Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак
Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
БатафсилАйни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.
Қўмита вакиллари ҳаво сифатига табиий ва антропоген (инсоннинг табиатга таъсири билан боғлиқ) омилларнинг биргаликдаги таъсирини эътироф этиб, инсон саломатлигига таъсир қилувчи энг хавфли турдаги ифлослантирувчи моддалар – РМ 2,5 (диаметри 2,5 микрометргача) майда дисперс заррачалар ҳосил бўлишининг асосий манбаларини санаб ўтди.
Сайёранинг энг чангли ҳудудидамиз...ми?
Сўнгги беш йил ичида вазият янада оғирлашди. Иқлим ўзгариши туфайли илгари бундай ҳодисалар йилига икки-уч марта содир бўлар ва узоқ давом этмас эди. Ташқаридан келган шамол массалари йўналишини ўзгартирди ва инверсия давомийлиги 10 кунга етган ҳолатлар қайд этилди, бундай ҳодисалар частотаси 5 баравар ошди.
2021 йил ноябрь ойида пойтахтни метеокузатувлар тарихида биринчи марта қум-чанг тумани қоплаган эди. Ўшанда у бир неча кун сақланиб турганди. Шундан сўнг иқлим ўзгариши туфайли юзага келган салбий ҳодисалар тез-тез намоён бўла бошлади.
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғунов:
– Ўзбекистон сайёранинг энг чангли ҳудудларидан бирида жойлашган: мамлакатнинг 80-85 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат. Олдин иқлим ўзгариши ҳам таъсир кўрсатган. Лекин ҳозир табиий омилларнинг кучайиши антропоген таъсирнинг ўсиши билан бир вақтга тўғри келди. Бундан ташқари, бу йил кучли қурғоқчилик кузатилмоқда… Ўзимиз кўриб турибмиз: кузда фақат бир марта ёмғир ёғди. Ноябрь ойида бизда ёмғир ёғмайди, декабргача ҳам ёғингарчилик кутилмайди. Бу эса атмосфера табиий «ювилиши»нинг тўхташига олиб келди. Натижада антропоген омиллар таъсиридаги атмосфера жараёнларининг табиий ювилиши бўлмагани учун катта миқдордаги турғунлигини сақлаб турибди.
Минтақа кескин континентал ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда ҳаво кескин совийди ва кескин исийди. Шу сабабли инверсион жараёнлар кучаймоқда. Ҳавонинг вертикал ҳаракатлари сусайган, инверсия кучайган, турғун қатламлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, ифлосликларни олиб чиқиб кетиш учун етарлича шамол тезлиги йўқ. Шунинг учун ҳозир бизда бундай ҳодиса кузатилмоқда.
Экология қўмитаси ва Жаҳон банки тадқиқотлари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳавонинг PM 2,5 зарралари билан ифлосланишининг 36 фоизигача табиий чанг билан боғлиқ ва баъзи кунларда бу улуш 80 фоизга етиши мумкин. Чанг қурғоқчил ҳудудлардан шамоллар орқали кириб келади ва сўнгги ўн йилликларда шамол йўналиши ўзгариши бу таъсирни кучайтирди.
Оғирлашаётган вазият
Иқлим ўзгариши бўйича миллий марказ директори Фаррух Саттаров:
– Табиий омиллар антропоген ифлосланиш манбалари таъсирини кучайтирди. Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланишида табиий чангнинг улуши 36 фоиз атрофида. Бошқа манбалар: иситиш (уйларда, саноатда ва қишлоқ хўжалигида, шу жумладан, иссиқхоналарда) – 28 фоиз; транспорт – 16 фоиз; енгил саноат – 7 фоиз; оғир саноат – 6 фоиз; шаҳар чанги – 6 фоиз; чиқиндилар – 1 фоиз.
PM 2,5 таркибига чанг ҳам, атмосферага чиқариладиган ёниш маҳсулотларининг майда зарралари ҳам киради.
Тошкентни қамал қилиб турган иссиқхоналар
Иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш сектори, жумладан, қозонхоналар, иссиқлик электр станциялари ва иссиқхоналар PM 2,5 чиқиндиларининг тахминан 28 фоизини ташкил қилади.
Объектларнинг бир қисми ҳали ҳам мазут ва кўмирдан фойдаланади. 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ишлатилган бўлса, 2024 йилда 11,5 миллион тонна кўмир ишлатилган. Мазутдан фойдаланиш 446 минг тоннадан 749 минг тоннагача етди.
Тошкент шаҳри атрофида 6 517 та иссиқхона мавжуд бўлиб, улардан 2 925 таси ишламаяпти. 1 800 дан ортиқ иссиқхона фильтрсиз, 100 таси фильтр билан ишлайди. 3 592 та иссиқхона кўмир (баъзилари майдаланган шиналардан фойдаланади), 53 таси газ билан иситилади. 2 822 та иссиқхона учун ёқилғи талаб этилмайди.
Кўчаларда 1 миллион транспорт
Пойтахтдаги PM 2,5 заррачаларининг тахминан 16 фоизи автотранспорт воситаларидан чиқарилади. Ҳар куни Тошкент бўйлаб 1 миллионга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади: 650-700 минг автомобиль рўйхатга олинган, яна 300-350 мингтаси вилоятлардан кириб келади. Беш йил олдин бу рақам икки баравар кам бўлган: пойтахтда 300-350 мингта машина рўйхатга олинган, ҳудудлардан эса 100 мингга яқин транспорт воситаси келган.
Кўп йиллар давомида ҳавонинг ифлосланишига эски автомобиллар ва юк машиналари ҳисса қўшган. 34 фоизи ёки 264 мингтаси 2010 йилгача, 9,6 фоизи ёки 75 мингтаси 2000 йилгача ишлаб чиқарилган. Сўнгги йилларда электр ва гибрид автомобиллар тобора кўпайиб бормоқда, шунингдек, кўплаб автомобиллар газда ҳаракатланади. Жамоат транспортининг катта қисми экологик талабларга жавоб берадиган транспортга алмаштирилди.
«Автомобилларнинг катта қисми АI-80 бензинидан фойдаланган. 1 октябрдан унинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди, 1 декабрдан эса AI-80 сотиш тақиқланади. Мазкур чора-тадбирлар Тошкент шаҳрини тартибга келтиришга имкон берадиган бир омил деб ўйлаймиз», – дейди Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.
Йиғилишда таъкидланишича, яна бир муаммо шундаки, маҳаллий автомобилларга каталитик нейтрализаторлар (заҳарлиликни заифлаштирадиган ва чиқинди газлар миқдорини камайтирадиган қурилмалар) ўрнатилмаган.
Машиналарнинг бир қисмидан фойдаланиш кўпинча экологик талабларга риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилади, шаҳардаги мунтазам тирбандликлар бўлса ҳавода зарарли моддалар миқдорини янада оширади. Қўмитада бўлиб ўтган учрашувда жамоат транспортидан фойдаланиш улуши ҳали ҳам пастлиги асосий омил сифатида айтилди. Кўпроқ одамлар шахсий автомобиллардан воз кечиши учун унинг ривожланишини тезлаштириш керак.
Саноат ва қурилиш таъсири
Саноат ва қурилиш соҳалари асосий омил бўлиб қолмоқда, улар ҳавонинг PM 2,5 зарралари билан ифлосланишининг мос равишда 6 ва 7 фоизини ташкил қилади. 2024 йилда саноат корхоналарининг атмосферага чиқарган чиқиндилари 405,6 минг тоннани ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, сабаблар орасида чанг-газ тозалаш ускуналарининг етишмаслиги ёки умуман йўқлиги ҳам бор. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 750 та корхонада бундай ускуналар ўрнатилмаган, 94 та корхонада ускуналарнинг самарадорлиги 80 фоиздан паст, 44 та корхонада чиқиндилар меъёридан мунтазам ошиб кетмоқда. Бошқа омиллар – махсус техникаларсиз материалларни ёқиш ва битумни эритиш, шаҳарда қурилиш техникаларининг ҳаракатланиши.
Қурилиш туфайли ифлосланишнинг критик омили яшил ҳудудларнинг қисқариши ва дарахтларнинг кесилишидир. Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилликда пойтахтда катта дарахтлар оммавий равишда кесилди ва уларнинг ўрнига ёппасига игнабаргли дарахтлар экилди.
Қўмита раиси анъанавий шамол циркуляциясининг бузилиши жиддий муаммога айланганини қайд этди.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, шаҳарда шамол атирули ўзгарган, бу эса унинг «шамол ўтказувчанлигини» ёмонлаштирган. «Илгари Тошкентда шамол йўналиши нисбатан барқарор эди. Аммо бу омилни ҳисобга олмасдан баланд биноларни оммавий равишда қуриш ҳаво айланишини бузди. Ҳаво оқимлари тўсилиб қола бошлади», – дейилди йиғилишда.
Шамол режимининг ўзгаришига тоғ жинсларининг қурилиш учун қазиб олиниши туфайли дарёларда сув сатҳининг пасайиши ҳам таъсир кўрсатди. Чирчиқ дарёси ва бошқа сув оқимларининг сатҳи пасайиб, ҳаво оқимларининг сув юзаси билан ўзаро таъсири сусайган. Ҳарорат ўзгариши ва ҳаво ҳаракати бир-бирига боғлиқ. Дарёлар сувининг камайиши ҳам ўз «ҳиссаси»ни қўшди.
Чиқинди полигонлари – экологик «бомба»
Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов ҳаво ифлосланишининг энг жиддий манбаларидан бири кўп йиллар давомида экологик назоратсиз ишлаган эски полигонлар эканини айтди. «Энг катта хавф – чиқинди полигонлар. Бу – экологик бомба», – дейди у.
Яқин вақтгача мамлакатда расман 220 та полигон мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти экологик меъёрларга жавоб бермаган ва чиқинди газлари чиқиши хавфини туғдирган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, чиқиндихона газлари илгари мамлакатдаги ҳаво ифлосланишининг 2,5-3 фоизини ташкил этиб, ҳар йили 1 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқарилишига сабаб бўлган.
Ўз мухбиримиз
Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
БатафсилЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.
БатафсилАйни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.
Батафсил