Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгиланган келгуси йилларда амалга ошириладиган еттита миллий дастурдан бири сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Ана шу бир жумлада катта мазмун-моҳият мужассам. Чунки сув ва табиат масаласи энди фақат экологик соҳа доирасидаги вазифа эмас, мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва миллий хавфсизлиги билан боғлиқ стратегик масаладир.
Айниқса, Ўзбекистон учун бунинг долзарблиги янада юқори. Иқлим ўзгариши, сув ресурсларига талабнинг ортиши, чўлланиш, ерларнинг деградацияси, ҳаво сифати, аҳоли пунктларида яшил ҳудудларни кенгайтириш зарурати буларнинг барчаси табиатга муносабатимизни ўзгартиришни талаб этмоқда. Шунинг учун бугун экологик сиёсатда янги босқич бошланмоқда. Бу босқичнинг муҳим амалий ифодаларидан бири «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янги тизим асосида ташкил қилишдир.
Бугун иқтисодий ўсиш билан бирга экологик барқарорликни таъминлаш зарурияти ҳам долзарб бўлиб турибди. Замонавий технологиялар қанчалик ривожланмасин, табиий ресурслардан самарасиз фойдаланиш давом этса, узоқ муддатли тараққиётни таъминлаб бўлмайди. Демак, Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт моделида «яшил» ёндашув алоҳида бир йўналиш эмас, балки барча соҳаларни кесиб ўтадиган муҳим тамойилга айланмоқда. Бу ёндашув иқтисодиётда – peсурс ва энергия тежамкорлигида, қишлоқ хўжалигида – сувдан оқилона фойдаланишда, шаҳарсозликда – «яшил» инфратузилмада, саноатда – экологик технологияларда, таълимда – экологик маданиятда, маҳаллада эса инсон ва табиат уйғунлигини таъминлашда намоён бўлади.
Бугун биз қандай ҳаводан нафас олишимиз, қандай сув ичишимиз, шаҳарларимизда қанча яшил ҳудуд бўлиши, заминимизнинг ҳолати ва табиий ресурслардан қандай фойдаланишимиз эртанги авлод ҳаётига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис экологик сиёсатнинг асосий мезони ҳозирги натижа билан чекланмаслиги керак. Биз бугунги қарорларнинг ўн, йигирма, ҳатто эллик йилдан кейинги таъсири ҳақида ҳам ўйлашимиз лозим. «Яшил макон»нинг янги тизимида айнан шу узоқ муддатли ёндашув мужассам.
Биринчидан, маҳаллаларда кам майдонда зич дарахт экиб, микроўрмонлар ва кичик жамоат боғлари барпо этилади. Маҳалла ўрмонзори уйлар, мактаблар ва боғчалар оралиғида 200 – 1000 метр квадрат майдонда, ҳар туман (шаҳар)да камида 10 гектар ҳудудда яратилади. Ҳар мавсумда «маҳалла еттилиги» учун қисқа ўқув курслари ўтказилади. Фуқароларга боғларни парваришлаш бўйича ёрдам кўрсатилади.
Иккинчидан, «3-30-300» тамойили асосида «яшил дастурлар» амалга оширилади. Дастур боғлар, кўллар, сояли сайр кўчалари, сув тежовчи суғориш тизимлари ва чиқинди йиғиш шохобчаларини қамраб олади.
Тамойилга кўра, ҳар бир фуқаро ўз уйи ёки ишхонаси ойнасидан қараганда камида 3 та дарахтни кўра олиши керак. Ҳар бир аҳоли яшаш ҳудудининг камида 30 фоизи яшиллик билан таъминланиши лозим. Ҳар бир фуқаро ўз яшаш жойига яқин масофада жойлашган, майдони камида 0,5 гектар бўлган яшил ҳудудга бориш имкониятига эга бўлиши керак. «Яшил дастурлар» дастлаб Янгиҳаёт, Олот ва Ургут туманларига жорий этилади.
Учинчидан, Япония ва Корея Республикаси тажрибаси – компостлаш ва мулчалаш амалга оширилади. Бунда ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари, йирик яшил ҳудудлар ва ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида чиқиндига айланадиган барг, новда ва бошқа органик қолдиқлар йиғилиб, тоза органик материаллар ажратилади, мулча учун майдаланади, компост учун қатламлар жойланади. Тайёр компост ва мулча ҳудудни парваришлашда қўлланилади.
Тўртинчидан, «Яшил лот»лар эълон қилинади. Бунда аҳолининг боғ яратиш бўйича талаб ва таклифлари қўллаб-қувватланади. Ҳудуд фақат дов-дарахтлар экиш учун ажратилиб, ерлар жисмоний ёки юридик шахсга мулк сифатида берилмайди. Ҳудудда қурилиш, келишилмаган енгил конструкциялар ўрнатиш ва бошқа фаолият турлари тақиқланади. Ўз навбатида, аҳолининг умумий фойдаланиши чекланмайди. «Яшил лот»лар жамоатчиликнинг экологик жараёнлардаги иштирокини кенгайтиради. Бу борада асосий мақсад – табиатни муҳофаза қилиш масъулиятини давлатдан жамиятга ўтказиш эмас, балки давлат ва жамият масъулиятини бирлаштиришдир.
Бундан ташқари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам ана шу вазифанинг узвий давомидир. 2030 йилга қадар мавжуд майсазорларни босқичма-босқич «ксерискейпинг» методига ўтказиш каби чоралар табиатни асраш билан бирга ресурслардан тежамкор фойдаланиш маданиятини ҳам шакллантиради. Зеро, Ўзбекистон шароитида «яшил» дегани кўпроқ сув сарфлаш дегани эмас. Аксинча, «яшил» тараққиёт – камроқ ресурс билан кўпроқ экологик натижага эришиш демакдир.
Тозалик масаласи ҳам шу умумий тизимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу йил 1 октябрдан тозалик ва озодалик ойлигининг кучайтирилган тартибда ўтказилиши, янги чиқинди йиғиш майдончалари, контейнерлар ва махсус техникалар ташкил этилиши, 800 та маҳаллада «Тоза маҳалла» экоакциялари ўтказилиши, минглаб таълим муассасаларида экологик маданиятга оид тадбирлар уюштирилиши – «яшил» муҳитни комплекс шакллантиришга қаратилган.
Президентимиз нутқида халқнинг бирлиги, меҳнати ва интеллектуал салоҳияти мамлакат тараққиётининг асосий кучи экани алоҳида таъкидланди. Экологик тараққиётда ҳам худди шу омил ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Давлат томонидан тизимга асос солинади. Илм-фан ечим беради. Технология имконият яратади. Маҳалла бу ишни жойларда амалга оширади. Аҳоли эса унинг энг муҳим иштирокчисига айланади. Шундагина «Яшил макон» ҳақиқий умуммиллий лойиҳа сифатида тўлиқ намоён бўлади.
2026 йил куз мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 140 минг туп дарахт ва бута кўчатини экиш режалаштирилган. Аммо бу борадаги ютуқ мазкур рақам билан ўлчанмайди. Ҳақиқий натижа – йиллар ўтиб, ана шу кўчатлар дарахтга айланганида, уларнинг соясида фарзандларимиз улғайганида, маҳаллаларимизда ҳаво тозаланганида, шаҳарларимизда яшил ҳудудлар кенгайганида намоён бўлади. Бу эса бугунги авлоднинг эртанги авлод олдидаги масъулиятидир.
Президентимиз белгилаб берган миллий юксалиш даврида «яшил» тараққиёт ҳам ана шу юксалишнинг муҳим мезони бўлади. Табиатга муносабатни ўзгартириш орқали биз нафақат бугунги муҳитни, балки Ўзбекистоннинг эртанги қиёфасини ҳам ўзгартирамиз.
Азиз АБДУҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
экология масалалари бўйича маслаҳатчиси –
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси
(«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил
25 сентябрь кунги 200-сонидан олинди)