Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Сув тақчиллиги умумбашарий экологик муаммога айланмоқда

Кишини ҳушёрликка чорлайдиган жиҳат шундаки, 2030 йилга бориб, деҳқончилик мавсумида сув танқислиги 7 миллиард метр куб, 2050 йилга қадар эса 13-15 миллиард метр кубга етиш эҳтимоли юқори.

Сув тақчиллиги умумбашарий экологик муаммога айланмоқда

 

Халқаро экспертлар «Агар учинчи жаҳон уруши юз бергудек бўлса ҳам, у сув ортидан келиб чиқиши мумкин», деган фаразни мулоҳаза учун ўртага ташлашади. Бу гап қанчалик муболағали бўлмасин, унинг замирида битта ҳаёт ҳақиқати бор. У ҳам бўлса, сайёрамизда сув ресурсларининг тобора камайиб бораётганидир.

Дарҳақиқат, жаҳонда кузатилаётган сув танқислиги аллақачон умумбашарий экологик муаммолардан бирига айланган. Иқлим ўзгариши, глобал исиш оқибатида сувга талаб ошгани сайин ушбу неъмат манбалари тобора камайиб бораётгани масаланинг нечоғли долзарб тус олганини кўрсатиб турибди. Афсуски, бунинг салбий оқибатлари обиҳаёт ресурслари чекланган Ўзбекистонда ҳам яққол сезилмоқда. Бу эса, ушбу бебаҳо неъматдан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланишни тақазо қилаётир.

 

«Етакчи»лар сафида

Табиий савол туғилади: сув хўжалигидаги реал вазият шунчалик равшан экан, амалда тежамкорликка қанчалик эриша оляпмиз?

Саволни бундай кескин қўйишимизнинг боиси бор, албатта. Гап шундаки, Жаҳон ресурслари институти томонидан 2020 йили эълон қилинган сув тақчиллигидан азият чекаётган давлатлар рейтингида Ўзбекис­тон 164 мамлакат орасида 25-ўринни эгаллаб, мамлакатда сув тақчиллиги юқори, деб баҳоланганди. Бу каби рейтингларда етакчилар сафида бўлиш ҳеч кимни хурсанд қилмайди. Аксинча, эртасига бефарқ бўлмаганларни янада кўпроқ ташвишга солади. Аммо, тан олиш керакки, Жаҳон ресурслари институти тадқиқотлари осмондан олинмаган. Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда сув кам бўлган йиллар тез-тез такрорланмоқда. Агар 2000 йилга қадар ҳар 6-8 йилда сув тақчиллиги кузатилган бўлса, охирги вақтларда бу ҳолат ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Бунинг таъсирида 2018 йилда Ўзбекистон бўйича умумий сув танқислиги 3 миллиард метр кубни ташкил этди.

Кишини ҳушёрликка чорлайдиган жиҳат шундаки, 2030 йилга бориб, деҳқончилик мавсумида сув танқислиги 7 миллиард метр куб, 2050 йилга қадар эса 13-15 миллиард метр кубга етиш эҳтимоли юқори. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёрлари 2030 йилга бориб 5 фоиз, 2050 йилда 7-10 фоиз ошиши тахмин қилинмоқда. Буларнинг ҳаммаси олдимизга сув ресурсларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, ундан фойдаланишда тежамкор технологияларни жадал қўллаш, суғоришда интенсив усулларни татбиқ қилиш, энг муҳими, ерларнинг деградацияга учраши ва чўлланишининг олдини олиш каби муҳим вазифаларни қўймоқда. Иқлимнинг кескин ўзгариши сабабли Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Айтиш жоизки, шу каби экологик омиллар туфайли Ўзбекистоннинг янги агросиё­сатида сув сарфига бўлган ёндашув ҳам, талаб ҳам ўзгарди. Эндиликда бир метр куб сувдан қанча ҳосил олинади, деб эмас, балки шунча сув билан қанча майдонни суғориш, пировардида қанча даромад олиш масаласи кўндаланг қўйилмоқда. Натижада, суғоришда эски усуллардан секин-аста воз кечилиб, унинг тежамкор йўллари қўлланилаётгани ўзининг ижобий натижаларини беряпти. Масалан, сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши прогноз қилинган 2022 йилги мавсумда ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари сақлаб қолиниб, мўлжалдаги ҳосил кўтарилгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

 

Тежамкор технологиялар зарурати

Марказий Осиё минтақасида суғорма деҳқончилик қилинаётган экин майдонларининг энг катта қисми Ўзбекистон улушига тўғри келади. Бугунги кунда мамлакатимизда жами 4,5 миллион гектар ерга қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Бироқ уларни суғоришда қўшни давлатларда шаклланадиган дарё сувларига боғланиб қолинган. Аниқроғи, республикамиз эҳтиёжлари учун Орол денгизи минтақасидаги Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида ҳар йили шаклланадиган сув ресурсларининг муайян қисмигина ишлатилади.

Агар 1990 йиллар бошида мамлакатимизда аҳоли сони 20,3 миллион кишини ташкил этиб, иқтисодиёт тармоқларида йилига ўртача 64 миллиард метр куб сув сарфланган бўлса, бугунги кунда аҳоли жон бошига 36 миллион нафардан ортиб, иқтисодиётимиз тармоқлари учун ишлатилаётган сув ҳажми 51-52 миллиард метр кубни ташкил этмоқда, холос. Яъни, аҳоли сони кўпайгани сари сув ресурслари тобора камаймоқда. Бундан кўринадики, ечим асосан сув тежовчи технологияларда. Амалиётга уларни кенг қўллаш орқалигина минтақада юз бериши муқаррар бўлган сув тақчиллигининг салбий таъсирларни юмшатиш мумкин.

Бироқ БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертлари Ўзбекистонда сув ресурслари тежалмасдан ишлатилаётганини алоҳида қайд этди. Уларнинг наздида, мавжуд захираларга нисбатан 169 (!) фоиз сув сарфланаётган бўлиб, бу бошқа мамлакатлардаги кўрсаткичдан бир неча баробар кўп экан.

Тўғри, ушбу йўналишда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ниҳоятда кўп. Яқин-яқингача энг оғриқли масала – суғориш тармоқларининг қуйи бўғини бўлган экин майдонларида сув сарфи ва ўлчовининг деярли йўқлигида эди.

 

Сув истеъмолчилари занжирининг пастки бўғинида оби ҳаётнинг беҳуда йўқотишларига дуч келардик. У худди асоси кенгайиб борадиган пирамидани эслатарди.

Табиийки, ўлчовсиз нарсанинг иқтисоди ҳам бўлмайди. Шунинг учун кейинги пайт­да қишлоқ хўжалигида тежамкорликка эришишга давлат миқёсида жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугун сувнинг беҳуда оқизиб қўйилганига кўзингиз тушиши амри маҳол. Оби ҳаётнинг ҳар қатраси ҳисобда. Суғоришда эса жаҳон амалиётида ўзини оқлаган эгилувчан қувурлар орқали, эгатларга плёнка тўшаб, ёмғирлатиб, томчилатиб, ер остидан суғориш усулларидан фойдаланиш тобора оммалашиб бораётгани қувонарлидир.

 

Қишлоқ хўжалиги ўзгариши керак

Халқаро экспертлар ҳисоб-китоблари бўйича, Ўзбекистонда чучук сувдан соҳалар бўйича фойдаланиш кўрсаткичлари бутун дунёда қабул қилинган тақсимот меъёрларидан деярли фарқ қилмайди. Унга кўра, сувнинг 70 фоиздан кўпроғи қишлоқ хўжалигида, 15 фоиздан ортиғи саноатда, 10 фоиздан сал кўпроғи маиший турмушда сарфланади. Бошқача айтганда, иқтисодиёт тармоқларида ишлатиладиган сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади. Давлатимиз раҳбарияти томонидан сув тежовчи технологиялар, энг аввало, қишлоқ хўжалигида қўлланилишига алоҳида эътибор бериляпти.

Юртимизда тежамкор технологиялар орасида томчилатиб суғориш усули кенгроқ қўлланилмоқда. Мазкур усул ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Фикримизни пахтачилик мисолида далиллайдиган бўлсак, сув ўсимликка шланглар орқали етказиб берилгани туфайли тупроқ қотмайди. Шу боис ғўза қатор ораларини қайта-қайта культивация қилишга ҳожат қолмайди. Ўғит ҳам сув билан эритиб берилгани боис экинни озиқлантириш учун техника кучига эҳтиёж сезилмайди.

Тажрибали деҳқонлар яхши билишадики, анъанавий усулда ғўза қатор ораларига нам қочмаслиги учун тез-тез сув таралиб, мавсум давомида 8-10 мартагача культивация қилинади. Томчилатиб суғориш жорий этиш орқали  ғўза қатор оралари бир-икки марта юмшатилади. Фақат экиннинг ўзини суғориш ҳисобига сув 20 фоиздан 60 фоизгача тежалади.

Шу билан бирга, уруғлик чигит сарфи гектарига ўртача 40 фоиз, ёнилғи-мойлаш материаллари ҳар гектарига 50-60 литр атрофида иқтисод қилинади. Минерал ўғитлар учун харажатлар йил давомида 30 фоиз, вегетация даврида эса 50 фоизгача камайиб, экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан юқори бўлади. Ғўзанинг биологик пишиб етилиш даври 12-15 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик ортади.

Шундай экан, юртимизда сув сарфини камайтириш ва имкон қадар тежаш мақсадида тежамкор механизмлардан фойдаланишга тўлиқ ўтиш масаласини ҳам жиддий ўйлаб кўриш ва тезлаштириш зарур. Акс ҳолда, сув ресусрларининг тақчиллиги кескинлашиши муқаррар.   

 

Шодмонқул МАЛИКОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

Янгиер шаҳар партия ташкилоти Кенгаши раиси

 

 




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔8

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔38

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар