Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Табиатдаги тирикликни тортиб олма, одамзод!

Олимларнинг фикрича, Ердаги таксономик жиҳатдан аниқланган турларнинг сони 13 миллионга яқиндир.

Табиатдаги  тирикликни  тортиб  олма,  одамзод!

Ҳозирги пайтгача, Ер юзида 1,75 миллион тур аниқланган бўлиб, уларнинг 750 000 тасини – ҳашаротлар, 41 000 тасини – умуртқали ҳайвонлар, 250 000 тасини – ўсимликлар ташкил этади. Қолган турлар – мураккаб таркибдаги умуртқасиз ҳайвонлар, сув ўтлари, микроорганизмлар ва бошқа организмлардан иборат.

Миллионлаб ана шу турларнинг табиатда ўз ўрни бор ва уларнинг ҳар бири атрофимиздаги табиий жараёнларнинг ажралмас ҳалқаси ҳисобланади. Битта турнинг йўқолиб кетиши табиий мувозанатнинг муайян бир қисмига таъсир ўтказмай қолмайди ва табиий жараён яна изга тушиб кетиши учун кўп йиллар керак бўлади. Шунинг учун ҳам биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва табиий мувозанат издан чиқишининг олдини олиш мавжуд экологик муаммоларнинг энг оғир нуқталаридан бирига айланди.

1992 йилда БМТ томонидан «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги Конвенция қабул қилинди. Шу муносабат билан ҳар йили дунё ҳамжамияти томонидан 22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик куни сифатида кенг нишонланиб келиниши одат тусига кирди. 1998 йил 1 апрелга келиб эса Ўзбекистон мазкур Конвенцияга қўшилди. Бундан кўзланган мақсад, жаҳон жамоатчилиги эътиборини экологик барқарорликни таъминлаш, биологик хилма-хилликни қайта тиклаш ва асраш, экотизимларни ҳимоялаш каби инсоният келажаги ва тараққиёти учун муҳим ва долзарб масалаларга қаратиш, бу борада ижобий натижаларга эришишдан иборат эди.

 

Биологик хилма-хиллик нима?

Шу ўринда савол туғилади, хўш, биохилма-хиллик ўзи нима ва уни асраш бизга нима беради? Биохилма-хиллик деганда кўз олдимизга ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг турфа олами келади.

Ҳозирги кунда биз кўраётган биохилма-хиллик Ердаги ташқи ва ички табиий жараёнлар натижасида юз миллион йиллар давомида кечган мураккаб эволюция жараёнининг натижаси ва ҳосиласидир. Аммо, Ер юзи аҳоли сонининг ўсиши фонида наботот ва ҳайвонот дунёси ҳам учдан бир қисмга камайиб бормоқда.

Прогнозларга кўра, яқин келажакда 21 фоиз сут эмизувчилар, 30 фоиз судралиб юрувчилар, 12 фоиз қушлар, 17 фоиз акулалар Ер юзидан батамом йўқолиб кетиши мумкин. Айниқса, Европада индустриал ривожланиш туфайли қишлоқ хўжалиги ҳудудларидаги қушлар сони 40 фоизга, иқлим ўзгариши туфайли денгиз қушлари сони эса 44 фоизга камайган.

Ўзбекис­тоннинг биохилма-хиллиги ҳозирги пайтда маълум бўлган 27 мингтага яқин турни ўз ичига олади.

Улар орасида умуртқасиз ҳайвонларнинг 14 900 тури, умуртқали ҳайвонларнинг эса 715 тури учрайди. Умуртқалиларнинг 107 тури сутэмизувчилар, 467 тури қушлар, 61 тури судралиб юрувчилар, 3 тури амфибиялар, 77 тури балиқлардир.

Шунингдек, 11 000 турдаги ўсимликлар, қўзиқоринлар, сув ўтлари бор. Бундан ташқари, ёввойи ўсимлик­ларнинг 4300 тури мавжуд бўлиб, уларнинг 8 фоизи эндемик турлардир. Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган икки жилдли «Қизил китоби»га 314 турдаги ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар ва замбуруғлар, 206 турдаги ҳайвонлар киритилган. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганларини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришдек давримиз учун ўта долзарб муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистонда қўриқхоналар, буюртмахоналар ва Миллий боғлар алоҳида ўрин тутади.

 

Вазият қандай?

Биохилма-хиллик халқнинг иқтисодий, эстетик, соғлиқни сақлашга оид ва маданий фаровонлигининг муҳим манбаи ҳисобланади. Аммо бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани, чунончи: ноёб генлар, турлар ва экологик тизимлар йўқ бўлиб кетаётгани туфайли ёпирилиб келаётган катта хавфдан ҳеч бир мамлакат четда эмас. Бунинг сабаби битта – одамлар!

Одамлар шундай бир шароитларни яратдиларки, уларда йўқ бўлиб кетган турлар миқдори 65 миллион йил олдинги динозаврлар давридан бошлаб бутун тарих мобайнида йўқ бўлиб кетган турлар миқдоридан ҳам кўпроқдир. Агар биохилма-хиллик йўқолишининг ҳозирги тезлиги сақланиб қолса, одамларнинг табиий яшаш жойларини бузиш, ифлослаш, иқлимни ўзгартириш борасидаги ҳаракатлари натижасида сайёрамиздаги турларнинг ярми 100 йилдан ҳам камроқ вақт ичида йўқ бўлиб кетади.

Аҳоли истеъмол ва эҳтиёжларининг ҳаддан зиёд ортиб бориши биохилма-хилликнинг ашаддий кушандасидир. Биологик ресурслар истеъмолининг ўсиб бораётгани, инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти, қишлоқ хўжалиги ҳамда одамлар яшайдиган жойлар кенгайиб бориши табиатнинг тобора катта қисми емирилишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, сўнгги 40 йил давомида балиқ овлаш йилига 20 миллион тоннадан 135 миллион тоннага ошди.

Балиқ захираларининг 75 фоизи йўқолиб кетди. Шунга қарамасдан, ҳар бешинчи инсоннинг овқатланиш рацио­нига балиқ киради.

Бу каби ҳолатлар жуда кўп. Айтайлик, бугун айниқса аҳоли гавжум жойларда яшил ҳудудларнинг камайиши, урбанизация даражасининг ортиб бориши, экотуризмнинг нотўғри тарзда амалга оширилиши, қурғоқчилик, браконьерлик ҳолатларининг кўпайиши, ишлаб чиқариш ва саноат соҳасига табиий ресурсларнинг тинимсиз йўналтирилиши ва уларнинг ўрнини тўлдирмаслик, ёввойи табиатга нисбатан зўравон ва беэътибор муносабатда бўлиш Ўзбекистонда биохилма-хилликнинг тобора камайиб кетишига замин яратмоқда.

Устига устак, Марказий Осиё минтақасида кейинги 30 йилда ҳаво ҳарорати қарийб 1,5 градусга кўтарилди ва бу дунё­даги ўртача исишдан икки карра кўп демакдир. Натижада музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қоладиган бўлса, яқин йигирма йилда минтақадаги икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши тахмин қилиняпти. Сувсизлик даражасининг ортиб бориши ер унумдорлигининг пасайиб кетишига ва бунинг ортидан яшил ҳудудлар борган сари қуриб, чўлланиш янада кучайи­шига олиб келади.

Мавжуд вазиятда ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, ушбу муаммолар оқибати минтақадаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади.

 

Қандай чоралар кўриш зарур?

Барчамизга маълум, Орол денгизи муаммолари ҳам айни шу экологик хавф доирасидан ташқари эмас. Бугунга келиб Оролбўйи ҳудудларида биологик хилма-хилликни асрашга алоҳида эътибор қаратилиб, денгизнинг қуриган тубида қарийб 1 млн. 700 минг гектардан зиёдроқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. Керакли тадбирлар амалга оширилишига қарамай, ҳудудда аҳвол ҳануз оғирлигича қолмоқда. Бундан энг аввало Оролбўйи аҳолисининг соғлигига ва сўнггида иқтисодига жиддий путур етяпти. Аммо, ташкил этилган ушбу ўрмонзорлар экотизим қайтадан тикланишига, яъни кўчма қумлардан иборат бўлган, қақраб ётган чўл ерлари яшил ҳудудга айланиб, ҳайвонот дунёсининг пайдо бўлишига оз бўлса-да умид уйғотади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида биологик хилма-хилликни асраш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳаж­мини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш белгиланган.

Оролбўйида халқаро «Яшил иқлим» ва Глобал экологик жамғармаларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва туп­роқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шаҳар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун жамоат паркларини ташкил этиш назарда тутилган. Хусусан, 2022 йилнинг декабрь ойида 190 та мамлакат томонидан маъқулланган Биохилма-хиллик бўйича Куньминг-Монреал­­ глобал дастури (GBF) 2050 йилга келиб табиат билан уйғунликда яшайдиган дунё глобал концепцияси мақсадларига эришиш учун йўл харитасини белгилади.

Кейинчалик Ўзбекистонда ташкил этилган биохилма-хилликни сақлашни эрта қўллаб-қувватлаш лойиҳаси эса 2030 йилга қадар дунё бўйлаб таназзулга учраган экотизимларни 30 фоизга қайта тиклаш, маълум турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш ва 2050 йилга келиб барча турларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини ва тезлигини ўн баравар камайтириш, 2030 йилгача пестицидлар хавфини камида 50 фоизга камайтириш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги учун ажратилган ҳудудларни барқарор бошқариш ва агроэкология ва бошқа биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган амалиётларни сезиларли даражада ошириш каби ишларни асосий мақсадига айлантирди.

Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш – экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шарти. Шундай экан, республикамизда биологик хилма-хиллик объектларини асраб-авайлаш ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, табиатга нисбатан виждоний муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг ҳам инсоний, ҳам фуқаровий бурчимиздир.

 

Нилуфар УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Oila va TABIAT»

газетаси мухбири




Ўхшаш мақолалар

Қишлоқ хўжалиги соҳаси  Қонун ҳимоясига олинмоқда

Қишлоқ хўжалиги соҳаси Қонун ҳимоясига олинмоқда

🕔16:04, 10.01.2025 ✔24

Бугунги кунда глобал даражада об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилишига олиб келмоқда.

Батафсил
Депутатлар  сайилгоҳларда  бинолар эмас, яшил майдонлар кўп бўлишини хоҳлашаяпти!

Депутатлар сайилгоҳларда бинолар эмас, яшил майдонлар кўп бўлишини хоҳлашаяпти!

🕔16:02, 10.01.2025 ✔27

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Батафсил
Уйингизда чироқ  ўчмайди,  энергияни туганмас ресурслардан  олсак

Уйингизда чироқ ўчмайди, энергияни туганмас ресурслардан олсак

🕔16:01, 12.12.2024 ✔65

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси жадал ривожланиб, минтақадаги экологик ва иқтисодий барқарорликка катта ҳисса қўшадиган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қишлоқ хўжалиги соҳаси  Қонун ҳимоясига олинмоқда

    Қишлоқ хўжалиги соҳаси Қонун ҳимоясига олинмоқда

    Бугунги кунда глобал даражада об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилишига олиб келмоқда.

    ✔ 24    🕔 16:04, 10.01.2025
  • Депутатлар  сайилгоҳларда  бинолар эмас, яшил майдонлар кўп бўлишини хоҳлашаяпти!

    Депутатлар сайилгоҳларда бинолар эмас, яшил майдонлар кўп бўлишини хоҳлашаяпти!

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

    ✔ 27    🕔 16:02, 10.01.2025
  • Уйингизда чироқ  ўчмайди,  энергияни туганмас ресурслардан  олсак

    Уйингизда чироқ ўчмайди, энергияни туганмас ресурслардан олсак

    Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси жадал ривожланиб, минтақадаги экологик ва иқтисодий барқарорликка катта ҳисса қўшадиган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    ✔ 65    🕔 16:01, 12.12.2024
  • Болаларимиз  тоза ҳаводан  нафас олсин!

    Болаларимиз тоза ҳаводан нафас олсин!

    Cўнгги йилларда мамлакатимиз, хусусан Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиб, нафас олишга яроқсиз ҳолатга келиб бормоқда. Ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида пойтахтимиз ҳам тез-тез юқори ўринларда қайд этилаётгани барчамизни атроф-муҳит муҳофазаси борасида жиддий чоралар кўришга ундайди.

    ✔ 73    🕔 16:36, 06.12.2024
  • Самарқандлик сайловчилар  Экопартияни    қўллаб-қувватлайди!

    Самарқандлик сайловчилар Экопартияни қўллаб-қувватлайди!

    Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди оммавий тадбири ўтказилди.

    ✔ 123    🕔 10:38, 25.10.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар