Келажак қайта тикланувчи энергия ресурслариникидир, қайта тикланмайдигани эса тугаб бормоқда
Энергия ресурсларидан рационал фойдаланиш муаммоси энергия истеъмоли маданияти пастлигича қолаётган ҳозирги шароитда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Исрофгарчилик шундоқ ҳам электр энергияси етишмаётган бир шароитда барқарорликка салбий таъсир кўрсатади, табиатга бўлган юкламани эса тобора ошириб бораверади.
Мутахассислар келтирган рақамларга кўра, Ўзбекистондаги 7,4 миллион абонентнинг ҳар бири 100 ваттлик 1 дона чўғланма лампани кечаси атиги 8 соат ўчириб қўйса, бир йилда 2 миллиард 160 миллион 800 минг киловатт электр энергиясини (бу мамлакат аҳолиси умумий истеъмол ҳажмининг 13,5 фоизи деганидир), 1 дона ёруғлик чиқарувчи энергиятежамкор LED лампасини кечаси ёқиб қўйишдан тийилса, 306 миллион киловатт (умумий истеъмол ҳажмининг 1,9 фоизи) электр энергияси тежаб қолинади.
Бир дона чўғланма лампани замонавий LED лампасига алмаштириш орқали эса ойига 22,4 киловатт-соат, йилига эса 271,5 киловатт-соат электр энергиясини тежаш мумкин. Энди буни битта хонадон ҳисобида олса қанча электр энергеяси тежалишини, уни ишлаб чиқариш учун атмосферага қанча зарарли газлар чиқишининг олди олинишини ўзингиз чамалаб кўраверинг.
Кейинги пайтларда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилаётган ҳар бир йиғилишда энергетика масаласи қизғин муҳокама этилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Президентимиз қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, қай даражада йиғилишлар ўтказмасин, асосий эътиборни халқимизни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга қаратмоқда.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилиш ҳам электр энергияси борасидаги муаммо ва ечимларга бағишланди. Унда энергия самарадорлигини ошириш ҳамда кўп қаватли уйларни бошқариш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Ёдингизда бўлса ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлари қабул қилинган эди. Ҳозирги кунда эса хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган биргина қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт электр тежалмоқда.
Энг муҳими, саноат корхоналари ҳам «яшил энергия» манбаларини ўрнатишмоқда. Биргина «Ўзбеккўмир» тизимида қуёш коллекторлари ва иссиқлик насослари ўрнатилгани ҳисобига йилига 150 минг киловатт электрни тежашга эришиляпти.
Лекин айрим ҳудудларда бу борадаги ишлар суст бўлгани учун электрни тежаш режаси тўлиқ бажарилмаяпти.
Президентимиз тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлаб ўтган ҳолда, ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топшириғини юклади. Ушбу туманларда бу йилда ҳозиргига қараганда 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.
«Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт», – деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгилаб қўйилди. Бунда:
– йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади;
– Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради;
– аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.
Юртимизда электромобиллар сони охирги уч йилда 10 карра ошиб, 35 мингтага етгани қувонарли албатта. Шунинг учун ҳам Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқдаки, бу орқали юртимизда экологик тоза ва қулай транспорт ишлаб чиқариш соҳаси янада ривожланади.
Шу сабаб ҳам йиғилишда электр тизимини ривожлантиришда янги зарядлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Эндиликда электромобилларни хонадонларда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинадиган бўлди. Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўллананиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади. Давлат ташкилотлари, савдо маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканлари автотураргоҳида қувватлаш станцияси ўрнатилиши айтиб ўтилди.
Жумладан, йиғилишда электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Барча генерация манбалари ҳисобидан жорий йилда 4 гигаваттли электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. 11 та қуёш ва 3 та шамол станцияси шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни капитал таъмирлаш, 595 километр электр тармоғи ва 4 та янги подстанцияни ишга тушириш режалари белгилаб олинди.
Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига, пировардида, энергия ресурсларига талаб ўсишига олиб келмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизда электр энергиясига талабнинг йиллик ўсиши 67 фоизга тенглашади. Иқтисодиётда энергия сарфини камайтириш электр энергетикаси сиёсатининг асосий вазифаси бўлиб, унинг бажарилмаслиги энергетика соҳасининг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муқаррар равишда тўсқинлик қилишига олиб келади.
Абдуалим САЛИМОВ,
ЎЭП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати раҳбари
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил