Газетанинг 2023 йил 31 августдаги 36-37-сонларида «Емаган сомсага пул тўлаб қўйинг» сарлавҳа остида мақола эълон қилинган эди.
Унда «Тоза ҳудуд» унитар корхонасининг жойлардаги бўлимлари фаолияти танқид остига олиниб, қатор камчиликлар таҳлил қилиниб, бир нечта аниқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар илгари сурилгани билан эътиборга молик. Ундан кейин ҳам газетада бу масала бир неча марта кўтариб чиқилди. Амалий таклифлар берилди. Мутасаддилар эса ҳамон пинагини бузгани йўқ...
«Шаҳар ва туман марказларидаги катта ўзгаришлар бирданига олис қишлоқ ва маҳаллаларга ҳам етиб борди. Эндиликда бу ерларда ҳам чиқинди ташиш йўлга қўйила бошлади. Бироқ марказдан олис қишлоқ ва маҳаллаларда чиқинди ташиш ишлари вақт ўтиб бора-бора сусайиб қолди. Баъзи маҳаллаларга «Тоза ҳудуд» техникалари ойда бир ёки икки мартагина чиқинди олиб кетиш учун номигагина борар, одамлар эса бундан норози бўлар эди. Гарчи шундай бўлсада, абонент тўловига «чўт қоқилиб» турилаверди.
...Бу борадаги энг катта хато шу бўлдики, қишлоқ жойларда «Тоза ҳудуд» фаолиятига тегишли Президент қарори, янги унитар корхона вазифалари ҳақида ҳеч қандай тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмасдан, дарҳол абонент тўлови ҳисоб-китоб қилинадиган бўлди. Шаҳар ва туманлар марказларида азалдан чиқинди учун ширкатларга ҳар бир хонадон киши боши ҳисобига пул тўлаб келишади. Қишлоқларда эса аксинча.
Жойларда «Тоза ҳудуд» унитар корхонаси бўлимлари очилгандан сўнг, орадан бир-икки йил ўтиб одамларга қарздорликни ундириш бўйича хабарномалар кела бошлагач, улар ҳайрон бўлиб қолишди. «Нима учун? Қайси хизмат учун?..» дея бонг урилган эди ушбу мақолада.
Мақола эълон қилингач, орадан роппа-роса бир йил ўтган бўлса ҳамки, бу борада аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетгани жуда ачинарли. Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора аҳоли хонадонларидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳақида ёзилмоқда. Баъзи қишлоқ жойларида одамлар ойда бир марта ҳам чиқинди ташувчи машина бормагани ҳақида нолиниб шикоят қилишади. Агар марказлардан олис маҳаллаларга бориб, аҳоли билан суҳбатлашсангиз, уларнинг ҳасрати тутундек осмону фалакка ўрлайди.
Энг ачинарлиси, одамлар ҳали-ҳануз емаган сомсага пул тўлаб келишмоқда. Чиқинди мутлақо олиб кетилмайди, аммо «Тоза ҳудуд» учун ойлик тўлов тўлаш мажбурий. Бу ерда қани адолат?!
Қанчадан-қанча элдошларимиз арз-дод қилиб мажбурий ижро буюроси эшигига бош уриб боришмоқда. Афсуски, бу арз-додларга қулоқ соладиган марднинг ўзи топилмаяпти. Қилинмаган ишларга мажбурий тўлов – емаган сомсага пул тўлаш билан баравар бўлиб қолмоқда.
Аслида соҳа раҳбарлари дўппини бир четга қўйиб, обдон бош қотиришса, бу муаммони бартараф қилиш йўллари албатта топилади. Ҳозирча муаммо келиб чиқишининг асосий сабаби «Тоза ҳудуд» унитар корхонасининг олис туманлардаги бўлимларида чиқинди ташувчи машиналарнинг етишмаслиги деб айтилмоқда. Ҳайҳотдай туманда бор-йўғи икки-учта машина хизмат қилар экан.
Битта туманда ўнта қишлоқ ва ҳар бир қишлоқда тўрт-беш маҳалла мавжудлигини инобатга олсак, бугина машиналар чиқиндини вақтида ташиб улгуролмаслиги турган гап.
Шу боис масаланинг муқобил ечимлари устида бош қотириш мавриди аллақачон келмадими? Ёки чиқинди соҳаси раҳбарлари масала тобора чигаллашиб, одамларнинг тоқати тоқ бўлишини кутяптими?
Ахир чиқинди ташиш хизматини такомиллаштиришдан бош мақсад аҳоли учун қулайлик яратиш эмасми?
Аввало, «Тоза ҳудуд»нинг туман ва шаҳар бўлимларида чиқинди ташувчи машиналар сонини лизинг шартномаси асосида кўпайтириш ва ҳар бир қишлоққа битта машина бириктирилиб қўйилиши лозим. Бу машина маҳалла фуқаролар йиғинлари ихтиёрида турса, янада яхши. Қолверса, чекка қишлоқларда чиқиндини қайта ишлашнинг мутлақо янги ва бошқача йўлларини тадбиқ қилиш керак. Бунда тадбиркор ва ишбилармонларни бу соҳага жалб қилиш бугуннинг айни талаби бўлиб турибди. Қишлоқнинг ўзида чиқиндини қабул қилиб, қайта ишлашни жорий қилмас эканмиз, муаммо катталашиб боравериши мумкин.
Агар қишлоқда тадбиркор чиқиндини қайта ишлаш полигонини ташкил қилмоқчи бўлса, унга бемалол рухсат бериш керак. Ахир қишлоқда фойдаланилмасдан ётган шўрхок, қумлоқ ерлар жуда кўп-ку. Тадбиркор ана шу ерда чиқиндини саралаб, уни қайта ишлашни йўлга қўйса, бемалол кутилган мақсадга эришса бўлади. Қаттиқ чиқиндилардан ҳар хил саноат ва рўзғорбоп буюмлар ишлаб чиқарилса, биологик чиқиндидан эса аъло сифатли маҳаллий ўғит тайёрлаш мумкин. Бир неча йиллардан бери маҳаллий ўғит нима эканини билмаган кластер ва фермер хўжаликларининг ерлари учун эса бундай ўғит кони фойда холос. Чиқинди полигони эгаси маҳаллий ўғитни, айниқса, биогумусни деҳқон ва миришкорларга жарақ-жарақ пулларга сотиши ҳам мумкин.
Дарҳақиқат, вақт – ғанимат. «Тоза ҳудуд» корхонаси фаолиятида йил сайин катталашиб бораётган муаммолар устида жиддий бош қотириш мавриди келди. Бу борада мутасадди раҳбарлар, масъуллар, фуқаролар йиғини фаоллари, кластерлар, фермерлар ва тадбиркорлар ҳамжиҳатликда бирор бир манфаатли тўхтамга келишади, деган умиддамиз.
Чиқинди мутасаддилари газетанинг муаммо айтилган шу сонини балки энди ўқиб қолишар?!
Эрпўлат БАХТ,
«Oila va TABIAT» мухбири
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил