Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.
– Жалолиддин, айтинг-чи, депутатлик сиз учун нечоғли аҳамиятга эга?
– Бу борада сўз кетганда, таассуфли жиҳатлари мени қийнайди. Назаримда, бугунги кунда кимлар ёки нималар сабаблидир депутат деган шахснинг мақоми ва обрўйи пасайиб кетмоқда. Депутат дейишса, кўпчилик бекорчи, ваъдабоз, фақат тадбирлар уюштиришга устаси фаранг одамни кўз олдига келтирадиган бўлиб қолишди. Бунга сайловолди дастур ва ваъдаларнинг бажарилмасдан қолаётгани ҳамда сайланиб олгач, депутатнинг халқдан узоқлашиши сабаб бўлади, албатта, – дея жавоб берди у. – Депутатлик мен учун аввало халқнинг ишончи ва зиммамдаги масъулиятдир. Ҳар куни ишга отланарканман, ана шу ишонч ва масъулиятни қандай уддалаш ҳақида ўйлайман. Бу ўй менга ҳар доим куч бағишлайди.
Дарҳақиқат, ҳар бир депутатнинг ҳаётда ўзи танлаган касби, иши, ўзига яраша мақсад ва вазифалари мавжуд. У ҳам шу жамиятда нима биландир шуғулланаяпти. Ҳар бир инсон меҳнатининг замирида фақат бола-чақаси учун ишлаётган бўлса ҳам бир учи бориб жамиятга тақалади. Давлатга хизмат қилиш баробарида турмуш кечираяпти.
Суҳбатимиз ўз-ўзидан жиддий тус олди. Биттагина саволимиз депутат кўнглининг тубида қатланиб ётган ўй-фикрларини қўзғатиб юборгандек гўё.
Янги ўқув йили арафаси эди. Йўлакчада бир аёл қимтинибгина қўшни хонанинг эшиги олдида ичкарига киришга навбат кутиб турарди. Ёнидаги 7-8 ёшлардаги қизи онасига юзланиб:
– Ойи, шу ерда мактабимга боришга кийим беришадими? Кўп нарса беришадими? – дейди қулочини катта очиб.
Бефарқ ўтиб кетолмадим. Жалоладдин билан боғланиб кўрдик. Битта инсоннинг мушкули осон бўлаётганидан руҳим шундай енгил тортдики, яхшиликни қилаётган бошқа бирову, менинг қувончим чексиз эди. Бироз кунлар ўтиб яна депутатни йўқлайман.
– Жуда қийналиб қолган оила экан, бир қопгина ун...
– Шу аёлни ишга жойласак, ёмон бўлмас эди...
– Иш ўрни борми?..
Не бахтки, бирор марта бу йигитнинг «Йўқ, бўлмайди», «Иложим йўқ» деганини эслолмадим. Самимийгина кулиб айтган илтимосларимизни бажариши унга бўлган ҳурматимизни янада ошириб юборди.
Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига тушлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш борасида доимо муаммоларга, керак бўлса кўнгилсизликларга дуч келамиз. Тадбиркордан норози бўлаётганлар қанча. Аммо йўл-йўлакай иккита мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан суҳбатлашганда Жалоладдин Сотимовни инсофли тадбиркор деб тан олишди.
Байрамларда болажонларни хурсанд қилиш учун боғчаларга ўйинчоқлар билан тўлиб-тошиб кириб борганига неча бор гувоҳ бўлганман.
Хизмат кўрсатиш, тетринг хизмат, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби фаолиятини бекаму кўст йўлга қўяётган депутатимиз бугун неча юзлаб элдошларимиз иш билан таъминланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Одамлар айтганидек, у инсофли, диёнатли тадбиркор.
Жалоладдин Сотимов тайёрлаётган нон ва нон маҳсулотлари сифати талаб даражасида эканига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Чунки «Сотим Гўйинчи» пишириқларини болалар мактабдан қайтгунча йўл-йўлакай ит-мушукларга ташлаб кетишмаяпти. Мактабнинг ўзидаёқ еб, қоринларини тўйдириб қайтишади. Яна бир жиҳати, нон, буханка қуруқ ачитқига эмас, оналаримиз ишлатган анъанавий хамиртурушга тайёрланиши билан аҳамиятли.
Буюклари кўп халқ бахтлидир. Миннатдор халқ улуғ фарзандларининг жасоратини, матонатини, элим-юртим деб чеккан заҳматларини асрлар давомида авлодларга ўрнак қилиб кўрсатиб келади. Бугун ҳам эл хизматида юрганлар орамизда кам эмас. Улар қилаётган ишларни биздан кейингиларга намуна қилсак, мана, Жалоладдинлар бор.
Бизнинг оналаримиз ҳам халқ манфаати йўлида умрини, молини бахшида этишга қодир фарзандлар тарбиялаб камолга етказаётганига, минг шукр. Олижаноб, мард ва тантилиги юксак даражадаги тадбиркорларимиз бор экан, кўнглимиз тинч. Уларни чин маънода Ватаннинг суянч тоғлари, десак янглишмаймиз. Тоғларимиз юксалаверсин!
Муҳаббат САФОЕВА,
Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси,
вилоят кенгаши депутати
Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши
🕔17:43, 23.08.2024
✔234
Ҳар бир сиёсий партиянинг омма орасидаги ҳурмати, обрў-эътибори депутатлик корпусининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, катта сиёсий жараён арафасида депутатларнинг ўтган муддатдаги фаолияти яна бир бор сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилиши табиий.
Батафсил
Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради
🕔22:35, 07.04.2024
✔367
Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.
Батафсил
Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти
🕔16:47, 25.01.2024
✔413
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат
Батафсил