Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«Емаган сомсангизга пул тўлаб қўйинг...» ёхуд «Тоза ҳудуд» УКнинг жойлардаги бўлимлари фаолиятидан кўпчилик нега норози?

– Яқинда бир йиллик қарзингиз ярим миллион бўлибди, тўламасангиз, МИБга ўтказамиз, деб «Тоза ҳудуд» УК Боғот тумани бўлимидан вакиллар келишибди. Ҳайрон бўлдим. Ким, қачон эшигим олдидан чиқинди олиб кетган экан? Ҳатто чиқинди олиб кетиш йўлга қўйилгани ҳақида бирор бир масъуллар огоҳлантиришмаган ҳам. Индамай юриб, бирданига 500 минг сўм қарзингиз бор, деб келишса, кимга алам қилмайди?! – дейди куюниб биз билан суҳбатда фуқаро С.Улуғов.

«Емаган сомсангизга пул тўлаб қўйинг...» ёхуд «Тоза ҳудуд» УКнинг жойлардаги бўлимлари фаолиятидан кўпчилик нега норози?

 

Чиқиндиларни ўз вақтида ташиш атроф муҳит тозалигининг бош гарови саналади. Аҳоли гавжум ҳудудларда маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш узоқ йиллар катта муаммо бўлиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелда «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, бу борада катта ўзгаришлар кўзга ташлана борди. Биринчи навбатда кўпқаватли уйларнинг бошқарув ширкатлари учун катта муаммо бўлган чиқиндиларни ўз вақтида ташиш масаласи ҳал қилинди. Негаки, кўпгина ширкатлар ҳудудидан ўз вақтида ахлат ва чиқиндиларни ташишга шалтоқ арава ҳам тополмасдан овора бўлишарди.

Қабул қилингани айни муддао бўлган мазкур ҳужжат талабларига мувофиқ Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги) қошида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси ташкил қилинди ва барча шаҳар ва туманларда унинг бўлимлари фаолиятини бошлади. Яп-янги махсус техникалар ғизиллаб чиқинди ташиб турганини кўрган одамлар бундан албатта хурсанд бўлишди. Атроф тоза, ҳаво мусаффо бўлганига нима етсин...

Шаҳар ва туман марказларидаги катта ўзгаришлар бирданига олис қишлоқ ва маҳаллаларга ҳам етиб борди. Эндиликда бу ерларда ҳам чиқинди ташиш йўлга қўйила бошлади. Бироқ марказдан олис қишлоқ ва маҳаллаларда чиқинди ташиш ишлари вақт ўтиб бора-бора сусайиб қолди. Баъзи маҳаллаларга «Тоза ҳудуд» техникалари ойда бир ёки икки мартагина чиқинди олиб кетиш учун номигагина борар, одамлар эса бундан норози бўлар эди. Гарчи шундай бўлса-да, абонент тўловига «чўт қоқилиб» турилаверди.

Бу борадаги энг катта хато шу бўлдики, қишлоқ жойларда «Тоза ҳудуд» фаолиятига тегишли Президент қарори, янги унитар корхонаси вазифалари ҳақида ҳеч қандай тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмасдан дарҳол абонент тўлови ҳисоб-китоб қилинадиган бўлди. Шаҳар ва туманлар марказларида азалдан ахлат учун ширкатларга ҳар бир хонадон одам боши ҳисобига пул тўлаб келишади. Қишлоқларда эса аксинча.

Жойларда «Тоза ҳудуд» унитар корхонаси бўлимлари очилгандан сўнг, орадан бир-икки йил ўтиб одамларга қарздорликни ундириш бўйича хабарномалар кела бошлагач, улар ҳайрон бўлиб қолишди. Нима учун? Қайси хизмат учун?

– Яқинда бир йиллик қарзингиз ярим миллион бўлибди, тўламасангиз, МИБга ўтказамиз, деб «Тоза ҳудуд» УК Боғот тумани бўлимидан вакиллар келишибди. Ҳайрон бўлдим. Ким, қачон эшигим олдидан чиқинди олиб кетган экан? Ҳатто чиқинди олиб кетиш йўлга қўйилгани ҳақида бирор бир масъуллар огоҳлантиришмаган ҳам. Индамай юриб, бирданига 500 минг сўм қарзингиз бор, деб келишса, кимга алам қилмайди?! – дейди куюниб биз билан суҳбатда фуқаро С.Улуғов.

Дарҳақиқат, юқорида номи келтирилган ҳужжатда аҳолининг кенг қатламлари орасида фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини ошириш бўйича тарғибот ишларини кенг қамровли равишда олиб бориш ҳам қайд этилган. Афсуски, қишлоқ жойларда бу борадаги ишларга панжа орасидан қаралгани оқибатида кўпсонли аҳоли муҳим янгилик ва ўзгаришлардан хабарсиз қолиб кетди.

 

Натижада улар йил охирига бориб ўзига нисбатан абонент тўлови ҳисоб-китоб қилиниб, гарданига неча юз минг сўмлаб қарздорлик юклаб қўйилганидан сўнг «Тоза ҳудуд» ҳақида тасаввурга эга бўла бошлади.

 

Бироқ қишлоқда яшовчиларнинг кўпчилиги қарздорлик қайси хизмат эвазига ҳисоб-китоб қилингани борасида ўйлаб ўйига етолмасди. Ахир, эшиги олдидан бирон марта чиқинди олиб кетишмаган бўлишса...

– Одатда қишлоқда яшовчи хонадонларда «чиқинди айланмаси» деган ёзилмаган бир қонуният мавжуд. Бунда чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб бораверади. Масалан, қаттиқ маиший чиқиндилар ўчоқ ва тандирга ёқилади. Кул эса молхона ёки товуқхоналарга қум ўрнида ташланади. Натижада кул туфайли кана, қурт каби зарарли ҳашаротлар кўпайишининг олди олинади. Молларнинг гўнги эса ўғит сифатида томорқага ташланади. Қарабсизки, чиқинди ўзи-ўзидан йўқ бўлиб бораверади. Темир-терсак, шишаларни эса кунда-кунора қайта ишловчилар сотиб олиб кетишади, – дейди Боғот туманида яшовчи фуқаро П.Бахтиёров.

 

Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги «Тоза ҳудуд» УК бўлимлари фаолиятидан норозилигини билдиришади. Улар чиқинди ташувчи машиналар ойда бир-икки мартагина келиши ва унда ҳам фақат саноқли хонадонлардан чиқиндиларни ташиб кетишини айтишади.

 

Ҳақиқатан ҳам, кўчалар бўйлаб юраркансиз, айрим уйлар атрофидаги чиқиндиларни туни билан дайди итлар титгач, атрофга сочилиб ётганига кўзингиз тушади. Одамлар уларнинг олиб кетилишидан умидвор бўлиб кўчага тўплаб қўйишади. Аммо умидлар саробга айланаверади.

Тўловларни ундириш жараёнида катта жанжал ва тушунмовчиликлар юзага келаётгани ҳам яшириб бўлмайдиган ҳолат. Одамлар ахлат ташувчи машинага бирон марта ҳам чиқинди бериб юбормагани ва «Тоза ҳудуд» УК бўлимлари билан шартнома тузмаганини иддао қилишади. Тўлов ундирувчи масъуллар эса, шартнома маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан жамоавий тарзда тузилганини таъкидлашади. Ҳақиқатан, юқорида номи зикр қилинган қарор талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган Низом ва бошқа тегишли ҳужжатларда жамоавий шартномалар тузиш белгилаб қўйилган. Бироқ маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари 5-10 минг нафар аҳоли номидан якка ўзи «Тоза ҳудуд» УК бўлимлари билан шартнома тузишдан олдин улар билан умумий йиғилиш ўтказиб, фикр ва таклифларини ўрганиши лозим эмасми?! Афсуски, фуқаролар йиғини раисларининг ҳеч қандай кенгаш ва маслаҳатларсиз жамоавий шартномалар тузишида яккаҳокимликнинг оддий бир кўриниши акс этмоқда.

Хўш, аслида ҳам қишлоқ жойларида «Тоза ҳудуд» УК бўлимлари чиқинди ташишига эҳтиёж борми? Ёки бу қилинмаган хизматлар учун абонент тўловлари ундириш орқали кимларнингдир қозонини қайнатиш чорасими? Бу ҳақда, албатта, жиддий ўйлаб кўриш вақти келди.

Бизнингча, қишлоқ жойларда чиқинди ташишнинг мутлақо муқобил шаклини жорий қилиш зарур. Ҳар бир маҳалла бир-иккита фермер хўжалигига биркитилиб, чиқиндиларни ташиш, қайта ишлаш йўлга қўйилса, нур устига нур бўлармиди?!

Пойтахтда ишлаб чиқилган янги лойи­ҳалар олис қишлоқ ва овулларга қандай тадбиқ этилиши ҳақида ҳам бош қотириш лозим. Қишлоқлардаги хонадонлардан чиқадиган чиқинди турлари ҳам шаҳардагидан кескин фарқ қилади. Дарвоқе, Президент қарорида қайд этилганидек, чиқинди ташиш ва уни қайта ишлашнинг муқобил турларини ҳам шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Таассуфки, жойларда бунга мутлақо эътибор берилмасдан келиняпти. Ҳамма жойда мутасаддиларнинг билгани, йўлга қўйгани – «Тоза ҳудуд» УК бўлимлари.

Рақобат бор жойда ривожланиш ва юксалиш бўлиши кўп бора таъкидланади. Чиқинди ташиш ва қайта ишлаш борасида фермер хўжаликларидан муқобил тарзда фойдаланиш – урчиб бораётган муаммоларни бартараф этиши шубҳасиз.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔8

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔38

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар