Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Нима учун шундай?
Фан нуқтаи назаридан қараганда, эркаклар битта X-хромосома ва битта Y-хромосома ташийди. Аёлларда иккита X-хромосома бўлади. Ҳужайра Y-хромосома билан уруғланганда, ўғил бола (XY) дунёга келади. X-хромосома бўлса – қиз бола (XX). Бу жиҳатдан икки жинс ўртасидаги эҳтимоллик элликка-эллик, яъни тенгма-тенгдир.
Назарий жиҳатдан.
Ҳаётда эса худди шу нисбат ўғил болалар «фойдасига» озгина оғади. Сабаби – эволюция. Биологларнинг фаразига кўра, ўсиб-улғайиш ва кўпайиш жараёнида ўғил болалар таҳликали ҳолатларга кўпроқ дуч келгани учун табиат уларнинг ўзига хос «захираси»ни тайёрлаб боради. Тўғри-да, ўғил болалар гўдаклик чоғида нисбатан заифроқ бўлади, лекин шўхлиги ортиқроқ бўлгани учун кўпроқ жароҳат олади. Қизлар дарахтга чиқмайди, эшак минмайди, катта сувда чўмилмайди, олов ўйнамайди, кашкашак (рогатка) билан бир-бирига тош отмайди, ёқалашмайди, телбаларча мусобақалашмайди, арининг ё илоннинг инига чўп тиқмайди, ўзининг ўз жинсига муносиб эканини исботлашга ҳаракат қилмайди. Санайверсангиз, адоғига етиш қийин. Хуллас, ўғил болалар охири фожиа билан тугаши мумкин бўлган ҳар хил хавф-хатарлар қуршовида улғаяди. Табиат эса соннинг кўплиги билан улар орасидаги ўша йўқотишлар ўрнини қоплайди ва популяция (кўпайиш)даги барқарор мувозанатни сақлаб қолади.
Ҳар ҳолда, илм одамлари шундай
фаразни илгари суради.
Табиий эҳтимоллик 50х50 бўлишига қарамай, кузатувлар шундай фаразга асос бўлмоқда. Кўплаб мамлакатларда янги туғилаётган чақалоқлар сони текширилганда, барқарор нисбат юзага чиқди – 100 та қиз болага 105-106 та ўғил бола. Биологлар буни табиий ҳолат сифатида қабул қилишга тўғри келишини айтмоқда.
Энди табиийликдан сунъийликка ўтсак. Туғилажак фарзанднинг жинсини ҳомиладорликни қўпол тарзда тўхтатиш орқали «танлаш» ё «тўғрилаш» – бугун янгилик эмас. Ҳам маънан, ҳам ахлоқан ўта хунук бу ваҳшиёна амал табиий демографик жараённи издан чиқарибгина қолмай, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни юзага келтириши ҳам афсуски исботланган ҳақиқат.
Ахир, аслида жинсидан қатъи назар, ҳар бир инсон тенг ҳуқуқли эмасми, яшашга муносиб эмасми?! Ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш ана шу тенгликка раҳна солади, инсон ҳаётининг қадр-қимматини йўққа чиқаради.
Очиқ айтадиган бўлсак, бу ҳою-ҳавас
йўлидаги қотилликдир!
Ҳомиладорликни фақат она ё бола саломатлигига хавф соладиган омиллар юзага келганда, улардан бири ё икковининг ҳаёти хавф остида қолганда тўхтатиш мумкин. Бунинг учун аниқ тиббий хулоса керак бўлади. Тиббиёт тавсия этмас экан, бу ўз-ўзидан қотилликка айланади. Шу боис айрим мамлакатларда «боланинг жинсини танлаш» қонунчилик томонидан тақиқланган. Лекин айримларидагина, риоя этиш борасида ҳам шу сўзни қўллаш мумкин, шуниси ачинарли.
Инсоний томонини ўйлайдиган бўлсак, жинси танланган боланинг ота-онаси шу билан бахтли бўлиб қолади, деб ўйлайсизми?! Улар ўша ўғлига ҳар бир қараганида, унгача нечта қизини қатл этганини эсламаслиги мумкин эмас. Айниқса, оналар.
Орзу-ҳавас, урф-одатлар, ижтимоий стереотиплар (эскича қарашлар) ва бошқа сабаблар билан шу ишга қўл урганлар бола улғайганидан кейин «сендан кўра ўша қизни дунёга келтирганимиз афзал эди» демаслигига бирор ким кафил бўла олармикан. Бу гапнинг сабаби шуки, «жинси танланган бола» шунга яраша эътибор билан вояга етади – уни туғруқхонадан олиб чиқишдаёқ қимматбаҳо машина чақирилади, кейин «танланган» боғчага олиб борилади, «танланган» мактабга ўқишга берилади ва ҳоказо. Фақат маишат билан ўсиб-унган бундай эрка авлод жонкуярлик, меҳнатсеварлик, масъулият, бағрикенглик, тенглик, ўзгалар фикрига ҳурмат билан қараш каби фазилатлардан нисбатан йироқ бўлади. Яъни, фарзанд жинсини танлаган ота-оналар охир-оқибатда жамиятга ҳаёт синовларига дош бера олмайдиган, эгоист, танбал, ҳеч кимга қайишмайдиган кимсани етиштириб беради.
Масаланинг ижтимоий жиҳати ҳам ўта аянчли. Ўғил болаларнинг оталари қиз фарзанд кўрган тенгқурлари, дўстлари, қўшнилари ва бошқалар олдида ортиқча кеккая бошлайди, уларни ҳар турли гаплар билан изза қилишдан тоймайдиган бўлади. Бундай ҳолат шахслараро адоватни кучайтириш баробарида, бора-бора жинс асосидаги ижтимоий тенгсизлик ва айирмачилик авж олишига олиб бориши мумкин. Оталарнинг оналарга, қизларга муносабатида ўзгаришлар юзага келиши ҳам ҳеч гап эмас.
Маиший томондан қараганда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш жинслараро мувозанатни бузгани учун ўғил болалар (эркаклар) ўртасида носоғлом рақобат кучаяди. Кимлардир мол-давлат, бошқа бировлар куч-қудрат, яна баъзилар обрў воситаси билан қизлар учун курашади. Бу эса, жамиятда зўравонлик, тенгсизлик, адолатсизлик, жиноятчилик авж олишига олиб боради.
Фарзанд жинсига эскича қараш аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва ролини кескин равишда аҳамиятсиз қилиб қўяди. «Бировнинг хасми», «ўқиб нима ҳам бўларди», «барибир эрта бир кун бошқа уйга кетади» каби ёндашувлар қизларнинг фаолият доирасини, ҳаётий маконларини (борар жойларини) чеклаб қўяверса, қолоқликда вояга етган бу қизлар эртага қандай она бўлади?!
Амир Темурни ҳам, Имом Бухорийни ҳам она дунёга келтирган. Имом Бухорий ҳақидаги фикрни давом эттирадиган бўлсак, болалигида отаси оламдан ўтиб кетгани учун уни онаси тарбиялаган. Кўзи ожиз бўлиб қолганида, ўша онанинг дуои зори билан шифо топиб, яна ёруғ дунёни кўра бошлаган.
Оналари маърифатли, зиёли бўлмаганда, бундай аждодлар қаёқда эди...
Аслида жинсидан қатъи назар, ҳар қандай фарзанд – ҳеч кимга ўхшамайдиган алоҳида катта бир дунё. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, ҳар бири меҳр ва парваришга лойиқ. Шунчаки кўнгил учун уларнинг бирига ҳаёт бағишлаб, иккинчисини бундан маҳрум қилиш бориб турган ваҳшийликдир.
Айтишларича, жоҳилият даврида араблар янги туғилган қизалоқларни тириклайин кўмишгача борган экан. Ўғил бўлса туғиб, қизни аборт қилдириб ташлаш ҳам бундан кам ваҳшийлик эмас. Одамларнинг гапи, кўнгилнинг майли каби омиллар она қорнида етилаётган, ҳали ҳеч нарсани англамайдиган, энг муҳими, мутлақо бегуноҳ бўлган гўдакни қатл этишни оқламайди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида миллионлаб яҳудийлар фақат яҳудий бўлгани учун қатл этилган. Бугун қизларни фақат қиз бўлгани учун ҳаётдан маҳрум этиш ўша фашистликдан ҳам тубанроқ ва разолатлироқ аслида.
Учинчи Ренессансни бино этмоқни мақсад қилган Ўзбекистонда, шукрки, кўрсаткичлар меъёр доирасида. Юртимизда аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий фаоллиги ошиб боряпти. Телерадио, матбуот, ижтимоий тармоқларда бизнес одамлари, турли соҳадаги раҳбар кадрлар, депутатлар, ҳокимлар орасида аёлларни кўп учратиш мумкин. Аммо бу ҳолат бизни алдамчи хотиржамликка солиб қўймаслиги керак. Гендер тенгликка мисоллар кўраётганимиз ўша манбаларнинг ўзида ўғил туғмагани учунгина айбдор бўлаётган аёлларга ҳам кўзимиз тушиб туради. Начора, бундай эрларга ҳам юқоридаги гапни уқтириш керак: «Барча буюк инсонларни, умуман, ҳаммани, шу жумладан сени ҳам, сени шундай ўйлашга мажбур қилаётган муҳит одамларини ҳам она дунёга келтирган. Бугун ор қилаётган қизинг эртага қандай етук ишбилармон, спортчи, олима ё сиёсатчи, нодир иқтидор ва истеъдод эгасининг онаси бўлиши мумкин – шу ҳақда ҳам ўйлаб кўр!»
Шу ўринда жаҳонда вазият қандай эканига озгина эътибор берсак. Жинс танловчи ота-оналар асосан Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея ва Вьетнам каби Осиё мамлакатларида кўпроқ тарқалган.
Хитойда анча вақт давомида «бир оила – битта фарзанд» сиёсати ҳукм сургани учун «бир қиз билан ўтиб кетиш»ни хоҳламайдиганлар бўлган. Уларнинг баҳонаси – меросхўр, насл давомчиси, кексайганда қараб турадиган ўғил керак. Ҳиндистонда фарзандлар сонига чеклов бўлмаса-да, эскича қарашлар асосида фикр юритадиганлар – қиз кўришни истамайдиганлар кўп. Бошқа давлатларда ҳам асосан стереотип, орзу-ҳавас, урф-одатлар, «ижтимоий» фикр ва бошқа омиллар сабаб қилиб кўрсатилади. Уларнинг барчасида ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш, баъзиларида ҳатто ультра товушли ташхис қонун билан тақиқланган ва вазият ижобий томонга ўзгариб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам селектив аборт қонунан ман қилинган. Баъзан бундай ҳодисалар юз бериб туриши эса, яна ўша «маданий ва ижтимоий меъёрлар» билан изоҳланади. Биз ҳам аҳён-аҳёнда насл давомчиси, кексалар боқувчиси, «молиявий қўрғон» ҳақида ўйлаб қоламиз. Ваҳоланки, худди шу вазифани айрим ҳолатларда куёвлар кўпроқ дўндириб бажаришига негадир кўз юмамиз. Эркаклар, ўзимиздан қиёс – қуда томонда бирор тадбир бўлса, қайнота-қайнона нимадир илтимос қилса, елиб-югуриб хизмат қиламиз.
Насл давомчиси ҳақида ўйлаймиз, лекин илм-фан қизнинг фарзандлари айрим ирсий жиҳатлар бўйича ўғилнинг болаларидан кўра кўпроқ «бизга тортиши»ни исботлаб қўйганини эсламаймиз. Умуман олганда, насл ҳақида қайғуриш, беозор айтадиган бўлсак, нокамтарликдир. Буни ҳар бир одам ўйлаб кўрса яхши бўларди.
Мутахассислар муаммога қарши курашиш учун гендер тенгликни ривожлантириш бўйича таълим кампанияларини ташкил этиш, аёллар учун ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яхшилаш, жумладан, ўқиш, ишлаш ва «ўсиш» учун тенг имкониятлар яратиш, селектив абортга оид қонуний меъёрларни такомилаштириш, яъни уни «айланиб ўтиш»нинг олдини олиш каби чораларни таклиф этмоқда.
Ўзбекистонда бу борада вазият хавотирли даражада эмас, албатта. Лекин шундай бўлса-да, бизда ҳам юқоридаги чораларни беэътибор қолдирмаслик зарур. Шу билан бирга, маърифатни кенгроқ ёйиш, ёшларнинг дунёқараши ва ҳаётга муносабатини такомиллаштириш, қадриятларга ҳурматини ошириш келгусида ушбу муаммо буткул барҳам топишига хизмат қилган бўлар эди.
Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими