...Бир қарашда сокин туюлган Аёллар маслаҳат маркази биноси. Ичкарида кимдир бормикин, деган ўй остона ҳатлашим билан барҳам топди. Бино хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, фарзанди тақдирига бефарқ бўлмаган куюнчак оталар билан гавжум. Унинг юқори малакали мутахассислари қанчадан-қанча аёллар, қизлар, ўсмирларнинг кўнглини топа олишда, ҳаёт сўқмоқларида адашганларга тўғри йўл кўрсатишда беминнат кўмаклашиб келмоқда.
Марказ раҳбари Дилбар Аҳмедова ўсмир қиз ва унинг онаси билан суҳбатлашаётган экан. Маълум бўлишича, Чақар маҳалласида яшовчи бу қизнинг дарсларга давоматида оқсашлар бор экан. Суҳбат асносида кўп йиллик педагогик тажрибага эга бўлган Дилбар опа ўқувчи-қизнинг мактабга мунтазам қатнамаётганининг асл сабабларини дарҳол пайқади. Дастлаб ўқувчи қиз билан, кейин унинг онаси, маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси билан атрофлича суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритди. Моҳир психологлар иштирокидаги машғулотлар натижасида қизнинг дунёқараши, феъл-атворида, мақсад ва интилишларида ижобий ўзгариш юзага келди…
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Аёллар маслаҳат маркази «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан 2014 йилда тузилган. Марказ аёллар, айниқса, уй бекалари, турли мураккаб вазиятда қолган инсонларга самарали психологик, ҳуқуқий, тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
— Марказимиз мутахассислари оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-маданий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлашга яқиндан кўмаклашиб келмоқда, — дейди Дилбар Аҳмедова. — Тингловчиларимизнинг аксарияти маҳалла фаоллари, маслаҳатчилар орқали бизнинг марказ ҳақида хабар топган аёллардир. Таниш, қўни-қўшнилар орқали ҳам хотин-қизлар бу ерга мурожаат этмоқда. Баъзан эркаклар ҳам марказимиз хизматларидан баҳраманд бўлмоқда. Қарс икки қўлдан чиқади. Ахир, оила мустаҳкамлиги, фарзандлар билан тил топа билиш, уларни ёт ғоялардан асраш, қизлар тарбиясига катта масъулият билан ёндашиш фақат она, аёлнинг бурчи эмас-ку.
Бу ерда ҳар бир инсонни диққат билан тинглаб, унинг муаммосига мақбул ечим топишда юқори малакали ҳуқуқшунос, психолог, шифокор яқиндан кўмаклашмоқда. Марказга ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар асосан аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, оилаларни асраш, оналар, фарзандлар ижтимоий ҳимояси ва бошқа жиҳатларга тоифалашган.
Психолог Муаззам Раҳматуллаеванинг айтишича, муаммолар гирдобида қолган инсоннинг фикри батафсил эшитилиб, унга илк психологик ташхис қўйилади. Ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишини кучайтириш, ўз-ўзига бўлган ишончни тобора орттиришга жиддий эътибор қаратилади. Маслаҳатга муҳтож хотин-қизларнинг истагига кўра, якка тарзда, холис ёки гуруҳларга бўлинган ҳолда суҳбат-машғулотлар олиб борилади. Айни пайтда врач-терапевт билан ўтказилувчи суҳбат ҳам фойдадан ҳоли эмаслиги амалиётда кўп бор тасдиқланган.
— Бирор муаммо гирдобида қолган инсонда кўпинча турли депрессиялар, руҳий толиқишлар, невроз, айрим ҳолларда хафақонлик аломатлари бўлади, — дейди шифокор-невропатолог Дилдора Дадахўжаева. — Шу жиҳатдан бизга мурожаат қилган аёллар саломатлигини асраш бўйича ҳам зарур ёрдам кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир.
Марказда режа асосида оила психологияси, фарзанд тарбиясига доир суҳбатлар моҳир психологлар иштирокида ўтказилса, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, қизлар тарбиясида шахсий гигиенага бағишланган мулоқотлар тиббиёт ходимлари иштирокида ўтказилмоқда.
— Турмуш ўртоғимнинг найрангу қистовлари билан бир неча йил чет давлатда саргардон юрдим, — дейди кўзларида ёш билан А.Собирова. — Қизимнинг елиб-югуриши, яхшилар кўмагида Тошкентга қайтсам, фарзандларим ҳар кўйга тушган, уйимиз сотилиб кетган экан. Марказ мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳуқуқларим, паспортим тикланди. Энди яшаш жойим бор. Ишим тайин. Турли сохта ғояларга учиб, алданиб юрган аёллар, қизларимизга ушбу сўзларни айтган бўлардим: «Адашманглар, умрингизни хазон этманг, Ўзбекистонимизнинг, тинчлигимиз, хотиржам ҳаётимизнинг қадрига етинг!»
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔52
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил