Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Аваз ОХУН: САҲНА ЧОЙХОНА ЭМАС

  «Нечанчи қаватга чиқамиз?» — сўрайди илк зинага оёқ босаётиб. «Охиригача борамиз, ака», дейман йўл бошлаб. «Энг тепага етганда, калит пастда қолиб кетибди демайсизми, ишқилиб», — кулимсирайди у.

Аваз ОХУН: САҲНА ЧОЙХОНА ЭМАС

Бирдан феъли айниб изига қайтиб кетиб қоладигандай туюлади, чалғитишга уринаман: «Эй, қишлоқда катта бўлган одамга бу зиналар нима деган гап». Бир зум тўхтайди. Сўнг бош ирғайди: «Ҳа, чин, барчамиз тупроқда катта бўлганмиз».

Тупроқ иси, оёғи ердан узилмаган, тупроғини унутмаган... — бу таърифларнинг бари ўзининг кимлигини англаган, керак бўлса, бошқаларга ҳам англатадиган инсонларга нисбатан ишлатилади. Элимиз севган қизиқчи Аваз ОХУН чиндан ҳам тупроқда катта бўлгани — оддий оилада улғайгани, барчасига ўз меҳнати билан эришгани ва димоғида тупроқ ҳиди қойим тургани учун ҳам камтар экан. Суҳбат давомида бунга ўзингиз ҳам амин бўлинг.

Она қорнидан латифа билан

— Асли, оилада фарзандлар вафот этавергач, туғилган болага — эвазга берилди деб Аваз исмини беришади. Охун эса мулла, муаллим дегани, сулолага татийдиган маърифий унвон маъниси ҳам бор.

Аваз Охун тахаллуси шулар билан боғлиқми?

— Мен эса бола онасининг қорнида гапирса — Аваз, йиғласа Машраб қўяди, деб эшитгандим. Ўзи, Аваз Азизохуновман. Бир тадбирда бошловчи мени бундай таништирган: «кутиб олинг, эл севган санъаткорлар Авазжон, Азизжон ва Охунжонни даврага таклиф қиламиз». У вақтлар «эл севган» бўлиш — орзу, ўзимдан бошқа биров танимайди. Лекин ният яхши-да — ёққан. Сўнг бошловчиларга раҳм қилиб, тахаллусни ихчамлаганман.

Оилада тўнғичман, мендан олдин ҳеч ким йўқ. Тўғриси, бобомни эслолмайман. Отам эса қайси касбдан тузукроқ даромад келса, ҳаммасини  уддалаган. Бизни қийинчиликда, аммо ҳалол луқма билан катта қилган.

— Айнан қандай қийинчилик?

— Масалан, мактабни битирганимда Тошкентга келишга шароитимиз бўлмаган. Сўнг уч йил туман маданият уйига кириб ишладим. Йўлкирани қизғаниб, велосипедда қатнардим. Бўш вақтда зовурнинг бўйида ғишт қуйиб, уларни сотиб, пулини белимга тугиб, Тошкентга келиб... барибир, санъат олийгоҳига киролмаганман. Талаба бўлиш кейинги йили насиб қилди.

— Кулдириш қобилиятингиз борлигини қачон билиб қолдингиз?

— Мактаб пайтида. Йиғилишлар, байрамлар бўларди-ку. Ўшанда бир саҳнавий кўриниш ўйнаб бердим. Қарасам, ёқди. Кейин бу ҳақда кўпроқ ўйлай бошладим.

Мен олдин мушт кўтармайман

— Сизнингча, қизиқчи ким? Кулги нима?

— Қизиқчи — одамларнинг яхши кайфияти учун масъул шахс. Бироқ Иван Васильевич айтгандай, иш вақтимиз қатъий белгиланган эмас: кўчада, уйда, тадбирларда хизмат вазифамизни бажариб кетаверамиз.

Кулги эса Оллоҳнинг неъмати. Мавжудотлар ичида фақат одамзот кула олади. Чунки ниманингдир кулгили эканини билиш учун аввал уни ўйлаш, тушуниш, таҳлил қилиш керак. Бунинг учун ақл-заковат зарур. «Кулгисиз ўтган кун бекор ўтган кунга ўхшайди», дейишади-ку...

— Бу гапни Чарли Чаплин айтган...

— Ҳа, Чаплиннинг яна бир гапи бор: «оғриқ учун энг яхши таъсир қиладиган дори — кулги». Қаранг, зўр ўхшатиш. Мана, дорилар ҳам ҳар хил бўлади-ку: иситма туширадиган, гемоглобинни кўтарадиган, ични сурадиган... Бироқ барча дорининг дозаси ошса, одамга зиён. Шу каби кулгида ҳам меъёр ва мазмун бўлиши керак. Одам нимадан кулаётганига қараб, унинг кимлигини билиш мумкин. Айтайлик, бировларни масхара қилишга иштиёқманд кимса, одатда, ўзининг кулгига қолишидан қўрқиб, биринчи бўлиб мушт ўқталади. Шунинг учун устозларимиз айтардики, пичинг қисқа бўлиши керак, самимий кулги эса давра кайфиятини кўтаради.

Энг қийин касб — бекорчилик

— Бир пайтлар Ҳожибой Тожибоев «кулаётган одам аслида йиғлаётган бўлади», деганди. Чиндан ҳам юмор остида фожиа ётадими?

— Энди Ҳожибой акамизнинг ҳар бир латифасида катта дард бўларди, уни тинглаб мазза қилиб кулган одамларнинг ҳам юрагидан бир нималар ўтгани табиий. Бугун эса масхара кулгилар — аниқ бир шахснинг устидан очиқчасига кулишлар кўпайди. Бу кулгиларда «юк» ҳам, куч ҳам йўқ. Улар бир марта ишлатиладиган буюмга ўхшайди. Иккинчи марта истеъмолга яроқсиз.

— Ҳожибой Тожибоев ҳеч нарсани ўйлаб топмасди: жамиятга, одамларнинг ўзига кўзгу тутарди, холос. Сиз ҳам шу йўлни танладингиз.

— Ўзи, ҳаётда ҳам, санъатда ҳам ҳамма гап айтиб бўлинган: барча йўл очилган, ундан неча-неча карвон қатнаб улгурган. Менинг қобилиятим  Ҳожибой Тожибоев машҳур бўлган йўналиш — «Бир актёр театри»га мос келгани учун шу йўлни давом эттиряпман.

Бу услубда халқ ўзига нотаниш гапга кулмайди: айтайлик, ғарб турмуш тарзини, дардини айтсангиз, «уларни қўйсанг-чи, ўзимизнинг гаплардан гапир», дейди. Тўғриси ҳам шу аслида. Яна бир гап: томошабинга ҳамиша рост гапни, ҳақиқатни айтиш шарт. Қай ўриндадир бўрттирасиз, бадиий тўқималар бўлади, лекин унинг негизида бир мисқол ҳақиқат, мантиқ бўлмаса, ҳеч ким ишонмайди.

— Кўпчилик қизиқчини фақат танқидчи, деб тушунади. Ўзи, унинг энг асосий вазифаси, сизнингча, нима?

— Санъаткорнинг энг асосий вазифаси, аввало, халқига хизмат қилиш, элнинг дуосини олиш. Кулдириш керак деб ҳар қандай гапни гапириш керак эмас.

Шунинг учун ҳам бугунги кун ўзбек санъаткори, аввало, халқимизда шукроналик ҳиссини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши керак. Чунки бугун барча ҳамюртимиз ҳам ўзининг нақадар бахтли эканини тўлиқ англаб етгани йўқ. Ҳолбуки, инсон бахтли бўлиши, бахтли эканини ҳис қилиши учун кўп нарса керак эмас.

Юртимиз тинч-осуда, тўрт мучамиз соғ, имкониятлар кўп — энди, қолган нарсаларга эришиш ўзимизга, қандай меҳнат қилишимизга боғлиқ. Бугун бегона юртларга жаннат қидириб кетиб, сарсону хор-зор бўлиб, ёт тупроқда қолиб кетаётган битта юртдошимиз ҳақида  эшитсам, юрагим увишиб кетади. Ноябрда янги концерт дастури берамиз, шунда булар ҳақида ҳам чиқишларимиз бор.

— Айнан қайси мавзуда?

— Дунёдаги энг қийин касб — бекорчилик экани ҳақида. Чунки одам аввал ўз юртини обод қилиши керак.

Аския —эркаклар іаммоми...

— Шундай ҳикмат ўқигандим: икки жағи ва икки оёғи орасига ҳушёр одам балолардан узоқроқ бўлади. Бугун қизиқчиман деб саҳнага чиққан айрим артистларимиз репертуарини кўриб ўйлаб қоламан: шу... ҳалиги гаплардан бошқа мавзу йўқми?

— Мавзу қалашиб ётибди. Сиз айтган нарса — энг осони-да. Қизиқчи саҳнада ўз ота-онаси олдида, оила даврасида бемалол айта оладиган латифасини айтиши керак, деб ўйлайман. Ахир залда ўтирганлар ҳам бировнинг ота-онаси, аёли, синглиси...

Яқинда жиззахлик бир отахон телефон қилиб, «турмушга чиққан қизим, келиним, кампирим билан концертингиз дискини кўрдик, лекин бирор марта бир-биримиздан уялган жойимиз бўлмади, раҳмат», деб дуо қилди. Бу аудитория нозиклигини қаранг: қиз — ота; қайнота-қайнона — келин; чол — кампир. Лекин улар концертимни оила даврасида бемалол томоша қилишибди. Очиғи, хурсанд бўлдим.

Устозларга бир нима дея олмайман, аммо ёш қизиқчи укаларимиз чойхона билан саҳнанинг катта фарқи борлигини унутмаса, ўзи ҳам, уни тинглаётган ёшлар ҳам «балолардан узоқроқ бўлади».

— Аскияда ҳам чойхонабоп гаплар кўп айтилади-ку. Бир пайтлар Саид Аҳмад «аския бамисли эркаклар ҳаммоми, унга аёлларнинг кириши мумкин эмас», деганди.

— Нега, аёллар тингласа бўладиган аскиялар ҳам кўп-ку. Масалан, қўшиқ, кино пайровлари бор: «қари эшакка ўтирғизиб, қўшиқ қилайми — «умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда», деб?» ёки «ҳаммангни тепа қаватдан пастга улоқтириб, кино олайми — «Осмондаги болалар», деб?»... Мана шу гаплар ҳам аскияга киради. Уларни оила даврасида бемалол эшитиш мумкин, лекин бу йўлда кулгили гаплар топиш анча мураккаб. Бироқ аския ҳалиги гапларга бурилиб кетса, давра чиндан ҳам «эркаклар ҳаммоми»га ўхшаб қолади.

— Янги латифани, аввал, кимда синаб кўрасиз?

— Албатта, хотинда. Унга ҳеч нарса қилмаса, бошқаларга ўтамиз (кулади). Ўзи, янгиси келиб қолса, ким биринчи хаёлга келса, шунга қўнғироқ қиламан. Ёки рўпарамда ким йўлиқса, шу илк тингловчи бўлади. Чунки чидай олмайман. Айтишим ва унинг муносабатини билишим керак...

Синалмаган нарса билан эса томошабинлар олдига чиқиб бўлмайди: репетицияда ишлатилмаган пичоқ саҳнада қўлни кесиши аниқ.

— Саҳнада ҳам кебқоладими?

— Ҳа, кўп бўлади. Масалан, алла саҳнасини айтаётганимда, бир томошабин бақирворганди, беихтиёр «аралашмасин тоғаси», деворганман. Ёки бу концертда жаримадан тепилган тўп озгина дамини ташлаб, тирқишдан кириб кетгани ҳақидаги эпизодлар ҳам саҳнада туғилган.

«Рейдларга алоқам йў-ўқ»

— Латифаларингиз иллатларни йўқотишга хизмат қилаётганини ҳеч сездингизми?

— Сездим. Тўйлар, қиз узатишлар ҳақида тўғри гапирдингиз, мобиль телефон ҳақидаги гапларни ҳаётдан олибсиз, дейишди. Яқинда қайсидир телеканалда шу муаммога оид жиддий бир кўрсатувда концертимдан лавҳа беришганини эшитиб, қувондим.

— Ноқонуний таксичилар ҳақидаги ҳангомаларингиздан кейин, мана, рейдлар ҳам бошланиб кетди...

— Йўғ-э, рейдларга алоқам йў-ўқ. Мен ҳайдовчиларнинг тез юриши, ортиқча сигнал чалиши ҳақида гапирганман. Кузатаман, одамларнинг нимадан жаҳли чиқаётган бўлса, шуни репертуар қиламан. Агар муаммони шундайлигича айтсам, журналист бўлиб қоламан-ку...

— Бугун одамлар асабини бузаётган — устидан кулгингиз келаётган энг катта муаммолар нима?

— Жуда кўп: ҳар хил ўйлаб топилаётган «урф-одат»лар, кераксиз «орзу-ҳавас»лар, осон пул топиш йўлига ўтиб олган, Эшматнинг дўпписини Тошматга кийдириб юрганлар... Қай бирига қизиқроқ гап келса, саҳнада айтилаверади.

— Яна бир муаммо бор: ёшлар тугул кап-катта одамлар ҳам «Реал»чилар ва «Барса»чиларга бўлиниб олган. Илгарироқ бир йигит учрашувга чиқибди-да, томдан тараша тушгандай қизга савол берибди: «Реал»ми, «Барса»? Қиз бечора шошиб қолганидан «ака, биз «реал»га товар бермаймиз, алдаб кетишади, кам сотсак ҳам нақдга сотамиз», дебди кўзларини пирпиратиб.

У қиз бозорда савдо қиларкан-да. Шу йигит ҳали келин тополмай сарсон. Бу ёқда ота-она «сен бола у қизни хотин қилмоқчимидинг ё бирга футбол кўрмоқчимидинг?» деб жиғибийрон...

— Шу юриши бўлса, у ҳали-бери уйланолмайди. Мана, мен ҳам тунда уйқудан қолиб, футбол кўраман, лекин уни ҳаётга аралаштирмайман-ку. Хориж жамоалари ўйинларини, шунчаки, дам олиш учун томоша қиламан. Лекин Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйнаса, хаёлан бирга югураман: ютқазса, сиқиламан; ғалаба қозонса — байрам. Чунки бу йигитлар менинг оилам, менинг Ватаним шаъни учун майдонга тушган: уларга қўлдан келганча ёрдам бериш керак.

— Терма жамоамиз Россиядаги мундиалга боришига ишоняпсизми?

— Ишонгим келяпти. Ҳа, келяпти...

— Футболчиларимизга айнан нима етишмаяпти?

— «Мен етишмаяпман, мен!», десам-а... Йўқ, нафақат футбол, ҳамма касбда ҳам энг аввало Ватанга муҳаббат кучли бўлиши керак. Ўшанда шон-шуҳрат ҳам, пул ҳам ўзи келаверади.

«Журналист»лар ҳақида репертуар

— Анча тилга тушдингиз: тўйлару тадбирлардан бўшамаётган бўлсангиз керак. Ижод, хомашё масаласи нима бўляпти?

— Шукр, халқимиз шинаванда, кулгисевар: қаерга бормайлик, ўзлари хомашёни икки қўллаб тутқазишади, яна «шу гапларни албатта айтинг», деб тайинлашади. Кундан кун яхши бўляпти.

— Хонандаларга осон: ўн йил олдинги қўшиғини айтса ҳам ҳамма тинглайверади, бу эски қўшиқ-ку, дейишмайди. Қизиқчига эса, одатда, бир савол беришади: янгисидан борми?

— Тўғри, шу масалада бизга қийинроқ. Лекин мендан «автобус, таксичиларни ё совуқда бўлган тўйни айтиб беринг», деб сўраб туришади. Сабаби, булар латифа эмас, ҳажвий воқеа. Уни такрор айтса бўлади. Латифалар эса тез эскиради.

— Кўнглингизда асраб юрган гаплар борми?

— Очиғи, кейинги пайтларда «сариқ матбуот» вакилларидан андак хафа бўлдим. Журналист ким нима деса, уни сўраб-суриштирмай, оммага маълум қилавермаслиги керак.

— Бундан хабарим бор, лекин сўрашга, очиғи, истиҳола қилдим...

— Ўзим ҳам охирида шу ҳақда сўрасангиз керак, деб ўйловдим. Йўқ, айтдим-ку, айрим «журналист»лар билимсизлиги, ёлғон ёзиши, ҳовлиқмалиги, фитнага ўчлигидан жаҳлим чиқди: ададини ошириб, ҳамёнини шишириб, дегандай... Янги концерт дастуримда улар ҳақида яхшигина репертуар тайёр. Насиб қилса, концертда кўрарсизлар.

 

Умид ЁҚУБОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар