Ёши улуғ элдошларимиз билан гурунглашсак, улар болалигида ариқ сувларидан симириб ичиб, катта бўлишганини гапириб қолишади. «Ўсмирлигимизда жамоа хўжалигида ишлаганимизда зоғорани сой сувида бўктириб еб, тушлик қилиб кетаверардик», дейишади нуроний онахон ва отахонларимиз.
Албатта, бу гапларда жон бор. Ярим аср илгари ариқларимизда оқаётган сувлар тоза бўлганига ҳеч шубҳа йўқ. Собиқ иттифоқ даврида пахта яккаҳокимлигининг авж олиши оқибатида сув манбалари ҳам экологик жиҳатдан қаттиқ зарарланди. Теварак-атрофга ҳар хил кимёвий дори воситаларнинг сепилиши, ерга минерал ўғитларнинг ҳаддан ортиқ қўлланилиши натижасида ариқлардаги сув ичиб бўлмайдиган ҳолатга келди. Айниқса, экологик хавфли бўлган ҳудудларда сув омборларининг барпо этилиши халқимиз учун қимматга тушди.
Хоразм воҳаси асосан Амударё орқали сув билан таъминланади. Маълумки, бу дарё дунёдаги энг чучук сув ҳавзаларидан бири саналади.
Ўтган асрнинг 70-йилларига қадар Хоразмнинг табиати жуда кўркам ва жозибали бўлган. Пурвиқор гужумлар, баҳайбат тутлар, адоқсиз қамишзорлари шовуллаб, сон-соноқсиз кўлларида балиқлар сузиб турган. Орол инқирози хавф туғдира бошлаган бир паллада пахта етиштириш мақсадида қўриқ ерларнинг ҳеч қандай чекловларсиз ўзлаштирилиши ҳам экологик фожиаларни келтириб чиқарди. Айниқса, «Туямўйин» сув омборининг барпо қилиниши натижасида жуда қисқа муддат ичида қадимий воҳа табиати жиддий зарар кўрди. Чунки ушбу сув омбори азалдан халқни туз ва оҳак билан таъминлаб келаётган «Султон Санжар» кони ўрнида бунёд қилинган эди.
Маълумки, ер ости сувлари одатда Ер шарининг айланишидан келиб чиққан ҳолда асосан ғарб томонга қараб силжийди. «Туямўйин» сув омбори Хоразм вилоятининг шарқ томонидаги қирликда қурилган. Ишга туширилган давридаёқ минг йиллик туз ва оҳак қатламлари сувда эриши оқибатида воҳа ерлари шўрланиш даражаси катта миқдорда орта бошлади. Чучук сувлар афсонага айланди, гуркираб ўсиб турган баҳайбат гужум дарахтлари бирпасда қуриб, динозавр суякларидек ҳаёт асоратини йўқотди. Айни ёз палласида қанчадан-қанча қуриган гужумлар сап-сариқ тусда олислардан кўзга ташланиб турарди.
Ҳар бир иллатни вақт даволайди, деганларидек, 1990 йилларга келиб, Хоразм вилоятида сувларнинг шўрланиш даражаси маълум даражада камайгандек бўлди. Бунинг бош сабаби – ҳудуддаги каналлар бевосита Амударёнинг ўзидан сув ола бошлагани деб айтилмоқда. Агар қадимий туз кони ўрнида қурилган «Туямўйин»дан доимий сув олинаверганида, билмадик, бу ерларда тупроқнинг шўрланиш даражаси яна қанчалик ортган бўларди?!
Кейинги 20-30 йил ичида Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Ҳазорасп ва Боғот туманларида ер ости сувларининг чучукланиши содир бўлаётгани ўз исботини топмоқда.
Айрим элдошларимиз ўрнатган ер ости қудуқлари сувлари ўзининг чучуклиги, шунингдек, йод ва бошқа фойдали минерал моддаларга бой экани билан севиб истеъмол қилинмоқда. Тупроққалъа туманидаги Питнак қирларида ўрнатилган қудуқ суви ўзининг чучуклиги ва қон босимни пасайтирувчи хусусиятга эгалиги билан анча машҳур. Кўпчилик ушбу қудуқ сувидан истеъмол қилгач, ўт-тош касалликларидан халос бўлганини таъкидлашади.
Ана шундай қудуқлардан учтаси Ҳазорасп туманида бўлиб, унинг сувидан бошқа туманлар аҳолиси ҳам олиб кетиб, истеъмол қилиб келади. Мазкур туманнинг Саноат ва Бўстон қишлоқларида ҳам биттадан чучук сувли қудуқлар аҳолига хизмат қилиб келади.
Бўстон қишлоғининг Қовунчи маҳалласидаги қудуқ суви йод ва бошқа фойдали минералларга билан тўйингани билан эътиборга молик. Ушбу қудуқнинг барпо қилиниши тарихи бор, албатта. Маҳалладошларининг таъкидлашича, шу маҳаллада яшаган Зариф Оллаберганов узоқ йиллардан буён ҳажга боришни ният қилган ва рўйхатга ёзилиб ҳам қўйган экан. Бироқ у оғир касалликка чалингани боис тўшакка михланиб қолади. Зариф ота ҳаж учун йиққан пули эвазига ҳовлиси яқинидаги ташландиқ жойда қудуқ қазиб, одамларга яхшилик қилишни васият қилади. Фарзандлари ота васиятига амал қилган ҳолда у кўрсатган жойда қудуқ бурғулатишади.
– 37 метр чуқурликдан жуда ширин ва экологик тоза сув отилиб чиқди, – дейди узоқ йиллар қишлоқ оқсоқоли бўлиб фаолият юритган Ҳ.Матёқубов. – Ҳозирги кунда бу ердан нафақат ҳазораспликлар, балки Хонқа, Боғот, Янгиариқ туманларидан ҳам келиб сув олиб кетишяпти.
– Санитария-эпидемиология маркази мутахассисларига ушбу қудуқ сувини таҳлил қилдириб кўрдик. Махсус лаборатория текширувидан ўтказилганида унинг йод ионларига тўйингани ҳамда туз миқдори 0-1,5 фоизни ташкил қилиши маълум бўлди. Бу эса, албатта соғлиқ учун кони фойда, – дейди Бўстон қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Фарҳодов.
Дарҳақиқат Оролбўйи минтақаси саналган Хоразмда туз миқдори паст даражали сувни топиш анча мушкул. Бироқ мазкур ҳудуд ерости чучук сув манбаларига бой экани ўз исботини топмоқда. Сал аввалроқ Боғот тумани Қипчоқ қишлоғида яшовчи Машариф Мадримов ҳовлисидаги қудуғидан чиқаётган сув йод билан тўйинган аниқланган эди. Айни пайтда «Машибулоқ» номи билан танилган ушбу қудуқ суви ўт-тош ва жигар касалликларига фойда қилаётгани ҳам таъкидланмоқда.
– Қудуғимиз чуқурлиги 45 метрни ташкил қилади, – дейди биз билан суҳбатда Машариф Мадримов. – Янгиариқ, Хива, Хонқа ва Урганчдан келиб катта бочкаларни тўлдириб сув олиб кетишади. «Учар»лар уни обориб, маҳаллаларида литрини 1000 сўмдан пуллашар экан. Бизнинг олдимизга келиб баъзи тадбиркорлар шу қудуққа эга чиқиб, бойлик орттириш учун уйимизни катта пулга сотиб олишмоқчи ҳам бўлишди. Биз эса бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Чунки биз одамларга сувни сотиш ниятида эмасмиз. Бизга унинг савоби зарур. Биздан текин олиб кетиб сотаётганлар билан эса ишимиз йўқ, Худо ўзларига инсоф берсин.
Таниқли журналист ҳамкасбларимиздан бири Машариф ака ҳовлисидаги қудуқ сувини истеъмол қилиб, жигар касаллигидан халос бўлганини оммавий равишда эълон қилган эди. Сувни меъёрида парҳези билан истеъмол қилган ҳолда ошқозон-ичак касалликларини даволаган элдошларимиз ҳам йўқ эмас экан.
Дарҳақиқат, табиат инсониятнинг асосий ғамхўри саналади. Унга нисбатан адолатли муносабатда бўлинса, албатта у ўз мукофотини беради. Агар табиатга меҳр бериб, унга заррача зиён-заҳмат етказишдан сақлансак, яқин йиллар ичида барча ҳудудларда чучук сув манбалари сони ортиши шубҳасиз.
Эрпўлат БАХТ
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил