Инсониятнинг ривожланиб бориши асрлар давомида табиатдаги жамики мавжуд нарсаларга – ҳайвонлар, қушлар, дарахтлар, табиий бойликлар ва бошқаларга ўз салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Оқибатда табиий мувозанат бузилиб, айрим турлар қирилиб, қолганлари ҳалокат ёқасига келиб қолди.
Табиатга бўлаётган аёвсиз муносабат экотизим издан чиқишига, атмосфера, сув ва ҳавонинг ифлосланишига олиб келди. Тириклик занжиридаги бундай ўзгариш, эндиликда инсонларнинг ўзига салбий таъсир кўрсатиб, аянчли фожиаларни келтириб чиқармоқда. Шу боисдан бугун дунё ҳамжамияти экологияни асраш, инсон омили ва салбий таъсирини камайтириш йўлида ҳаракатларни бошлади. Ўзбекистон ҳам бу саъй-ҳаракатларда иштирок этиб, экология ва атроф муҳит муҳофазаси масаласини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 3 июнда «Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Ҳужжат атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф табиий муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини башорат қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири мониторингини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базаси яратилди. Қарор билан 2021 йил 1 ноябрга қадар атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги бўйича идоравий электрон ахборот маълумотлар базасининг Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинишини таъминлаш топшириғи берилган.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув ресурслари, атмосфера ҳавоси ва тупроқларни ифлослантирувчи манбалар, ер усти ва ер ости сувлари ҳамда ерларнинг ифлосланиши, хавфли экзоген геологик жараёнлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ва бошқа қатор масалаларни ўз ичига олган атроф табиий муҳит мониторинги дастури тасдиқланди.
Хўш, амалда бу дастур қандай натижа беради?
Мамлакатимиздаги атроф табиий муҳит мониторинги билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мумкинми?
– Дастур доирасида 132 та сув ҳавзаси объектида, 117 та тупроқ грунти, 85 та ўрмон ов хўжалигида, 14 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудда ҳамда Амударё, Сирдарё қирғоқбўйи тўқайларида ўсимликлар, тупроқ, сув кабилар мониторингини олиб бориш кўзда тутилган, – дейди Атроф муҳит ифлосланишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Собиров. – Бундан ташқари қудуқларда, булоқларда, «Ўзгидромет» кузатув постларини ҳам мониторинг қилиш кўзда тутилган. Ҳайвонлар ва ўсимликлар дунёси мониторинги бўйича қўлланма ва услубиётлар ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, мониторинг жараёнини инсон омилисиз амалга ошириш, бунда рақамли технологияларга ўтиш, автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилишга ҳам тўхталиб ўтилган. Шунингдек, саноат корхоналарига автоматлаштирилган тизим ўрнатилиб, атмосферага чиқарилаётган ташланма ва зарарли чиқиндилар, газлар бўйича тўғридан-тўғри онлайн маълумот олиш кўзланган.
Мутасаддилар берган маълумотга кўра, сўнгги 5 йил ичида атроф муҳитни ифлослантирувчи манбалар мониторинги Дастури доирасида жами субъектлар сони 452 тадан 548 тага (+96 тага ёки 121,2%), объектлар сони 293 тадан 620 тага (+327 тага ёки 211,6%), ифлослантирувчи манбалар сони 2 815 тадан 5 839 тага (+3024 тага ёки 207,4%) ошган. Шундан оқова ҳамда ер усти сувлари бўйича 199 та, саноат корхоналарининг атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича 293 та, тупроқ ифлосланиши манбалари эса 128 та аниқланган.
Жами 5 минг 839 мингта манбаларда 22,6 мингта таҳлиллар ўтказилиб, 167 та (27%) корхоналарнинг 539 та манбаларида меъёрдан ортиқ ҳолатлар аниқланган ва уни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Мониторинг таҳлиллари қандай амалга оширилган? Бу борада моддий-техник база етарлича шакллантирилганми?
– Шу кунгача амалга оширилган ишлар 14 та ҳудуддаги лабораторияларда ҳамда битта таҳлилий назорат марказида ўтказилган, – дейди Ўлмас Собиров. – Лабораториялардаги асбоб-ускуналар жами 523 та бўлиб, шундан 340 донаси (65 фоизи) 1978-2000 йилларда ишлаб чиқарилган жиҳозлардир. 83 донаси (16 фоизи) эса бутунлай ишламайдиган ҳолатда ҳозир. Бу эса ўз навбатида моддий-техник жиҳозларни янгилаш, замон талабига мослаштиришни талаб этади. Юқорида тилга олинган дастурда 2021-2023 йилларда соҳага керакли бўлган ўлчов-назорат асбоб-ускуналари билан таъминлаш ҳам назарда тутилгани қувонарлидир.
Мавжуд муаммоларнинг бартараф этилиши ва замонавий тизимда ишловчи техникалардан фойдаланиш, аввало ўзимизни, қолаверса она табиатимизни асрашга хизмат қилади. Ҳеч бўлмаганда мониторингни тўғри ва аниқ олиб бориш имконини беради.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔76
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔188
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔177
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил