Давр нафаси      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси: Референдум халқимизнинг ўз хоҳиш-иродаси ҳамда Қатъий танлови бўлди

Куни кеча мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири халқимиз томонидан умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинганлигининг гувоҳи ва бевосита иштирокчиси бўлдик.

Ўзбекистон Экологик партияси:  Референдум  халқимизнинг ўз  хоҳиш-иродаси ҳамда  Қатъий  танлови бўлди

Бугун экология ва атроф муҳит масаласи қанчалик муҳим аҳамият касб этаётгани, глобал муаммолардан бири сифатида мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаётгани сир эмас.

Янги Конституциямизда айни шу борада муҳим нормалар киритилгани ва аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлаш белгилангани Ўзбекистон Экологик партиясининг дастур ва ғояларига тўла ҳамоҳанг, электоратимизнинг хоҳиш-иродаси, партия дастурий мақсадларининг ифодаси дейишимиз мумкин.

Шу нуқтаи-назардан партиямиз ва унинг барча бўғинлари, депутатлик корпуси, бошланғич ташкилотлари томонидан янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси фаол қўллаб-қувватланди ва уни ишлаб чиқиш, таклифлар тайёрлаш, жамоатчилик муҳокамаси жараёнларида фаол иштирок этдик.

Референдум олдидан партия томонидан 2600 дан зиёд тадбирлар ташкил этилди ва ушбу тадбирларда 600 мингга яқин аҳоли қамраб олинди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан партия фаолларининг қатор таклифлари илгари сурилди. Қувонарлиси, таклифларимиз мазмунан Асосий Қонунимизда ўз аксини топди.

Янгиланаётган Конституцияда мамлакатимиз тарихида илк бор экологияга оид боб киритилди. Экологияга оид нормалар муқаддимадан бошлаб, инсон ҳуқуқларигача бўлган барча қисмларда ўз аксини топди. Амалдаги Конституцияда мавжуд нормаларга нисбатан экологияга оид ҳуқуқий асос­лар қарийб беш баробарга кўпайди.

Хусусан, 49-моддада ҳар ким қулай атроф муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги, шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгиланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, қолаверса, ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар мавжудлиги боис, экологик барқарорлик бузилмоқда. Буни Тошкент шаҳри мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, Тошкент шаҳрида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар йилига ўртача 33 минг тоннани ташкил этади. Айнан мана шундай экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Конституциямизда шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишига оид норма мустаҳкамлаб қўйилди.

Келгусида партиямиз электорати билан нафақат пойтахтимиз, балки барча шаҳарларимизда бўладиган қурилиш ва бошқа қатор шаҳарсозлик ишларини олиб боришда жамоатчилик назоратини кучайтиришда ва бу орқали шаҳарларнинг экологик муҳитини сақлаб қолишда кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштирамиз.

68-моддада ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасидалиги кафолатланди.

Янги Конституциямизнинг ҳар бир нормаси ҳаётга татбиқ этилиши, айниқса, юртимизда соғлом атроф муҳит, аҳолининг экологик ҳуқуқлари таъминланишида Ўзбекистон Экологик партияси ҳамиша халқимиз билан, сиз, жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилади.

Референдум жараёнида кузатувчилар иштироки муҳим жиҳат ҳисоб­ланади. Биз партия кузатувчилари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг профессионал даражада ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириши учун етук мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқув семинарлари ташкил этдик. Референдум ўтказувчи участкаларда партиямизнинг 4 000 нафарга яқин кузатувчилари фаолият олиб борди.

Кузатувчиларимиз партия томонидан ташкил этилган штабларга доимий маълумотлар тақдим этиб туришди.

Референдум жараёнларида миллий қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари бўлмаганини эътироф этамиз.

Келгусида амалга оширадиган ишларимиз кўп. Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг парламентдаги, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари Янги Конституция қабул қилиниши муносабати билан ўз олдига қуйидаги вазифаларни белгилаб олмоқда:

– экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги барча қонунларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда Янги Конституциямиздан келиб чиқиб, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштирилган ягона қонун ҳужжати шаклига келтириш юзасидан ташаббусларни илгари суриш;

– йирик шаҳарларда жамоат транспорти жозибадорлигини оширишга қаратилган амалий тадбирларни кучайтириш орқали шаҳар атмосфера ҳавосини барқарорлаштиришга кўмак­лашиш;

– Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишга кўмак­лашиш;

– Янги Конституциянинг атроф муҳит муҳофазасига оид нормалари ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик ҳамда парламент назоратини амалга ошириш каби қатор мақсадлар турибди.

Ўзбекистон Экологик партияси референдум халқимизнинг ўз хоҳиш ва иродасини эркин билдириши орқали халқаро тан олинган сайлов тамойиллари ва миллий қонунчилигимиз талабларига мувофиқ ўтганлигини қайд этади. Ушбу мустаҳкам ҳуқуқий асос мамлакатимиздаги экологик барқарорликни таъминлаш, атроф муҳитга бўлган муносабатнинг кескин ўзгариши, юзага келиши мумкин бўлган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва мавжудларини бартараф этиш учун хизмат қилишига ишонамиз.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси




Ўхшаш мақолалар

Кучли  партия гуруҳлари  маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

🕔11:43, 20.08.2026 ✔87

Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари инс­титути имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади?  Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

🕔14:36, 14.08.2026 ✔190

Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит соф­лиги учун масъ­улият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.

Батафсил
Мустақиллик  қиёфаси

Мустақиллик қиёфаси

🕔14:35, 14.08.2026 ✔179

Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар