Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бизни қуршаб олаётган чиқинди

Бу глобал муаммога бугун ечим топмасак, эртага уддалаб бўлмас хавфга айланиши муқаррар

Бизни қуршаб олаётган  чиқинди

Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар аллақачон глобал аҳамият касб этиб, инсоният олдига жиддий ва тезкор чоралар кўриш талабини қўймоқда. Бир неча йил олдин кечаги озиқ-овқат қолдиқлари, батареялар, сумкалар, пластик ва шиша бутилкалар қаерга тушгани ҳақида деярли ҳеч ким ўйламаган. Биз фақат чиқинди машинаси келиб, контейнерларни бўшатиб, чиқиндини қаергадир олиб кетаётганини кўрардик. Бу табиий, чунки муаммолар кўз ўнгингизда пайдо бўлмагунча, унинг хавфи ва оқибатларини сезмайсиз. Бугун эса, ўша «қаергадир олиб чиқиб кетиладиган» чиқинди муаммоси билан ҳаммамиз дуч келяпмиз. Атрофимизни ҳар томондан ҳар турдаги чиқиндилар тобора қуршаб олмоқда.

Муаммонинг қанчалик жиддийлигини англаш учун айрим рақамлар ва улар ортидаги хавфни тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.

Ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 миллион тонна пластмасса чиқиндига айланади – бу бутун ер юзи аҳолисининг вазнига тенг. Ўша чиқиндиларнинг бешдан камроқ қисми қайта ишланади, чорак қисми ёндирилади ва ярмидан кўпи чиқиндихоналарда қолиб кетмоқда. Йилига ўртача 80 миллион тонна пластик чиқиндилар тегишли қоидаларсиз шунчаки атроф муҳитга ташланади. Мутахассисларнинг фикрича, 2060 йилга келиб атроф муҳитни ифлослантирувчи пластик чиқиндиларнинг йиллик ҳажми 265 миллион тоннагача ўсиши мумкин. Ишлаб чиқарилган пластмассанинг учдан бир қисми бир марталик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади (йилига 130 миллион тоннадан ортиқ). Улар деярли бир зумда чиқиндига айланади. Бу чиқиндининг 35 фоизи ёндирилади, 31 фоизи чиқиндихонага ташланади, 19 фоизи атроф муҳитга ташланади ва фақат 15 фоизи қайта ишланади.

Муаммонинг кўлами кенг ва бунинг ечими борасида ҳар бир мамлакат ўз имкониятидан келиб чиқиб ечим изламоқда. Мамлакатимизда ҳам чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, айниқса саралаш, тўплаш ва қайта ишлаш, хавфсиз утилизация борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёз ҳамда енгилликлар берилиб, «тоза ҳудуд», «яшил макон» сингари атамалар давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августда қабул қилинган «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳам айнан чиқиндиларни қайта ишлашни мукаммал йўлга қўйишда муҳим қадам бўлишига ишончимиз комил. Унга кўра:

– қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддати 7 йилдан 10 йилга ҳамда бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади. Бунда:

махсус автотранспорт воситалари ва техникалари баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган нархларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши;

мазкур жараёнда ҳисобланадиган қўшилган қиймат солиғи солиқ органларини хабардор қилган ҳолда Солиқ кодексида белгиланган фоизлар ҳисобланиб 3 йилга бўлиб-бўлиб тўланиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Қолаверса, маиший, қурилиш ва тиббиёт чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларнинг республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида махсус техника, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлар олиб кирилганлиги учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод қилиниши бўйича имтиёзлари 2025 йил 1 августга қадар узайтирилиши ушбу ҳужжатда ўз аксини топган.

Тадбиркорлар амалда фойда солиғи учун 2 млрд. (келгусида 132 млн сўм), ижтимоий солиқ учун 16,8 млрд сўм (келгусида 1,4 млрд сўм) тўлаши керак. Имтиёзлар берилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 17,2 млрд. сўм қолади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар учун очиқ мулоқот ташкил этилиб, давлатимиз раҳбарининг фармонидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди ва чиқиндиларни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар тингланди. Онлайн форматда ташкил этилган очиқ мулоқотда қўмита раҳбарияти ва ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари мутасаддилари, шунингдек, қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, улар дуч келаётган муаммолар ечими юзасидан тегишли мутасаддилар олдига вазифалар қўйилди.

Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар ва бизнес муҳитини яратишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Атроф муҳит муҳофазасига ҳисса қўшаётган, жумладан чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш Давлат экология қўмитасининг бош мақсади эканини қайд этди.

Қўмита бугунги кунда бир қатор йўналишларда тадбиркорларга хизмат кўрсатиб келмоқда ва бу жараёнда уларга ҳар томонлама қулайлик яратиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, онлайн экспертиза тизими жорий этилиши, тадбиркорларга атроф муҳитга таъсирни баҳолаш ва экологик экспертиза жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, хизмат кўрсатиш электрон форматга ўтказилди. Ариза беришдан бошлаб, экспертиза хулосасини расмийлаштиришгача бўлган жараённи электрон шаклда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Атроф муҳит ифлос­лантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловларини ҳисоблаш бўйича «Эко калькул­ятор» хизмати жорий этилиб, барча ҳисоботлар электрон тартибда тақдим этилмоқда.

«Экорухсат» ахборот тизими жорий этилиб, бугунги кунда соҳадаги барча саккизта рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш тўлиқ рақамлаштирилди ва контактсиз шаклда хизмат кўрсатишга ўтилди.

– Давлатимиз раҳбарининг фармони билан чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизими ислоҳ қилинаётгани тадбиркорларга респуб­ликада чиқиндилар билан ишлаш соҳасида қатор енгиллик ва қулайлик­лар яратади, – дейди «Наманган мусаффо иқлим» МЧЖ раҳбари Ф.Ибрагимов. – Хусусан, ушбу ҳужжат билан хусусий тадбиркорлардан санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун тўловлардан Давлат экология қўмитаси тизимига мажбурий тартибда ундириладиган 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар ҳам бекор қилиниши тадбиркорларни айниқса қувонтирди.

Аслида чиқиндиларни қайта ишлаш борасида дунёнинг ривожланган мамлакатлари аллақачон катта ишларни бошлаб юборишган. Бизда эса бу борада ҳали муаммолар салмоғи анчагина.

Маълумот ўрнида: республика ҳудудида 2019 йил ҳолатига кўра, умумий қуввати йилига 894 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган 183 та корхона мавжуд. Таққослаш учун, Францияда 2,3 млн. тонна қувватга эга 300 дан ортиқ корхона фаолият юритади.

Хусусан, мамлакатимизда чиқиндиларни асосан полигонларга жойлаштириш ёки уларни ёқиш усулларидан кенг фойдаланилади. Қайд этиш керакки, полигонларга чиқиндиларни жойлаштириш муаммонинг ечими бўлмайди. Сабаби полигонларга жойлаштирилган чиқиндилар атроф муҳитга зарар келтирувчи асосий манбалардан бирига айланади. Шунинг учун ҳам уларни қайта ишлаш ва бу борада тадбиркорларга имтиёзлар яратиш энг оқилонга ечим бўлади.

Хорижий давлатларда полигонлар сонини камайтиришда ҳам оптимал ечимлар ишлаб чиқилган ва ҳуқуқий механизмлар белгиланган. Масалан, Филиппинда 2000 йилда «Қаттиқ чиқиндиларни экологик бошқариш тўғрисида»ги қонун кучга киргандан сўнг очиқ чиқиндихоналарни ташкил этиш ва бошқариш тақиқланган. Барча очиқ чиқиндихоналар уч йилгача бошқариладиган чиқиндихоналарга айлантирилиши ва бошқариладиган чиқиндихоналар эса беш йил ичида ёпилиши кераклиги белгиланган. Фақатгина чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган қолдиқ чиқиндиларни тўплаш учун санитария талаб­ларига жавоб берадиган полигонлар қурилишига рухсат берилган.

Республикамизда чиқиндиларни ёқиш ҳам полигонларнинг ўзида амалга оширилиши атроф муҳитга, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Бу эса чиқиндиларни қайта ишлаш ва бу соҳани такомиллаштириш бугуннинг долзарб масалаларидан эканлигини яна бир бор англатади.

Ўтказилган онлайн мулоқотда Давлат­ экология қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш фаолияти турлари бўйича тақдимотлар намойиш қилиниб, мутахассислар томонидан тушунтириш­лар берилди. Тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, фаолиятлари давомида юзага келаётган масалалалар бўйича ечимлар таклиф қилинди.




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔86

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔86

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔180

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар