Инсон дунёқарашининг шаклланиши, унинг келажаги мактаб партасида ўтирган пайтидан қатъий бир йўсинга туша боради. Ўрганилган билим ҳаётнинг келгусидаги паллалари учун нечоғли аҳамиятли экани, болага нималар бера олиши, унинг тақдирига қанчалик дахлдорлиги жуда муҳим хусусиятдир. Буни устоз-муаллимлар тўғри англаб етсагина таълимдан кўзда тутилган мақсадга эришиш имкони бор.
Баъзан ўнлаб фанлар орасида биргина ўқитувчининг саъй-ҳаракати бола дунёқараши кескин ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Алевтина Люкшина худди шундай фидойи ўқитувчилар сирасига киради. Унинг фанни бола онггига муносиб тарзда етказиб бера олиши, ўз касбига ҳамда ўқувчиларга муносабати чинакам тажрибали ва билимдон устоз эканини кўрсатиб туради.
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишга интиляпти. Жумладан, ўқитувчилар ҳам ўқувчилар билим-салоҳиятини ошириш учун турли интеллектуал тадбирлар, илмий беллашувлар ташкил этмоқда. Сабаби, ўқувчилар бундай машғулотларда дарсдагидан ҳам кўра кўпроқ рағбат билан иштирок этишади.
Ўттиз йиллик педагогик тажрибага эга ўқитувчи Алевтина Люкшина болалардаги бу рағбатни тўғри илғай олган моҳир педагогдир. Унинг дарсларни замонавий методлар асосида ўтиши, ахборот технологияларидан фойдаланиб ўқув машғулотларини олиб бориши, фидойи ва касбга бўлган жонкуярлигидан барча ўқитувчилар ўрнак олса арзийди. Албатта, мактаб директори Ирода Юлдашева буларнинг барчасида бош-қош, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун кенг имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилади.
Алевтина Люкшина куни кеча 5-синф ўқувчилари билан жуда қизиқарли ва маълумотларга бой тадбир – «Нима? Қаерда? Қачон?» интеллектуал ўйинини ташкил этди. Жамоаларга бўлинган ўқувчилар мантиқий саволларга жавоб беришди. Тадбирга ташриф буюрган ота-оналардан бири Тимур Таштанов Алевтина Люкшина ҳақида шундай дейди:
– Ушбу мактабда ҳозирда икки фарзандим ўқийди. Бир фарзандимнинг синф раҳбари Алевтина Николаевна. Шунингдек, ушбу мактабни тамомлаган катта қизим Малика ҳозирда хорижда тиббиёт соҳасида таҳсил олмоқда. Унинг кимё фанига қизиқиши ва фаннинг сир-асрорларини ўрганишида ўқитувчиларининг хизмати беқиёс. Айниқса, Алевтина Николаевнанинг жуда хушмуомала, адолатли, ўқувчиларга бўлган чексиз меҳрини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Биз, ота-оналар, фарзандларимиз мана шундай билимли ва фидойи устоз қўлида таълим олаётганидан мамнунмиз.
Ўтган йили, ўқитувчилар байрами арафасида Ўзбекистон Президентининг фармонига асосан Алевтина Люкшина таълим соҳасида қилган хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Моҳир педагог бугунги кунда кимё фанини ўқитиш усуллари, шакллари ва технологияларини ўзлаштиришда изланишлар олиб бормоқда, замонавий жамиятда ҳар томонлама баркамол шахсни тарбиялаш бўйича жонбозлик кўрсатмоқда.
Таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир муаллим ўз касбига фидойи, келажак авлоднинг замон руҳида таълим-тарбия олишида кўмакдош бўлиб, ҳар бир дарсини масъулият билан олиб борса, вояга етаётган фарзандлар келгусида илмга чанқоқ, юртнинг эртасини ўйлайдиган, билим-салоҳияти ўткир авлод бўлишига шубҳа йўқ. Шу маънода, эртанги кунимизнинг қандай қурилиши келажак бунёдкорларига таълим-тарбия бераётган ана шундай фидойи муаллимлар қўлида эканини унутмаслик зарур.
Замира ЗАЙНИДДИНОВА,
Сергели туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси
Экологик партия фракцияси: «Яшил» тараққиётга йўналтирилган фаолият
🕔18:03, 16.04.2026
✔12
Жорий йилнинг биринчи чораги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси учун муҳим давр бўлиб, мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштириш фракция фаолиятида, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотида энг устувор масалага айланди.
Батафсил
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔59
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔156
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил