Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

– Муҳаббатхон, 44-Сарапоён сайлов округидан депутатликка сайлангансиз. Айтинг-чи, ўз фаолиятингиз давомида сайловолди дастурингизни нечоғли бажара оляпман, деб ўйлайсиз?

– Сайловолди дастурим катта бир мукаммал асарга ўхшайди. Унда ўзим орзу қилган, мақсад қилган ғоялар тўлақонли илгари сурилган. Бироқ ҳар бир депутатнинг фаолияти давомида ўз дастури ижросини юз фоиз таъминлаш имкони бўлмайди. Бу бошқа ташкилот ва идораларнинг муносабат ва ишга ёндашувига ҳам боғлиқ албатта. Вилоят кенгаши депутати сифатида мени ҳам бу муаммо қийнаса-да, аммо ўз дастурим ижросини тўкис таъминлашга ҳаракат қилиб келяпман.

Рости, сайлов округлари орасида энг кўп мурожаатлар билан ишлаётган депутатлардан бириман, десам муболаға бўлмайди. Ўнлаб касал ва моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар мадад истаб ҳузуримга келишади. Ваколатимга кирсин-кирмасин, уларга ёрдам беришни ўзимнинг инсонийлик бурчим деб биламан. Шу боисдан ҳам тадбиркор ва бошқа саховатпеша инсонларни топиб, уларга ёрдам кўрсатишга баҳоли қудрат ҳаракат қиламан. Кўплаб элдошларимиз беморликдан соғайиши учун тиббий операция ва дори-дармонларига ҳомийлар томонидан пул берилгач, миннатдорлик билдирганида ўзимни беҳад бахтиёр ҳис қиламан.

– Очиғини айтинг, қандай муаммоларни ҳал қилишда қийналяпсиз?

– Ҳал қилиш қийин кечаётган муаммолар талайгина. Масалан, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида давлат сиёсати даражасида кўп гапирилади. Бир парча ер оиланинг муҳтожлик билмай кун кечиришида катта аҳамият касб этади. Бироқ томорқачилар сувдан фойдаланганлик учун тўлов қилишда жиддий муаммоларга дуч келаётганига ҳеч ким эътибор қаратмайди. Қишлоқ жойларда ярим таноб ерини электр қувватида ишлайдиган насосда суғоргани учун жисмоний шахс мақомидаги оддий одамлар тадбиркорлик субъектлари, яъни юридик шахс мақомида пул тўлашади. Бу – адолатдан эмас. Олайлик, бирор-бир тадбиркорлик қўлидан келмайдиган ёлғиз яшайдиган ёки имконияти чекланган фуқаро томорқасида амал-тақал бирор егулик етиштиради. Ерни суғоргани учун эса юридик шахс мақомида пул тўлайди. Ахир бунда уловидан тушови қиммат бўлади-ку.

Мен бу ҳақда электр таъминоти корхонаси раҳбарларига бир неча марта мурожаат қилганман. Афсуски, мурожаатларим эътиборсиз қолиб келмоқда. Агар вазирлик шу масалага эътибор қаратса, халқимиз учун катта бир муаммо ҳал қилинган бўларди, деб ўйлайман.

Афсуски, мана шу каби масалалар оз эмас. Албатта уларни ҳам ўрганиб, ечими борасида тегишли вазирлик ва идораларга депутат сўрови билан чиқяпмиз. Аммо ҳамма раҳбарлар ҳам одамлар оғирини енгиллатишга қайишавермайди.

– Ҳар йили юртимизда куз ва баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилинади. Айтинг-чи, ушбу лойиҳанинг тўла-тўкис бажарилишига тўсқинлик қилаётган қандай омиллар мавжуд?

– Лойиҳа талаблари тўла-тўкис амалга тадбиқ қилинганида эди, биз қалин ўрмонзор ичида яшай бошлаган бўлардик. Афсуски, шундай буюк ишлар айрим жойларда пала-партиш, кўзбўямачилик асосида бажариляпти. Гап қанча туп кўчат экилганида эмас, балки қанча туп кўчат кўкариб, ривожланиб кетганида, аслида.

Менинг нуқтаи назаримча, бундай улуғвор лойиҳаларни амалга оширишда идора ва ташкилотлар ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни самарали йўлга қўймас экан, тўсиқлар ортидан тўсиқлар кўзга ташланаверади.

Олайлик, қишлоқ кўчалари бўйлаб экилган дарахтлар электр симларига теккани учун ҳеч кимдан сўраб ўтирмасдан электросет ишчилари дарахтни чопиб ташлашади. Нима эмиш, кучлироқ шамол бўлса, дарахтлар чайқалиб, симларни узиб юборармиш.

Одамлар бир томондан экаверса, орқасидан қайсидир идора ишчилари чопаверса, бунда «Яшил макон» лойиҳаси талаблари қаерда қолади?

Менимча, табиатсеварлик туйғуси ҳар бир идора ва ташкилот раҳбарлари шуурида шаклланган бўлса, муаммога ўрин қолмас эди. Кўчалардаги электр симларини кабелга алмаштириш айрим шаҳар ва туман марказларида кенг жорий қилинмоқда. Бу фойдали ишни қишлоқ кўчаларида ҳам қўллаш керак, деб ўйлайман. Ана шунда дарахткушлик иллатларига ҳам барҳам берилган бўларди.

– Сизнингча бугун ҳудудларда қандай ўткир экологик муаммолар етилиб келмоқда?

– Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи Орол денгизининг қуриган ҳудудини ўрмонзорга айлантириш ташаббуси билан чиқиб, ярим аср давомида фақат қоғозда қолиб келаётган ишлар сўнгги уч-тўрт йилда бутунлай янги босқичга чиқди. Минглаб гектар ер майдонларига саксовул, юлғун, жийда кўчатлари ва уруғлари экилди. Шу ўринда оғриқли бир савол пайдо бўлади: Бухоро ва Хоразм вилоятлари ўртасида ястаниб ётган Қизилқум ёки Қорақум чўлларида юз йилдан буён бўй чўзиб турган саксовуллар, юлғунлар қани? Улар нега кейинги 20-30 йил ичида бирдан ғойиб бўлиб қолди?

Ҳозирги кунда баъзи бировлар фойда ва даромад деса, савобу гуноҳни ҳам унутиб қўядиган даражага етди. Ана шу чексиз Қизилқум ва Қорақум чўлларидаги асрий саксовул ва бошқа бутасимон дарахтлар айрим «учар»лар томонидан чопилиб, қора бозорларда ўтин қилиб сотилмоқда. Аҳён-аҳёнда рейдларда саксовулфурушлар қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар қулоққа чалиниб қолади. Ваҳоланки, ўтин бозорларида бундайларнинг бозори ҳамиша олчи. Саксовулфурушлар ҳамиша назоратда бўлиши, уларнинг она табиатга қирон келтиришига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз саналади.

– Сизга кўпроқ кимлар мурожаат қилишади?

– Беш йил муқаддам сайловолди дастуримда фермер хўжаликлари ёрдамида экобоғлар ташкил қилиш масаласини кўтариб чиққан эдим. Бунда, асосан, ариқ ва зовур бўйлари ёхуд каналлар роши, яъни дамбаларида кўркам боғлар яратиш режалари белгиланганди. Қаранг, гигант каналларнинг рошлари салкам бир асрдан буён бўм-бўш ётибди. Бундай ерларни ҳам яшил маконларга айлантириш палласи келди чамамда. Бироқ фермерлар ва кластерлар манфаатлари тўқнашувида қатор муаммолар юзага келмоқда. Бу ҳақда менга ўнлаб фермер хўжаликлари раҳбарлари мурожаат қилишади. Аризалар ўрганилганида, ҳаммаси бюрократия ва яккаҳокимликка бориб тақалаётгани маълум бўлади. Кластерлар фермерлар устидан ўз ҳукмини юритишни исташади, фермерлар эса деҳқончилик соҳасига маълум даражада мустақил ёндашмоқчи бўлишади. Аслида эса ер билан кеча-кундуз тиллашиб юрган фермер ҳақ бўлиб чиқади. Масалан, ўтган йилларда кластерлар экин майдонлари четига супурги экишни тавсия қилди. Очиғи, мажбур қилишди. Ахир, бўйсунувчи фермер ҳукмрон кластернинг айтганини бажармай ҳам кўришсин-чи. Зироатчиликни яхши биладиган миришкор фермерлар бу иш бошқа экинлар учун катта зарар келтиришини тушунтиришга уринди. Лекин барибир фойдаси бўлмади. Кластерлар ўзига қарашли ерларнинг четига ёппасига супурги эктиришди.

Супурги яхши нарса, рўзғор учун зарур анжом. Аммо ўсиб, ривожланиш жараёнида у зараркунанда ҳашаротларни кўпайтиришга омил бўлиши халққа аён. Супурги экилган жойдаги бошқа экинлар ўша ҳашаротлардан тез зарарланади. Шу сабаб ҳам супургини пахта майдонлари атрофига экиб бўлмайди. Ота-боболаримиз супургини маккажўхори билан аралаштириб экишганида ҳам ҳикмат бор, албатта.

Депутат сифатида ана шундай ишларга ҳам аралашишимга тўғри келади. Сайловчиларимнинг катта қисми бўлган фермерлар мени қўллаб-қувватлаб сайлаб қўйишибди.

– Режаларингиз?

– Генералликни орзу қилмаган аскар аскар эмас, дейишади. Навбатдаги сайловларда вилоят кенгашидан ҳам юқори босқичларга ўз номзодимни қўйиб, жидду жаҳд билан ҳаракат қилиш ниятидаман. Ахир, депутат сифатида кенг аудиторияда қилишим лозим бўлган ишларим талайгина. Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди...

– Ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз.

 

Эрпўлат БАХТ суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

🕔17:43, 23.08.2024 ✔158

Ҳар бир сиёсий партиянинг омма орасидаги ҳурмати, обрў-эътибори депутатлик корпусининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, катта сиёсий жараён арафасида депутатларнинг ўтган муддатдаги фаолияти яна бир бор сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилиши табиий.

Батафсил
Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔287

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔343

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар