Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим қоунлар муҳокама қилинди. Йиғилишнинг асосий диққат марказидан халқ турмуш даражасини янада яхшилаш, жамиятдаги долзарб муаммоларга ҳуқуқий ечим топиш каби масалалар бўлди.
Аввало, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида қуйи палата мажлиси кун тартибига киритилган масалалар атрофлича муҳокама этилиб, фракциянинг позицияси шакллантирилди. Экопартия депутатлари муҳокамага қўйилган ҳар бир қонун лойиҳаси халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёт сифатини оширишга қаратилган бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
Озиқ-овқат хавфсизлигида сифат муҳим, аммо қонун қайтарилди
Қонунчилик палатаси мажлисида депутатларнинг алоҳида эътиборини тортган масалалардан бири – «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши бўлди. Халқимизнинг соғлиғи бевосита истеъмол қилаётган маҳсулот сифатидан келиб чиқиши инобатга олинса, бу қонун муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги биринчи ҳуқуқий асос 1997 йилда қабул қилинган «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун орқали яратилган эди. Орадан қарийб 30 йил ўтди – озиқ-овқат саноатида, логистика ва савдо тизимида, аҳолининг истеъмол маданиятида, энг муҳими, жаҳон стандартларида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Шу боис, уни замон талаблари ва халқаро амалиётга мос равишда тубдан қайта ишлаш зарурати туғилди.
Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мутасадди органларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Хусусан: маҳсулот муомаласи жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи, очиқ ва шаффоф электрон реестр жорий этилади. Бу орқали маҳсулот қайси корхонада ишлаб чиқарилгани, қандай таркибда экани, унинг сақлаш ва истеъмол муддатлари тўғрисидаги маълумотлар фуқаро учун очиқ бўлади.
«Яроқлилик муддати» тушунчаси аниқлаштирилмоқда: энди «энг мақбул истеъмол муддати» ёки «якуний истеъмол муддати» каби тушунчалар белгиланади, бу эса ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги тушунмовчиликларни бартараф этади.
Ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланмоқда. Санитария хулосалари, ветеринария гувоҳномалари ва мувофиқлик сертификатларини мажбурий расмийлаштириш талаблари бекор қилинади. Бу тадбиркорлар учун катта енгиллик бўлиб, ишлаб чиқариш ва савдода самарадорликни оширади.
Бу қонун фақат назоратчи органлар учун эмас. Бу ҳужжат ҳар бир фуқаронинг соғлиги, бозорда эркин ва ишончли танлов имконияти учун хизмат қилиши керак. Шунинг учун ҳам қонун лойиҳаси анча жиддий муҳокама бўлди.
Мажлисда депутатлар томонидан қонун лойиҳаси юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар айтилди. Билдирилган фикрлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси такомиллаштириладиган бўлди ва тегишли қўмитага маромига етказиш учун қайтарилди.
Нафақат болалар, катталар учун ҳам имконият
Мажлисда депутатлар таълим соҳасини такомиллаштиришга қаратилган яна бир муҳим қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Бу лойиҳа мактабдан ташқари таълим фаолиятини «қўшимча таълим» атамасига алмаштиришни назарда тутади. Ундан мақсад – таълим фақат болалар учун эмас, балки катта ёшдагилар учун ҳам мослаштирилган, қонуний асосланган имкониятларга айланишига эришишдир.
Ўқув марказлари, кутубхоналар, спорт ва маданият муассасаларида фақат ёшларга эмас, катта ёшдагиларга ҳам таълим бериш амалиёти ҳозирда кенг тарқалган.
Лекин бунинг учун аниқ ҳуқуқий асослар етишмас эди. Янги қонун шу камчиликларни бартараф этади.
Қонун лойиҳасида қўшимча таълимнинг асосий вазифалари аниқ баён этилган: инсоннинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, касбий малакаси ва ҳаётий кўникмаларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш. Бу нафақат таълимни инклюзив қилиш, балки умрбод ўрганиш фалсафасини ҳаётимизга татбиқ этишга хизмат қилади.
Атроф-муҳит муҳофазасидаги масъулият
Экологик муаммолар нафақат бугун, балки эртага ҳам долзарб бўлиб қолади. Мажлисда биринчи ўқишда кўрилган – атроф-муҳит ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ана шундай масалаларга ечим бўлиши мумкин. Жумладан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси бир қатор муҳим ўзгариш ва қўшимчаларни ўз ичига олган. Улар қаторида автоматик мониторинг станцияларининг маълумотларини ягона геоахборот базасига реал вақтда киритиш механизмини жорий этиш алоҳида эътирофга лойиқ. Бу орқали фуқаролар экологик вазият ҳақида холис ва ишончли маълумотларга эга бўлиш имконига эга бўлади.
Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўрмаганлик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширмаганлик, кўп квартирали уйга туташ тупроқ ва яшил қопламали ер участкасини ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик ҳамда аҳоли пунктлари ва шаҳар марказларида олдиндан мавжуд бўлган ариқлар, ирригация тизимларини ўзбошимчалик билан кўмиб ташлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Экологик партия фракцияси аъзоси Ойбек Раҳимовнинг фикрича, қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар экологик вазиятни янада яхшилашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилгандир.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔5
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔4
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔29
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил