Тўрт мучаси соғ бўлмай туриб барча ғам-ғуссани унутиш, тағин, ҳамма одамлар қатори тенгма-тенг меҳнат қилиш унча-мунча кишининг қўлидан келмайди. Бундай инсон чинакам матонатли, кучли иродага эга шахс бўлиши лозим. Орамизда ана шундай инсонлар кўп топилади.
Самарқанд вилояти Нарпай тумани, Тоткин қишлоғида яшовчи ўттиз уч ёшли Соҳиба Қурбонова ўз маҳалласининг қўли гул чеварларидан. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳаётда, ишда, бир сўз билан айтганда, ижтимоий ҳаётда фаол. Меҳнатдан сира қочмайди.
— Болалигимда оғир дардга чалиниб, икки оёғимдан ажралганман, — дейди Соҳиба Қурбонова. — Ҳар гал тушкунликка тушганимда раҳматли отамнинг далдаси ёдимга тушарди: «Қизим, яшашга куч топа олишинг керак. Дунёга бошқа келмайсан, ахир. Ишон, сен катта-катта ишлар қилишга қодирсан!»
Бу сўзлардан ёш қиз куч олиб, қўлидан қандай иш келса, бажонидил бажаришга ҳаракат қилди. Уй юмушларини ўз зиммасига олди: сигир соғиш, ҳовли супуриш, кир ювиш, овқат пишириш, хуллас, ҳаммасини мустақил равишда уддалади. Лекин шунга қарамай, бир ҳунарнинг бошини маҳкам тутиш истаги Соҳибага тинчлик бермасди. Ўқув курсларига қатнашга эса имкони йўқ. Шунда у қўни-қўшнилардан сўраб, газета-журнал, китобларни варақлаб, бичиш-тикишни ўрганди.
Бора-бора тикувчиликка қизиқиши шу даражага етдики, ҳар лаҳза хаёли беихтиёр у билан банд бўларди. Янги-янги эскизларни ўзлаштирди. Шу тариқа Соҳиба қишлоқ одамлари учун ёстиқ ва кўрпа жилдлари, бешик анжомлари, чопон, дастурхонлар тикиб беришни бошлади. Мана, ҳозир бу ҳунар ҳаётининг мазмунига айланган.
Оилавий шароити, қолаверса, иштиёқи ва ҳаракатлари инобатга олиниб, яқинда унга Президентимиз ташаббуси билан янги уй совға қилинди. Хонадонда ҳамма шарт-шароит бор. Тикувчилик билан шуғулланиши учун ҳам имкон мавжуд. Энди Соҳиба ўз олдига янада катта мақсадлар қўйган. Нарпай туманидаги пахта заводи билан шартнома имзолашга улгурди. Заводга пахта этаклари тикяпти. Келгусида эса болалар кийимларини тикиш, атрофига шогирдлар йиғиб, тикув цехи очиш нияти ҳам йўқ эмас...
— Баъзида ўзимни худди ёлғизланиб қолгандек ҳис қилардим, — дейди сўзининг якунида Соҳиба Қурбонова. — Аммо бугун бу нотўғри эканига, қаттиқ янглишганимга амин бўлдим. Чиройли, замонавий уй ҳадя этгани учун Президентимиздан ниҳоятда миннатдорман. Насиб этса, шу уйда у кишига ўз қўлим билан ош дамлаб беришни дилимга тугиб қўйганман. Менга ишонган, оғир дамда қўллаб-қувватлаган давлатимиз, халқимизга минг раҳмат. Шундай фаровон, бағрикенг, ҳур ва обод юртда яшаётганимга шукр!
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔52
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил