Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бу йўллар тирбанд йўллар ва шу тирбанд йўллардаги ўйлар...

Ҳар куни пойтахтнинг Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидан Олой бозори ёнида жойлашган ишхонамга келар эканман, сўнгги уч йилдан буён (балки ундан ҳам кўпдир) асосий катта кўчалардан бири бўлган «Фарғона йўли»да  муттасил давом этиб келаётган тирбандликлар ва ушбу ҳолатдан азият чекаётган одамлар ҳақида ўйлайман.

Бу йўллар  тирбанд йўллар  ва шу тирбанд  йўллардаги ўйлар...

Ўтиш азобга айланган йўл ва адолатсизлик

Ҳеч ким эътибор бермаётган ва беришни ҳам истамаётган муаммо кундан-кунга ёмонлашса ёмонлашяптики, асло яхшилангани йўқ. Қўйлиқ кийим­-ке­чак бозори ёнидаги ер ости ўтиш жойи эндигина битиб, тирбандликлар бироз камайган, ўпкасини қўлтиқлаган ҳайдовчиларнинг ҳовури босилганига унча кўп вақт ўтмасдан, янги кўприк қурилиши муносабати билан аҳвол олдингидан ҳам баттарлашди. Яшнобод тумани 371-сонли МТМнинг шундоққина ёнидан ўтган кўп қаватли уйлар орасидаги йўлда соатлаб тирбандликлар юзага келмоқда. Бундан ташқари агар каттароқ ёшдаги фарзандингиз кичикроғини боғчадан оладиган бўлса, сиз ишхонангизда юрак ҳовучлаб ўтиришга мажбурсиз. Йўлни ўзиники қилиб олган баъзи «ўпка» ҳайдовчилар болалар боғчаси олдида ҳам тезликни асло пасайтирмайди. Қолаверса, боғчадан 200 метр тепароқда жойлашган 29-сонли оилавий поликлиникага ўтиш ҳам минг азобга айланган. Йўл битса барчаси жойига тушар дерсиз, аммо бу фикрнинг тўғрилигига ҳам шубҳа бор. Чунки бизнинг инсонийлик табиатимизда шундай жиҳатлар борки, биз улардан қутулмас эканмиз, пойтахт кўчаларидаги тирбанд­ликларга ҳали-бери барҳам беришнинг иложи йўқ.

Бундай ҳолатлар аввало машинадан фойдаланмайдиган аҳоли қатлами учун ноқулайликлар келтириб чиқараётган бўлса, иккинчидан тирбандликлар сабаб ҳаво сифати тобора ёмонлашиб бормоқда.

Яқинда нашрлардан бирида ўқидим. Портленд шаҳрида (Орегон штати, АҚШ) ўрта мактабнинг шундоққина ташқарисида кенг автомагистраль жойлашган бўлиб, мактаб округи мактабда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, асосан, синфлардаги ҳаво нафас олиш учун хавфсиз бўлишини таъминлаш мақсадида махсус ҳавони фильтрлаш ускуналарига 12 миллион доллар сарфлаган. Бу эса албатта адолатсизликдир. Ҳаво ифлосланишига умуман алоқаси бўлмаган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ушбу маблағни тўлашган. Автомагистралдан фойдаланувчи ҳайдовчилар эса бир тийин ҳам сарфлашмаган. Қолаверса, бизда барпо этилаётган йўлларда пиёдалар манфаатлари деярли ҳисобга олинмайди. Улар учун хавфсиз йўлаклар негадир эътибордан четда қолади. Аслида эса йўлларда пиёдалар учун кўпроқ қулайликлар яратиш муҳимроқ бўлиб, йўлаклар қулайлиги жиҳатидан бир қадам дўконга ҳам машинада бориб келадиганларни яёв юришга ундаши керак эмасми?!.

Пулли йўллар муаммога ечимми?

Анча йилдан буён Тошкент шаҳрида истиқомат қилсам-да, пойтахт туманларида яшаш жойидан пиёда бориш мумкин бўлган масофада қулай ва хавфсиз жамоат жойларини деярли кўрмаганман. Боз устига янги йўллар қуриш жараёнида пиёдалар ўтиш жойини тўғри ташкил қилишни ҳам эсдан чиқаришганига нима дейсиз?

«Бизнинг йўллардан фойдаланишимиз ва уларни молиялаштиришимиз совет давридаги нон тарқатиш усулига ўхшайди. Коммунистик тузумда товарлар ҳаммага бирдек берилар, ҳар бир товарнинг нархи эса марказ томонидан белгиланарди. Бу нарх кўпинча одамлар ушбу маҳсулот учун тўлашга тайёр бўлган нархдан анча паст бўлар, лекин маҳсулот тақчиллиги сабабли одамлар кўчаларда навбатларга тизилишиб, уни сотиб олишга шошилишарди. Бозорларга советча ёндашув айрим назорат қилинадиган нархларни белгилаб қўяр ва сўнгра тақчиликка йўл очарди. Ушбу тизимда миллионлаб беҳуда соатлар нав­батга туришга сарфланган ва товарлар улар учун ҳаммадан кўпроқ тўлашга тайёр бўлган истеъмолчиларга эмас, балки навбатларда туришга вақти бўлган истеъмолчилар қўлига тушарди», – деб ёзади бу ҳақида ўз мақоласида иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси Ботир Қобилов.

«Йўллардаги тирбандликлардан келиб чиқиб йўл ҳақини (куннинг маълум вақтларида ва атроф муҳитнинг ифлосланиши, дарахатлар кесилиши ва бошқалар билан боғлиқ ташқи омиллардан келиб чиқиб, ушбу йўлларнинг ҳақиқий қийматини кўрсатадиган) белгиласак ва йўл ҳаракати иштирокчиларидан «тиғиз вақтларда» ушбу қимматбаҳо ўтказувчанлик қобилиятини таъминлаш қийматининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини тўлашни сўрасак, уларнинг кўпчилиги йўл қийматининг арзимаган улушини ҳам тўлаш учун қатнов қисмини унчалик қадрламасликларини айтадилар. Айримлар эса бу нархга рози бўлмайди ва: Ҳозироқ боришим шарт эмас, кейинроқ борарман ёки автобусга чиқарман, – дейди».

Иқтисодчиларнинг фикрича, йўл учун ҳақ тўлаш орқали машиналарга тўлган кўчалардаги автотранспорт воситаларининг бир қисмини (ҳатто атиги 5 фоиз) олиб ташлаш худди шу ерда кўпроқ сондаги автомобилларнинг ҳаракатланишига имкон бериб, тизимнинг самаралироқ ишлашига шароит яратар экан.

Бундай ўзгарувчан йиғимлар авиачипталар, мобиль алоқа ва электр энергияси тарифлари каби бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятли қўлланилган ва йўл тирбандликлари шароитида тўловларни жорий қилиш тирбандликни камайтиришнинг ягона энг маъқул ва барқарор усули ҳисобланади.

Масалан, ҳар куни тирбандликда қолиб, маълум бир суммани тўламаслик учун автомашина эгалари жамоат транспортидан фойдаланишни бошлаши ёки 3-4 бекат оралиқдаги ишхонасига велосипедда боришни маъқул кўриши мумкин. Бу бизга арзимаган бўлиб тую­лади. Аммо тасаввур қилинг, йўлларда кунига 100 та машина камроқ ҳаракатланса ҳам тирбандликлар сезиларли камаяди.

Саёҳатларни мониторинг қилувчи Inrix компанияси 2008 йилда транспорт воситалари босиб ўтган масофанинг атига 3 фоизга қисқариши йўллардаги тирбандликнинг 30 фоизга қисқаришига олиб келганини маълум қилди. Шахсий автомобиллар камайиши натижасида атмосферага углерод ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни чиқариш камайган, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида содир бўлган авария ва ўлимлар сони қисқарган.

Congestion pricing, яъни талабга қараб маълум бир хизмат учун нархларнинг оширилиши дунёнинг кўплаб шаҳарларида муваффақиятли синовдан ўтказилди ва оммавийлашиб бормоқда. Мисол учун, 2003 йилда Лондон ҳайдовчилардан шаҳар марказининг тор кўчалари бўйлаб ҳаракатланиш учун тўлов олишни бошлади. Ўшандан бери йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар тирбандликлар камайгани, автобус хизмати яхшиланганини, бахтсиз ҳодисалар сони озайганини ва умумий ҳаёт сифати яхшиланганини тасдиқлади. Масалан, бу усулни иссиқ ёз ойларида ҳаво совутгичлардан фойдаланганлик учун электр энергияси нархларининг оширилиши билан чуқурроқ тушунтириш мумкин.

Тўлаш ҳеч кимга ёқмайди, аммо...

Бизнинг жамиятимизда энди йўллар ҳам пуллик бўладими, деган ҳақли ва баҳсли савол туғилиши табиий. Айниқса, тирикчилиги киракашлик орқасидан бўлаётган юртдошларимиз орасида бу усул норозиликлар келтириб чиқариши аниқ. Чунки илгари текин бўлган йўл учун ким ҳам пул тўлагиси келади?

Лондон Иқтисодиёт мактаби иқтисодчиси Жонатан Лип Лондонга кириш учун тўловлар жорий этилишини иқтисодиёт учун жуда муҳим ғалаба деб билишини таъкидлаган. Бу йўллардаги тирбандлик­ларни жамоатчилик ва сиёсий доиралар томонидан ташқи эффектни бузувчи омил сифатида тан олинишини ва йўл учун тўлов белгилаш тирбандликларга қарши курашнинг муносиб усули эканлигини билдиради.

Ўзбекистонда ҳайдовчилар ва автомашина эгалари мутлақ озчиликни ташкил этишига қарамасдан, уларнинг истаги аҳолининг асосий қисмини ташкил этадиган пиёдалар ёки ҳайдовчи бўлмаганлардан устунроқ қўйилади. Ва яна бир жиҳати, баъзи бир «эркатойлар» таниш-билишчилик орқали ушбу тўловларни тўламасликнинг ҳам йўлини топишлари мумкинлигидир. Чунки биз ҳамма нарсанинг ноқонуний йўлини топишга ўрганиб қолганмиз.

«Парковка» ҳисобига бетонлашаётган шаҳар

Биз истиқомат қиладиган кўп қаватли уй олдидаги кўркам, айниқса ёзнинг жазирамасида салқинлик бериб турадиган дарахтлар кесилиб, ўрнига бетон қуйилганда юрагимдан ўтган оғриқни бир мен эмас, шу уйда яшайдиган барча оналар ҳис қилди десам хато бўлмайди. Киприк қоқса, кўз ёши оқадиган даражада ўпкаси тўлиб турган қўшнимнинг «Энди болаларимиз қаерда ўйнайди?» деган саволига жавоб беришга ожиз эдим. Қолаверса, кўп қаватли уйларнинг нафси ўпқон мутасаддилари уй атрофидаги бўш жойнинг барини, ҳаттоки болалар майдончасининг ярмини ҳам автомашина эгаларига пуллаган бўлса...

Автомобиль эгалари ёки автомобиллаштириш бўйича қарор қабул қилувчилар орасида автотураргоҳлар ҳамма учун керак деган хато фикр мавжуд экан, юқоридаги муаммога ечим топиб бўлмайди. Бироқ тушунишимиз керакки, аҳолининг катта қисми автотураргоҳларга муҳтож эмас – улар машина ҳайдамайдиган болалар, қариялар ёки машина олишга қодир бўлмаган ёки олишни истамайдиган одамлардир.

Қолаверса, ўйлаб кўрайлик, биз автомобилдан доимий фойдаланмаймиз, унинг 95 фоиз вақти «парковка»да ўтади. Шунинг учун ҳар қандай бепул автотураргоҳлар пулли шаклга ўтиши ва бундан тушган маблағлар шаҳарни яшиллаштиришга сарфланиши керак.

Статистик маълумотларга кўра, жисмоний шахсларга тегишли енгил автомашиналар сони Тошкент шаҳрида тахминан 470 мингтани ташкил қилади.

Бундан кўриниб турибдики, шаҳримиз аҳолисининг асосий қисми машинадан фойдаланмайди. Машина сотиб ололмаган аҳоли бундан фақат зарар кўради – пиёдалар йўлакларида, мактаб­лар яқинида, ҳовлиларда тўхтаб турган машиналар кўчаларни ўтиб бўлмас ҳолга олиб келади ва пиёдалар, айниқса фарзандларимиз учун хавф туғдиради. Дарвоқе, ҳозирги кунда биз яшайдиган кўп қаватли уй ҳовлиси ёзда иссиқдан ёнаётган бўлади ва айнан дарахтларни кесиб «парковка» қилган машина эгалари «тойчоғи»ни қўйиш учун салқинроқ жой излашади...

Автомашина манфаатлари кўзланган қарорлар

 2016 йилнинг 2 май куни Марказий Осиёдаги энг қадимий ва энг йирик енгил рельсли йўл тизими – Тошкент трамвайи тарихга кирганлигини яхши биламиз. Расмийлар буни автотранспортлар сонининг ошиб бориши ва трамвай йўналишларининг самарасиз ишлаши билан изоҳлашган. Кўп сонли автомобиллар манфаати учунгина 115 йиллик тарихга эга бутун бошли жамоат транспорти йўқ қилинганлигини ақлга сиғдириб бўлмайди. Боз устига яқин кунларда яна уни тиклаш ҳақида бонг урилишини эса қандай тушуниш мумкин?!.

Кейинги навбат 63 йиллик тарихга эга яна бир экологик транспорт – троллей­бусларга келганда ҳам жамоатчилик жим турди. Троллейбусларнинг истеъмолдан чиқарилишига эса жудаям кулгили сабаб – уларни сақлаш фойдали эмаслиги айтилди.

Жамоат транспортини, бу – шунчаки ҳаракат воситаси деб тушуниш катта хато. Бу имкониятлар, ижтимоий адолатга эришиш ва ҳаёт сифатини яхшилашнинг энг яхши воситасидир.

Жамоат транспортини кескин яхшилаш, экологик тоза транспорт турларини кўпайтириш орқалигина юқоридаги муаммоларга ечим топиш мумкин. Жамоат транспорти бюджетга ортиқча юк эмас, юртимиз аҳолисининг машинасиз юрадиган асосий қисми учун ягона ҳаракатланиш воситасидир.

Мутасаддилар нима дейди?

Жорий йилнинг 18 февраль куни Сенатда Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда иштирок этган Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминовнинг сўзларига кўра, пойтахт кўчаларида тирбандлик­лар, автобусларнинг етишмаслиги ва эскирганлиги, йўловчиларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси пастлиги, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газларнинг экологияга салбий таъсири каби муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда.

«Йўлларда вужудга келаётган тирбандликларни фақатгина йўлларни кенгайтириш, янги йўл ўтказгичларини қуриш эвазига ҳал қилиб бўлмаяпти. Ҳозирги пайтда асосий эътиборни жамоат транспорти ҳаракатланиши устуворлигига қаратиш, унинг жозибадорлигини ошириш, барча учун қулай ва хавфсиз манзилга етиб олиш имкониятини яратадиган, шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлашимиз зарур. Бугунги кунда бизни асосий мақсадимиз шу», – деди вазир ўринбосари.

Таъкидланишича, бунинг учун Транспорт вазирлиги, ИИВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа идоралар ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шаҳардаги 37 асосий кўчаларни ўз ичига олган 23 та транспорт йўлаклари белгилаб олинган.

«Ушбу йўлакларда тирбандлик кузатилаётган чорраҳаларни босқичма-босқич жойига чиққан ҳолда махсус камера ва дронлар ёрдамида ўрганишни бошладик. Бугунги кунга қадар йўлаклардаги 37 та чорраҳадан ўтаётган транспорт воситаларининг ҳаракати махсус Traffic Data Land Box дастури ёрдамида қайта ишланиб, маълумотлар базаси яратилмоқда. Улар хорижий давлатларнинг дастури асосида таҳлил қилиш орқали чоррахаларнинг геометрик параметрларини ўзгартириш, светофорлар фазасига ўзгартиш киритиш йўли билан хавфсиз чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда», – деган эди йиғилишда Абдусамат Мўминов.

Мисол тариқасида келтирилишича, 2021 йилда Симметрия компанияси билан Самарқанд шаҳрида ҳудди шу каби таҳлиллар ўтказилган. Унинг асосида эса Самарқандни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича дастур кўринишида таклиф ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, пойтахт учун ишлаб чиқилаётган таклифларни амалга ошириш натижасида эса қуйидагиларга эришиш кутилмоқда: «Чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини 20 фоизга ошириш, транспортни чорраҳада тўхтаб туриш вақтини 30 фоизга камайтириш, атмосферага чиқаётган зарарли моддалар миқдорини 35 фоизгача қисқартириш ҳамда йўлларда хавфсизликни таъминлаш».

Мутасаддининг таъкидлашича, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда пиёда ва велосипед йўлакларини ташкил этишда чорраҳалар билан кесишмаларда хавфсиз ва тўсиқсиз муҳитни яратиш мўлжалланяпти. Шу билан бирга савдо марказлари, бозорларда ва бошқа йўловчи оқими юқори бўлган алоҳида инфратузилма, алоҳида йўлаклар ва бекатларни жорий этиш орқали йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат транспорти учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Жамоат транспорти иккинчи даражада қолса...

Ички ишлар вазири ўринбосари – ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бош­лиғи Бекмурод Абдуллаевнинг фикрича, Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси муаммолари зудлик билан ҳал этилмаса тирбандлик кўпайгандан кўпайиб бораверади.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва ИИВ ҳамкорликда ишлаб чиққан лойиҳада йўл ўтказгичлар, пиё­далар ва велосипед йўлакларини қуриш инобатга олинган. Қолаверса, агар биз фуқароларни жамоат транспортига ўтказмасак, бу масала ечилмайди», – деди у.

У мисол тариқасида M39 Тошкент-Термиз автомагистралида соатига 20 минг автоулов ҳаракатланиши кераклиги, ҳозирда эса 80 минг автоулов ҳаракатланаётганини келтирди.

«Агар биз зудлик билан шаҳарлараро автобуслар, поездлар  ёки бошқа жамоат транспортларини кўпайтирмасак, бу масаланинг ечимини топиш ниҳоятда мушкул.

Ва шаҳарлар ичида ҳам ҳудди шундай. Чет эл тажрибаларини ўргандик, мактаб­ларга машинада келиш тақиқланган мамлакатлар сони ниҳоятда кўп. Яъни, АҚШда ҳам болаларни уйидан йиғиб, автобусларда олиб келиб, автобусларда олиб бориб қўяди», – деди ИИВ раҳбари ўринбосари.

Дарҳақиқат, чиройли йўллар қуриш эмас, ўлиб бораётган жамоат транспортининг мавқеини кўтариш, маълум бир доирадаги автомашина эгаларининг эмас, жамоат транспортида юрадиган аҳолининг манфаатларини ҳам кўзда тутиб иш кўриш тирбандликларда асосий ечим бўла олади. Қолаверса, ҳар бир туманда аҳоли яёв бориб ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган экопарк ёки кичик боғларнинг ташкил қилиниши ҳам бу борада сезиларли ёрдам беради. Нима бўлганда ҳам ижтимоий адолатга даъво қилар эканмиз, авваламбор маълум бир қатламгагина эмас, машинасиз ҳаракатланадиган қариялар, болалар ва машина ололмайдиган аҳоли учун ҳам имтиёзлар яратиш биринчи ўринда ҳал этилиши керак бўлган муаммо бўлиб қолаверади.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔10

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔71

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 10    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 71    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 78    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 103    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар