Ноябрь ойи бошидан буён юртимизда ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) касалликлари авж олиб, одамлар орасида ёлғон маълумотлар эса тарқалиб кетди. Айни кунларда ҳам болалар орасида қизамиқ кўпайгани, ЎРВИдан кейин яна бир оммавий касаллик тарқалаётгани ҳақида хабарлар кўпайди.
Дастлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланганлар сони ортиб бораётганини маълум қилди. 2022 йилда инфекциядан вафот этганлар сони 2021 йилга нисбатан 43 фоизга ошган. Беморларнинг умумий сони 9 миллион кишини, ҳаётдан кўз юмганлар эса 136 минг кишини ташкил этади, уларнинг аксарияти, афсуски, болалардир. Ташкилотнинг қайд этишича, бу ҳолат башорат қилинган, чунки сўнгги йилларда эмлаш даражаси ниҳоятда пасайган.
Ушбу хабар тарқалганидан бироз ўтиб, қўшни мамлакат Қозоғистонда ҳам вазият анча жиддийлаша бошлади. Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 17 мингдан ортиқ қизамиқ касаллиги қайд этилган, уларнинг 82 фоиздан ортиғи болаларда, жумладан, 83 фоизи эмланмаган болаларда учраган. Айни пайтда қизамиқ билан касалланган 30 нафар боланинг аҳволи оғирлиги айтилган.
Юртимизда ҳам Наманганда қизамиқ билан боғлиқ вазият жиддийлашгани, бемор кўплигидан шифохоналарга сиғмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиология қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, Наманганда 2023 йилнинг ўн ойи давомида вилоят бўйича жами 735 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган. Айни вақтда эса 285 та қизамиққа чалинган беморлар бўлиб, уларнинг 62 фоизи 1 ёшгача, 25 фоизи 1-3 ёшдаги болалардир.
Хўш, бутун мамлакат бўйича вазият қандай? Касаллик кўпайяптими ёки йўқ?
Афсуски, бу саволлар жавобсиз қолмоқда. Чунки бу ҳақда бирорта расмий маълумот топа олмадик. Фақатгина жорий йилнинг ноябрь ойида давлат бюджети ҳисобидан 3 млн доза қизамиққа қарши вакцина харид қилингани ва айни вақтда ҳудудларга тарқатилаётгани ҳақида хабар берилган.
Қизамиқ фақат болалар касаллигими?
Кўпчилик ўйлаганидек, қизамиқ фақат болалар касаллиги эмас. У ҳар қандай ёшдаги одамга юқиши мумкин. Кўп ҳолларда эса эмланмаган чақалоқлар, боғча ва мактаб болаларида учрайди. Катталарнинг юқори хавф гуруҳига талабалар, чет эллик саёҳатчилар ва тиббиёт ходимлари киради. Қизамиқ одамдан-одамга жуда тез, ҳаво орқали, касалланган одамнинг бурун ёки сўлак ажралмаларидан юқади. Қизамиқ вируси хона ҳавосида 2 соатгача сақланиши мумкин.
Қизамиқ беш ёшгача бўлган болалар ва 30 ёшдан ошган катталарда кўпроқ оғир кечади. Оғир асоратлари орасида ўрта қулоқ инфекцияси, пневмония, томоқ бўғилиши, диарея, ҳатто энсефалит (мия яллиғланиши) ҳам кузатилиши мумкин.
Белгилари қандай?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қизамиқнинг биринчи аломати вирус юққандан кейин 10-12 кун ўтгач пайдо бўладиган юқори иситма ҳисобланади. Ҳарорат кўтарилиши 4-7 кун давом этади.
Дастлабки босқичда бурун оқиши, йўтал, кўз қизариши ва ёшланиши, шунингдек, ёноқларнинг ички қисмида кичик оқ доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бир неча кундан сўнг, одатда юз ва бўйиннинг юқори қисмида тошма пайдо бўлади. Тахминан 3 кундан кейин тошма бутун танага тошади ва 5-6 кун давом этади.
Касаллик нега кўпаймоқда?
COVID-19 пандемияси бутун дунё бўйлаб эмлаш жараёнларини кескин сусайтириб юборди. Бу фақат қизамиқ эмас, бошқа юқумли касалликларга ҳам тегишлидир.
Айниқса, қатъий карантин чекловлари, коронавирус ваҳимаси, тиббиёт муассасаларининг ҳаддан зиёд босим билан ишлаши туфайли миллионлаб болалар юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмланмай қолиб кетган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2021 йилда дунё бўйича 40 миллион бола қизамиқнинг олдини олишга қаратилган режали эмлашдан четда қолган: 25 миллион бола биринчи дозани олмаган бўлса, 14,7 миллион нафари эса иккинчи дозада эмланмаган.
Қизамиқнинг олдини олишда самарали, ишончли ва арзон чора – эмлаш. Қизамиққа қарши вакцина 50 йилдан ортиқ вақт ичида ўзини оқлаб келмоқда.
Болалар қизамиққа қарши икки босқичда эмланади. Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, қизилчага қарши вакцина 1 ва 6 ёшда ўтказилади. Қизамиқ вирусига қарши махсус препарат мавжуд эмас. Даволаш қизамиқ аломатларини камайтириш ва асоратларининг олдини олишга қаратилади холос.
Шахруза САТТОРОВА
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил