Аҳолининг гўштга бўлган талаби юқори, аммо нега умри узаймаяпти?
Маълумотларга кўра, Японияда яшаётган кексаю ёш гўштни мунтазам истеъмол қилишади. Гўштда «бахт гормони» ишлаб чиқарувчи триптофан аминокислотаси бор: у инсонга яхши кайфият бағишлайди, ҳаракатчанликни фаоллаштиради.
Бундан ташқари, гўшт кам истеъмол қиладиган одамлар дуч келадиган биринчи муаммо – бу оқсил етишмаслиги. Ҳақиқат шундаки, ҳайвон гўшти берадиган оқсиллар организм мустақил равишда ишлаб чиқара олмайдиган 12 та муҳим аминокислоталарни ўз ичига олади, ўсимлик оқсилларида эса бу хусусият йўқ. Яъни, биргина товуқ филесини истеъмол қилиш орқали дарҳол барча 12 аминокислоталарни олиш мумкин.
Бир йилда қанча гўшт истеъмол қилиш зарур?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, одам бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур. Дунёнинг 177 мамлакатида ҳар бир киши йилига ўртача сигир, чўчқа, товуқ, қўзичоқ ва бошқа гўштни қанча истеъмол қилиши таҳлил қилинди. Рейтинг умумий истеъмол қилинган гўшт миқдори бўйича тузилди.
«Гўшт рейтинги»нинг етакчиси ярим миллионга яқин аҳоли яшайдиган жуда кичик мамлакат – Люксембург бўлди. Люксембург аҳолиси йилига камида 136,5 кг. гўшт истеъмол қилади, шундан 45,5 кг. мол, 43,8 кг. чўчқа ва 39,8 кг. товуқ, 5,8 кг. эса бошқа гўшт маҳсулотларига тўғри келади.
Бу рўйхатдаги америкаликлар Люксембургдан киши бошига 10 кг. камроқ истеъмол қилиб, иккинчи ўринни эгаллашди – ҳар йили АҚШда бир киши ўртача 125,4 кг. гўшт ейди. Уларда кўпроқ товуқ гўшти (50,1 кг.) афзал кўрилади.
Сиз кўп гўшт еяпсизми?
Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич йилига киши бошига ҳисоблаганда 43,2 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолига тўғри келади. Мана шу кўрсаткич билан ҳам Ўзбекистонда аҳолининг гўшт истеъмоли даражаси ўртачани ташкил этади. Тожикистон ва Қирғизистондан кўпроқ, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа Болтиқбўйи давлатларига нисбатан камроқ гўшт истеъмол қиламиз.
Мутахассислар 2025 йилга бориб, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 0,25 баробарга ошиши ва йилига 54,8 (ҳозирда 41 кг.) килограммни ташкил қилиши борасида фикрлар билдиришяпти. Хўш, бу тахминлар ўзини оқлайдими? Рақамлар тўла қоғозлардан бош кўтариб, ён-атрофга назар солсак, нимани кўрамиз? Ҳозирги кунда одамлар қанча гўшт истеъмол қиляпти?
Ўтказилган сўровнома натижаларига келсак, оилалар талаб даражаси ва даромад миқдорига қараб гўшт истеъмол қилишади.
Мисол учун 4-5 кишилик оила ҳафтасига 1-2 килограмм атрофида гўшт истеъмол қилса, баъзилари ундан кўпроқ, айрим оилаларнинг эса фақат байрам кунлари гўшт ейишга қурби етади.
Ҳатто ойлаб гўшт емайдиган рўзғорлар борлигидан афсуски кўз юма олмаймиз. Бу эса ўз-ўзидан ижтимоий-иқтисодий муаммоларга, яъни даромад ва гўшт нархига бориб тақалади…
Талаб бор, аммо таклиф-чи?
Кейинги йилларда фермерлик ерлари кластер тизимига ўтказилиши натижасида, суғориладиган ер майдонлари атрофида яшовчи аҳоли чорва боқиш имкониятини мутлақо йўқотди. Маълумотларга қараганда, сўнгги 15 йилда республикада озуқа ер майдони 429 минг гектардан 340 минг гектарга қисқариб, бир шартли бош чорва молга тўғри келадиган озуқа ер майдони 50 сотихдан 27 сотихгача камайган. Оқибатда, озуқа ем қимматлашди, таклифдан кўра талаб ортди.
Қолаверса, чорва молларининг наслини сақлаш, боқиш харажатини камайтириб, маҳсулдорликни ошириш бўйича етарли ишлар олиб борилмаяпти. Ҳисоб-китобларда чорва туёқ сони ошса-да, етиштирилаётган маҳсулот ҳажми пастлигича қолмоқда. Ҳатто бугунги кунда ҳам наслчилик борасидаги ишларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди.
Мисол учун, 2016 йил охирида мамлакатимизда қорамоллар сони – 12 миллион 165 минг, қўй ва эчкилар сони – 19 миллион 565 минг, паррандалар сони – 65 миллион 785 мингни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич сезиларли ортмаган. Ҳолбуки 2021 йилда юртимиз аҳолиси 2016 йилга нисбатан 545 минг кишига кўпайган, демак гўштга бўлган талаб ҳам шунга яраша ошган. 2021 йилда қорамоллар бош сони – 13 млн. 556 минг, қўй ва эчкилар – 23 млн. 74 минг бошни (103 фоиз), парранда – 89 млн. 734 минг бошни (100,2 фоиз)ни ташкил этмоқда.
Янада аниқроқ айтиладиган бўлса, 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этади. Бу эса 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади, деганидир. Мамлакатимизда саноат йўли билан боқиладиган қорамоллар умумий гўшт истеъмолининг бор-йўғи 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоиз талаб аҳоли томонидан боқилаётган чорва ҳисобидан қопланади.
Гўшт ўрнига 60 та тухум
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг юқорилиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади.
Бу эса маҳсулот нархини бозорнинг ўз қонуниятлари билан эмас, ташқи маъмурий аралашув билан ушлаб турилишига сабаб бўляпти. Аммо бу кутилган самарани бермаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Йўқса одамларимиз «кеча супермаркетда гўштнинг нархини кўриб, бир килограмм гўшт ўрнига 60 та тухум олишни афзал билдим» демаган бўлармиди?..
Тўғри, ҳозир кўпчилик нархни солиштириб, гўшт ёки ўсимлик ёғи ўрнида бошқа маҳсулот олишга интиляпти. Бир парча эт учун фалон сўм пул тўлашга ҳар кимнинг кўзи қиймайди-да! Лекин инсон учун, соғлом овқатланиш учун ҳар бир маҳсулотнинг ўз ўрни, аҳамияти бор.
Хуллас, аҳолини япониялик олим айтган «бахт гормони» билан таъминлашдаги муаммолар бир қанча ва улар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Уларни ҳал этиш учун чора-тадбирлар белгиланаётгани, лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини ҳам кўряпмиз, эшитяпмиз.
Қачонки бу режалар бажарилса, лойиҳалар амалга ошса, озиқ-овқат хавфсизлиги амалда таъминланади ва биз нархи қимматлиги учун бир маҳсулот ўрнига бошқасини харид қилишга мажбур бўлмаймиз.
Шаҳруза САТТОРОВА,
журналист