Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги иккита қишлоқ «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 7 миллиард 173 миллион сўм маблағ ажратилган.
«Саманбай» овул фуқаролар йиғини Қушферма овули ва «Бақаншақли» овул фуқаролар йиғини Қайшили овулида ушбу дастур асосидаги ишлар режадагидан анча орқада қолмоқда. Бунинг сабаби — молиялаштиришнинг кечикаётганлигида.
«Бақаншақли» овул фуқаролар йиғинидаги 26-умумтаълим мактабининг спорт зали таъмири учун 982 миллион сўм ажратилган. Спорт залининг томи тўлиқ олиб ташланиб, атрофи қайта таъмирга тайёр ҳолга келтириб қўйилган. Лекин қурувчилар кўринмайди. Хўш, спорт зали қачон иш бошлайди? Ахир, ҳадемай янги ўқув йили бошланади-ку?! Бу кетишда спорт зали қурилиши ҳали-бери битмаслиги аниқ.
— Спорт зали қурилиши жуда секин бормоқда. Янги ўқув йили бошланмасдан аввал топширилиши керак эди, — дейди мактаб директори Сапура Узоқова. — Лекин ишлар бу аҳволда. Янги ўқув йилигача ишлар тугалланмайдими, деб қўрқаман.
Нукус тумани ҳокими ўринбосари Марат Узоқбергенов спорт залининг томи учун алоҳида махсус ускуналар тайёрланаётгани, шу ускуна ўрнатилиши билан қолган ишлар тез юришиб кетишини таъкидлади.
Биз спорт зали лойиҳаси билан танишиш истагимиз борлигини билдирдик, афсуски, объектнинг сметаси ҳам, лойиҳаси ҳам ҳозиргача тайёр эмас экан.
Ушбу мактаб биноси қошидаги 140 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасига айлантирилиши режалаштирилаётган «Гулбоғ» оромгоҳига таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бу ердаги ишлар ҳам кўзни қувонтирмайди. Жорий йил сентябрь ойида топширилиши керак бўлган ушбу объектни молиялаштириш кечиккани сабабли таъмирлаш ишлари энди бошланибди.
Қишлоқ обод бўлиши учун хусусий уй-жойлар ҳам таъмирланиши керак. Лекин қишлоқдаги кўпчилик уйлар ҳануз таъмирталаб. Албатта, бунинг учун маблағ зарур. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилигининг молиявий имконияти кўтармайди. Шунинг учун аксарият хонадонлар банкдан олинадиган кредитга умид боғлаган. Бироқ бу масалада ҳам банкда муаммоларга дуч келинмоқда. Сабаби, банк фақат бюджет ташкилотларида ишлайдиганларгагина кредит бера олар экан. Нафақадаги киши ололмайди. Қишлоқда кредит олишга хоҳиш билдираётган аксарият хонадонларда эса фақат нафақадагилар бюджетдан пул олади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидан олинган маълумотларга кўра, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган мазкур қишлоқларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун 16 миллиард 558 миллион сўм ажратилиши керак эди. Лекин юқорида таъкидланганидек, бу рақам 7 миллиард 173 миллион сўмга тушган. Нукус тумани ҳокими ўринбосари М.Узоқбергеновнинг таъкидлашича, молиялаштириш имконияти шуни тақозо этган.
«Саманбай» ОФЙнинг Қушферма овулига кираверишдаги йўлга тўшалган шағал тошлар устига яқин кунларда бетон қоплама ётқизилиши керак. Аммо маблағ масаласи туфайли бу йилги режадан қолиб кетган.
Ижтимоий объектлардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ортга сурилаётганига ягона сабаб — молиялаштириш масаласи кеч ҳал бўлаётганида.
Умуман, туманда ичимлик сув, электр энергияси, газ таъминотини яхшилаш масаласи деярли ҳал бўлган. Қишлоқ аҳолиси илгари ичимлик сувдан қийналиб келган бўлса, эскирган қувурлар янгисига алмаштирилиши одамларнинг мушкулини осон қилди. Яъни, аҳоли турмуши фаровонлашди. Шунингдек, бетартиб тортилган газ қувурлари, сифатсиз электр энергияси таъминоти каби муаммолар ҳам бартараф этилган. Гап энди «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган ишларни тўла ва ўз вақтида молиялаштиришда қоляпти, холос.
Е.ҚАНОАТОВ,
ЎзА мухбири
Экологик партия фракцияси: «Яшил» тараққиётга йўналтирилган фаолият
🕔18:03, 16.04.2026
✔2
Жорий йилнинг биринчи чораги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси учун муҳим давр бўлиб, мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштириш фракция фаолиятида, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотида энг устувор масалага айланди.
Батафсил
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔56
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔155
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил