Ҳавонинг ифлосланиши сўнгги пайтларда энг кўп тилга олинаётган, жамоатчилик муҳокамаларига ҳамда хавотирларига сабаб бўлаётган муҳим масалага айланди. Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлмаслик оқибатида юзага келаётган мазкур ҳолат, афсуски, инсонлар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг эшитувини ташкил этиш кўзланган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг навбатдаги қўшма йиғилишида вазирнинг ахбороти дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимовнинг «Республикада, шу жумладан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахборотида қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимиз атмосфера ҳавосини ифлослантиришда энг кўп зарарли ташламалар турғун манбалар ва транспорт воситаларидан чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларда намоён бўлмоқда. 2023 йил бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами ташламалар 2138,3 минг тоннани ташкил этиб, уларнинг 1 279,9 минг тоннаси транспорт воситаларидан, 858,4 минг тонна саноат корхоналаридан чиққан ташламалардир.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлил шуни кўрсатадики, энг юқори ташламалар Тошкент вилоятида (679,7 минг тонна), Тошкент шаҳрида (417,6 минг тонна) ҳамда Қашқадарё вилоятида (198 минг тонна) кузатилган.
Бундан ташқари, шаҳарлардаги атмосфера қатламларининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, яшил ҳудудларнинг камлиги каби омиллар, метеорологик шароитлар ва антропоген юклама атмосфера ҳавосининг юқори ифлосланишига олиб келаётгани баён этилди.
Шунингдек, ахборотда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борадаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикасини аниқлаш ва олдини олиш бўйича жорий этилган самарали механизмлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб «Евро — 4» экологик талабларига мос келмайдиган бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини олиб кириш ман этилиши натижасида биргина 2023 йилда экологик талабларига жавоб бермайдиган 38 та транспорт воситаси импортига рад жавоб берилган.
– Соҳанинг етук олимлари, депутатлар ҳамда партиямиз фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи-гуруҳ аъзолари атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бирма-бир ўрганиб чиқишга ҳаракат қилмоқда, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. – Хусусан, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи «Оҳангаронцемент» АЖда бўлиб, корхонада чиқиндиларни қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологиялар ўрнатилганига гувоҳ бўлдик.
Айни пайтда ҳаво кескин совиб кетганида айрим корхоналар қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишига тўғри келаётганини ҳам кузатдик. Ўрганишларимиз натижасига кўра, тегишли хулосалар ва таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, халқ вакиллари ҳудудлардаги саноат корхоналарида «яшил» технологиялардан унумли фойдаланилиши ва хавфсиз кимёвий моддаларнинг қўлланиши бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилаётганлиги юзасидан ўрганишлар олиб бориш, республикамиз ҳудудидаги дарахтларни паспортлаштириш ишларини жадаллаштиришда парламентнинг роли ва ўрнини ошириш бўйича фикр-мулоҳазаларни билдириб ўтишди.
Ўз навбатида, эшитувга нафақат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, балки атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масаласига оид қарор қабул қилиш ва назорат қилиш ваколатига эга бошқа идораларнинг ҳам масъулларини таклиф этиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, масъул идораларга атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли катта бўлган корхоналардаги ҳолатни «келишмасдан» текшириш ваколатини қонунчиликда белгилаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда депутатлар томонидан вазирнинг тегишли ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқишга оид қарор қабул қилинди.
Хавфсиз саноат ва истеъмолчилар ҳуқуқи – депутатлар муҳокамасида
🕔11:04, 24.03.2026
✔41
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини кенгайтириш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш, аҳолининг молиявий хатарлар ҳақида хабардорлигини ошириш, саноат хавфсизлиги тизимини мустаҳкамлаш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга доир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазаси: ижро масъулияти ва самарадорлик
🕔10:58, 24.03.2026
✔41
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ижро этилиши ҳолати Тошкент ва Навоий вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Батафсил
Депутатлар олдига сайловчилар қўйган 40 та масала
🕔14:48, 12.03.2026
✔176
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, 2026 йил 26 – 28 февраль кунлари Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар ҳам сайлов округларида сайловчилари билан навбатдаги учрашувларини ўтказди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб Экофракциянинг 13 нафар аъзоси аҳоли билан мулоқот қилишди.
Батафсил