Республикамизда автотранспорт воситалари ёнилғиси сифатида нисбатан арзон метан ва пропан газидан кўпроқ фойдаланилмоқда.
Бу бугунги куннинг талаби. Бунинг ягона мажбурияти транспорт воситасини вақти-вақти билан техник кўрикдан ўтказиш, йилда бир марта капитал текширувни канда қилмасликдир. Бу, биринчи навбатда, автомобиль эгасининг хавфсизлигини кафолатлайди. Жамоат транспорти воситаларига эса, бу талаб қатъий. Ахир, кўза кунда эмас, кунида синади, деб бежиз айтилмаган...
2018 йил 18 сентябрь куни соат 8:30 ларда «Вобкент Гулшани» МЧЖга қарашли «ISUZI» русумли автобус Когон туманидаги «Zelich oil» метан газ қуйиш шохобчасидан ёнилғи қуйиб, «Когон-Қоровулбозор» йўналишида ҳаракатланаётиб, тахминан 700 метр юрган автоуловнинг газ баллони портлаган.
ЎзА маълумотига кўра, оқибатда автобусдаги 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган. 21 нафар йўловчининг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда. Айни пайтда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Президентимиз топшириғига биноан, вафот этганлар оиласига 10 миллион сўмдан, оғир тан жароҳати олганларга 5 миллион сўмдан ва бошқа жароҳатланганларга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратилди.
Эътиборсизлик...
Автомобилга ўрнатилган газ баллонида ёки газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлиши бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Бу каби фожиали воқеаларнинг келиб чиқишида аслида ўзимиз ҳам айбдормиз. Негаки, автомобилимизга газ баллонини арзонга тушсин деб, лицензияси бўлмаган корхоналарда (баъзан хонадонларда жойлашган устахоналарда) ўрнатамиз. Ҳолбуки, газ баллони ўрнатилгандан сўнг, талаб бўйича, албатта, тест синови ўтказилиши шарт. Корхоналарнинг кўпчилигида эса бундай техник имконият йўқ. Шу сабаб қўлимизга яроқлилиги бўйича олдиндан тайёрланган хулоса қоғозини тутқазишса ҳам, лоқайдликданми ёки шошма-шошарликдан, олиб кўниб кетаверамиз. Ёки газ баллонидан фойдаланиш борасидаги атиги 8 соатлик ўқув курси гувоҳномасини ҳам пулга сотиб олиш одатий тусга айланган. Шунинг учун автомобилнинг бирор қисмидан газ сизиб чиққанида ускунани қаердан ёпишни билмайдиган ҳайдовчилар ҳам учраб туради. Техник кўрикдан ўтказиш, унинг муддатлари тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Газ ёнилғиси қуйиш шохобчаларида техник талабларга ёндашув ҳам турлича. Унга риоя қилганлар ҳам аксарият ҳолларда масъулиятсизлик билан буни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Биргина ёнилғи қуйилаётган автомобиль билан навбатдагиси орасида тегишли масофа сақланиши талабига на ҳайдовчилар ва на ёнилғи қуйиш шохобчаси ходимлари эътибор қаратади. Ёнилғи қуйилаётган автомобилнинг газ баллон ўрнатилган юкхонаси очиқ туриши, автомашина қўл тормозисиз эркин сақланиши талабини эса, кўпчилик билмаса ҳам керак. Яна қайтарамиз: кўза кунда эмас, кунида синади...
Икки ой муддатда
Юқоридаги салбий ҳолатдан сўнг газ баллонлар билан жиҳозланган автомобиллар ва уларга хизмат кўрсатувчи газ тўлдириш шохобчалари, шунингдек, табиий газда ишловчи қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини ҳар томонлама синчиклаб инвентаризациядан ўтказиш борасида Бош вазир томонидан имзоланган ҳукумат фармойиши чиқди.
Ҳужжатда хатловдан ўтказиш икки ой муддатда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Текширув натижаларига кўра, ёнилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.
Пойтахтда аҳвол қандай?
Бугунги кунда пойтахт аҳолисига газ баллон ўрнатилган жамоат транспорти воситалари, хусусан, автобуслар хизмат кўрсатади. Хўш, улардаги газ баллонлари ускуналари техник созлиги қай даражада, хавотирга асос борми?
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизматининг «Podrobno.uz»га берган маълумотига кўра, пойтахтликлар газ баллонлари билан жиҳозланган автобусларда бехавотир ҳаракатланиши мумкин, ваҳимага ўрин йўқ.
— Компания балансидаги автобуслар ҳафтада икки бор — сешанба ва жума кунлари техник кўрикдан ўтади. Йилда бир марта капитал текширув ўтказилади. Шу сабабли пойтахтда ҳаракатланаётган жамоат транспортидан фойдаланишда ҳеч қандай хавф йўқ, — дея таъкидлаган матбуот хизмати вакили.
Ўтган йиллар тажрибасидан маълумки, пойтахт кўчаларида «Mercedes-Benz» автобусининг бир неча марта ёниб кетиши қайд этилди. Бунинг сабаби аниқланиб, уни келтириб чиқарувчи ҳолатлар бартараф этилдими?
«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизматининг таҳририятимизга йўллаган жавобига кўра, автобусларнинг ёниб кетиши сабаблари мутахассислар томонидан текширилганда, ёнғин аксарият ҳолларда юқори босимли шланг ёрилиб кетишидан келиб чиққани аниқланган. Ёнғин чиқишининг олдини олиш мақсадида барча автобусларнинг юқори босимли шланглари металл қувурларга алмаштирилган.
* * *
Когон туманидаги фожиа сабаблари аниқланади, албатта. Айбдорлар жазоланади ҳам. Ҳукумат фармойиши бўйича газ баллонлар билан жиҳозланган автомобиллар хатловга олинади. Аммо шу билан муаммо барҳам топадими? Юқоридаги фожиа оқибатида беш аёл ҳалок бўлди. Уларнинг норасида фарзандлари армони, кўнгил жароҳати битадими? Шундай экан, у шахсий автомобиль бўладими ёки жамоат транспорти қатъи назар, барчамиз ҳар куни уловимизнинг созлигига, бошқаларга хавф солмаслигига амин бўлган ҳолда рулга ўтирайлик.
Ўз мухбиримиз
Экологик партия фракцияси: «Яшил» тараққиётга йўналтирилган фаолият
🕔18:03, 16.04.2026
✔2
Жорий йилнинг биринчи чораги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси учун муҳим давр бўлиб, мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштириш фракция фаолиятида, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотида энг устувор масалага айланди.
Батафсил
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔56
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔155
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил