Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Табиатнинг ўзи буюк муаллим

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб ва публицист Ўрозбой Абдураҳмонов билан суҳбат

Табиатнинг ўзи  буюк  муаллим

«Табиат ва инсон тақдирининг туташлигини асло унутмасдан, ўсимлик, ҳайвонот, қушлар оламининг ўзаро муштараклигини ўрганиб, уни сақлашга эьтибор берсак, ақлан расолик бўларди».

– Ўрозбой оға, бундан йигирма беш йиллар муқаддам сизнинг кичик бир қайиқда Орол денгизига сузиб бориб, унинг дардини, оғриқларини ўз кўзингиз билан кўриб қайтганингизни эшитган эдим. Қолаверса, Орол денгизи фожиаси, қорақалпоқ халқи дарди ҳақида жуда кўп ёзгансиз. Айтингчи, бу борада шу пайтгача Сиз айтолмаган ёки айтилмай қолган яна нималар бор?

– Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида чекинаётган Оролни Мўйноқ портида туриб кузатганим ҳеч эсдан чиқмайди. Кўм-кўк денгизнинг зангори осмонида оппоқ укпардек булутлар тўдаси қалқиб турарди. Оппоқ чағалайлар қий-чуви Балиқ консерва комбинатини босарди. Ёнимда уфқ узра тикилган оқсоқол Абдукарим оғанинг кўзларида ёш айланарди. У тўкилмасди, у пайдо бўлиб, аллақайларга учиб ёки сингиб кетарди. Денгиз соҳилида туғилиб ўсган одам учун денгиз хотира эмас, ҳаётнинг ўзи эди. Денгиз шоири Сокин оға Зияуовнинг таъбири билан айтганда, «агар эрталаб мени денгизнинг «чилп-чилп» этиб, соҳилга урилган саслари уйғотмаса, уйғонмаганим яхши». Бу ўша даврдаги ҳар бир мўйноқликнинг қалб хитоби эди…

Оролдан анча олисдаги дарё бўйида туғилиб, овулини дарё дегиш (ўпирилиш)лари билан тошқини ютиб кетган одамга ҳам денгизнинг лаҳза сари ўзгараётган об-ҳавоси, манзараси мунгли туюларкан.

Денгиз аввалги соҳилидан аста-секин чекинди. Унинг чекинаётганини балиқчилардан бошқалар билмади. Айниқса, жононлар оғушида уммонлар соҳилларида ҳордиқ чиқаришни афзал кўрадиган раҳбарларнинг парвойи фалак эди… Улар марказга ёқиш ва кўксига «юлдуз»лар тақиш учун яккаҳокимлик билан пахта ва шоли монополиясига зўр берди. Оқибатда Оролнинг қуриши сўнгги йиллари тезлашиб кетди.

Бир куни қарасак, Мўйноқ портига келган балиқ траулерлари турган жойида жилмай қотиб қолди. Лекин мўйноқликлар денгиздан умидини узмади. Соҳилдаги қумга ботиб қолган кемаларни денгизга чиқариш учун каналлар қазиб, кемаларни денгизга судради. Шу тарзда Мўйноқ портидаги кемалар денгизга интилган каналларда атрофини қум босиб, қолиб кетди.

Оролни бутуниттифоқ ҳордиқ зонасига айлантирамиз, деган шиорлар ҳам тугади, «Зори Арала» болалар лагерлари ёпилди. Раҳбарларнинг соҳилдаги ҳордиқ масканлари ҳам Оролқумда қолди. Бу экологик фожиани кўтаролмаган Балиқ комбинати директори ёш йигит Довулбой ўз жонига қасд қилди.

Биз 1990 йили кузда раҳбарнинг Оролқумда қолган уйида «Гум-гум» номли бадиий фильмини олган эдик. Кейинчалик бу фильм АҚШда ўтказилган бутунжаҳон экология фестивалида олий соврин – «Гран-при»ни олгандан сўнг маҳаллий раҳбарият томонидан аксилсовет тамғаси билан тазйиқ остига олиндик, фильм эса қатағон қилинди. Бу режиссёр Жақсилиқ Давлетовнинг кино соҳасида ишлаган илк ва ягона фильми эди. Фильм­да Орол фожиасининг маънавий асослари бадиий публицистик руҳда ҳаққоний акс эттирилган эди.

– Академик С.П.Толстов шамолсиз кунларда Орол суви тиниб, унинг остида қадимий масканлар қолдиқлари кўриниб туришини, шунингдек, Устюртда кўплаб тарихий масканлар қолдиқлари сақланиб қолгани ҳақида ёзиб қолдирган. Сизнингча, Орол ташлаб кетган ҳудудлар ҳамда Устюртда саёҳликни ривожлантириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, нималарга эътибор қаратиш зарур?

– Биласизми, Эрпўлат, Орол аввалги икки марта қуриганида ҳам денгиз ўлтони (саёзроқ жой)дан ўтган «Туя йўли» маълум эди. Денгиз тинч пайтлари қайиқда сузган пайтлари саёз жойларида Элликқалъадаги сингари эски қўрғонлар кўринар эди, балиқчилар тўрига кўҳна қумғонлар ва бошқа асори-атиқалар илиниб чиқарди. Амударёнинг лойқа оқин суви Судочье кўли орқали денгизнинг мовий сувига аралаша олмасдан Ақтумчўққача оқарди.

Орол одамларнинг табиатга техноген муносабатининг қурбони бўлгани бугун барчага аён. Энди ўтган ишга – саловат, одамлар эса тирикчилигида давом этиши керак. Лекин тирикчилик фақат сув ичиш билан кечмайди-да… Кун кечириш учун инсон ишлаши, меҳнат қилиши лозим. Ўзбекис­тоннинг обрўли раҳбарлари лавозимга сайланганидан сўнг илк қадамларини Оролдан бошлаган эди. Биз Амударёнинг ўнг соҳилидан собиқ иттифоқ сув хўжалиги министри Васильевни, чап соҳилидан гидрометцентр бошлиғи Израэльни Оролга ёрдам берар, деган умид билан депутатликка сайлаган эдик. Улар эса, ёлғон маълумотлари билан социа­листик мусобақа уюштириб, денгизнинг қуришига «ҳисса қўшишди». Эндиликдагина Оролбўйи одамларининг фаровон турмушига амалий ёрдамлар кўрсатила бошлади.

– Қорақалпоғистон ҳайвонот ва қушлар дунёсига жуда бой. Уларни асраш бўйича қилинаётган ишлардан кўнглингиз тўладими?

– Қорақалпоқларнинг «Кўз – алдамчи, тил – ёлғончи» деган ибораси бор. Ёлғон қанча кўп айтилгани билан ростга айланмайди. Аксинча, ёлғончининг рост гапи ҳам ёлғонга айланиши мумкин. Айниқса, телевидение ва матбуотда «Орол обод бўлаяпти», деган иборалар, «Арал умипает красивой смертью» деган тушунчалар интернетда чалкашиб улгурди. Қайси бирига ишонишингизни билмай ҳайронсиз. Бировларнинг «Ер ости сувлардан Орол тўлмоқда» ёки «Қозоғистон томонида балиқчилик тикланмоқда» деган хабарларида жон бор. Қозоғистоннинг сувни асраш тадбирлари орқали Аралск портига жон киргани рост. Лекин у денгизнинг аёз, яъни шимол томони. Биз чуқур Ақтумчўқ харитасига қараб кўнглимизни овутиб ўтирибмиз. Бу ерда вермикулердан бошқа денгиз жонзоти йўқ. У ҳам балиқ озуқаси сифатида ундирилмоқда.

Баъзан Устюртдаги абориген сайғоқлар тўдасини ёки қўриқхоналардан олиб келинган йўрға тувалоқларни кўриб қувонамиз. Қоплонқирдан келтирилган қулонларни кўриб шов-шув қиламиз. Сўнгги пайтлари Судочьега қўнган қизилғозлар ғаққилашидан таскин топамиз. Бу табиатнинг бизга кўрсатаётган ўрнаги, намунаси эканини эсдан чиқарамиз. Зеро, табиатнинг ўзи буюк муаллим. Унинг ўзи одамларга сабоқ бериб туради.

– Одамларда экологик маданият ёхуд табиатга илиқ муносабатни шакллантириш учун нималарга аҳамият қаратиш зарур деб ўйлайсиз.

– Муқаддас китобларда Иброҳим пайғамбар ўртанган оловга сув ташиган чумоли тўғрисида ривоят бор. Халқимиз яхши инсонни «Чумолига озор бермайдиган одам», деб таърифлайди. Инсон болалигидан табиатни эъзозлаб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга ўрганмас экан, нафақат денгиз, кўлларимиз, дарё ва ариқларимизнинг ҳам қадрига ета олмаймиз. «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ», «Оққан дарё оқаверади» деган иборалардаги манфийлик тушунчаларига мусбатлик урғуларини беришимиз шарт. Табиат ва инсон тақдирининг туташлигини асло унутмасдан, ўсимлик, ҳайвонот, қушлар оламининг ўзаро муштараклигини ўрганиб, уни сақлашга эьтибор берсак, ақлан расолик бўларди.

– Кейинги йилларда Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган ишларга қандай баҳо берасиз?

– Менимча, сўнгги пайтлари ҳайвонот дунёсидан кўра инсоннинг фаровонлигига кўпроқ урғу берилмоқда, шекилли. Ахир Оролқум саҳросини ўзлаштириб, у ерда яшаш шароитини қилдик ҳам дейлик, «Энди у ерда ким яшайди?» деган саволга жавоб топа олмадим. Бир қанча шаҳарлар қуриб берилса ҳам одамлар табиат бағрига интилмоқда. Оролқум тажрибаси оламшумул аҳамиятга эга муаммо бўлиб қолаверади, деб ўйлайман. Агар Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Яшил макон» ташаббусини барча бирдай қўллаб-қувватлаб, унга жиддий эътибор қаратса, Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга умид уйғонади.

– Устоз, самимий гурунг учун ташаккур!

Эрпўлат БАХТ суҳбатлашди.

Ўрозбой Абдураҳмонов – 1949 йилда Кегейли туманида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. «Жеткинчик» болалар газетасида, «Амударё» журналида, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасида, «Қорақалпоқфильм» уюшмасида, «Ўзбектелефильм»нинг Қорақалпоғистон бўлимида ишлаган.

Ўрозбой Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Ёшлар мукофоти совриндори (1979), экология соҳасида ЮНЕСКО медали соҳиби (1987), Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2001), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчи (2004) унвонларига сазовор бўлган.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔34

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔86

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔87

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар