Бир турдаги дори беш дорихонада беш хил нархда. Бунга сабаб нима? Нега қалбакилаштирилган дори воситалари номи эълон қилиниб, аҳоли бундан огоҳлантирилмайди?
Шифокор дори ёзиб бераётганда, қандай меъёрларга амал қилиши керак? Кимларга имтиёзли асосда дори берилади?
Фармацевтикага доир шу ва бошқа кўплаб саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкил этган матбуот анжуманида жавоб қайтарилди. Аҳолининг сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги устувор вазифалар, юртимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳамда фарм маҳсулотлари сифатини назорат қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учтадан ортиқ дори ёзиб бериш мумкин эмас...
— Дорихоналардаги нархлар бир-биридан фарқ қилишига кўп гувоҳ бўламиз. Бунга сабаб нима?
— Импорт йўли билан келтириладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачиларнинг сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда устама билан сотилади, — деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Анвар АЛИМОВ. — Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эса мамлакатимизда тайёрланган дори воситалари 45 фоизгача устама билан сотилиши мумкин. Қайсидир етказиб берувчи 15 фоиз, яна кимдир 20 фоиз устама қўяди. Нархлардаги тафовутнинг асосий сабаби ҳам айни шунда. Ёнма-ён жойлашган икки дорихона дорини иккита етказиб берувчидан харид қилади.
Айтиб ўтиш лозим: «Дори-дармон» компанияси зиммасига 129 туманда ижтимоий дорихона ташкил этиш вазифаси қўйилган. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига уларнинг 60 таси ишга тушади. Қолганлари эса йил якунигача фаолият бошлайди. Ижтимоий дорихонанинг вазифаси — сифатига кафолат бўлган дориларни энг паст нархларда аҳолига етказиш. Улардаги воситалар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти бўладими ёки хорижда тайёрланганми — нархи 15 фоиз устамадан ошмайди. Ижтимоий дорихоналар марказий поликлиникалар ичида кеча-кундуз ишлайди.
— Дориларни қалбакилаштиришга қарши қатор чоралар кўрилаётган бўлишига қарамай, айрим дориларнинг сохта нусхалари ҳамон учраб турибди. Нега уларнинг рўйхати эълон қилиб борилмайди?
— Одатда, қалбаки дори асл воситанинг айнан нусхаси бўлади: ўша ном, бир хил серия ва ишлаб чиқарувчи. Буни оммавий эълон қилиш — асл ишлаб чиқарувчининг манфаатларига зид келиши табиий. Шу боис бундай ҳолат қайд этилганда, мутахассислар эътиборига ҳавола этилади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, улар тасарруфидаги тиббиёт муассасаларига хабар берилади, дорихоналарда қалбаки воситалар бор-йўқлиги назорат остига олинади.
— 15-20 йил аввал дорихоналарда ҳар доим бўлиши керак деб ҳисобланган 20 турдаги доридан иборат рўйхат бўларди. Ҳозир бу рўйхат кенгайганми?
— Мустақилликнинг илк йилларида дори таъминоти жуда катта муаммо эди. Мамлакатимизда атиги 2 корхона 20 га яқин дори воситаси ишлаб чиқарар, бу эса аҳоли эҳтиёжини таъминлаш учун етарли эмасди. Шу боис республиканинг барча дорихона муассасаларида бўлиши мажбурий 20 дори-дармон рўйхати жорий қилинганди. Ҳозир фармацевтика саноати жадал ривожланиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда 125 фармкорхонада 1753 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётир. 1994 йилда тузилган рўйхатдаги дорилар ўрнига самарадорлиги юқори бўлган муқобиллари тайёрланмоқда. Шу боис айни дамда янги рўйхат тузилмоқда. У 70 хил дори-дармонни ўз ичига олади.
— Баъзи даволовчи шифокорлар беморга 8-10 хил дори ёзиб беради. Бемор шунча воситани топиши, топганда ҳам сотиб олишга имконияти бўлмаслиги турган гап. Дори ёзиб бериш бўйича бирор меъёр ва чекловлар борми?
— Оғир касалликлардан ташқари ҳолатларда 3 тадан ортиқ дори ёзиб бериш қатъиян ман этилади. Аммо шифокор бир вақтнинг ўзида ҳамма касалликни бартараф қилишни хоҳлайди. Масалан, асосий хасталикни битта дори билан даволаш имкони бор. Аммо текширув вақтида беморда анемия, остеопороз каби ёндош касалликлар ҳам аниқланса, уларга ҳам дори ёзиб бераверади. Қарабсизки, рўйхат кенгайиб турибди. Бунинг олдини олиш учун даволаш стандартлари тасдиқланган. Унга амал қилмаётган шифокорларга чоралар кўрилмоқда.
Сифатига ким кафил?
— Дори воситаларининг сифати ва ножўя таъсирларини текширувчи тизим фаолият юритадими?
— Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва олиб кирилаётган дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиб борувчи тизим мавжуд, — деди вазирликнинг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло ЖАЛИЛОВ. — Назорат тизими 8 дори воситаси ва тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органини, «Дори-дармон» компанияси таркибидаги 14, маҳаллий фармацевтика корхоналаридаги барча назорат-таҳлил лабораториясини ўз ичига олади. Ҳозирда сифат текширувларидан ўтган 8 мингдан ортиқ дори воситаларини тиббиёт амалиётига қўллашга рухсат берилган.
— Қайси тоифадаги беморлар имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминланади? Уларни олиш тартиби қандай?
— Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги «Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга шахслар тоифалари тасдиқланган. Унга кўра, онкологик, сил, мохов, эндокринологик ва руҳий касалликларга чалинганлар, ОИВ касаллигини юқтирганлар, юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган — ногирон шахслар, байналмилалчи жангчилар, ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар дорилар билан имтиёзли таъминланади. Беморларга имтиёзли бериш учун мўлжалланган дори воситалари амбулатория-поликлиника муассасаси раҳбарининг буйруғи билан белгиланган масъул шахс томонидан берилади.
— Кам учрайдиган касалликларни даволашга мўлжалланган шундай дори воситалари борки, улар мамлакатимизда рўйхатдан ўтмаган. Аммо гоҳида айнан уларга эҳтиёж туғилиши мумкин...
— Янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган Орфан дори воситаларини импорт қилиш давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.
Бемор доришуносга кўпроқ ишонади
— Айрим хориж давлатларида дорихона ходими беморга биринчи тиббий ёрдам ҳам кўрсатар экан. Бизда бу масалага қандай қаралади?
— Ижтимоий сўровларда, ҳатто истеъмолчилар шифокорлардан кўра доришуносларга кўпроқ ишониши аниқланган, — дейди Тошкент фармацевтика институти ректори Аҳмад ЮНУСХЎЖАЕВ. — Дунё тиббиёти амалиётида доришунос ходимнинг беморга биринчи ёрдам кўрсатиши маъқулланади. Ҳозир таълим жараёни такомиллашиб бормоқда. Фармацевт ходимларни тайёрлашга ҳам юқори талаблар қўйилмоқда. Шу нуқтаи назардан ўқув дастурига фармацевтик ёрдам фани киритилган. Доришуноснинг асосий вазифаси фақат дорини сотиш эмас, малакали фармацевтик ёрдам кўрсатишдир. Ўрни келганда у шифокор фаолиятига аралашмаган ҳолда, беморга рецептсиз бериладиган дорилардан тавсия қилиши, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши мумкин.
— Дориларга нисбатан аллергик таъсирчанликнинг кўпайишига сабаб нима?
— Дунё аҳолисининг ҳар учинчиси дориларни нотўғри ичгани учун касал. Онанинг бетартиб дори ичиши, сунъий озиқ-овқатлар истеъмоли, экологик муаммолардан, афсуски, фарзандлар аллергияга мойил бўлиб дунёга келмоқда. Бугунги тиббиёт олдида ҳатто, доридан ҳимояланиш муаммоси долзарб масалага айлангани сир эмас. Ҳар йили 10-15 антибиотикнинг таъсири йўқолиб бормоқда. Кичик ёшдаги болаларга катталарга мўлжалланган дозада дори воситаси бериш ҳам амалиётда учраб турибди. Буларнинг барчаси дориларга нисбатан аллергик мойилликни кучайтиради. Мазкур ҳолатлардан сақланиш, тиббий саводхонлик — дориларга нисбатан аллергик таъсирчанликнинг олдини олишда самарали чора.
Дилроз АБРАЕВА
ёзиб олди.