Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзбекистон – Хитой: «Яшил» Энергетика борасида истиқболли лойиҳалар кутилмоқда

Юртимизда қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришнинг 97 фоизи қуёш энергияси улушига тўғри келади.

Ўзбекистон – Хитой:  «Яшил»  Энергетика  борасида истиқболли  лойиҳалар кутилмоқда

Хусусан, офтобли кунлар йилига ўртача 320 кунни ва фаол қуёш нурлари тушиши давомийлиги 3 000 соатни ташкил этиши боис Ўзбекистонда унинг қуввати йилига 525-760 млрд кВт. соатгача етади. Шамол энергетикасиники эса 500 ГВт.ни ёки амалдаги энерготизимдан 30 баробар кўп бўлган муқобил қурилмаларни жойлаштириш имконини беради.

Мамлакатимиз ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари билан етти иқлимга маълуму машҳур бўлиб келган. Қолаверса, унинг ноёб хусусиятларидан оқилона фойдаланилса, офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари ҳам унинг равнақи учун хизмат қилиши мумкин.

Куни кеча юртимизнинг ана шундай кенг имкониятларидан самарали фойдаланиш, инвестициялар жалб этиш масалаларини муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Сирдарё вилоятидаги замонавий қишлоқ хўжалиги ва яшил энергетикага оид маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхоналарига пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида Хитойнинг дунё миқёсида йирик лойиҳаларни амалга ошираётган бир қатор компаниялари томонидан Ўзбекистонда айнан «яшил» энергетикани жорий этиш истиқболларига бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Хитой Халқ Респуб­ликасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюн, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев, Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ва бошқалар Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигининг изчил ривож­ланиб бораётганини, мамлакатимизда замонавий энерготежамкор лойиҳаларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қамровини кенгайтириш ва бу борада Ўзбекистон салоҳиятидан самарали фойдаланиш хусусида тўхталди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилган пресс-тур фойдали таассуротларга бой бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон — Хитой ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Қолаверса, Ўзбекистон-Хитой шериклигининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинган бўлиб, икки томон ўртасида ўзаро савдо, божхона, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларга тааллуқли ўнлаб ҳужжатлар тўплами имзоланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифида вилоятда барча соҳаларни ривожлантиришда Хитой тажрибасига тая­ниш лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтган эди. Бугунги кунда вилоятда кўплаб Ўзбекис­тон — Хитой қўшма корхоналари самарали фаолият юритиб келмоқда.

– Кейинги йилларда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кундан-кунга фаоллашиб бормоқда. Бу мамлакатларимиз иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон МАҲМУДАЛИЕВ. – Ўзаро манфаатли шерикликнинг истиқболли йўналишлари сифатида автомобилсозлик, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, «яшил энергия», қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳалари белгилаб олинди. Бу эса ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишончимиз комил.

Охирги олти йилда хитойлик инвесторлар билан бирга Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари иш бошлаган.

Вилоятга 2022 йилнинг ўзида 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари жалб қилинган.

– Ўзбекистон бозорида Хитой компаниялари учун қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганидан жудаям мамнунман. Бугун Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг яшил энергетика борасидаги имкониятлари ва бу ерда амалга оширилаётган катта кўламдаги ишлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрдик, – дейди Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюн. – Электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича Хитой жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди. Яйниқса, «яшил» энергия бўйича улкан салоҳиятга эга. Умумий мувозанатда «яшил» энергия гидроэлектростанциялари билан биргаликда 20-22 фоизни ташкил этади. Шамол энергияси бўйича Хитой 2015-2017 йиллардаёқ дунёда биринчи ўринни эгаллаган эди. Хитойда юзлаб йирик гидроэлектростанциялар ва 45 мингдан ортиқ кичик ГЭС мавжуд ва мамлакатда 2030 йилга бориб экологик тоза энергия миқдорини 50 фоизга етказиш режалаштирилган. Айнан шу тажрибаларимиз ва инновацион услубларимизни бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш йўлида ҳамкорлик олиб бормоқдамиз.

Сирдарё вилояти мамлакатимиз иқтисодий ривожида ўзига хос салоҳиятга эга. Вилоятда Ўзбекистон аҳолисининг 2,5 фоизи истиқомат қилади ва унинг ер майдони бутун республика ҳудудининг қарийб 1 фоизини ташкил қилади. Аммо аҳоли сони камлиги ва ҳудудининг кичиклигига қарамай, ушбу вилоят ўзининг географик жойлашуви ва бир қатор хусусиятлари билан мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди.

Сирдарё вилоятида Ўзбекистон электр энергиясининг учдан бир қисми, чарм ва чарм маҳсулотларининг 16 фоизи, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларининг қарийб 9 фоизи ишлаб чиқарилади. Ушбу вилоят полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича республикада биринчи ўринда туради. Бундан ташқари, ушбу вилоятда йирик ва муваффақиятли Ўзбекистон — Хитой қўшма лойиҳаларидан бири амалга оширилган. Сирдарё керамик плиткалари мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида сотилади, улар ҳатто қўшни Қозоғистон ва Тожикис­тон истеъмолчиларига ҳам яхши таниш. Бу Сирдарё вилоятидаги «Peng-Sheng» Ўзбекистон-Хитой қўшма саноат комплексида амалга оширилаётган 30 лойиҳадан биттасидир.

– Ўзбекистон – табиий ресурсларга бой, муқобил табиат манбаларига эга мамлакат. Шундай шароитда «яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун барча қулайликлар мавжуд, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур ҲАМЗАЕВ. – Албатта, бугун дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларидаги каби экологик муаммолар бизда ҳам мавжуд. 2021 йили табиий офат сифатида рўй берган чанг бўрони, яқинда Тошкент шаҳри атроф муҳитининг ифлосланиш даражаси халқаро ўлчовлар бўйича юқори поғонага кўтарилгани барчамизни жиддий мулоҳазага ундайди.

Пойтахтимиздаги ўша салбий ҳолатга нафақат чанг, балки автотранспортлардан чиққан газлар, қурилиш ҳамда турли чиқиндилар ҳам сабаб бўлган. Айни жиҳатларни инобатга олиб, «яшил» иқтисодиётга ўтиш зарурати бўйича давлатимиз раҳбари томонидан аниқ вазифалар белгиланиб, бу борада кўп йиллик лойиҳалар шакллантирилди ва изчиллик билан амалга оширишга киришилди. Бу мақсадда имкониятлари улкан бўлган Сирдарё вилояти танлангани ҳам айни муддаодир. Бундан ташқари айнан яшил энергетика борасида катта тажрибага эга бўлган Хитой давлати билан қилинаётган ҳамкорлик албатта юксак марраларга эришишни таъминлайди.

Тадбир иштирокчилари Сирдарё туманидаги Хитой корхоналари тақдимоти, хусусан, замонавий қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетикага тааллуқли маҳсулотлар ва лойиҳалари билан ҳам танишишди. Шулардан бири Хитойдаги йирик компаниялардан бири – Хитой Жанубий электр тармоқлари компания­сидир. Ушбу компания дунёнинг энг йирик 500 та компаниялари орасида 83-ўринда туради.

– Бизнинг компаниямиз Хитойнинг энг катта электр тармоқлари компанияларидан биридир. Асосий иш фаолияти Хитойнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаш ва шу ҳудуд орқали Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига ҳам электр энергия етказиб беришдир, –  дейди тақдимотда Хитой Жанубий электр тармоқлари компанияси Ўрта Осиё ва Шимолий Африка бўйича бош менежери Мосес Жианг. – Компаниямиз нафақат Хитойда, балки мамлакатдан ташқарида ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекис­тон ҳудуди ҳам бизнинг компания учун энг асосий бозорлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тез орада юртингизда ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Очиқ мулоқотда янги лойиҳаларнинг экология ва атроф муҳит ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари «Peng Sheng» қўшма корхонасига фаолияти билан танишди.

Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекис­тонда Хитой капитали иштирокида 1520 дан ортиқ қўшма корхона ва чет эл компаниялари фаолият юритмоқда.

Сирдарё вилоятида жойлашган «Peng Sheng» Ўзбекистон —Хитой қўшма корхонаси эса Хитой капитали иштирокида амалга оширилган энг муваффақиятли лойиҳалардан биридир.

2009 йилнинг сентябрь ойида «Peng Sheng» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси Сирдарё вилоятида замонавий саноат комплексини қуришни бошлаган эди. Қисқа вақт ичида бу ерда умумий майдони 220 минг квадрат метр бўлган ишлаб чиқариш иншоотлари ва ёрдамчи мажмуалар қурилди. Бундан ташқари, темир йўл линияси, газ тақсимлаш ва электр подстанцияси, оқова сувларни тозалаш тизими, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш маркази, божхона омборлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилди.

Ҳозирги кунда мазкур мажмуада 1500 га яқин киши иш билан таъминлаган 10 та йирик корхона мавжуд. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий турлари – керамик плиталар ва сантехника маҳсулотлари, пойабзал, чарм буюмлар, уяли телефонлар ва турли хил алоқа мосламалари, уй ҳайвонлари учун озуқалар ва кўплаб бошқа турдаги маҳсулотлардир.

Энг қувонарлиси, ушбу йирик қўшма корхона экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ўсимликларни табиий равишда ҳимоя қилиш воситаларини жорий этиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бу эса бугунги экологик вазиятларда муаммони ҳал қилиш учун энг тўғри йўлдир.

Мамлакатимизда ҳар йили аҳоли сони қарийб ярим миллион атрофида кўпайиб бормоқда. Ана шундай шароитда чекланган ер ва сув захираларидан унумли фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш жуда ҳам аҳамиятлидир. Асосий мақсад – «яшил» ўсишни таъминлаш ва бу орқали яқин истиқболда «яшил» технология, «яшил» кимё, «яшил» транспортга ўтишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔5

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔70

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 5    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 70    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 74    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 101    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар