Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Чиқинди – табиатнинг оғир муаммоси, аммо у даромад манбаига айланмоқда

Чиқиндилар аллақачон дунёнинг глобал экологик муаммоларидан бирига айланиб улгургани ҳеч кимга сир эмас. Ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 миллион тонна пластмасса чиқиндига айланади – бу бутун ер юзи аҳолисининг вазнига тенг.

Чиқинди –  табиатнинг оғир муаммоси,  аммо у даромад  манбаига айланмоқда

Ўша чиқиндиларнинг бешдан камроқ қисми қайта ишланади, чорак қисми ёндирилади ва ярмидан кўпи чиқиндихоналарда қолиб кетмоқда. Йилига ўртача 80 миллион тонна пластик чиқиндилар тегишли қоидаларсиз шунчаки атроф муҳитга ташланади. Мутахассисларнинг фикрича, 2060 йилга келиб атроф муҳитни ифлослантирувчи пластик чиқиндиларнинг йиллик ҳажми 265 миллион тоннагача ўсиши мумкин.

Дунё жамоатчилиги табиат гарданига тушаётган бу оғир юкни енгиллатиш учун бор куч ва салоҳиятни ишга солмоқда. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ва атроф муҳитга зарарини имкон қадар камайтириш – бу борада энг тўғри йўл экани айтиляпти. Мамлакатимизда ҳам аҳолининг турмуш тарзи ва эҳтиёжлари ошиб боргани сайин бу муаммога кўпроқ дуч келяпмиз. Ва яқин йиллар ичида чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш масаласи Ўзбекистонда ҳам кун тартибига чиқди. Айниқса, тадбиркорларни бу йўналишда эркин фаолият юритиши, давлат-хусусий шерикчилик асосида иш бошлашига кенг имкон яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августда қабул қилинган «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳам айнан чиқиндиларни қайта ишлашни тизимли йўлга қў­йишда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Биргина Фарғона вилояти мисолида олсак, ҳудудда аҳолини санитария тозалаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш, қаттиқ ва маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш бўйича дадил ишлар бошланган. Давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида корхоналарни ташкил этишда 42 та талабгор тадбиркорлар аниқланган ҳамда улар томонидан 106 миллиард сўмга тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 181 дона махсус техникаларни сотиб олиш, 1275 нафар янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 3 та лот асосида танловлар эълон қилинган.

Фарғонада чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлашга ихтисос­лашган 9 та кластер ташкил топади ва 11 миллион долларлик инвестиция киритилиши белгиланган. Бу ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларида аҳолига санитар хизмат турини кўрсатиш учун имконият яратиб беради.

янги имкониятлар калити

Айтиш лозимки, вилоят маъмурий марказидан 8 чақирим нарида адирликлар бағридаги Саткак қишлоғи яқинида чиқинди полигони мавжуд. Бу ерга Фарғона ва Марғилон шаҳрида тўпланган чиқиндилар ташиб келиниб, утилизация қилинади. Айни кунларда шу ҳудудда қиймати қарийб 5 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилмоқда. Йиллик қуввати 200 минг тонна чиқиндиларни қайта ишлаш ва саралаш бўйича «Қиргули коммунал сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан давлат-хусусий шерикчилиги асосида Белоруссиянинг «Сифаник Экотехника» ва Туркиянинг «SEMAK Teknokoji Makine Ekipmanlar San.Ticaret A.S» компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирда қурилиш, монтаж ишлари бошланган. Маҳаллий тадбиркорлик субъекти эса туркиялик ҳамда беларуслик инвесторлар билан ҳамкорликда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларни ўрнатишмоқда. Бу биринчи навбатда шиша идишлар, баклажкалар, полиэтелен пакетларни ажратиб олиш, қайта ишлаш имконини беради.

Замона зайли билан кундалик турмушда полиэтелен пакетлар, шиша идишлар, баклажкалардан кўп фойдаланамиз. Аммо уларнинг чириши, ерга сингиб кетишига юз йиллаб вақт керак. Шу боисдан бундай чиқиндиларни ташлаш ўрнига улардан самарали фойдаланиш вақти келди.

Кунига 20 тоннаси қайта ишланмоқда

Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида жойлашган «Санфа Вайбер» масъулияти чекланган жамияти ҳам бир йилда 2 минг тонна пластмасса идишларни қайта ишлаб, улардан синтифон ва спорт тўшамалари, тўқимачилик саноатида кенг қўлланиладиган пластик тасмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Чиқиндиларни қайта ишлаб чиқарувчи мазкур корхонада махсус техникалар бир кунда ўртача 15-20 тонна чиқиндини қайта ишлайди. Бу бир йилда 4500 тонна чиқиндини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириш имконини беради. Энг муҳими, вилоятда ана шундай кўринишдаги корхоналар сонини кўпайтириш, бу орқали маиший чиқиндиларни қайта ишлаш кўламини кенгайтириш мақсад қилинган.

Ҳозирда вилоят бўйича 20 та чиқиндиларни қайта ишловчи корхона мавжуд бўлиб, қоғоз, шиша, чўян маҳсулотлари, автомобилларнинг яроқсиз шиналарини қайта ишлаш тизими йўлга қўйилган. Шу мақсадда чиқиндиларни атроф муҳитга, аҳоли саломатлигига салбий таъсирини пасайтириш, замонавий инновацион ечимларни жорий этиш ва такомилига етказиш мақсадида Кореянинг атроф муҳит саноати ва технологиялар институти билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида қатор учрашувлар, тажриба алмашиш тадбирлари ўтказилиб, чиқиндиларни саралаш бўйича кўникмалар янада мустаҳкамланди.

 

Фотима ЎКТАМОВА,

ЎЭП Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати ходими




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔86

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔86

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔180

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар