Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Толиб МЎМИНОВ: «КЕЗИ КЕЛГАНДА ОТАМНИ ҲАМ ТАНҚИД ҚИЛАМАН»

У бир қарасанг худди ижро этган ролларидагидек мўмин-қобил, мулойим кишидек кўринади.

Толиб МЎМИНОВ: «КЕЗИ КЕЛГАНДА ОТАМНИ ҲАМ ТАНҚИД ҚИЛАМАН»


Бир қарасанг, яратган образлари каби «оғзидаги ошини олдирадиган одам», дея хулоса чиқарасан киши. Бироқ актёр саҳна ва экрандан узилиб, ўз ҳаёти билан яшашни бошлаганида эса унинг ўзига яраша қаттиққўл ва таваккалчи инсон экани аён бўлади.

Бу галги суҳбатимизда Миллий академик драма театри актёри Толиб МЎМИНОВнинг саҳна ва ҳаётдаги қиёфасига бир назар ташлаш имконига эга бўлдик.

— Кўпчилик мухлислар Толиб Мўминов деганда мўмин-қобил, бўш-баёв, кўнгилчан инсонни кўз олдига келтиради. Айтинг-чи, чиндан ҳам шунақамисиз?

— Қайсидир жиҳатдан шундай деса ҳам бўлади, аммо баъзи томондан адашади ҳам. Етарлича кўнгилчан, мўмин-қобил, унча-мунчага жаҳли чиқмайдиган, жуда эҳтиёткор, етти ўлчаб бир кесадиган одам бўлсам керак. Чунки ўйламай қилинган иш, ўйламай айтилган битта сўз ҳаётингизни умуман бошқа ўзанга буриб юбориши мумкин. Аммо кези келганда жуда қаттиққўл ва жиддий, чўрткесарман. Айниқса, оилада қаттиққўлроқ бўлмасангиз, болалар тарбияси издан чиқиши мумкин. Балки бу даражада босиқлигимнинг сабаби отамнинг тарбиясидир.

— Шу пайтгача ким биландир жиддийроқ «сен-мен»га бормаганмисиз нима?

— Эҳ-ҳе!.. Бу — ҳаёт. Тўғри, доим босиқлик билан вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламан. Аммо бу доим ҳам ёрдам беравермайди, аксинча, мулойимлигим кўп панд берган. Айниқса, талабалик йиллари тортишувларга жуда бой бўларди.

— Нима деб ўйлайсиз, балки ана шунақа характердаги ролларингиздан сўнг мухлислар шу фикрга келгандир?

— Билмадим. Негадир менга шу руҳдаги ролларни кўпроқ беришади.

— Балки феъл-атвори­нгиздан келиб чиқиб кўпроқ ижобий ролларга муносиб кўришар?

— Қайдам. Аммо салбий ролларим ҳам бор. Масалан, ҳозир «Иймон» спектаклида салбий роль ижро этяпман. Биринчи марта Дилором Эгамбердиева режиссёрлигида суратга олинган «Қуёши ботмайдиган юрт» видеофильмида салбий роль ўйнаганман. Ўшанда кўпчилик, ҳатто, театрдагилар ҳам мени ёмон кўриб қолган, буни юзимга ҳам айтишган. Тўғри, мен ўйнаган образни ёмон кўришган, аммо мени ёмон кўриб қолишларини истамаганим учун ҳам кўпроқ ижобий роллар ўйнашга интиламан.

— Дарвоқе, «Иймон» спектакли ҳақида сўз очдингиз. Ундаги ролингизни устозларингиз даврида ижро этилган ўша образ билан таққослай оласизми?

— Тўғриси, бу спектаклни устозлар ижросидаги вариантини кўрмаганман. Аммо у ҳақдаги фикрларни кўп эшитаман. Ролим ҳақида ҳар ким турлича фикр билдиради, йўл-йўриқ кўрсатади, бироқ мен ўз истеъдодимга, ҳаракатимга, туйғуларимга ишонаман. Кўнглим нима деса, шуни қиламан.

— Ижроингиздан кўнгли­нгиз тўладими?

— Ҳеч ким ўзига ўзи баҳо беролмайди. Бу қай даражада муваффақиятли чиққанини четдан кузатиб айтиш мумкин. Чунки актёр ўйнаётган пайтида ўзини назорат қилолмайди. Фақат саҳнадаги ҳаётини яшаётган бўлади. Чалғидими, тамом, у ердаги ҳаёти «тугайди». Балки кимдандир яхшироқ, кимдандир ёмонроқ ўйнар, бироқ у ўзи бўлиб ўйнайди.

Тарихий асарларда импровизация? Йўє...

— Кейинги пайтларда тарихий асарларда чиқишлари­нгиз кўпаяётгандек. Айниқса, «Алишер Навоий» спектаклидаги образингиз кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ижро оғир кечган бўлса керак?

— Бу спектаклни йигирма йиллар муқаддам устоз Турғун Азизов саҳналаштирган. Ўшанда мен Соҳибдоро ролини ўйнаганман. Бу театрда қайтадан саҳналаштирилишини эшитганимда эса ўзимга ўзим савол бердим: агар ҳозир Алишер Навоийни ўйнамасам, қачон ўйнайман? Чунки бу асарнинг мукаммаллиги, тўқнашувларга бойлиги, драматургиянинг ўткирлиги, айниқса, тилининг шираси мени актёр сифатида жуда ҳайратлантирганди. Ролни ижро этиш катта меҳнат талаб этарди, аммо мен улуғ инсон ролини ижро этишни истадим. Таваккал қилиб, ўзимни шу ролда синаб кўриш учун Беҳзод Муҳаммадкаримов, Меҳриддин Раҳматовдан кейин ролга талабгор сифатида ёзилдим. Агар ўйнолмасам, демак, ҳеч бўлмаганда шунга амин бўламан, деб таваккал қилдим. Режиссёр Рустам Ҳамидов рухсат бергач, саҳнага чиқдим... Бу театрдаги ролларимнинг энг чўққиси десам, янглишмайман. Чунки замонавий асарда адашсангиз, импровизация билан тўғрилаб кетишингиз мумкин, аммо тарихий асарда адашишга ҳаққингиз йўқ. Айниқса, халқимиз Алишер Навоийни жуда яхши билади ва яхши кўради.

— Бу қарорингизни эшитиб, «спектакль икки ярим соат давом этади, нима қиласан оғир меҳнатни», деганлар ҳам бўлдими?

— Йўқ, менга имконият беришди. Балки орқаворотдан гапиришгандир, аммо мен имкониятим ва кучим борича ҳаракат қилдим.

— Партнёрларингизнинг қай бири билан ижроингиз яхши кечди?

— Бошида Лола Элтоева партнёрим бўлишини жуда истаганман. Аммо Гули ролини Нигина Анорбоева, Дилноза Кубаева, Моҳира Нурматова ўйнади. Улар ҳам бири-биридан яхши. Дилноза билан партнёрликда тез тил топиша олганимиз учун муваффақиятлироқ чиқди, деб ўйлайман.

— Дублёрингиз ҳақида нима дейсиз?

— Дублёрлар доим бир-биридан фарқ қилади. Дублёрим Беҳзод ака жуда истеъдодли бўлиши билан бирга, Турғун Азизов саҳналаштирган йигирма йил олдинги спектаклда ҳам Алишер Навоийни ўйнаган эди. У кишида катта тажриба бор, кузатиб, кўп нарса ўргандим. Асли актёр ўз хатосини ҳам, ютуғини ҳам дублёрга қараб билади. Мен ҳам имконим борича камчиликларимни тузатишга ҳаракат қилдим. Бу спектаклга навоийшунос ҳам, шоир ҳам, ёзувчи ҳам, оддий томошабин ҳам келди. Уларнинг барчасига ижроим бирдай ёқди, деёлмайман. Чунки уларнинг Навоийни билиш даражаси турли хил.

Танлаб ўтираверсам, қачон ўйнайман?

— «Пайшанбадан пайшанбагача» фильмидаги ролингиз кўпчилик мухлисларингизнинг ҳафсаласини бироз пир қилди. Чунки уларда сизнинг жиддий, вазмин ролларингиз яхши таассурот уйғотган эди. Ўзингизнинг бу фильмдаги образингиз ҳақида фикри­нгиз қандай?

— Бу фильм ҳақида турли фикрлар бор. Ҳар ким ўз соҳаси, ижтимоий мавқеи, билимига қараб фикр билдиради. Аммо бу фильм ҳақида ҳеч ким ўзимга салбий гап айтгани йўқ. Бундан ташқари, бу тижорат фильми, мен актёр бўлганим учун барча ракурсдаги ролларда ўзимни синаб кўришим керак. Шундай актёрлар бор, от бўлиб дунёни айланиб чиққан, ит бўлиб саҳнани титратган. Аслида актёр ҳар қандай вазиятда турли ҳолатда ўйнай олиши керак. Бу — санъат. Мен буни ўйнамаслигим керак, бу менга тўғри келмайди, деб танлаб ўтираверсам, қачон ўйнашга улгураман. Ёки фақат яхши одамнинг ролида чиқаверсам, қачон мен ўзимдаги актёрлик маҳоратининг бошқа қирраларини очаман?

— Фильм сценарийси сизга ёқдими ўзи?

— Гоҳида сценарий ёқмаслиги мумкин. Аммо баъзи мўрт сценарийлар саҳна ёки экран юзини кўргач, оммабоп бўлиб кетади ҳам. Масалан, «Чимилдиқ» пьесасида ҳеч қандай драматургия йўқлигини айтишганди. Аммо саҳнага чиққач, аншлаг бўлиб кетди. Худди шундай кинода ҳам сценарийси бундайроқ бўлган нарса суратга туширгандан кейин умуман бошқа санъат асарига айланиши мумкин. Бундан ташқари, сценарийни тасдиқлаб берадиган ижодий гуруҳлар бор. Албатта, комедияда ҳам ўзимни синаб кўришим керак эди.

— Комедияга қизиқишингиз юқорилигини биламиз. Айтинг-чи, комедияда бирон бир эсда қоларли образ яратиш тўғрисида ўйлаб кўрдингизми?

— Кимдир трагик комедияни, кимдир классик комедияни севади. «Менинг акам бўйдоқ», «Менинг дадам бўйдоқ» фильмларидан кейин ўзимда катта иштиёқ сездим. Ишонч ҳам пайдо бўлди. Чунки кинога таклиф қилинишимдан олдин жуда катта тортишувлар бўлган. Кимдир ўйнай олади, кимдир ўйнай олмайди, деган. Бироқ тортишувлардан кейин мени танлашган. Кимлардир кинода гапинг билан кулдирасан, дейишади. Йўқ, аслида комедияда кўпроқ ҳаракат бўлиши керак. Агар хатти-ҳаракат билан томошабинни кулдира олсангиз, демак, бу — сизнинг муваффақиятингиз. Мен келгусида комедия жанрида яратажак образим сўзсиз, хатти-ҳаракатлар асосига қурилган бўлади.

«Саҳна кимгадир суянишни суймайди»

— Тадбирларда чиқиш қилганингизда кўпроқ отангиз Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов репертуарларидан фойдаланганингизни кўрамиз. Тўғри, отангиз сизга устоздай, аммо бу билан Теша Мўминовнинг соясида қолиб кетмаяпсизми? Ахир, сизда ҳам ўзингизни кўрсатадиган репертуар бўлиши керак-ку?!

— Отамга ўхшасам нима бўпти? Ахир, у отам. Мен бу билан фахрланаман. Аммо санъаткор сифатида мен ўзим бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки хирилдоқ бўлса ҳам ўзингнинг овозинг бўлсин, дейишади. Ҳар ҳолда мен тақлиддан қутулган актёрман. Отамнинг репертуарида яхши шеър, яхши монологлар кўплиги боис нафақат халқ, бошқа актёрлар айтиб юрганига қанча гувоҳ бўлганман. Аммо отасининг соясида қолди, деган гапларда умуман асос йўқ. Чунки отамнинг репертуаридан умуман фойдаланмайман. Қайтанга мухлислар сўраб қолса, айтмасликка ҳаракат қиламан.

— Отангиз билан битта театрда ишлайсиз. Ота-боланинг бир жойда ишлашининг яхши ва ёмон томонлари нимада?

— Энг яхши томони, сизнинг ёнингизда тоғингиз, суянганингиз бўлади. Ниманидир хато қилсангиз, тўғри гапирадиган ҳам у киши. Аммо бунинг бошқа томони ҳам борки, елкангизда доим масъулият юкини сезиб турасиз. Хато қилсам, фалончининг ўғли дейишмасмикан, деб истиҳола қиласиз. Доим шундан ҳушёр бўлиб юраман. Бошқа томондан кўпроқ ҳаракат қиламанки, отасининг соясида қолиб кетди, деган ўйга боришмасин деб. Чунки мен ҳам театрда, ҳам кинода ўз ўрним бўлишини истайман ва шунга ҳаракат қиламан.

— Албатта, ўғил сифатида отани танқид қилолмайсиз. Аммо санъаткор, актёр сифатида Теша Мўминовнинг сизга маъқул келмаган, ёқмаган роли борми?

— Отамни танқид қилган ёки ўйнамоқчи бўлиб турган ролини танқид қилиб, фикридан қайтарган пайтларим ҳам бўлади. Отам ожиз, ночор одамнинг ролини ўйнаганида очиқдан-очиқ норози бўлиб, танқид қилганман. Чунки отамнинг роллари қаҳрамонларнинг роллари эди. Амир Темурни ижро этгач, бундай ролни ижро этиш умуман мантиққа ҳам тўғри келмайди.

— Оилада отанинг ўрни жуда катта. Отангизнинг таълим-тарбияси сабаб бугун эл суйган актёрсиз. Бугун жуда кўп вақтингизни театрга, гастролларга сарфлайсиз. Айтинг-чи, ўзингиз болаларингиз тарбиясига қандай вақт ажратяпсиз?

— Болаларимга вақт ажратаман. Чунки отам бизга кўп вақт ажратган, ҳозир ҳам отамнинг назоратидамиз. Ота аслида доим болаларини назорат қилиши керак. Уларга меҳрибонман, шу билан бирга, анча қаттиққўлман ҳам. Уларнинг дарсдан кейин қўшимча дарсларга боришигача назорат қиламан. Фарзандларимга доим «отам ундай, бобом бундай, деб бизнинг орқамизда қолиб кетма, ўзинг меҳнат қил», деб кўп таъкидлайман. Чунки боланинг ўзи меҳнаткаш бўлмаса, ҳеч нарсага эришолмайди.

Ўзим билмаган ҳолда болаларимга отам менга қилган муносабатини такрорлайман. Мен бугун жуда миннатдорман, отамнинг тарбияси туфайли, болаларимни ҳам шу руҳда тарбиялаяпман. Вақтида қаттиққўллик билан иш кўраман, мукофотларни ҳам вақтида бераман. Чунки болани рағбатлантириб туриш ҳам унинг шахс сифатида шаклланишига туртки беради. Ахир, бизнинг эртанги кунимиз шулар-ку!

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар