравонликнинг оилада, таълим муассасаларида ёки бошқа муҳитларда содир этилишига бефарқ қараб бўлмайди. Бола ўзини энг аввало оиласида, таълим оладиган масканида ва жамиятда хавфсиз ҳис қилиши керак.

Қонун лойиҳасида жавобгарлик чораларини кучайтириш билан бир қаторда, жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, зўравонлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ҳам муҳим ўрин тутиши лозим.

Ишончим комилки, болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган мазкур ташаббус бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш ва ёш авлоднинг тинч ҳамда фаровон ҳаёт кечириши учун ҳуқуқий кафолатларни кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Моҳира ХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон – АҚШ:  Масофа билмас ҳамкорлик ва  экологик тараққиёт истиқболлари

Ўзбекистон – АҚШ: Масофа билмас ҳамкорлик ва экологик тараққиёт истиқболлари

🕔14:52, 22.10.2026 ✔32

Дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Батафсил
Табиат неъматлари муҳофазасида  Ўзбекистон  роли кучаймоқда

Табиат неъматлари муҳофазасида Ўзбекистон роли кучаймоқда

🕔14:45, 22.10.2026 ✔26

«Leaders for Nature» саммитида биохилма-хилликни асрашга доир учта халқаро ташаббус илгари сурилди

Батафсил
МДҲ – ишонч,  ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

МДҲ – ишонч, ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони

🕔13:20, 15.10.2026 ✔159

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар