Давр нафаси      Бош саҳифа

«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»

Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.

«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас,  ўзидан қидиришимиз керак»

Бироқ туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг бошқа халқлар тили тараққиётидаги ўрни ҳақида маълумотлар у қадар кўп эмас.

Туркий тилга оид сўзларнинг қардош бўлмаган халқлар тилига ўзлашгани, улар ривожига таъсири тўғрисидаги дастлабки маълумотни Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида учратамиз. Бу анъананинг кейинги давр­да ҳам давом этганини Алишер Навоий ижоди мисолида кўриш мумкин. Буюк мутафаккир туркий тилнинг форсий тилдан қолишмаслигини, унинг тил имкониятлари бойлиги, бу тилда ҳам гўзал адабиёт намуналари яратиш мумкинлигини кўрсатиш баробарида туркий тилдан форсий тилга ўзлашган сўзларни қайд этиб ўтади. «Муҳокаматул луғатайн»да бу ҳақда қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Яна от анвоидаки, тубучоқ ва арғумоқ ва яка ва ёбу ва тоту йўсунлуқ – борини туркча-ўқ айтурлар. ...Яна баъзи емаклардин қаймоғ ва қатлама ва буламоғ ва қурут ва улоба ва манту ва қуймоғ ва уркамочни ҳам туркча айтурлар. Ва қимизни ва сузмани ва бохсумни ва бўзани дағи туркча айтурлар. Яна тутмоч ва умоч ва кумоч ва толғонни ҳам туркча айтурлар».

Тилнинг ривожланиши ҳамма вақт унинг бошқа тиллар билан ўзаро алоқаларининг кенгайишига боғлиқ ҳолда давом этади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, бошқа чет тил унсурларининг кириб, ўзлашиб қолиши тарихий ва қонуний ҳодиса ҳисобланади. Мамлакатлар ўртасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий муносабатларнинг яхшиланиши, айниқса, бир-бирига қўшни халқларнинг ўзаро алоқалари натижасида янги ғоялар, фикрлар, тушунчалар қабул қилинади. Бу тарихий жараён муайян халқ ёки тилнинг ўзига хос тараққий этишига, тил луғат таркибининг бойишига олиб келади. Зеро, ўзаро алоқада бўлган халқлар тилларининг бир-бирларига таъсир этиши, бир-бирини бойитиши учун хизмат қилиши, бундай ўзаро таъсир самарали кечиши айни ҳақиқатдир. Халқларнинг ўзаро алоқалари, тилларнинг бир-бирига таъсири турли давр ва шароитларда ўзига хос кўринишда давом этади. Бундай ўзаро таъсир айрим даврларда кучсиз даражада бўлса, бошқа бир даврда сезиларли ва самарали кечади. Ўзбек халқи ҳам ўз тарихий ривожланиши давомида кўплаб бошқа халқлар тиллари билан алоқа-муносабатда бўлди. Шу боис, ўзбек тили луғат таркибининг маълум қисмини ўзлашган сўзлар ташкил қилади ва уларни тилимизнинг бойлиги сифатида эътироф этамиз.

Туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлмиш ўзбек тили ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бир қанча тилларнинг таъсири остига тушди ва ўз ўрнини топиш йўлида улар билан рақобатлашиб келди. Темурийлар ва хонликлар даврида форс тили билан рақобатда ютиб чиққан ўзбек тили XIX асрнинг иккинчи ярмидан рус тилига тўқнаш келди. Россия империясида ўзбек тили ҳамда Туркистоннинг бошқа маҳаллий тилларига таъсир кўрсатиш масаласи бўйича кескин сиёсат юритилмаган бўлса-да, шўролар ҳокимиятга келиши билан вазият тубдан ўзгарди. Ўзбек тилига русча ҳамда рус тили воситачилигидаги Европа тилларига оид сўз ва атамалар сингдирила борди. Қўйингки, ўтган асрнинг 20-30-йилларида ўзбекча сўзларни рус тили қонун-қоидалари бўйича ёзиш ва талаффуз қилиш тарғиб қилинди. Табиий йўллар билан ривожланиб келган бой ва қадимий тилга бундай босим ўтказилиши мудҳиш оқибатларга олиб келди. Ўзбек тилидаги сўзларга рус тили талаффуз қоидаларининг зўрма-зўраки жорий этилиши унинг товуш равонлигига путур етказди, тилнинг ички имкониятларидан фойдаланилмай туриб, ўзлашма сўзларнинг улкан миқдорда ўйламай-нетмай қабул қилинишига сабаб бўлди. Энг аянчлиси, жамоатчилик ҳамда зиёлилар орасида ҳар қандай атамалар, замонавий байналмилал сўз ва ибораларни рус тилидан тўғридан-тўғри кўчириш кўникмаси шаклланди. Айниқса, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида қўлланиладиган сўзлар ва атамаларда жиддий зиддиятлар юзага келди. Ўзбек тилига илм-фан, ҳуқуқ, ҳарбий соҳа, сиёсат, маданият, молия соҳаларида иккиламчи ўрин ажратилди. Рус тилида ҳужжатлар юритиш, русча атамалар қўллаш, музокараларни, тадбирларни рус тилида олиб бориш меъёрга айланди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг тилимиз ривожида муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилида иш юритиш, ҳужжатлар тайёрлаш бўйича қўлланмалар яратилди. Мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид луғатлар, дарслик, ўқув қўлланмалар нашр этилди. Жуда кўп ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларга доир атамалар она тилимизда қайтадан қўлланишга киритилди.

Бугунги глобаллашув асрида фан ва технологияларнинг ривожланиши, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий воқелик, шунингдек, ижтимоий тармоқ, телевидение, уяли алоқа воситалари таъсирида тилимизга кўплаб чет сўзлар кириб келмоқда. Бу ўз навбатида, мазкур ўзлашмаларни адабий тилимизга қай тарзда қабул қилиш, қўллаш, уларнинг ўзбекча муқобилларни топиш, шу тариқа, бу калималарнинг тилимиздан мустаҳкам ўрин олишига эришиш масаласини кун тартибига қўяди.

Ўзлашмаларнинг тил тизимига сингиб кетиши маълум шароит ва омилларга боғлиқ. Жумладан: сўз уни қабул қилган тилнинг амалдаги ёзув хусусиятларига мослашган бўлиши; тил меъёрларига мувофиқ келиши; сўз ясаш тизимида фаол қатнашиши; ўзлашма маъноси аниқлик касб этиши; чет сўз уни ўзлаштирган тилда узлуксиз ишлатилиши керак. Шу маънода, янги сўзларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш ҳамда бир хилда қўлланишини таъминлашда ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим саналади. Бунда, биринчи навбатда, қуйидаги омилларга аҳамият қаратиш тақозо қилинади:

1. Эл адабиёти бўлган достонлар, эртак­лар, мақоллар, маталлар, ўлан ва лапарларда акс этган сўзларимизга мурожаат қилиш.

2. Аждодларимиз қолдирган буюк мерос – қадимий битиклар, бадиий, тарихий, илмий ёзма ёдгорликлар, таржима манбаларига суяниш.

3. Кўҳна луғатларда ифодаланган сўз бойлигига таяниш. Масалан, «Девону луғотит турк», «Муқаддаматул адаб», «Таржумон», «Абушқа», «Луғати Навоий», «Луғати чиғатойи ва турки усмоний» луғатлари ва ҳоказо.

4. Жонли халқ тили, сўзлашув нутқининг қадимий гўзал ифодалари, хусусиятлари мужассам бўлган шева ва лаҳжалардан фойдаланиш.

5. Ички имкониятлар орқали сўз ясаш жараёнини амалга ошириш. Масалан, мустақиллик йилларида чет тили атамаларини сўз ясалиш усуллари асосида янгидан юзага келган ясамалар билан алмаштириш жараёнида ўзбек тили луғат фондида олувчи (адресат), жўнатувчи (адресант), тавсиянома (характеристика), буюртма (заявка), нархнома (прейскурант), маълумотнома (справка), фуқаролик (подданство), ишбилармон (предпренимател), таъмирчи (реставратор) сингари кўпгина атамалар мустаҳкам ўрнини топди.

6. Қўшни туркий халқлар – қозоқ, озарбайжон, қирғиз, турк миллатларининг бу борадаги тажрибаларидан истифода этиш. Айниқса, бугун туркий дунёда бирдамлик руҳи ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сиёсати кечаётган бир пайтда бу ўзини оқлайди.

7. Ўзбекча муқобили бўлмаган ўзлашмаларни ўзбек тили хусусиятларига мослаштириш асосида қабул қилиш.

Кўринадики, тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак. Шу маънода, қайд этилган омиллар, мавжуд тажрибалар ҳамда тил қоидаларига таянган ҳолда четдан кириб келаётган сўзларнинг ўзбекча муқобилларини топиш, шакллантириш, мутахассислар, зиёлилар ва ижодкорлар назаридан бир қур ўтказиб, сўнгра кенг жамоатчиликка тақдим этиш йўлидан боришимиз керак. Шу ўринда айтиш керакки, 2024 йилдан буён «Маънавий ҳаёт» журналининг «Тавсия» рукнида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги сўзлар ҳақида мутахассис ва ижодкорларнинг фикрлари эълон қилинаётгани қувонарлидир. Чунончи: чат – сўзлашув, смс – хабар, флешка – сақлаш қурилмаси, wi-fi – симсиз алоқа, пиар – тарғибот, виртуал – масофавий алоқа, юcер – уланувчи, фаст-фоод – бир зумда, аккаунт – ижтимоий саҳифа, кешбек – қайтим, кофе брейк – тотли чой, локация – қўним, турникет – кириш жойи, духовка – буғтандир, линк – ҳавола, ҳештег – йўлчи, челленж – чорлов, пароль – очқич сўз (ёки ўрон), фейк – ёлғон сингари.

Албатта, бундай ёндашув мақбул ечим эмас, дегувчилар ҳам топилади. Ўз даврида тилимизда ёт сўзлар билан илмий истилоҳларнинг туркчалари йўқдир, деган фикрга Фитрат шундай жавоб айтади: «Ёт сўзлар билан илмий истилоҳларнинг туркчаларини қидирсак, топармиз, топа олмағанларимизни туркча буйруғина ёздира олармиз». Мазкур мулоҳазанинг исботи ўлароқ, Фитрат домла биринчилардан бўлиб ўзлашма истилоҳлар ўрнида азалдан қўлланиб келинаётган ўзбекча сўзларни қўллай бошлади: далил – тонуқ, деҳқон – экинчи, гуноҳ – ёзиқ, меҳмон – қўнақ, ҳаммол – юкчи, қалам – ёзғуч, намуна – ўрнак, фойда – асиғ, соя – кўлага, бахил, хассиз – кишиликсиз, дарахт – оғоч ва бошқалар.

Энг асосийси, тавсия этилаётган ёки муомалага киритилаётган сўзлар нафақат мутахассислар, зиёлилар, шу билан бирга, кенг жамоатчилик томонидан эътироф қилиниши даркор. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади.

Оғриқли нуқталаримиздан яна бири шундаки, ҳозирги жараёнда адабий тил билан шеваларимиз ўртасидаги тафовутлар, хусусан, тарихий ва этнографик тарихий сўзларнинг камайиб бориши кузатилмоқда. Бугунги кексаларимиз билган ва қўллаётган сўз ҳамда ибораларни уларнинг неваралари билмаслиги, ишлатмаслиги мумкин. Қолаверса, бадиий адабиётлар, матбуотда қўлланган сўзларнинг аксарияти адабий тилда мустаҳкам ўрнашиб қолмайди. Давр ўтиши билан уларнинг кўпчилиги адабий тилда турғунлашса, баъзилари эскирган, тарихий сўзлар қаторига ўтади ёки шеваларнинг ўзида ишлатиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам оғзаки ва ёзма нутқимизда адабий тилни бойитадиган шева сўзларига кўпроқ мурожаат қилишимиз, уларни қўлланиш доирасини кенгайтиришимиз керак.

Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси мажлисининг 62-сон баёни қабул қилинди. Ушбу баёнга кўра, ўзбек тилида қўлланилиб келаётган 40 та хорижий атама ўзбекча муқобилларига алмаштирилди. Масалан: айсберг – музтоғ, внедорожник – йўлтанламас, доставка – етказиш, карвинг – ўймабезак, коридор – йўлак, котлован – хандақ, лебёдка – чиғир, лидер – йўлбош­чи, етакчи, навигатор – йўллагич, пароль – ўрон, наждак – қумқоғоз ва ҳоказо. Бу яхши, албатта. Уни қўллаб-қувватлаш лозим, бироқ атамаларнинг муқобилларини танлашда уларнинг тарихий илдизларига эътибор қаратиш зарур. Акс ҳолда, наждак сингари асли туркий, ўзбекча сўзлар ҳам улар қаторидан жой олиб қолиши мумкин. «Девону луғотит турк» асарида бу сўзнинг nijdag‘ шаклини учратамиз. У «қайрақ тош» маъносини берган.

Тилни сақлаб қолиш халқ маданияти, анъаналари, урф-одатларининг умрбоқийлигини англатади. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, тараққиёт ва келажак сари йўналтиради. Шундай экан, «Девону луғотит турк»да улуғланган, «Муҳокаматул луғатайн»да шарафланган она тилимизнинг маҳаллий ва халқаро миқёсдаги обрўсини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида ривожланган тиллар қаторига қўшиш учун ҳар биримиз унга ҳурмат билан ёндашишимиз, бу ишни ҳаётий шиоримизга айлантирмоғимиз керак.

 

Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,

филология фанлари доктори, профессор




Ўхшаш мақолалар

«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас,  ўзидан қидиришимиз керак»

«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»

🕔09:20, 23.10.2025 ✔2

Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.

Батафсил
Қонунчилик  палатасида: Хусусий  мулк кафолатидан  дори воситалари  назоратигача

Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача

🕔15:35, 16.10.2025 ✔28

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Батафсил
Габала саммити:  янги  экологик  ташаббуслар илгари сурилди

Габала саммити: янги экологик ташаббуслар илгари сурилди

🕔15:34, 16.10.2025 ✔30

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Тилимизнинг бойлигини четдан эмас,  ўзидан қидиришимиз керак»

    «Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»

    Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.

    ✔ 2    🕔 09:20, 23.10.2025
  • Қонунчилик  палатасида: Хусусий  мулк кафолатидан  дори воситалари  назоратигача

    Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача

    Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

    ✔ 28    🕔 15:35, 16.10.2025
  • Габала саммити:  янги  экологик  ташаббуслар илгари сурилди

    Габала саммити: янги экологик ташаббуслар илгари сурилди

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди.

    ✔ 30    🕔 15:34, 16.10.2025
  • Қонунчилик палатаси муҳокамасида:  Коррупцияга қарши курашиш, «шовқин»ли қонун ва оқава сувлар «манзили»

    Қонунчилик палатаси муҳокамасида: Коррупцияга қарши курашиш, «шовқин»ли қонун ва оқава сувлар «манзили»

    Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида халқимиз ҳаётини янада қулай ва фаровонлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Депутатларнинг қизғин муҳокамасидан ўтган лойиҳалар маъқулланиб, Сенатга юборилди.

    ✔ 54    🕔 15:01, 09.10.2025
  • Ҳамкорлик  барқарорликка хизмат қилади

    Ҳамкорлик барқарорликка хизмат қилади

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Покистон Ислом Республикасида бўлди. Делегация таркибида бўлган депутатимиз ушбу ташрифнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

    ✔ 40    🕔 14:58, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар