Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат исрофи

Бундай катта уволга қарши тезкор чоралар етишмаяпти

Шу йил бошида Афғонистонда миллиондан ошиқ бола очликдан нобуд бўлиши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларни эшитган одам борки, юрагида бир оғриқни ҳис этган бўлиши табиий.

Йилига  3 миллион тонна  озиқ-овқат исрофи

Баъзида ҳеч ўйланиб ўтирмасдан ташлаб юборадиганимиз – бир коса овқат, бир бурда нон кимлар учундир орзу эканлигини ҳис қилиб беихтиёр виждоним қийналганди. Хаёлларимда афғон болаларига қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида режалар ҳам тузгандим...

БМТ Oзиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ҳисоботига кўра, йилига ўрта ҳисобда 12 миллионга яқин болалар очликдан ёки тўйиб овқатланмагани учун вафот этмоқда. Дунё экспертларининг тахмин қилишича пандемия сабаб келгусида очликдан вафот этувчилар сони кескин ортиши мумкин.

Шундай пайтда бугун дастурхонимизда устма-уст, кимўзарга тортилаётган овқату ширинликлар, ичимликлар ва меъёридан ошиқ тайёрлангани учун чиқиндига ташланаётган ноз-неъматлар кўз олдимиздан ўтади. Айниқса, тўй-тўйчиқлардаги увол баъзида одамни эсанкиратиб қўяди десак ҳеч ким қарши чиқа олмаса керак. Боиси ҳаммамиз ҳам бундай ҳолатларни кунда-кунора кўряпмиз, баъзида эса иштирокчи ҳам бўлиб қоляпмиз.

Бир бойвачча қариндошимиз бор. Нуқул овқатлар, гўштлар, мевалар чириб, айниб қолганию, ахлатга ташлашганини мақтанади. Шундай пайтда ўйланиб қоламан, қачондан бери овқатни чиқиндига ташлаш биз учун обрў бўлиб улгурди экан?.. Эҳтиёжидан ортиқчасини муҳтожларга, муҳтож топилмаса кўп болали оилаларга чин кўнгилдан эҳсон қилиб бериб юбориш мумкин-ку.

БМТ ҳисоботига кўра, 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи чиқиндига айланган. Ваҳоланки, йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 25 фоизи муҳтожларга берилса, бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкин экан.

АҚШда йилига ҳар бир одам 115 килограммдан озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қиляпти. Бу кўрсаткич Европада 95, Африка ва Жануби-Шарқий Осиёда 7-11 килограммни ташкил этади. Аниқки, дўконлар муддати ўтаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан воз кечади. Умумий овқатланиш муассасалари сотилмай қолиб кетган, одамлар эса сотиб олган ёки пиширган таомларининг ортиқчасини ташлаб юборади. Аслида ана шундай озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларга муҳтож одамлар борлигини эса ҳеч ким ўйламайди.

Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тонна озиқ-овқат исроф қилинади. Биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага яқин нон чиқиндига ташланиши ҳақида газетамизнинг олдинги сонларида чоп этилган мақолаларда айтган эдик. Бу эса фақатгина пойтахтнинг ўзида йилига 730 тонна нон чиқиндига айланишини англатади. Нега бу борада кўп ва хўп айтилаётган бўлсада ҳалигача бирор чора кўрилгани йўқ?

Ҳозирги кунда дунё мамлакатлари озиқ-овқат исрофгарчилигига қарши ўзича ҳар хил услубларда курашмоқда. Масалан, Чехиянинг Добромержице посёлкасидаги ресторанлардан бирининг маъмурияти охиригача истеъмол қилинмаган таом учун мижозларга жарима жорий қилган. Гап шундаки, 97 крон эвазига хўранда таомномада мавжуд бўлган хоҳлаган овқатини, исталган миқдорда олиб ейиши мумкин. Фақат овқатланиб бўлгач, мижоз ликопчасини ошхонага олиб бориб бериши керак. Борди-ю, ликопчада таом ейилмасдан қолиб кетган бўлса, хўранда 50 крон жаримага тортилади. Ресторан раҳбарияти исрофгарчиликка нисбатан ана шундай курашишга қарор қилган.

Айрим давлатларда, хусусан, Бельгияда фудшерингга асосланган муассасалар фаолият кўрсата бошлади. Уларда озиқ-овқат қолдиқларидан шўрвалар тайёрлаб сотилади. Данияда эса Too Good To Go махсус иловаси ишга туширилган бўлиб, унда ресторанлар, супермаркетларда сотилмай қолиб кетган маҳсулотлар бўйича маълумот бериб борилади. Мазкур иловадан Европанинг 11 та мамлакатида фойдаланилмоқда. Бу орқали минглаб килограмм овқат исроф этилишининг олди олинмоқда.

Шу ўринда бизда ҳам бир таклиф туғилди, яъни мамкалакатимизда ҳам дўконларда, супермаркетларда муддати ўтаётган ва умумий овқатланиш шохобчалари, кафе, ресторанларда сотилмай қолган озиқ-овқатлар рўйхатини эълон қилиб борувчи платформа яратилса ва ушбу маҳсулотлар нархи арзонлаштириб қўйилса. Ўйлаймизки, бу услубдан фойдаланиш жуда ҳам кўп миқдордаги озиқ-овқатни чиқиндига чиқаришдан сақлаб қолган бўларди.

Таҳлилларга кўра мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига хайрия қилинган маҳсулотлар учун солиқ юкининг юқорилиги, фудшеринг платформаларининг мавжуд эмаслиги, озиқ-овқат банклари фаолиятининг йўлга қўйилмаганлиги каби муаммолар сабаб бўлмоқда.

Аслида айб ўзимизда ҳам бор. Овқатни оиламизга яраша қилмаймиз. Оилада ўртача 6 киши бўлса, кўпчилик бекаларимиз икки баробар кўп овқат тайёрлашади. Ширинлик, пишириқларку ейилиб кетиши мумкин, аммо овқат қайта-қайта иситилганда унинг таъми бузилади, ҳам инсон организми учун хавфли бўлган микроорганизмлар айнан иситилган овқат таркибида кўпаяди. Шунинг учун ҳам ортган овқат кўпинча чиқиндихонага равона бўлади. Катта шаҳарларда мол-ҳол, товуқ деган нарса йўқ. Шу сабабдан айнан пойтахтимизда озиқ-овқатнинг чиқиндига улоқтирилиш ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекис­тонда 4 миллион аҳоли кам таъминланган ҳисобланиб, улар даромадининг 67 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайди.

Агар биз озиқ-овқатнинг чиқиндига чиқмаслигининг уддасидан чиқа олсак, қанча юртдошларимизга ёрдам қилган бўлар эдик, ўйлаб кўринг-чи!..

– Фикрлаб кўрайлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари омбордан пештахтага келгунча яроқлилик муддати қисқаради, – дейди Адлия вазирлиги ходими Шаҳноза Соатова. – Импорт маҳсулотлар ҳужжати тўғри бўлмаса, божхона омборларида қолиб кетади ва йўқ қилинади. Супермаркетларда яроқлилик муддати тугаб сотилмай қолган маҳсулотлар шунчаки исроф бўлади, ҳатто чегирмалар ҳам бунинг олдини ололмайди. Кўриниб турибдики, бу ерда қандайдир тизимли муаммо бор, кимлардир озиқ-овқатга етиб бора олмаяпти, қаердадир бу неъматлар исроф бўляпти.

Супермаркетлар яроқлилик муддати оз қолган маҳсулотларни муҳтожларга тўғридан-тўғри бериб юборгандан кўра, йўқ қилгани фойдалироқ – чунки солиқ тўламайди. Муҳтожларнинг бу озиқ-овқатларга етиб бориши, уларни тўғри ва манзилли тақсимлаш тизими йўлга қўйилмаган. Озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз тақдим этишни рағбатлантириш тизими мавжуд эмас.

Агар озиқ-овқат маҳсулотларидан самарали фойдаланиш тизими бўлганида эди, балки шунча нарса исроф бўлмасди, озиқ-овқатга муҳтожлар камаярди, қанча касалликлар ва бошқа ижтимоий муаммоларнинг олди олинарди.

Хориж мамлакатларига назар соладиган бўлсак, масалан, Германияда яроқлилик муддати оз қолган озиқ-овқат маҳсулотлари беғараз тақдим қилинганда, нол ставкада ҚҚС ҳисобланади. Қозоғистонда озиқ-овқатни беғараз тақдим этган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бор.

Францияда эса савдо дўконлари сақлаш муддати тугаган, аммо истеъмолга яроқли бўлган, узоқ муддат ўз сифатини сақлаб қоладиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол учун хайрия фондларига беғараз тақдим этиши шарт! Бизда ҳам самарали фудшеринг платформаларини ривожлантириш, озиқ-овқат банклари фаолиятини йўлга қўйиш вақти етган. Биз фудшеринг хизмати ҳақида олдин ҳам кўп бора эслатиб ўтганмиз.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари исрофининг олдини олиш, солиқ маъмурчилиги ҳамда маҳсулотларни яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш, хайрия фаолиятини ривожлантириш учун электрон платформаларни яратишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилмоқда экан. Бу эса бизни сал бўлса ҳам хотиржам қилиши мумкин. Чунки дунё миқёсида йилдан-йилга қийинлашиб бораётган аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш муаммоси бизнинг мамлакатимиз учун ҳам ниҳоятда долзарб ва ечимни кутаётган муаммолардан биридир.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔10

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔71

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 10    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 71    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 78    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 103    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар