Бугун сув тақчиллиги дунёда глобал муаммога айланиб бормоқда. Соҳага сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишдаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурcларидан янада самарали фойдаланиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Айниқса, Қашқадарё учун ичимлик сув ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётгани бу заминда яшаётган ҳар бир инсон яхши билади.
Яқинда Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар доирасида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш борасида Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан ўтказилган жамоатчилик эшитуви ҳам кўпчиликнинг айни дилидаги гап бўлди.
Жамоатчилик эшитувида Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Аму Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қувонч Чўлиев ҳисобот берди.
Жорий йилдаги ёз ҳам Қашқадарё учун катта синов бўлди. Қиш-баҳор ойларида ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёзнинг ўта иссиқ келиши сув ресурслари ҳар йилгидан 25-30 фоизга танқис бўлишига олиб келди. Таъкидлаш жоиз, вилоятга кириб келаётган сувнинг 75 фоизи Амударёдан Қарши магистрал каналидаги 7 кўтармали насос станциялар каскади орқали, 5 фоизи Зарафшон дарёсидан ва қолган 20 фоизи Қашқадарё дарёси ва ирмоқларидан таъминланади.
Вилоятда 14 та (сув йиғиш ҳажми 2123 млн.м3 бўлган) сув омбори, 1386 та суғориш, мелиоратив қудуқ, 69 та насос станция, 2469 км магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 20,4 минг.км кластер, фермер хўжаликлар ҳисобидаги ички каналлар мавжуд. Биргина Амударёдан олинаётган сув 7 та улкан насос станцияси орқали 79 км узунликда 157 метр баландликка кўтарилиб, Қарши ва Миришкор магистрал каналларига ташланади ва вилоятнинг 7 та туманидаги 327 минг гектар майдони суғоришга сув етказиб беради. Бунинг учун электр энергиянинг ўзига бир йилда қарийб 2,5 трлн.сўм маблағ сарфланади.
Вилоятда олинадиган сувнинг 80 фоизи насослар орқали бўлиб, Амударё ҳавзасидан олинадиган 1 метр куб сувнинг далагача етказиб бериш таннархи республикада энг қиммат – 481 сўмни ташкил этмоқда.
Жорий йилда суғориш ишлари учун 4,3 млрд.м3 сув лимити ажратилган. Ҳозиргача (январь-октябрь) сув манбаларидан 3,8 млрд.м3 сув лимити ажратилган ва амалда 3,7 млрд.м3 сув олинган, 145 млн.м3 сув тежалишига эришилган.
Жами 20 минг 883 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан 5 минг 357 гектар томчилатиб, 1048 гектар ёмғирлатиб, 600 гектарга дискрет суғориш технологиялари жорий этилган ва 13 минг 879 гектар майдон лазерли ускуналар ёрдамида текисланган.
Сув билан таъминлаш борасида эътибор қаратиш лозим бўлган вазифалар ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, қурилганидан буён (1974 йил) реконструкция қилинмаган Қамаши ва Ғузор туманларини 25 минг гектар майдонига хизмат қилувчи 54 км узунликдаги «Пахтаобод» каналини модернизация қилиш, сув йўқотиши юқори бўлган Косон, Ғузор, Қарши, Миришкор, Касби, Чироқчи, Яккабоғ, Китоб, Кўкдала туманларидаги 26 та магистрал, хўжаликлараро 316,6 км каналларни бетонлаштириш, Китоб туманида 16,8 млн.м3 сув йиғиш ҳажмига эга «Аёқчи» сел сув омбори қуриш зарур. Бунинг натижасида вилоятдаги 217 минг гектар (42 фоиз) майдон сув таъминоти яхшиланади.
Сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ўрганиб чиқилди. Жумладан, вилоятда 417 минг гектардан иборат суғориладиган ерлар мавжуд бўлиб, 2023 йилда 26,1 минг гектар сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда 12,4 минг гектарда лазерли текислаш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Бугунги кунда 11,4 минг гектар майдонда қурилиш ишлари бошланган, 6,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технология жорий этилган.
Мисол учун, Касби туманининг «Ғалаба» ҳудудидаги «Эргаш бобо Бекбудов» фермер хўжалигида 2021 йилда анъанавий суғоришда ҳосилдорлик 30-35 центнерни ташкил этган бўлса, 22 гектар ғўза майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши натижасида 2022 йилда ҳосилдорлик 50 центнерни ташкил этган. Касби туманида эса барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасида вилоятда ҳал этилиши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Хусусан, сув тежовчи технологияларни жорий этишда молиялаштириш муддатлари ўз навбатида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жорий йил учун сувни тежайдиган технологияларга субсидия ажратиш масаласи ўша йилнинг февраль-март ойларида ҳал этилиши натижасида сув тежовчи технологияларни жорий этишда кечикишларга олиб келмоқда. Ҳар йилнинг октябрь-ноябрь ойларигача келгуси йил учун сувни тежайдиган технологияларга субсидия ажратиш масалаласини қайта кўриб чиқишга эҳтиёж келиб чиқмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун субсидия маблағларини уч йилга бўлиб тўлаб берилиши белгиланган. Агар жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ёки унинг асосий қисмларидан суғориш мавсумида фойдаланилмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидияни қайтариш кўза тутилган. Бироқ, айнан бир ҳудудга кетма-кет бир хил экин турларини экилиши ҳосилдорликнинг қисқаришига олиб келади.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ишлари билан шуғулланувчи қурувчи-пудрат ташкилотларининг жавобгарлиги қонунчиликда белгилаб қўйилмаганлиги, уларга маблағлар бирйўла тўлаб берилаётгани натижасида сувни тежайдиган суғориш технологияларининг тезда ишдан чиқишига олиб келмоқда. Сув тежовчи технологияларни жорий қилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг фақатгина молиявий ҳолати инобатга олинмоқда. Танловларда мавжуд инфратузилма инобатга олинмаслиги эса суғориш мавсумида электр энергия ҳамда сув таъминотида узилишларга сабаб бўлаётир.
Шунингдек, мазкур технологиялар жорий этилган субъектлардаги ишчи-ходимлар, фермерлар билим ва кўникмалари етарли эмас. Бу замонавий жиҳоз ва ускуналарнинг муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келмоқда. Шунингдек, мазкур технологиялар лойиҳаларни ишлаб чиқувчи дастурчиларга эҳтиёж юқорилигича қоляпти.
Жамоатчилик эшитувида Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, йиғилиш қатнашчилари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, партия гуруҳи аъзоси, вилоят Кенгаши депутати Шадияр Хўжаназаров сўзга чиқиб, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш мавжуд тақчиллик олдини олишга етарлича имконият яратмаётгани, ерга илмий нуқтаи назар билан ёндашиб, алмашлаб экишни тўғри йўлга қўйиш, лазер ёрдамида ерни текислигини таъминлаш зарурлигини қайд этди. Тупроқ донадорлигини ошириш орқали суғорилган ерларда намликни узоқроқ сақлашга эришиш мумкин. Қишлоқ хўжалиги техникаларининг ишлатилиши, алмашлаб экиш тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида ернинг зичлиги ортиб, намликни узоқ сақлай олмаслигига ва сувни ортиқча исроф бўлишига олиб келмоқда. Бундан ташқари (сизот) зовур сувларидан тўғри фойдаланишга эътибор қаратиш лозим.
Билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ таклиф ва тавсиялари асосида Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Носир ҲАЛИМОВ,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят
Кенгашидаги депутатлик
гуруҳи раҳбари