Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Аҳоли озиқ-овқат таъминоти – мамлакат барқарор ривожланишининг муҳим белгиси

Бугун дунё миқёсида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз ва барқарор таъминлаш энг глобал масалалардан бири ҳисобланади.

Аҳоли озиқ-овқат таъминоти –  мамлакат барқарор ривожланишининг муҳим  белгиси

Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда аграр соҳани ривожлантириш БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим масалалар қаторида туради. Мамлакатимизда аҳолининг асосий эҳтиёжлари қаторида турадиган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришга доимий эътибор қаратилиб, аниқ стратегик йўналишлар белгилаб олинган.

Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрда қабул қилинган «Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори халқимиз фаровонлиги, ижтимоий ҳимояси, дастурхони тўкинлигини таъминлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Зотан, аҳоли сонининг муттасил ўсиб бораётгани, шунга яраша озиқ-овқатга талаб ва эҳтиёж доимий ошаётгани фонида соҳада ҳал этилиши зарур бўлган бир қатор масалалар кун тартибига чиқиши табиий.

Бугун аҳолисини гўшт, сут, тухум, балиқ, ўсимлик ёғи каби асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, уларнинг сифатини юқори даражада ушлаб туриш ривожланган мамлакатлар учун ҳам осон кечаётгани йўқ. Чунки эҳтиёж юқори, озиқ-овқат етиштириш манбалари чекланган, ер-сув сингари табиий ресурслар тобора қисқариб бормоқда. Иқлим ўзгаришлари эса қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигига жиддий салбий таъсир кўрсатиб, чорва манбаи бўлган яйловларнинг қисқаришига, етиштирилаётган озуқа ҳажмининг камайиб кетишига олиб келяпти. Давлатимиз раҳбарининг қарори эса айни шу муаммоларни эътиборга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш, чорвачилик хўжаликларининг озуқа базасини тубдан яхшилаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун ўзига хос «йўл харитаси»ни белгилаб берди.

Президентимиз имзолаган ҳужжатда, аввало, сифатли ва барқарор озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли эҳтиёжи учун ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз занжир асосида етиштириш вазифаси қўйилди. Келгуси уч йилда йирик шохли қорамоллар сонини қўшимча 445 минг бошга, қўй ва эчкилар сонини 1,7 млн бошга, паррандалар сонини 10,3 млн бошга, балиқ етиштириш ҳажмини 54 минг тоннага, картошка етиштириш ҳажмини 200 минг тоннага, ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни 30 минг тоннага ошириш мақсад қилинган.

Албатта, буларни амалга ошириш осон эмас. Шунинг учун ҳам ҳужжатда қўйилган вазифаларни рўёбга чиқаришнинг аниқ механизмлари кўрсатилган. Биринчи навбатда, молиявий ресурслар, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчилар, чорвадорлар, паррандачилик билан шуғулланувчилар учун кенг миқёсдаги имтиёзлар пакети тақдим этилмоқда. Жумладан, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан озуқабоп ва мойли экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади. Келгуси йилдан бошлаб озуқабоп ва мойли экинларни етиштирувчи субъектларга маҳсулот етиштиришда суғориш тадбирлари учун ўз балансидаги насос агрегатлари сарфлайдиган электр энергияси харажатларининг 50 фоиз қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади. Йирик шохли қорамол, қўй ва эчкиларни импорт қилиш, чорвага озуқа етиштириш учун берилган ерлардан фойдаланиш бўйича ҳам бир қатор имтиёз ва енгилликлар тақдим этилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқариш муомаласи соҳасида салкам 62 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётган бўлса-да, улардан атиги 0,2 фоизида хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими жорий этилган. Бу ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари қабул қилган қарорда суғурталаш, кредит қайтмаслиги, кафиллик борасида тадбиркорлик субъектлари, озиқ-овқат маҳсулоти етиштирувчилар манфаати нуқтаи назаридан бир қатор кафолатлар берилмоқда.

Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга қаратилган ушбу муҳим ҳужжат Ўзбекис­тон Экологик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги боис биз учун алоҳида аҳамиятлидир. Бинобарин, партиямиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларни иқлим ўзгариши оқибатлари таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласига анчадан буён жамоатчилик эътиборини қаратиб келади. Биз шу йўл билан халқимиз экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришишимиз мумкин.

Озиқ-овқат таъминоти – бу ҳар бир инсоннинг соғлиғи ва фаровонлигига бевосита таъсир этувчи муҳим омиллардан бири. Бугунги кунда дунё миқёсида сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар истеъмоли туфайли турли касалликларнинг авж олаётгани жиддий муаммога айланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлардан миллионлаб одамлар азият чекади. Бу эса маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш фақат истеъмолчилар эмас, балки давлат учун ҳам стратегик масала эканини кўрсатади.

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг ушбу янги қарори айни вақтида қабул қилингани, халқимизнинг эртага эмас, бугун фаровон яшаши йўлида яна бир катта қадамдир. Мамлакатимизда аҳолининг озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатлар барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔46

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔46

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔140

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар