Давр нафаси      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси: Энг долзарб ва ҳаётий ташаббуслар илгари сурилди

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур ҲАМЗАЕВнинг Ўзбекистон Экологик партияси V форумидаги партиянинг 2024 – 2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури асосий йўналишлари ҳақидаги маърузаси

Ўзбекистон Экологик партияси: Энг долзарб ва ҳаётий ташаббуслар илгари сурилди

Ассалому алайкум ҳурматли форум иштирокчилари, қадрли делегатлар!
Партиямиз фаоллари ва тарафдорлари!
Мамлакатимизда бошланаётган катта ва муҳим сиёсий жараён олдидан партиямизнинг олий органи мажлисида учрашиб турганимиздан бениҳоя мамнунмиз!
Бугун ҳар бир мамлакатнинг барқарор ривожланиш тамойили экологик омилларга ҳар жиҳатдан боғлиқ экани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Ижтимоий ҳаётимиздаги ҳар бир жабҳа тараққиётини бевосита табиат ва атроф-муҳит уйғунлигида амалга ошириш давримиз талабига айланиб бормоқда. 
Йилдан-йилга глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик каби ўткир экологик таҳдидлар дунё жамоатчилиги, олимлар, сиёсатчилар, ҳар бир мамлакат, минтақа олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда. 
Бу оғир муаммолар ҳар бир мамлакат экологияга янада жиддий эътибор қаратишини, экологик масалалар давлат ва жамият ривожланишининг асосий йўналишига айланиши зарурлигини тақозо қилмоқда.
Чунки, юқоридаги каби экологик масалалар ҳал этилмаса, келажакда қайтариб бўлмас оқибатлар юзага келиши мумкин.
Ўзбекистонда Экологик партия ташкил этилгани экологик муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим қадам бўлганини эътироф этиш лозим. Буни халқаро экспертлар ҳам таъкидлашмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси сиёсий куч сифатида майдонга чиққанига бор-йўғи 5 йил бўлганига қарамасдан, ўтган қисқа муддат ичида жамиятда ўз ўрни ва сўзига эга бўлди.
Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 нафар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида 600 нафардан зиёд депутатлик ўринларини эгаллади. Партиямиздан сайланган депутатлар бугунги кунда партиянинг дастурий ғояларини амалга ошириш мақсадида қизғин фаолият юритиб келмоқда.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та, туман ва шаҳарларда 200 дан зиёд ҳудудий партия ташкилотлари, шунингдек, 4,5 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Ўтган қисқа муддатда партиямиз аъзолари сони 600 мингдан ошди.

Форумда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган делегатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат, нодав­лат ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Партия форумида Ўзбекистон Экологик партиясининг 2020 – 2024 йиллар мобайнидаги фаолияти, партиянинг Сайловолди дастури ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.
Форум кун тартибига киритилган асосий масалалар юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев маъруза қилди.

Ўзбекистон Экологик партияси 2020 – 2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида 80 дан ортиқ вазифани амалга оширишни мақсад қилган эди. Ўтган даврда уларнинг деярли барчаси амалга ошди. Мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, экологик муаммоларни комплекс ҳал этишга йўналтирилган дастур ва ҳаракатлар стратегиясини илгари суриш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши жараёнларини тўхтатиш, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича кенг кўламли ишларда Ўзбекистон Экологик партиясининг фаол иштироки ва муносиб ҳиссаси бўлди.


2020 – 2024 йилларда Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари томонидан 21 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилди. Парламент назорати юзасидан партия фракцияси томонидан 4 та парламент эшитуви, 5 та ҳукумат соати ўтказилиб, 6 марта парламент сўрови, 95 та депутатлик сўрови юборилди. Партиядан сайланган депутатлар томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар қатори турли экологик муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан 81 марта мансабдор шахс­ларнинг ахборотлари эшитилди.
Ўтган беш йилда партия аҳоли билан фаол мулоқот қилишга эътибор қаратди. Партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Рес­публикаси партия ташкилоти ва ҳар бир вилоят кенгашларида «ишонч телефони» ишга туширилиб, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишнинг яхлит тизими яратилди. Бунинг натижасида 2020 – 2024 йилларда партияга келиб тушган экологик масалаларга оид 5 436 та мурожаатнинг 2 692 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари ижро юзасидан тегишли инстанцияларга юборилди.
Форумда Ўзбекистон Экологик партия­сининг Сайловолди дастури муҳокама қилинди.
Партиянинг бўлажак сайлов учун ишлаб чиққан платформасидан мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитини яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга оид муҳим ташаббус ва таклифлар ўрин олган.
Мафкураси экологизм бўлган партия сиё­сий майдонда ўзининг «сўл» позициясини қатъийлик билан давом эттирган ҳолда янги Сайловолди дастурида мамлакатнинг барқарор ривожланиши йўлида бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш, инсон ва табиат узвийлиги устувор бўлган ривожланган жамият барпо этиш ғоясини илгари суради.
Партия дастурида давлат томонидан аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мамлакатнинг йўл инфратузилмаси учун ажратиладиган сумманинг муайян қисмини мажбурий равишда пиёдалар йўлакчаларини ташкил этишга йўналтириш, автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жамоат транспортидан доимий фойдаланувчи шахслар учун йўл ҳақини арзонлаштириб бориш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш, экология соҳасидаги қонунчилик талаблари ижросини таъминлашда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар жавобгарлигини кучайтириш каби ташаббус­лар илгари сурилмоқда.
Партия шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилашни таклиф этяпти.
Мамлакат таянчи бўлган хавфсиз ва ишончли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш, 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини икки карра ошириш каби ташаббуслар ҳам Экопартия тарафдорлари томонидан фаол қўллаб-қувватланди.
Сайловолди дастурида, шунингдек, давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1 000 м2дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологияларни ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга чеклов ўрнатиш, 2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлаш, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш каби таклифлар ҳам ўрин олган.
Форумда Сайловолди дастурга киритилган ҳар бир ташаббус ҳозирги кунимиз учун долзарб ва ҳаётий зарурат экани, буни бугунги экологик вазият, атроф-муҳитнинг ўзи тақозо этаётгани алоҳида қайд этилди.
Форум делегатлари муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон экологик партиясининг «Табиат учун бирлашайлик!» ғояси мужассамлашган Сайловолди дастурини тасдиқлади.
Форум делегатлари томонидан Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Форум якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.
Номзодларнинг 44,6 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 31,5 фоизини экологлар, 10 фоизини ҳуқуқшунослар, 9 фоизини тиббиёт, 15 фоизини иқтисодиёт ва 34,5 фоизини бошқа соҳалар вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 26 нафарини юқори малакали олимлар ташкил этади.
Форумда қайд этилганидек, номзодларга оид ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш учун тез кунларда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Азиз дўстлар!
Мамлакатимиз ҳаётидаги яна бир муҳим сиёсий жараён бошланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар партиямизнинг электорати, кўп минг сонли жамоаси, барча-барча фаоллар учун катта синов ва имтиҳон, десак муболаға бўлмайди.
Ҳаммамизга маълум, бу йилги сайловлар мамлакатимиз тарихида бутунлай янгича тизим, аралаш, яъни можаритар ва пропорционал тарзда ўтказилади. Бу эса сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни, обрў-эътибори сезиларли ошишига, сиёсий партиялар ўртасидаги эркин рақобатнинг кучайишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Экологик партияси парламентимиз қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида муносиб иштирок этишни ва юксак натижаларни қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилган.
Ҳурматли делегатлар!
Энди рухсатингиз билан Ўзбекистон Экологик партиясининг ушбу сайловлар олдидан қандай мақсадларни илгари суриши, партиянинг сайловолди платформасида сайловчилар диққат-эътиборида турган қандай муҳим масалалар қамраб олингани хусусида қисқача тўхталиб ўтсам.
Бугун дунёда экологик хавфсизлик масаласи энг устувор вазифага айланиб улгурди. Партиямиз мамлакатда иқлим ўзгаришларига мослашиш, сув тақчиллигининг олдини олиш, чўлланишга қарши курашиш, озиқ-овқат таъминотида барқарорликка эришиш, атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш каби масалалар экологик хавфсизликнинг асоси деб билади.
Биз яшил олам тарафдоримиз ва қонунчилик ҳужжатларини халқаро экологик талаблар асосида такомиллаштириш, ҳар қандай экологик ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш ҳамда самарали ҳуқуқий таъсирчан чораларни жорий этиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришни бугунги кунимиз учун энг муҳим ҳаётий зарурат деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Экологик партияси «Табиат учун бирлашайлик!» шиорини илгари суради ва табиатнинг бугунги овозига қулоқ тутади. Барчани соғлом ва барқарор келажак сари, кўз олдимизда намоён бўлиб турган тизимли экологик муаммоларга қарши ҳаётий ечимларга эришиш томон бошлайди.
Партиянинг бош мақсади – мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитини яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлашдир.
Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида қуйидаги муҳим устувор йўналишлар бўйича ўз мақсадини ифода этмоқда:
Биринчи. Аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш
Бугунги кунда инсоннинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш улар саломатлиги ва иқтисодий турмуш тарзини янада яхшилашнинг муҳим кўрсаткичларидан бирига айланди. Соғлом экология – бу соғлом турмуш ва соғлом ҳаёт, умуман соғлом жамият демакдир. Янгиланган Конституциямизнинг 9-бобида фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари қаторида экологик ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамланди.
Шу нуқтаи назардан ҳам партиямизнинг халқимизнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш йўлида илгари сураётган муҳим ташаббуслар ва амалий таклифлари давлат ва жамият ривожининг узвий қисмидир, десак, муболаға бўлмайди.
Партиямиз шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилашни таклиф этяпти. Чунки очиғини айтиш керак, бугун кўпчилик тартибсиз қурилишлардан чарчади.
Барча вилоят ва туманларда яшил майдон ҳамда дарахтзорларнинг «яшил кадастри» ишлаб чиқилиши керак. Ва албатта «Экологик тоза шаҳар» ва « Экологик тоза аҳоли яшаш пункти»ни яратиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш вақти етди. Мулкчилик шаклидан қати назар тоғ ёнбағирларида, дарё ва кўллар соҳилларида ҳар қандай қурилишларнинг табиатга безарар бўлишига эришиш учун қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини амалга оширмоқчимиз.
Мамлакатнинг йўл инфратузилмаси учун ажратиладиган сумманинг 20 фоизи велосипед ва 20 фоизи пиёдалар йўлакчалари ташкил этишга йўналтириши керак. Шундан келиб чиқиб биз:
– шаҳарлараро велосипед ҳаракати учун инфратузилма яратиш, автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиши учун алоҳида йўлакларни ташкил этиш;
– 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказиш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз.
Биз илгари сураётган бу таклифларнинг барчаси замирида битта нарса ётади: бу ҳам бўлса ҳар бир инсоннинг яшаб турган маскани ўзи учун қулай, хавфсиз ва албатта соғлом ҳаётга асосланган бўлиши керак.
Иккинчи. Экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор экологик ривожланишга асосланган иқтисодиётни барпо этиш йўналишида.
Биз жамият ҳаётида юз бераётган шиддатли ўзгаришлар ҳамда мамлакат таянчи бўлган хавфсиз ва ишончли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартиришни таклиф этмоқдамиз.
Партиямиз 2050 йилга қадар углерод нейтраллиги ва нол эмиссияга эришишни кўзлаяпти. Бунинг учун эса 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш талаб этилади. Жамоат транспортини ҳам электробуслар ҳисобидан ривожлантириш, электробусларни зарядлаш станцияларини қуриш учун эса тадбиркорларга зарур ер майдонлари ажратилиши зарур.
Шаҳарлараро қатнайдиган экологик тоза транспорт учун айни пайтда темир йўлларимиз модернизация қилинишга ва кенгайтиришга муҳтождир. Анъанавий йўловчи ташиш поездларини замонавий тезюрар поездларга алмаштириш ва йўл ҳақи нархларини мақбуллаштиришни таклиф этмоқдамиз. Юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўлларга ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартириш вақти келди.
Яшил ёқилғига ўтишга сармоя киритиш учун углерод солиғини, ҳавони ифлослантирувчи корхона ва фабрикаларга қўшимча солиқларни, ҳаво транспорти учун эса иқлим солиғини жорий этиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Бугунги технология асри имконияларидан кенг фойдаланишимиз керак. Жумладан, экологик мониторингни юритишда, атроф-муҳитга етказилган зарарни аниқлаш ва баҳолашда сунъий интеллект технология­ларидан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш – бугунги замон талаби.
Учинчи. Энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш йўналишида қуйидагиларни амалга оширишни таклиф этамиз:
– атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш;
– саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини икки карра ошириш;
– қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган «Яшил энергетика стратегияси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1000 м2дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологияларни ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш вақти келди. Бу электр энергеясини тежаш ва узилишларга чек қўйишда аниқ қадам бўлади.
Тўртинчи. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш йўналишида.
Аввало, дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, 
10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга бутунлай чеклов қўйишимиз, керак бўлса, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилишимиз зарур. Мана шундай кескин чораларгина дарахтлар кесилишини тўхташи мумкин.
Биологик хилма-хилликка зарар етказишга, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи имтиёзларни бекор қилиш, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш таклиф этиляпти. Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига қонунга хилоф равишда етказилган зарар учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш, керак бўлса, асл қийматидан 10 баравар юқори миқдорда зарарни ундиришимиз керак.
Ҳозир ҳар қадамда автомобиль ювиш шохобчалари қуриляпти. Уларнинг қанчаси тоза ичимлик сувдан фойдаланяпти, қанчаси сувни қайта ишлаяпти? Афсуски, бу борада назорат деярли йўқ. Очиғи, шохобчаларда сувдан такроран фойдаланиш тизимини тўлиқ жорий этиш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва саноат корхоналарида оқова сувдан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган талабларни кучайтириш вақти аллақачон етган.
Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган ўсимликлардан фойдаланишга ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга муддатсиз мораторий эълон қилиш, ёввойи ҳайвонларни овлаш учун белгиланган тўлов миқдорини эса 10 бараварга ошириш керак.
2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлашни таклиф этмоқдамиз. Полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотларидан, бир марталик ишлатиладиган пластик идишлардан босқичма-босқич воз кечишимиз шарт.
Бешинчи: Ер-сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Ушбу йўналишда биз суғориладиган майдонлардан янада самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ерларни экишга тайёрлашда ресурс ва энергия тежамкор, экологияга безарар бўлган «No-TiLL» (ерга минимал ишлов бериш) каби инновацион технологияларни кенг жорий этишни таклиф этмоқдамиз.
Янги сув ҳавзаларини барпо этиш ва сувни барқарор бошқариш учун ирригация тизимларини ривожлантиришимиз зарур.
Бутун дунёда сув тақчиллиги ошиб бормоқда. Бундай шароитда эса мавжуд сув манбаларидан унумли фойдаланишга ўтиш зарур. Мисол учун, кўплаб ривожланган мамлакатларда ёмғир сувидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Афсуски бу масала бизда очилмаган қўриқ бўлиб турибди.
Партиямиз ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш дастурини ишлаб чиқиш, ҳудудларда ёмғир сувларидан фойдаланган ҳолда кичик яшил майдонлар ва боғлари барпо этиш, музликлар, қор-ёмғир ва сел сувларини йиғиш имкониятини бутунлай қайта кўриб чиқишни таклиф этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш учун қўлланилаётган пестицидлар глобал экологик муаммолардан бирига айланмоқда. Чунки, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда кимёвий моддаларнинг энг хавфлиси – пестицидлар ҳисобланади.
Шунинг учун биз 2030 йилга қадар пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини 50 фоизга камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларидан фойдаланиш тизимини кенг жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Олтинчи: Давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш йўналишида биринчи навбатда қонунчиликни кодификациялаш орқали Экология ва Ўрмон кодексларини, атроф-муҳит мониторинги, экологик ахборотлаштириш, табиатни тиклаш, кимёвий хавфсизлик тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш лозим.
Шунингдек, атроф-муҳитга зарарли таъсирлар оқибатини бартараф этиш, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид бир қатор қонунчилик ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиққан ҳолда янгилашимиз зарур.
 

Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ва жиноий ишларни кўриб чиқиш бўйича ихтисослашган судлар ташкил этилмаган. Бу борада зарур чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда эскирган жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш, маъмурий жазо чораларини қўллашда судларга кенгроқ ваколат беришни таклиф этмоқдамиз.
Партиямиз йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солишни қонуности ҳужжатларидан, қонун асосида тартибга солишга ўтказишни таклиф этмоқда.
Шу билан бирга, 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга 
2030 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш,  инсон саломатлиги, айниқса, болалар соғлиғига энергетик ичимликларнинг салбий таъсирини инобатга олиб, 21 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишни тақиқлаш ғоялари илгари сурилмоқда.
Еттинчи. Глобал иқлим ўзгаришларига мослашиш ва Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш йўналишида  партиямиз қуйидаги муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда:
– мамлакатнинг иқлим «юки» мониторингини ва иқлим ҳисобини юритиб бориш механизмларини жорий этиш;
– иқлим ўзгаришларига чидамли янги нав ва зотларни яратишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда олиб бориладиган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш;
– иқтисодиёт тармоқлари субъектлари учун карбон газлари чегара миқдорини белгилаш;
– иқлим ўзгариши билан боғлиқ экотизимдаги йўқотишлар ва зарарларни қоплаш учун махсус жамғарма ташкил этиш.
Оролбўйи ҳудудида халқаро молия институтларининг биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, чўлланишнинг олдини олишга қаратилган ло­йиҳа ва дастурларини кенг жалб этиш орқали ушбу ҳудудга яшиллик ва тириклик оламини янада кенгроқ олиб кирамиз. Оролбўйи минтақасида жойлашган Қизилқум чўли ҳудудида саҳрога мос ўсимликлар экиш орқали қум-бўронлари кўтарилишининг олдини олиш ва яйловлар деградациясини тўхтатишимиз мумкин.
Саккизинчи. Ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида партиямиз:
– чанг бўронларини камайтириш мақсадида қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда чўл ҳудудларда трансчегаравий яшил қопламалар ва иҳотазорларни барпо этиш;
– чегара ҳудудларида ўрмонларни ёнғиндан, касаллик ва зараркунандалардан асрашга қаратилган тадбирларни қўшни давлатлар билан ҳамкорликда олиб бориш;
– ҳайвонлар ва паррандалардан тарқаладиган юқумли, инвазив касалликларнинг ўчоқларини аниқлаш, зоонозлар тарқалишининг олдини олишда ҳамкорлик қилиш;
– Марказий Осиёда барқарор энергетика инфраструктурасини шакллантириш мақсадида қўшни давлатлар билан муваққат энергия захираларини яратиш, фавқулодда ҳолатларда энергия ресурсларини ўзаро алмашиниш тизимини жорий қилиш каби ташаббусларни илгари сурмоқда.
Мамлакатимизнинг асосий сув манбалари трансчегаравий аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, сув ресурсларидан фойдаланишда давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва шу орқали сув ресурларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, халқаро экологик меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини ҳамкорликда назорат қилиш умумсайёравий ва минтақавий экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш имкония­тини яратади.
Ҳурматли форум иштирокчилари, азиз партиядошлар!

Биз сизнинг эътиборингизга ҳавола этаётган ҳар бир мақсаднинг нақадар долзарб ва ҳаётий зарурат эканини бугунги атроф-муҳитнинг ўзи айтиб турибди. Табиатнинг бугунги овози бу ҳаракатларни амалга оширишга даъват этмоқда. 

Бўлажак сайловларда яшил ва мусаффо, соғлом ҳаётни истаганларнинг барчаси биз томонда!
Бугунги ва келажак авлод тақдирига бефарқ бўлманг! «Табиат учун бирлашайлик!»




Ўхшаш мақолалар

Тошкент –  табиатнинг бебаҳо  Ресурсларига  бой замин

Тошкент – табиатнинг бебаҳо Ресурсларига бой замин

🕔15:36, 10.10.2024 ✔13

Ўзбекистон Экологик партияси шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилашни таклиф этмоқда.

Батафсил
ОРОЛБЎЙИДА ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ  бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилган

ОРОЛБЎЙИДА ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилган

🕔21:16, 05.10.2024 ✔36

«Оролбўйи минтақасида юзага келган экологик вазият нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки бутун дунё ҳамжамияти учун ташвишли ҳолдир...»

Батафсил
60 турдаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилди

60 турдаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилди

🕔22:42, 21.09.2024 ✔68

Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилгани сиёсий партиялар ишини ҳам сезиларли даражада енгиллаш­тирмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар