Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Замира СУЮНОВА: «ҲАР БИР ОИЛАНИНГ ЎЗ БАХТЛИ ЯШАШ СИРИ БЎЛАДИ...»

Ҳаёт тажрибаси катта инсонлар билан учрашганда суҳбат ўз-ўзидан қизиб кетади. Бу галги суҳбатдошимизЎзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат консерваторияси доценти Замира СУЮНОВА билан ҳам худди шундай бўлди. Айтишларича, инсоннинг ўз ҳаёт йўлини топишида бурилиш нуқтаси бўларкан. Суҳбатни эса ўқитувчи оиласида туғилиб, санъат соҳасини танлаши, хор дирижёрлигидан хонандаликка ўтишида бурилиш нуқтаси вазифасини ким ёки нима ўтагани ҳақидаги савол билан бошладик.

Замира СУЮНОВА: «ҲАР БИР ОИЛАНИНГ ЎЗ БАХТЛИ ЯШАШ СИРИ БЎЛАДИ...»

— Санъат соҳасига киришимда отамнинг ҳиссаси катта бўлган, — дейди Замира опа. — Ўқувчилик вақтимиздаёқ опам рубоб чалиб, қўшиқ куйлар, мен катта ашулаларни билганимча айтардим. Отам шу қизиқишимизни қўллаб-қувватлаб, опам ва мени Тошкентдаги Глиэр номидаги мусиқа мактабига олиб борган. У вақтларда ота-оналар фарзанди санъаткор бўлишини кўпам хоҳламасди. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги чекка бир қишлоқдан бешинчи ва олтинчи синф қизларини пойтахтга олиб келиб, санъат йўналишидаги ўқишга қўйиш — ўша давр учун қаҳрамонлик эди. Мусиқа мактабида ғижжак йўналишида ўқий бошладим. Лекин ғижжакка қизиқишим йўқлиги боис, кейинроқ хор дирижёрлигига ўтказишган. Институтда ҳам шу йўналишни давом эттирдим.

Хор дирижёрлигидан хонандаликка ўтишимда «Дуторчилар» ансамбли бурилиш нуқтаси бўлган. Ўшанда учинчи курсда ўқирдим. «Дуторчилар» ансамбли ташкил этилаётганини эшитиб, опам билан синовга борганмиз. «Тано­вар 2»­ни куйлаб, ансамблга қабул қилинганман.

Ўзи Тошкентга келишингиздан асл мақсад ҳам хонандалик бўлган-ку, шундайми?

— Отам «ашула айтасан», деб пойтахтга олиб келган. Хор дирижёрлиги йўналишида ўқиган вақтим деярли қўшиқ куйламасдим. Бир куни отам мендан бироз ранжиб: «Қўшиқчи бўласан, чиройли ашулалар айтасан, деб сени Тошкентга олиб боргандим. Билган қўшиқларинг ҳам эсингдан чиқиб кетибди-ку», деган эди. Кўп ўтмай отамнинг орзулари амалга ошди. Ғанижон Тошматовнинг «Дуторчилар» ансамблида, Дони Зокиров ташкил қилган оркестр билан жуда кўп ашулалар айтдим.

Турмуш ва фарзандлар

— Оиладаги тартиб, тозаликка, истаймизми-йўқми, аёл масъул. Ижод ва ишдан узилмаган ҳолда фарзандлар тарбияси, уй юмушларига улгуриш қийин эмасми?

 — Рости, аввалига қийналганман. Оилали бўлсам, ижодим қолиб кетишини ўйлаб, турмушга кечроқ чиққанман. Оилани ҳам, санъатни ҳам эплашимда турмуш ўртоғимнинг санъаткорлиги, касбимизнинг паст-баландини яхши тушунгани катта ёрдам берди. Қолаверса, ўша вақтлар Қашқадарёдан сингилларим келиб, олийгоҳларда ўқишарди. Уй юмушларида уларга кўпроқ суянардим. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Ижодга айни шўнғиган дамларимизда фарзандларни чуқурлаштирилган мусиқа мактабида ўқитишга вақтимиз етмаган. Қуш уясида кўрганини қиларкан. Иккаласи ҳам санъат йўлидан кетди барибир. Лекин баъзи-баъзида «Бизни Глиэрда ўқитмагансиз», деб қолишади.  

— Санъаткорлар турмуш қурса, бирга яшаб кетиши қийин, деган фикр бор. Бу қарашнинг шаклланишига сабаб бўлган мисоллар ҳам талай. Сизнинг бахтли турмушингиз сири нимада? 

— Ҳар бир оиланинг ўз ички қонун-қоидалари, бахтли яшаш сирлари бўлади. Бахтли турмушнинг асоси у ёки бу, деб қатъий айтолмайсиз. Бу нарса жуфтларнинг феъл-атворига қараб шаклланса керак. Биргаликда тинч-тотув яшаш учун биз ҳам жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказганмиз. Яхши-ёмон кунларимиз, хафалашган дамларимиз бўлган. Менимча, турмушда сабрнинг ўрни муҳим. Турмуш ўртоғимнинг феъли тезроқ, мен эса жуда босиқман... Қолаверса, санъаткорлар оиласида бир-бирининг ижодини тушуниш, меҳнатини қадрлашнинг ҳам аҳамияти катта. Балки бир-биримизнинг камчиликларимизни тўлдириб, хатоларимизни кечирганимиз учун оиламиз сақланиб келаётгандир.  

 — Бола тарбиясида кўпроқ нимага эътибор қаратгансиз?

— Кўнглим бўшлиги учун бўлса керак, болаларга қаттиқ турмаганман. Кўпроқ уларни эшитишга, тушунтиришга ҳаракат қилганман. Болага бирор нарсани ўргатиш осон. Лекин фарзанд шуни қабул қиляптими, амал қиляптими? Мана бу нарса ота-онанинг имконидан ташқарида экан. Болаларим вояга етди, ўз йўлларини ҳам топишди. Ҳозир уларнинг ортидан эшитган ҳар бир яхши гап мен учун катта мукофотдир.  

Тўйлар... ва яна тўйлар

— Халқимиз қувончли кунини санъаткорлар билан баҳам кўради. Бугун тўйларимиздаги қайси камчиликлар сизни ўйлантиради?

— Тўйларимиз ҳақиқатан жуда гўзал ўтади. Чиройли одатларимиз бор. Катта-катта ресторанларда ўтаётган тўйларда баъзан ўйланиб қоламан: дастурхон тўкин, овқатнинг кети узилмайди. Келган меҳмонлар ҳам ўзига тўқ одамлар. Тўй эгасининг шунақа имконияти бор экан, шартнома пулини тўлай олмай, академик таътилга чиқиб кетаётган талабагами ёки болалар уйигами  ёрдам қўлини чўзса, қандай яхши бўларди.

Баъзан эса бор-буди етмаганидан, йўғини йўндириб, қарзга ботиб, тўй қилаётганларни кўриб ачиниб кетаман. Бир кечалик ҳашамни деб, боши берк кўчага кириб қолаётганлар ҳам учраб туради. Аслида ўзбекчилигимизда одатлар ҳеч кимга малол келмайдиган, камхарж, сипо. Лекин у баъзан кимўзарга айланиб кетаётгани ёмон.

— Тўйлардаги кимўзарликлар ҳақида гапирсангиз, кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқади: ҳамма бунга қарши. Лекин дабдабали тўй қилиш барибир давом этяпти...

— Маърифатпарвар олим ­Абдулла Авлоний «Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!» деб ёзган эди. Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балоси... Буни қаранг, олим тўйни ҳам шундай бир балога тенглаштирган. Ўзи дабдабага қарши бўла туриб, катта тўй қилган киши ё фарзандининг кўнглига қараган, ёки «Эл-халқ нима дейди», деган фикрга бориб, шу ишга қўл урган бўлади. Назаримда, халқнинг тушунчасини ўзгартирмай туриб, тўйларимиздаги дабдабабозликларни қисқартириш мушкул. 

Баҳсли мавзу: фонограммами ё жонли ижро?

— Бир вақтлар ота-онамиз эшитган қўшиқлар буви-бобомизга ёқмаган экан. Бугун эса биз тинглайдиган ашулалар ота-онамизга маъқул эмас...  

— Бу табиий ҳол. Йиллар ўтган сари замон ҳам, дид ҳам, санъатга муносабат ҳам ўзгариб бораркан. Қолаверса, санъатнинг ўзи ҳам янги талабларга мослашади. Санъат бу — ижод. Ижод эса ҳамиша эркин  ва бетакрор. Қайси ашулани эшитишни эса мухлис ўзининг дидидан келиб чиқиб танлайди. Ижодни ҳам, дидни ҳам қолипга солиб бўлмайди. Лекин бу миллий мусиқамиздан воз кечиш керак, дегани эмас. Боғча-мактаб ёшидан болаларга унча мураккаб бўлмаган мумтоз қўшиқларимиздан эшиттириб борсак, уларнинг диди шунга мос шаклланади. Қулоғи ўрганади. Ҳар қандай замонавий йўналишдаги қўшиқ ҳам миллий санъатимиздан озиқланиб яратилса, яхшироқ қабул қилинади ва узоқ яшайди, назаримда.

— Фонограммага муносабатингиз қандай?

— Фонограмма — жуда  баҳсли мавзу. Бир ҳамкасбимиз: «Жонли айтсанг ҳам шу олқиш, фонограммада айтсанг ҳам шу олқиш», деб ўпкалаганди. «Тингловчига силлиқланган, тоза ашулалар ёқади. Шунинг учун фонограммада куйлаш ёмон эмас», деб ҳисобловчи касбдошларимиз ҳам бор. Бу фикрларнинг бирортасини рад этолмайман. Ҳар иккисининг ҳам ҳақиқати бор.

Менимча, санъат саройларида бўладиган галаконцертларни ё фақат жонли ижрода ёки фақат фонограммада қилиб қўйиш тўғри бўларди. Икки ижрони аралаштириш томошабинни чалғитиб қўяди. Енгил ялла-лапарни фонограммада куйлаган билан авжи баланд оғир ашулани жонли айтган бир хил эътироф эътилса — тўғри эмас-да!

— Айрим санъаткорлар жонли айтаман, деб қўшиқни бузган ҳолатларга ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Шундай маҳал «Қўлингдан келмас экан, фонограммада айтмайсанми?» деб юборади тингловчи...

— Ҳозир техника жуда ривожланган. Мусиқий асарларнинг сифат даражасига ҳам талаб юқори. Тингловчига «яхшилаб пардозланган» қўшиқни эшитиш кўпроқ маъқул. Лекин ҳадеб фонограммада куйлаш, маҳоратни пасайтиради — ижрони ўтмаслаштиради. Кейин бир ўрни келиб, жонли айтишга тўғри келганда, ашулани бузиб қўяди. Шунинг учун ёш санъаткорлар кўпроқ жонли айтиб, ўз маҳоратини чархлаб бориши тарафдориман.

Баъзида ҳафсала етишмайди

— 2002 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясида дарс бериб келасиз. 14 йиллик кузатувларингиз билан ўртоқлашсангиз. Талабаларда шу муддат ичида қайси томонга ўзгариш сездингиз?

— Ҳар йилги келаётган талабаларга қараб, бир нарсага амин бўламан: биз ўзбеклар жуда истеъдодли халқмиз. Менимча, талабалар яхши томонга ўзгармоқда. Глобаллашув, ҳар хил маънавий таҳдидлар ҳозир бутун дунёда авж олган. Халқларнинг миллийлиги, ўзлиги йўқолиб кетаётгани бот-бот айтилади. Шундай бир замонда классик мақомларимизни ўрганишга талабгор ёшларнинг кўплиги қувонарли. Улар орасида ёрқин истеъдодли, чуқур мусиқий билимга эгалар бисёр. 

— Бугунги қўшиқчилик ҳақида фикрингиз қандай? Ундан кўнгли­нгиз тўладими?

— Бу мавзуга бир сўз билан баҳо бериш қийин. Тўғри, баъзида қўшиқнинг сўзи ёки клипидан ранжиган вақтларимиз бўлади. Лекин улар орасида эшитишга арзийдиганлари ҳам бор. Балки бадиий кенгашлар фаолияти кучайтирилса, сифат ва савия янада кўтарилар.

— Ёш санъаткорлардан кимларни эшитасиз?

— Ҳам мумтоз, ҳам эстрада йўналишида ижод қиладиган ёшларнинг санъатини кўпроқ қадрлайман. Гулсанам Мамазоитова, Алишер Файз, Юлдуз Турдиева, Гулзода Худойназароваларнинг ижоди ҳурматга лойиқ. 

Лекин яна бир томони бор... Ошпаз биров тайёрлаган таомни ҳар доим ҳам маза қилиб емаганидек, санъаткорлар ҳам қўшиқ тинглаганда унга оддий мухлис эмас, мутахассис сифатида қарайди. Қўшиққа ашулачининг қанча меҳнати кетганини баҳолай олади. Шунинг учун устоз санъаткорларнинг «шу қўшиқ яхши чиқибди», дейишининг ўзи катта эътироф.

— Ёш ижодкорларга яна қандай талаблар қўйган бўлардингиз?

— Гоҳида қулоққа чалиниб қолади: «ёшлар ундай, ёшлар бундай... бизнинг вақтимизда яхшироқ эди...» Йўқ, илғор ёшлар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Фақат уларга биз устозлик қилиб, тўғри йўналтириб туришимиз керак. Ёш санъаткорлардан саҳна ортидаги муомала маданияти ва саҳна маданиятига риоя қилишларини сўрардим. Машҳурлик касалидан ўзларини эҳтиётлаб юрсагина юксак ижодий поғонада собит ва мустаҳкам туришлари мумкин. 

— Истеъдод — халқ мулки, деган гап бор. Лекин, афсуски, ҳар доим ҳам ҳақиқий истеъдодлар юзага чиқавермайди... 

— Истеъдодли, жуда чиройли овозга эга ёшларимиз кўп. Лекин бугун юзага чиқиш учун истеъдоднинг ўзи камлик қиляпти. Бозор иқтисодиёти... Битта қўшиқни тайёр ҳолга келтиришнинг ўзи ҳам маблағга бориб тақалади. Шунда: «Санъаткор тадбиркор ҳам бўлиши керак экан-да», деб ўйлаб қоламан. Баъзида истеъдоди беш баҳоли талабада тадбиркорлик етишмаслиги сабаб  ўзини намоён этолмайди, уч баҳоли тадбиркорроқ курсдоши эса ундан ўзиб кетади.

— Ижодкорнинг илҳомчиси бўлади, дейишади. Сизнинг илҳомчиларингиз кимлар?

— Устозларимиз — Абдуҳошим Исмоилов ва Ғанижон Тошматовларнинг ижодидан илҳомланаман. Қўшиқларимнинг негизида ҳам уларнинг меҳнати бор.

— Ижодингиздан кўнглингиз тўладими?  Нималарга улгуролмаяпман, деб ҳисоблайсиз?

— Ўзимдан қониқмаяпман. Бунга сабаб — ижод қилолмаётганим, янги қўшиқлар ёзмаётганим. Баъзида ёзган қўшиқларимни чиқаришга ҳафсала етмайди. Гоҳида бирор чиройли шеърни ўқиганимда, яхши оҳанг келади-ю, уни ёзишга имкон йўқ... Умуман олганда, кўп нарсага улгуролмаяпман.

Дилроз АБРАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар