Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Дарсликлар бепул бўлди, халқ ғалаба қозонди...ми?

Янги ўқув йилининг илк куни мактаб дарсликларининг ижара тўлови бир неча баробар ошгани ортидан ота-оналарнинг кескин норозиликлари ва ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалар билан бошланди.

Дарсликлар бепул бўлди,  халқ ғалаба  қозонди...ми?

Кимлардир 100 минг сўмнинг нари-берисидаги сумма арзимас эканини таъкидлаган бўлса, кимлардир узоқ туманларда 2-3 ёки ундан ҳам кўп фарзанди мактаб­га борадиган оилалар учун бу сезиларли харажат бўлишини таъкидлади. Мисол учун, мен ҳам қизимнинг ўқитувчиси юборган рўйхатга қараб ҳайрон бўлдим. Қандай қилиб ўтган йилларда 30-35 минг сўмдан ошмаган ижара нархи бу қадар осмонга чиқиб кетиши мумкин?! Ҳаттоки ўқитувчининг ўзи ҳам бу каби нарх ошиши олдин кузатилмаганини таъкидлади.

Бундан ташқари дарсликларнинг айримлари чоп этиб улгурилмагани, уларнинг биринчи чоракдан кейин тарқатилиши ҳақидаги хабар эса ҳаммасидан ошиб тушди.

Кимлардир «Э шу ҳам гап бўлди-ю, шу китобга 100 минг тўласанг ўлиб қоласанми, ўқиса боланг ўқийди-да» қабилида фикр билдириши ҳам мумкин. Аммо халқимизнинг катта қисми вилоятларда яшашини ва уларнинг турмуш тарзи ҳаминқадаргина эканини ҳисобга олсак, бу фикр унчалар ҳам адолатли эмас. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мактаб таълими бепул эканлиги белгилаб қўйилган бўлса...

 

Нархлар нега бу қадар ўсди?

Дарсликлар ижара нархининг ошиши ортидан келиб чиққан норозиликлар ва шикоятларга Халқ таълими вазирлиги қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошганини сабаб қилиб кўрсатди.

Вазирлик берган маълумотда қайд этилишича, жорий йилда Президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарс­ликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилаётган экан.

«Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш харажатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг кескин ошиб кетиши, табиий­ки дарсликларни чоп этиш учун харажатларнинг ҳам ошишига олиб келди», – дея хабар берди вазирлик мутасаддилари.

ХТВ маълумотларига кўра, ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллари учун бир хил этиб белгиланади.

Ушбу ўқув йилида ўртача бир дона дарс­лик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108 %) ошган. Айнан шу 108 фоиз кўпчилик ижтимоий тармоқ фаоллари, журналисту блогерларда саволларнинг туғилишига сабаб бўлди.

 

Ижара энди доимий бепул бўлади...ми?

Мактаб дарсликларига оид қизғин баҳслар, шикоятлар юқори ташкилотларгача етиб борди ва давлат раҳбарининг тегишли топшириғи билан Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бу масала бўйича танқидий йиғилиш ўтказди. Йиғилишда барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича Президент Администрация­си, Халқ таълими вазирлиги, Таълим инс­пекцияси ва яна бир қатор ташкилотлар масъул вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилгани айтилди.

Кўп ўтмай дарсликлар ижараси жорий йилдан бошлаб бепул бўлиши ҳақидаги хабар жамоатчиликни қувонтирди. Бу халқнинг, жамоатчиликнинг қанчалар катта кучга эга эканлигининг яна бир исботи бўлди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг сўзларига кўра, дарсликлар ижараси Халқ таълими вазирлиги учун ҳам ташвишли бўлган.

«Аслида ижара пули масаласи халқ таълими соҳаси вакиллари, яъни устозлар, кутубхоначилар учун оғриқли эди. Чунки ота-оналардан у пулларни йиғиб олиш, керакли ҳисоб рақамига тушириш анча муаммо бўлиб, кўп меҳнат ва вақт талаб қиларди», – деди вазир ўринбосари.

 

Дарсликларга жами қанча маблағ йўналтирилган?

Бу ҳақида Халқ таълими вазирлигининг АОКАда бўлиб ўтган йиғилишида мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилган.

«Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга кўра, китоб жамғармаси бюджети тасдиқланган. Унга кўра, 2022 йилда китоб чоп этиш учун 1,1 трлн. сўм кўзда тутилган. Шундан 605 млрд. сўм давлат бюджетидан йўналтирилади, қолгани Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қонунчиликка кўра, ушбу Жамғарма маблағлари ижара тушумларидан шаклланиши белгиланган. Жорий йилда 500 млрд. сўм ижара тушумидан қопланиши кўзда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил учун тасдиқланган бюджетга кўра, Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг даромадлари сифатида ижарага берилган дарсликлар бўйича ижара тўловлари 283,4 млрд. сўмни ташкил этиши керак эди.

– Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, аҳолига енгиллик яратишга қаратилган эзгу ғоялари асосида дарсликлар ижараси бепул бўлди. Бу нима дегани? Яъни, бу йил ижара тушумидан шаклланиши – ота-оналар тўлаши керак бўлган 500 млрд. сўмга яқин пул давлат бюджетидан тўлаб берилади», – деди халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев эса: «Дарсликлар ижараси учун айрим мактаб­ларда пул йиғилган бўлиши мумкин. Энди ота-оналар мактабга мурожаат қилиб шу маблағларни қайтариб олишлари мумкин ва керак. Вазирлик биринчидан, дарслик учун ижара пулини йиғмаслик, иккинчидан, агар йиғиб бўлинган бўлса, ота-оналарни хабардор қилиб, қўлларига қайтариб беришни сўраб мурожаат қилиб қолади», дея АОКА йиғилишида таъкидлаб ўтди. Қолаверса, дарсликлар ижараси нафақат жорий йил учун, балки келаси йиллар учун ҳам бепул бўлиши маълум қилинди.

Аммо шу ўринда савол туғилади, нега бу муаммони вазирлик даражасида ҳал қилишнинг имкони бор экан, олдинроқ ҳаракат қилинмади? Дарсликлар ижараси учун тўловнинг бу даражада ошиб кетишига норозиликлар билдирилишини мутасаддилар ўқув йили бошланмасидан олдинроқ наҳотки тахмин қилишмаган бўлса?

 

Елкасидан тоғ ағдарилган халқ

Исроил ТИЛЛАБОЕВ,

Республика таълим маркази директор ўринбосари:

– Тарихда илк бора энг катта тиражда – 60 миллиондан ошиқ дарслик чиқарилган, Буюк Британиядан инглиз тили, Россиядан хорижий давлатлар учун мўлжалланган рус тили, Германиядан худди шундай турдаги немис тили дарсликлари олиб келинган йилда китобларни бепул ижарага бериш тўғрисидаги қарорни кутмаган эдим, рости. Чунки бу ишлар учун миллиардлаб пул сарфланганига гувоҳмиз. Мен ҳеч бўлмаса, ўтган йилги нархда қолдирилса керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, китоблар бутунлай бепул бериладиган бўлди ўқувчиларимизга, халқимизга! Бу қарорни давлат раҳбари халқни чинакамига ўйлашининг яна бир исботи деб биламан.

 

Нафиса ОРТИҚОВА,

ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси:

«Дарсликлар бепуллиги оддий халқнинг, айниқса, ўқитувчининг тантанаси бўлди десам адашмайман. Ижара ишида қийин-қийин ўқитувчига қийин эди, «берса – хўп, бермаса ўз чўнтагингдан ёп» қабилида ҳар гал ўқитувчига зўр келарди.

Баъзан дарслик тўплами тўлиқ бўлмаса-да, пулни бутунлигича йиғишга мажбур, ота-оналардан, раҳбарлардан таъна-маломат эшитадиган ҳам ўқитувчи эди. Хайрият, ўқитувчининг бир оғриқли юки енгиллади!

Энди нима қилиш керак? Текин экан деб китоблар болалар қўлида беқадр бўлмаслигини такрор-такрор назорат қилиш яна биз ўқитувчилар зиммасида. Эртагалик сафланишларда, дарсларимиз дебочасида, бу хушхабарга туртки берган саъй-ҳаракатлар, сўз эркинлигининг кучи ҳақида ўқувчиларга етказиш керак, дарсликлар келаси йиллардаги авлодга ҳам талофатсиз қўлга тегиши зарурлигини обдон сингдириш керак».

Мунаввар ҚАМБАРОВА, уй бекаси:

– Катта ҳовлида қайнона-қайнотам, уч овсин бирга яшаймиз. Менинг учта, овсинларимнинг жами 4 та фарзанди мактабда ўқийди. Ижара нархларини кўриб, юрагимга ташвиш оралади. Етти бола учун ижара нархини бир ҳисобланб кўринг-да. Оиламизда икки киши доимий ишлайди. Мактаб форма, ўқув қуролларининг ҳам нархи бу йил анча ошган. Ўзи зўрға шуларни эплаганимизга хурсанд эдик.

Менимча, биз каби ўртаҳол оилалар учун дарсликлар ижарасининг бекор қилиниши жудаям қувончли бўлди. Елкамиздан бир юк тушгандек бўлди. Ўзим учун эмас, боқувчисини йўқотган, 4 фарзандни мавсумий ишда ишлаб аранг боқаётган, маҳалла ёрдами билан фарзанд­ларига форма қилиб берган муштипар қўшним учун қувондим. Бу хабар мен каби миллонлаб оналарнинг қалбини хурсандчиликка тўлдирди.

Хулоса ўрнида

Бир савол шу юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишини ўйга солаётган бўлса ажаб эмас. Сифатли таълим, тарбияни таъминламасдан туриб, юрт келажаги ҳақида қандай гапириш мумкин? Олий таълим муассаларига кириш имтиҳонларидаги абитуриентларнинг ўтиш баллари ҳам таълим тизимимизга ойна бўлмадими аслида? Шундай экан, йўқ жойдан тўсиқ ўйлаб топиш қанчалик ўринли? Ҳали дарсликлар сифати ва улардаги хатоларга тўхталмадик ҳисоб. Буларнинг бари таҳил қилиб кўришга арзийдиган муаммолар эмасми?..




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔86

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔86

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔180

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар