Давр нафаси      Бош саҳифа

«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади – инсонга эътибор»

Истиқлол ҳар бир ватандошимизнинг нурли тақдири, фаровон ҳаёти ва баркамол келажагини таъмин этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунинг ортида тўғри танланган ва йўлга қўйилган сиёсий ирода ҳамда фидокорона меҳнатлар турибди.

«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади –  инсонга эътибор»

Шундай шукуҳли кунларда эришилган улкан муваффақиятларга бир қур назар ташлаш инсонга яна янги-янги куч-қувват бахш этади. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Куни кеча Тошкент шаҳрида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Давлатимиз раҳбари барчани, аввало, Мустақиллик байрами билан табриклади. Мамлакатимизда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.

– Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни, илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай натижаларга тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланаётгани, замонавий саноат мажмуалари барпо этилаётгани, «яшил» ва инновацион иқтисодиётга ўтилиб, муқобил энергия манбалари яратилаётгани, ахборот технологиялари, туризм ва молиявий технологиялар каби хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожлантирилаётгани замин бўлмоқда.

Юртимизда замонавий шаҳарлар қад кўтармоқда, қишлоқ ва маҳаллалар обод бўлмоқда. Ўтган саккиз йилда аҳоли учун 500 мингдан зиёд кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу мустақилликнинг дастлабки 25 йилига нисбатан тўрт карра кўп. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқларни, йўлларни обод қилиш учун 60 триллион сўм маблағ сарфланди. Ёки, 155 миллиард доллар сармоя ҳисобига 100 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, 7 миллиондан зиёд аҳоли даромадли бўлди.

– Бундай улкан тарихий ютуқларимиз – ўз вақтида чуқур ўйлаб олиб борган кенг кўламли ислоҳотларимиз, энг муҳими, одамларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгаргани самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қураётган биноларимиз, замонавий мажмуалар, қулай уй-жойлар, мактаб ва боғчалар, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари мисолида Янги Ўзбекис­тоннинг иқтисодий қудрати ва улкан бунёдкорлик салоҳияти яққол намоён бўлмоқда. Асосийси, қайси соҳада бўлмасин, ҳар бир ютуқ ва натижа, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Сўнгги саккиз йилда ижтимоий инфратузилмага олдинги йилларга нисбатан олти карра кўп маблағ йўналтирилди. Натижада боғча ўринлари 720 мингдан 2,5 миллионга етказилди. 466 та янги мактаб қурилиб, 1 миллионга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Талабалар сони 279 мингдан 1,5 миллион нафарга оширилиб, олий таълимда қамров 40 фоизга олиб чиқилди.

Ўтган ҳафтада Тадбиркорлар куни муносабати билан 168 нафар энг илғор бизнес вакиллари, миришкор деҳқон ва фермерлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани қайд этилди.

– Бундай фидойи юртдошларимиз, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан чарчамайман. Албатта, бу бежиз эмас. Барчангиз яхши биласиз, бундан ўн йил олдин биз асосан хомашё экспорт қилар эдик. Ҳозирги кунда эса, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2016 йилги 28 миллиарддан 62 миллиард долларга етказдик. Агар вақтида тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиб бермасак, бундай ютуқларга эриша олармидик? Йўқ, албатта, – деди давлатимиз раҳбари.

Таъкидланганидек, бугун бизнес вакиллари иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланди. Биргина қурилиш соҳасини оладиган бўлсак, бу йўналиш олдин ҳеч қачон ҳозиргидек жадал ривожланмаган. Илгари қурилишлар фақат давлат буюртмаси асосида бўлар эди. Бугун хусусий қурилиш компаниялари сони 30 мингдан ошди, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 6 миллиард долларга яқинлашди.  Ҳозирги кунда Ўзбекистон том маънода улкан қурилишлар майдонига айланди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида 23 миллиард долларлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу 2016 йилга нисбатан 4 карра кўп.

Бундай улкан ўзгаришларни қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби йўналишларда ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда фақат саноат билан чекланиб қолмасдан, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланди.

– Авваллари 500 миллион долларга етмаган туризм экспорти ҳозир 3 миллиард долларлик маррадан ошди. Етти-саккиз йил олдин IT экспорти 1 миллиард долларга етади, деса, бунга ким ишонарди? Энг муҳими, барча тармоқларга янги илм, замонавий технологиялар кириб келди.  Уларда юз минглаб иш ўринлари ва юқори малакали кадрлар армияси пайдо бўлди. Ҳар бир соҳада Янги Ўзбекистоннинг ўз стратегияси, тажриба мактаби шаклланди.

Мамлакатимизнинг ана шундай янги тарихи, янги қиёфасини яратишда бутун халқимиз қатори сиз, азизларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор ва бунинг учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган ватандошларимизни ҳам табриклади.

Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

– Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади инсонга эътибор, унинг қадрини, меҳнатини улуғлаш, олижаноб халқимизнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишдан иборат.  Буни ушбу дақиқаларда барчамиз янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Ўз меҳнати билан мана шундай қадр топиш, эл-юрт назарида бўлишдек буюк бахт сизларни ҳеч қачон тарк этмасин, – деди Президент.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, халқимизга эзгу тилаклар билдирди.




Ўхшаш мақолалар

Кучли  партия гуруҳлари  маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

🕔11:43, 20.08.2026 ✔78

Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари инс­титути имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади?  Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

🕔14:36, 14.08.2026 ✔188

Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит соф­лиги учун масъ­улият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.

Батафсил
Мустақиллик  қиёфаси

Мустақиллик қиёфаси

🕔14:35, 14.08.2026 ✔177

Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар