Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Билимли журналистга халқ ишонади»

Истеъдодли журналист ва назариётчи олим Назира ТОШПЎЛАТОВА билан суҳбат

«Билимли  журналистга  халқ ишонади»

— Бундан бир аср олдин аждодларимиз катта бир эзгу мақсадлар билан миллий матбуотга асос солишган эди. Бугунги кунга келиб янги, замонавий тизимларнинг ривожланиши инсонларда ахборотга бўлган эҳтиёжга ҳам маълум маънода таъсир кўрсатяпти. Аслида бизда пайдо бўлган миллий журналистика қандай маслак билан майдонга келган эди?

— Миллатни ривожлантиришнинг муҳим белгиси сифатида халқнинг ахборий хабардорлигини оширишни газета орқали қилиш керак, деб билганлар бизнинг тарихимизда жадидлар ҳисобланади. Мамлакатни қутқариш, миллий озодликка эришишнинг ягона йўли бу – матбуот орқали бўлиши керак деб, жадид боболаримиз миллий матбуотга асос солишни илгари суришди. Шу орқали халқни маърифатли қилиш, маърифат орқали эса миллий ўзликни англаш, миллат масалалари, миллий озодлик ҳаракати каби улуғвор мақсадлар бўлган унинг туб моҳиятида. Шундан бери матбуот миллатнинг маданиятига, равнақига, ривожига ҳисса қўшадиган муҳим ахборий восита ҳисобланади.

Жадидлар ўз мақсадларига қанчалик эришди ёки эришолмади, деб баҳо беришга биз шошилмаслигимиз керак. Бу жуда катта таҳлилни, ўрганишни талаб қиладиган жараён. Ўша пайтда ташкил қилинган газеталар ҳукмрон мафкура сиёсатига мос бўлмаган, яъни миллий манфаатлар, халқнинг бирдамлиги ва тараққиёти, миллий озодлик, илм-фан ривожи ҳақидаги долзарб мақолалар туфайли тезда ёпилиб кетган. Лекин бошқа ном ва бироз фарқланувчи маслак билан яна янги-янги газеталар чоп қилинаверган.

— Ўша пайтларда пайдо бўлган миллий матбуотимиздаги илғор ҳаракатлар кейинги даврларда, сизнингча, қанчалик давом этди?

— Ҳар бир даврнинг ўз мураккабликлари, ўз қийинчиликлари бўлган. Шунга қарамай миллий журналистика ривожланган. Агар ривожланмаганда бугунги миллий журналис­тика бўлмасди. Жадид боболаримиз бошлаб берган ишни, балки, бир фоиз, балки беш фоиз давом эттиргандир, лекин журнастика соҳа ўлароқ йўқолиб кетмади.

80-йилларда кечган ошкоралик шабадаларига биринчилардан бўлиб журналистлар сас бериб чиқишди. Мен 80-90-йиллар журналис­тикасини «иккинчи жадидчилик даври», деб атаган бўлардим. Бу даврда миллий публицистика жуда кучли томони билан кўринди. XX аср охирларига келиб миллий озодлик мавзуларини ижтимоий жиҳатдан кўтариб чиққан зўр публицистик чиқишлар бўлди. «Ўзбекситон адабиёти ва санъати», «Туркистон» каби бир неча газета ва журналлар энг кўп шундай материалларни берди. Улар ижтимоий тангликда қолган муаммолар орқали миллий мустақиллик ғояларини кўтариб чиққан зўр публицистика бўлди. Ўша пайтдаги нашрлар ададига эътибор берадиган бўлсангиз, салкам бир миллион чиққан.

Битта мисол келтираман. Журналист Карим Баҳриевнинг «Маданиятни қутқаринг, у эртага сизни қутқаради» сарлавҳали мақоласи «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ҳали шўролар қиличини қайраб турган пайтда – 1989 йилда чиққан. Мақолада совет тузуми Ўзбекистонга қанчалик таъсир кўрсатгани ва бизнинг давлатчилигимиз, миллатимиз, умуман, табиий ва маънавий бойликларимизни қандай издан чиқарганини аниқ ва асосли далиллар билан жуда чиройли таҳлил қилиб берган. Муаллиф мақолада бизга шўролар давридан нима мерос қолди, деган саволни қўяди-да, бузилган ер, мажруҳ болалар, касалманд оналар қолди, деб жавоб беради. Ҳақиқатда, олти миллион тонна пахта етказамиз, деб миллат эзилиб кетди-да. Биз у даврни кўрганмиз. Учинчи синфдан далага чиққанмиз ва қишгача пахта терардик. Муаллиф буни жуда теран таҳлил қилиб берган.

Ўша давр матбуотида бундай мақолалар кўп эди. Биз ўша пайтда талаба эдик. Шундай мақолаларни қўлма-қўл ўқирдик.

— Бугун-чи, бугун матбуотда шундай қўлма-қўл ўқиладиган мақолалар салмоғи қанчалик деб ҳисоблайсиз?

— Биласизми, журналистиканинг доим амал қиладиган тамойиллари бор. Тўғри, тамойилларни ҳар бир ОАВ ўз фаолиятидан келиб чиқиб ўзи белгилайди. Лекин жаҳон журналистикасида учта тамойил жуда муҳим ҳисобланади. Улар – холислик, ҳаққонийлик ва тезкорлик. Холислик тамойили асосида ишлаганда журналист ўзининг позициясини беришга шошилмаслиги керак. Воқеани тўлиқ ўрганмагунча, тўлиқ таҳлил қилмагунча, воқеага тегишли бўлган ҳамма фактларни тўлиқ далилламагунча ўзининг нуқтаи назарини, позициясини беришга ҳаққи йўқ. Афсуски, бизнинг матбуотимизда кўпинча журналист позицияси деб субъективликка, яъни бир томонламаликка йўл қўйиб қўяди. Журналистикада ҳеч бир томоннинг тарафини олмасдан, улардаги бор маълумотни қандай бўлса, шундайлигича контраст ҳолатда бериб, ўртада туришнинг ўзи жуда катта нарса.

Бу дегани нима? Яъни бир томонни айбдор қилиш учун иккинчи томоннинг жавоби борми-йўқми? Кўпинча жавоб бўлади. У ўзини оқлайдиган жавобми-йўқми – бундан қатъи назар, журналист шу жавобни бериши керак. Қандай бўлса, шундайлигича берса, кўпинча журналистга қийин бўлмайди.

Лекин баъзи ҳолатлар борки, бу жиддий принципиал масала бўлган пайтда журналист ўзининг тўғри позициясини бериши мумкин. Масалан, журналист тайёрлаётган материалда баъзан ўқувчи бир тўхтамга келолмайди. Журналист нима демоқчилигини ёки воқеликни тушунмасдан, ўзи таҳлил қила олмасдан тўхтаб қолади. Шунда журналист ўзининг тўғри позициясини бериши керак.

Журналистнинг нохолис позициясига ўқувчи ишониб қолса, қарши бўлиб қолади. Журналист бировни бир-бирига қарама-қарши қилиши керак эмас.

Бизда танқидий материални бериш орқали журналист муаммонинг айбдорини қидиришга ҳаракат қилади. Журналистнинг вазифаси ўша муаммонинг аввал сабаб-оқибатларини топиб ўрганишдир. Ўшанда айбдорнинг ўзи келиб чиқади. Дарров ҳукумат, ёки қандайдир мансабдор шахс, ёки қандайдир оддий фуқарога айбни қўйиб қўйиш – бу холислик эмас. Эҳтимол, у айбдор эмас, шу воқеанинг қурбони ёки шу воқеада жавобгар бўлиши мумкин. Холис позиция таҳлил орқали кўрсатилиши керак. Журналист таҳлил қилмас экан, ўзининг позициясини билдиришга ҳаққи йўқ. Воқеа сабаб-оқибатларини ўрганиб, таҳлил қилмас экан, биринчидан, унинг журналистлиги қаерда қолади? Иккинчидан, унинг оддий фуқародан, ахборот истеъмолчисидан ёки оддий ахборот узатувчидан нима фарқи бўлади?

 

Журналист ўзи етказадиган ахборотнинг тўғрилигига жавобгар. Ахборот тўғри бўлиши учун журналист уни ўрганиши керак.

 

Жамиятдаги воқеа-ҳодисаларни ўрганишда, таҳлил қилишда ва ёритишда журналистлар етарли даражада билимли бўлиши керак. Афсуски, журналистларимизда ана шу билим етишмайди. Жамиятдаги воқеа-ҳодисани ёритиш журналистнинг вазифаси экан, деб нотўғри, юзаки, чала ёритиш каби ҳолатлар жуда кўп.

Ҳар томонлама ўрганиб, муаммонинг сабаб-оқибатини асослаб ёзадиган бўлса, ўзи узатаётган ахборотга жавоб бера оладиган бўлса, бундай билимли журналистга халқ ишонади.

— Ўзингизга яхши маълум, ҳозирда бир қанча газета-журналлар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Қолганлари ҳам жуда кам ададда чоп этиляпти. Шундай вазиятда матбуот нашрларининг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

— Мажбурий обунанинг йўқолиши жамиятда босма нашрлар қоладими-қолмайдими, деган жуда катта полемикани бошлаб берди ва у ҳалиям давом этяпти. Мен тўлиқ ишонч билан айтаман: қолади! Газета йўқолиб кетмайди, фақат конвергентлашади. Ҳозир ҳамма етакчи газеталарнинг сайтлари, телеграм каналлари, медиа марказлари бор. Бу ўша конвергентлашаётганидан далолат беради. Бу – дунё тажрибаси.

Айрим газеталарнинг йўқолиб кетиши ўша ерда яхши раҳбарнинг, яхши бошқарувнинг, ижодий муҳитнинг йўқлигидан. Тўғри, баъзида маҳаллий ҳокимиятлар ўзидаги ахборот узатиш воситасини қўллаши керак. Туман мисолида олсак, маҳаллий ҳокимиятлар ўзига ахборот узатиш воситаси керак бўлса, уни қўллаши керак. Туманда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида одамлар тўғри ахборотни олиши учун восита керак-ку. Газета – ўша восита. Муассис уни қўллаб, маблағ ажратса, таҳририят ишни тўғри ташкил қилса, ўзини-ўзи таъминлаб, ўзини-ўзи бошқариб кета олади.

Газеталар уйларга, таълим муассасаларига кириб бориши керак. Бунда давлатнинг, ҳукуматнинг иштироки муҳим. Шу билан бирга, берсанг ейман, урсанг ўламан, демасдан журналистлар бошқа имкониятлар ҳақида ҳам ўйлаши керак-да. Иккаласи мувофиқликда – ҳам давлат ёрдами билан, ҳам ўз устида ишлашса, зўр ривожланиб кетади.

— Моддий таъминоти бошқалар қўлида бўлган таҳририят муассиснинг соясида қолиб кетмайдими? Ахборот монополияси юзага келмайдими?

— Бизнинг миллий хусусиятда бу монополия бўлиб қоляпти. Ўзи аслида иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаётган муассислар фақат иқтисодий фойда кўришни ўйлаши керак. Ким ҳақидадир чиқаётган мақолага аралашиш ёки уни олиб қолиш унинг ваколатига кирмайди. Бу ОАВ таъсис қилинаётган пайтда низомда кўрсатилади. Афсуски, нашр иқтисодий қарам бўлгани учун, муҳаррирларни ҳам муассисларининг ўзлари тайинлагани учун маблағ бераётган муассиснинг таъсирига тушиб, унга қарам бўлиб қоляпти. Бу нотўғри аслида. Бу журналистикани буюртмачи журналистикага айлантириб қўяди. Бу журналистикани ўлдиради. Бундан иложи борича қочиш керак.

Мен ижодкорларнинг ижодий фаолиятига, журналистик фаолиятига аралашиш керак, деб ҳисобламайман. Шундагина ошкоралик, холислик бўлади. Шундагина журналистика жамиятнинг кўзгуси бўла олади.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔35

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔87

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔88

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар