Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Юлдуз РАЖАБОВА: ҚИЁФАМ ЎЗБЕКЧА ЭМАС, АММО...

Актрисанинг хаёлчанлиги панд бердими, суҳбат вақтига кечикиброқ келди. Менинг ҳам вақтим зиқ бўлганидан, норозиландим. У эса бироз андиша ва айни пайтда жуда самимийлик билан жавоб берди: «Узр, кечирасиз...» Шунда актриса Юлдуз Ражабова ўз образларига жуда ўхшашини ҳис қилдим. Суҳбатимиз жуда қизиди. Жавоблари санъатдаги қиёфасини яна ҳам тиниқлаштиргандек бўлди.

Юлдуз РАЖАБОВА: ҚИЁФАМ ЎЗБЕКЧА ЭМАС, АММО...

— Санъат сиртдан қараганда жуда жилвали кўринади. Бу оламнинг остонасига келгунча турли хаёллар оғушида бўлади одам. Остонадан ҳатлагач эса, фикрлар ўзгаради. Сизда шу жараён кечдими?

— Санъатга кириб, бу соҳанинг охири йўқлигини билдим. Тобора қизиқишим илдиз отяпти. Назаримда, энди чиқиб кетолмайман. Чунки санъат аллақачон бутун борлиғимни томирлари билан чирмаб ташлаган. Мени санъатга етаклаб келган ҳам борлиғимдаги ана шу қизиқиш бўлса керак.

— Қизиқиш ўз йўлига, бироқ бу борадаги асл мақсадингизни англаб олдингизми?

— Агар шифокорнинг мақсади беморни даволаш бўлса, акт­ёр санъат орқали буни амалга оширади. Аслида санъат кимгадир умид бериш, кимнидир ёмон йўлдан қайтариш, кимнидир яшашга ўргатишга хизмат қилади. Мен эса бу жараёнда фақат хизмат қилувчиман. Аммо санъатда бирон нарсани уддаладим, билдим, дейишга ҳали ҳаққим йўқ. Ҳатто, интервью беришга ўзимни ҳақли ҳисобламайман.

— Аммо беряпсиз...

— Ҳа, чунки йўқ, деб туриб олиш ҳам манманликдан дарак беради-да (кулади).

— Гапларингиздан ниманидир излаётган одамга ўхшайсиз? Хўш, шу излаган нарсангизни санъатдан топ­япсизми?

— Ҳа, секин-секин. Ўткинчи ҳою-ҳаваслардан чекиниб, ҳаётни чуқурроқ англашга ҳаракат қиляпман. Кимнингдир дардини очиб бериш мобайнида ўз муаммоларимни ҳам унута олишни ўргандим. Устозим Турғун Азизов шогирдларига «Инсон бўлиб қол, доимо» деган гапни тинмай такрорлайди. Олдинига бу шунчаки, оддий гапдай эди. Аммо борган сари бунинг туб моҳияти чуқур эканини англаяпман. Бунга ҳам айнан санъат ёрдам беряпти.

— Актриса сифатида ўз қиёфангизни топишда, яратишда сизга ёрдам берган қайси режиссёрни эътироф этасиз?

— Ҳар бир режиссёрнинг ўз йўналиши, ўз услуби бор. Уни бундай, буни ундай дея олмайман. Шу кунгача ишлаган режиссёрларимнинг ҳар биридан маҳоратига қараб ўзимга керакли, ҳали дуч келмаган ҳаёт ҳақиқатларини ўргандим. Масалан, Рустам Саъдиев, Аюб Шаҳобиддинов, Нозим Тўлахўжаев — улар бир-бирига умуман ўхшамайди: ҳаёт моҳиятини турлича тушунишади. Шундан келиб чиқиб, актрисага берадиган топшириғи ҳам турли ракурсда бўлади.

— Билишимизча, ҳозир режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан ишлаётган экансиз. Анчайин қаттиққўл бу ижодкор билан ишлаш қийин эмасми?

— Бу ҳақда, келинг, ҳозирча гапирмай турай.

— Ёшлар орасида оммалашган «оғир»у «енгил» хонандалар клипларида жуда кўп суратга тушяпсиз. Шоу-бизнесга кириб кетмади­нгизми?

— Йўқ. Чунки шоу-бизнес тушунчаси нима эканини билмайман. Менинг профессионал касбим актрисалик ва бу номни ҳеч нарсага алиштирмайман.

— «Ёмғир остида» фильмидаги ролингиз кўп томошабинга маъқул бўлди. Образдаги алам, изтироблар қайсидир маънода томошабинга ҳам юқади. Фильмга суратга тушишдан олдин кинокартинанинг муваффақиятли чиқишига ишонганмидингиз?

— Аввало, фильм сценарийси менга жуда ёққан. Фильмдаги кўтарилган муаммо бугун долзарб мавзуга айланиб улгурди. Чунки айнан ажрашишлар туфайли фарзандлар жабр чекади. Айниқса, қиз болага бу жуда қийин. Фильм муваффақиятли кутиб олинади, деб ўйламаганман, аммо албатта, умид қилганман. Чунки образимдаги қиз ўз қобиғига ўралиб олган, ҳаётдан хафа, келажагига умуман умид қилмайдиган инсон. Қай бир жиҳатлари ўзимга ҳам ўхшайди. Назаримда, шу сабаб ҳам ролни худди ўз ҳаётимни кўрсатиб бераётгандай ўйнадим.

— Худди ролимдагидек қиз эдим, фильмдан кейин ўзгардим, демоқчимисиз?

— Фильмга суратга тушишдан олдин ўзгаргандим (кулади). Аммо фильмда мен ўзимни ўйнадим десам, хато бўлмайди.

— Партнёр танлаш масаласига қандай ёндашасиз? Сиз учун профессионал актёр билан партнёр бўлган маъқулми ёки...

— Ҳар бир ишни ўзининг устаси билан ҳамкорликда ишлаган маъқул аслида. Аммо ҳозир шундай жараён кечяптики, бошқа касб эгалари кинога кириб келиши кузатиляпти. Ҳеч ким уларга «бунга сенинг ҳаққинг йўқ» дея олмайди. Бу унинг истаги ва ҳуқуқи. Ўзимга келсак, мен бу профессионал, бу ҳаваскор деб ўтирмайман. Қайтанга фильмдаги ритмни сақлаш учун яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламан. Доим ўз кучимга ишонаман. Партнёр ким бўлишидан қатъи назар, у ўз ролини ўйнайди, мен эса ўзимникини...

— Демак, ҳар доим ҳам роль танлаб ўтирмайсиз?

— Нега энди, танлайман. Ўз-ўзимни такрорлашни истамайман, ахир! Бирон янги, залворли, юки бор сценарайни ўқисам, дарров рози бўламан. Чунки янгиликлар, дуч келинмаган ҳолатлар янги қирраларимни очишга ёрдам беради. Масалан «Ойқиз эртаги» кинокартинаси мен учун катта янгилик бўлди. Ундаги ҳаракатлар, трюклар ўзимни кашф қилишимда бир кўмак бўлди.

— Актёрда поғонама-поғона ўсиш деган тушунча бор. Актёр ўз устида ишлашдан тўхтадими, мухлисларидан ва ишидан ажралди дегани. Бунда қайси жиҳатларга эътибор берасиз?

— Кўп китоб ўқийман. Ҳужжатли, бадиий фильмлар томоша қиламан. Ҳар куни рақс, гимнастика, аэробика билан шуғулланаман. Одамларни кузатаман. Уларнинг муаммоларига ўзимча ечим излайман. Ўзимни бир зум ҳам бўш қўймайман.

— Санъатда ҳам бошқа соҳалар каби авлодлар алмашинуви кузатилади. Бугун санъатга кириб келган янги авлод актрисалари ичида ўзингизни қайси поғонада, деб ҳисоблайсиз?

— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Рости, қайси поғонадаги актриса эканимни билмайману аммо изланаётган, янгилик яратишга интилаётган, ҳаракатдаги ёш ижодкор деб ҳисоблайман ўзимни. Аслида санъатга тааллуқли бўлиш ё бўлмасликни шу ҳаракатларнинг натижаси белгилаб беради. Умид қиламанки, ҳаракатларимнинг натижаси бўлади, албатта. Аммо бир мухлис сифатида четдан ўзим тенги ёш авлод актрисаларини кузатсам, Зарина Низомиддинова ва Асал Шодиеванинг маҳорати юқорироқ деб биламан. Уларнинг қайсидир жиҳатларига ҳавас ҳам қиламан. 

— Бугунги томошабин қора қош, қора кўз актрисаларга ўрганиб бўлган. Қиёфангиз сабаб қандайдир норозиликларга дуч келганмисиз?

— Албатта, фильмларда ташқи қиёфа муҳим роль ўйнайди. Мени ҳеч қачон оддий ўзбек қишлоқ қизи ролига таклиф қилишмаса керак. Чунки Шуҳрат Аббосовнинг «Дилор, Дилор, дил ва ор» фильмига синов топширганимда, ўтмаганман. Лекин шу ролни ўйнашни жуда истаганман. Аммо айнан қиёфам сабаб мени олишмаган. Санъат олийгоҳида таҳсилим давомида ҳам фақат чет эл драматургларининг саҳна асарларида роль ижро этардим. Аммо ўзим ўзбекча роль ўйнашни, Кумуш ё Раъно образларини яратишни истайман. Афсус...

— Айнан ташқи кўринишим омадсизлигим демоқчимисиз?

— Йўғ-э, жуда унчаликмас (кулади). Чунки дунёда ҳар инсоннинг ўз вазифаси бўлганидек, ҳар битта актрисанинг ҳам бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати бор.

— Айнан сизда бу нималарда намоён бўлади?

— Билмадим. Ташқи қиёфам бўлса керак (кулади).

Энди буни томошабиндан сўраш керак! Балки, ёшим анча улғайгач, бу саволингизга жавоб бера оларман.

— «Эътироф — 2015» тақдирлаш маросимида «Йилнинг энг яхши аёл актрисаси» номинациясида ғолиб бўлдингиз. Бироқ негадир тақдирлашда қатнашмади­нгиз. Бунга нима сабаб бўлди? Айрим оммавий ахборот воситалари буни мухлисларга ва танлов мутасаддиларига ҳурматсизлик дея баҳолашди. Бу ҳақда ўзингиз нима дейсиз?

— Аввало, шу мукофотга мени лойиқ кўришгани учун барчага катта раҳмат дейман. Томошабинлардан ҳам, устозларимдан ҳам, танлов мутасаддиларидан ҳам жуда миннатдорман. Чунки кичкинагина меҳнатимни кутилмаганда юқори баҳолашди. Аммо маросимда қатнашолмаганимни ҳеч қандай ҳурматсизликка йўймасликларини истардим. Чунки ғолиб бўлишимни кутмагандим. Бу ҳақда менга хабар беришганида эса, узоқда — съёмка жараёнида эдим. Йўлга чиққан тақдиримда ҳам етиб келолмасдим. Тақдирлашдан кейин ижтимоий тармоқларда, газеталарда тушуниб-тушунмай мени ҳурматсизликда айблашди. Аммо ўйлаб кўринг, ижодкор учун саҳнада туриб мукофот қабул қилиш энг катта бахт-ку?! Наҳотки, мен шундай лаҳзалардан воз кечсам?! Шароит тақозоси билан бу менга насиб қилмаганидан ўзим ҳам жуда афсусдаман.   

— Билишимизча, пойтахтимиздаги «Китоб олами» дўконига кунора кириб турасиз. Айтинг-чи, олган китобларнинг ҳаммасини ўқийсизми? Ёки шахсий кутубхона учун сотиб оласизми?

— Ҳаммасини ўқийман. Бўш вақтимни асосан мутолаага сарф қиламан. Онам билан муҳокама қилишни яхши кўраман. Охирги ўқиган китобим — «Бобурнома». Аммо тили бирмунча оғирроқлиги сабаб тушунишга қийналдим. Бу китобни ўқишимга бир томондан «Дийдор» студиясида саҳналаштирилаётган «Юлдузли тунлар» пъесаси ҳам сабаб бўлди. Бу спектаклда мен Қутлуғ Нигорхоним ролини ижро этаман. Гарчи қиёфам ўзбекча бўлмаса ҳам, юрагим миллийлик билан лиммо-лим. Назаримда, режиссёр буни кўра олди. Насиб қилса, сиз билан спектакль премьерасида яна учрашамиз.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар