Борлиқдаги уйғониш, янгиланиш ва яшариш озод ва обод Ватанимизга боқий байрам, қут-барака, тўкинлик ва меҳру оқибат рамзи — Наврўзи олам келганидан дарак беради.
Бир дунё орзулар билан эртани кутиб, келажакка ишониб, тўю-томошалар қилиш, янги уй-жойлар солиш, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятида яшаётган халқимиз «Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин! Юртимиздаги тинчлик-омонликка кўз тегмасин!» деб Наврўзга пешвоз чиқди...
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Наврўз байрами бу йил мамлакатимизда умумхалқ сайли сифатида нишонланмоқда.
…Пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи байрамона безатилган. Карнай-сурнай садолари эрта тонгдан халқни сайлга чорлади. Сайлда халқимиз тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган айвонлар, йўлак бўйлаб устаю ҳунармандлар, ганчкорлар, каштадўзу чеварлар миллий либосларимизни, дўмбира, доира каби халқ чолғу асбобларини, миллий буюмларни намойиш этмоқда.
Умумхалқ сайлида иштирок этган давлатимиз раҳбари кўргазмага қўйилган маҳсулотларни кўздан кечирди. Усталар билан суҳбатлашиб, айём билан табриклади. Президентимиз байрам сайлига ташриф буюрган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари билан кўришиб, уларни байрам билан муборакбод этди.
Халқ сайлида лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, аскиячилар пайрови қизиди. Фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари қушлар чуғурига, кўркам фавворанинг жилдирашига уйғунлашиб кетди.
Эртамизнинг эгалари бўлган болалар чиқишлари, уларнинг шўх-шодон кулгилари, мустақил юртнинг баркамол фарзандлари ижросидаги она Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ улашди. Наврўз, ёшлик ва баркамолликнинг нақадар уйғунлиги кўз ўнгингизда гавдаланади.
Сўриларда қўр тўкиб ўтирган отахонлар яна бир баҳор билан юзлашганига шукрона келтириб, юрт ободлиги, халқ фаровонлигидан сўз очди. Давлатимиз раҳбари отахонлар билан суҳбатлашди. Қўллар дуога очилди.
Наврўз байрами мамлакатимизда яшаётган миллати, тили, динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланган. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакиллари аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз — Ўзбекистонимиз равнақи йўлида барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилмоқда.
— Наврўз нафақат ўзбек халқининг, балки шу заминда ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг энг гўзал байрамларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган ҳурмат ва эҳтироми, ғамхўрлиги учун миннатдормиз, — дейди бошқирд миллий маданий марказининг «Агидель» маданий жамоаси раҳбари Эмма Магиярова.
Шундай фараҳбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган юртдошларимизнинг кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга эсон-омон етганимиз, элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.
Наврўз байрамини ўтказиш ёш авлодни тарбиялаш, халқимиз ижодиётининг энг яхши намуналари мисолида улар дунёқарашини шакллантириш, миллий ўзликни англашда катта аҳамият касб этади.
«...Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз». Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бу боқий сатрлари Наврўз ҳар бир инсон самимий, тоза ниятларини, туйғуларини юзага чиқарадиган, севинчлари, орзу-ниятларини, умидларини дўстлари, яқинлари билан баҳам кўрадиган қутлуғ кун эканига ишора. Бу жиҳатлар мамлакатимизда 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам ўз инъикосини топмоқда.
Байрам Қорақалпоғистон Республикасида ҳам катта шодиёна билан нишонланмоқда. Ҳунармандлик буюмлари, пазандалик ва қандолатчилик маҳсулотлари кўргазмалари, фольклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари, бахши-жировлар, полвонлар беллашуви, қиз-йигитлар айтишуви, турли халқ ўйинлари Наврўз сайлига ўзига хос руҳ бағишламоқда.
— Бу йил Наврўз ҳар қачонгидан ҳам бошқача ўтмоқда, — дейди Кегейли туманидаги «Нурли бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Олтингул Муҳамбетова. — Маҳалламизда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, рус, бошқирд, корейс ва бошқа миллатларга мансуб 2 минг 600 дан зиёд аҳоли аҳил-иноқ истиқомат қилаётир. Ҳудудимизнинг ободлиги ана шу аҳилликдан.
Фарғона водийсининг байрамга тайёргарлиги ўзгача бўлди. Андижон вилоятида бўлиб ўтган байрам сайлига «Наврўз — тинчлик, биродарлик ва қардошлик байрами» мазмуни сингдирилиб, сайлда миллий маданий марказлар вакилларининг турли халқлар урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазмалари, миллий либослар намойиши бўлди. Дастурхонга миллий таомлар тортилиб, отахону онахонлар таклиф этилди.
— Шу кунларга етказганига шукр, — дейди булоқбошилик меҳнат фахрийси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Раънохон Жуманиёзова. — Юртимиз обод, ҳаётимиз тинч, дастурхонимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холис экани, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати самарасидир. Бу йилги тантаналар халқ сайли тарзида ўтаётгани байрамга ўзгача мазмун касб этмоқда.
Қашқадарёнинг тоғларга туташ адирларида Наврўз сайли кўпкари ва кураш мусобақаларига уланиб кетди. Қарши шаҳрида Наврўз байрами тантаналари эрта тонгда карнай-сурнай, доира садолари билан бошланди. Одамларнинг юз-кўзларида шодумонлик. Набираси қўлидан тутган отахону онахонлар, беғубор болакайлар, баҳордек латофатли хотин-қизлар, жўшқин йигитлар Наврўз сайлига ошиқмоқда...
— Наврўз тантаналарини томоша қилар эканман, мамлакатимиз мустақиллик йилларида ҳар томонлама ривожлангани, одамларимизнинг турмуш даражаси ўсиб, дунёқараши ўзгариб бораётганига яна бир бор амин бўлдим, — дейди Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида яшовчи 81 баҳорни қаршилаган Шукур бобо Сафаров. — Ҳақиқий ҳурмат-эътиборга мустақиллик йилларида сазовор бўлдик. Шундай кунларга етганимизга шукроналар айтамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Наврўз умумхалқ байрами Самарқанд вилоятининг барча ҳудудларида ҳам ўзгача сурур, кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда. Тантаналарда бадиий ва ҳаваскор ансамбллар, эстрада хонандалари иштирокида концертлар, театр томошалари уюштирилди, байрам ярмаркаси ўтказилди. Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва «Суғдиёна» маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва эстрада хонандаларининг чиқишлари уюштирилиб, ҳудудга хос бўлган анъана ва урф-одатлар асосида саҳна кўринишлари, спорт ўйинлари намойиш этилди.
Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайллари давом этмоқда.
Ли ВИДХАУС (Буюк Британия):
— Эзгулик, меҳр-оқибат айёми бўлган Наврўз байрами Ўзбекистондаги барча миллатлар учун бирдай қадрли, умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ғоят ибратли қадрият. Ўз қадриятларини улуғлайдиган бу юртнинг келажаги буюкдир.
Ерик УТЕМБАЕВ,
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Наврўз — Шарқ халқларининг энг эъзозли, энг гўзал байрамидир. Одатда, бу кунда низолар тўхтатилган. Оқсоқолларимиз ундан бир-бирига адовати, гина-кудурати бўлган томонларни яраштиришда фойдаланган.
Байрам кунлари одамлар бир-бирининг қарзидан кечади, гина-кудуратлар унутилади, аҳил-иноқ яшашга чақирилади.
Ямада МАСАМИЦУ (Япония):
— Халқингиз қадимий байрамини кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўргани ҳар қандай одамни мафтун этади. Ҳаммаёқ обод, саранжом-саришта. Айниқса, кўчаларда байрамона кийинган болакайларнинг шоду хуррамлигини кўриб, ҳавасинг келади. Бутун дунё Ўзбекистондай бўлса эди, деб юборасан беихтиёр. Одамлар бир-бирини, танишми-нотанишми, Наврўз билан қутламоқда. Бунга ҳавас қилмай бўладими? Ахир, яхши ниятнинг ўзи эзгулик, олий қадрият.