Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Озон – ҳаёт учун

Техник соҳада хотин-қизлар салоҳиятини намоён этаётган аёл билан суҳбат

Озон –  ҳаёт учун

Вагизова Элвира Мусаевна – совитиш ва ҳавони кондиционерлаш сектори техник ходими. Касби бўйича – муҳандис. Айни пайтда у савдо ва техник жиҳозлар ҳудуди устаси лавозимида ишлаб келмоқда. Элвира Вагизова ва унинг жамоаси совитиш ускуналарининг тўғри ишлаши учун уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, монтаж қилиш ва ишга тушириш билан шуғулланади, шу орқали озон қатламини емирувчи моддалар атмосферага сизиб чиқишининг олди олинади. Ернинг озон қатламини ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

– Бу соҳада ишлашингизга нима туртки бўлди? Қандай қилиб бу касбга кириб келдингиз?

– Мен математикани жуда яхши кўрардим ва билардим, шунинг учун ўқиш учун техника йўналишини танладим. 1983-1988 йилларда Тошкент политехника институтида ўз маҳорат ва билимимни оширдим, касбим бўйича муҳандисман. Институтни тамомлагач, мутахассисларни тақсимлаш дастурига асосан «Физика – Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси қошидаги ўта ўтказувчан металлар лабораториясига юборилдим.

Мен ўз ўрнимни эгаллаяпманми, деган савол кўп ўйлантира бошлади. Бироз ишлагандан сўнг, диаграмма тузиш мен хоҳлаган иш эмаслигини англаб етдим.

Ўша пайтлари кўплаб заводлар ва саноат объектлари бор эди. Улар менда, аста-секин, техника, катта агрегатлар ва бошқаси қандай ишлашига қизиқиш уйғота бошлади. Ўшанда институтимиз битирувчилари аллақачон Ўзбекис­тондаги энг йирик корхона – «Ўзхладоторгмонтаж» корхонасида ишлаб, музлатгич агрегатлари, компрессорлар, электр двигателлари ва бошқа кўплаб маҳсулотларни таъмирлаб, йиғишар эди. Улар ўз ишлари ҳақида гапирганда, мен илҳомланиб, ниҳоят ўзим тасаввур қилган карьерамга – совитиш ва ҳавони кондиционерлаш соҳасига боришга қарор қилдим.

Албатта, ишга кирганимда, гапирганлар «ўзи қиз бола, яна олий маълумотли бўла туриб, омборхоначи бўлиб ишлайди» деган гаплар бўлди. Лекин бу техник соҳага қизиқишим шу қадар кучли эдики, на бошқалар фикри, на омборхоначи лавозими мени тўхтата олди.

– «Техник касб фақат эркакларга мос» деган фикрга қандай қарайсиз?

– Институтда ўқиганимда, бизнинг курсда қизлар кўп эди, лекин ўқишни тугатгандан сўнг ва бир неча йиллардан кейин бу фаолият соҳасида ўз мутахассислиги бўйича ишлаган атиги 2-3 нафар қиз қолган эди. Бироқ, ўқиш пайтида мен бундай фикрни, яъни, аёллар техник соҳада ишлай олмайди деган «стереотип»ни учратмадим.

Ким ўқишни хоҳласа – ҳар қандай касбни ўрганиши мумкин эди. «Ўқишга кириши, битириши ва турмуш қуриши лозим», ёки «техникани фақат эркаклар яхши билади» каби стереотиплар нотўғри деб ўйлайман.

Мисол учун, мен бироз вақт ишлаганимдан ва барча мажбурият ва талабларни ўз вақтида бажарганимдан сўнг, касбдошлар орасида мен ҳақимда, яъни, қиз бола бўлиб техник соҳадаги ишларни қила олишимга ҳеч қандай саволлар қолмади.

Шу соҳада ишлашни хоҳлаётган аёллар ва қизларга маслаҳат берган бўлардимки, ҳеч қўрқмасликларини ва ўз ўрнини топиш учун ҳаракат қилишини айтган бўлардим.

– Ишда қийинчиликлар бўлганми? Бу соҳада ишлашни давом эттиришингизга нима ёрдам берди?

– Вақт ўтган сари, бозор иқтисодиё­тига ўтиш билан корхона фаолияти пасая бошлади. Мутахассислар корхонани тарк этиб, ўзларининг кичик корхоналари, дўконларини очишди. Замон ва янги воқеликларга ҳамнафас бўлиб деганларидек, 2001 йилдан савдо ва техник жиҳозлар ҳудуди устаси бўлиб иш бош­ладим. Бозорда рақобат кучли бўлгани учун бир вақтнинг ўзида шартномалар тузишдан тортиб, сайтларни кузатиш, ходимларнинг жиҳозларни ишга туширишини текшириш каби бир нечта вазифаларни бажариш қобилия­тини ва эпчилликни талаб қилади. Ишимизда жуда кўп вазиятлар учрайди, аммо агар жамоа ҳамжиҳатликда ва ўзаро тушунишда ишласа, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бир бутун бўлиб уйғун ҳаракат қилишлари мумкин. Эҳтимол, бу фазилатлар туфайли биз ҳали ҳам биргаликда ишлашни давом эттирмоқдамиз, чунки мижозлар профессионал ва сифатли ишни қадрлаб, ҳали ҳам тажрибали ва малакали мутахассисларга мурожаат қилишади.

– Совитиш ва ҳавони кондиционерлаш ускуналари ва технологиялари атроф муҳитга, экологияга қандай ижобий таъсир кўрсатади ва қандай қилиб одамларнинг турмуш шароитини яхшилаши мумкин?

– Атроф муҳитни муҳофаза қилишда барчамиз иштирок этишимиз мумкин. Масалан, озон қатламини бузувчи газлар борки, улар озонни емирувчи моддалар деб аталади, одатда уларни «фреон» деб ҳам аташади. Улар кундалик ҳаётда жуда кўп қўлланилади: асосан музлатгичлар ва кондиционерларда.

Шунинг учун музлатгичлар ва кондиционерларни мунтазам равишда диагностика қилиб туришимиз керак, чунки уларнинг нотўғри ишлаши туфайли кимёвий моддалар атмосферага чиқади.

Бундан ташқари, музлатгичлар ёки кондиционерларни таъмирлаш керак бўлса, аввало совутгични (фреонни) олиб ташлаш ва уни қайта помпалаш, шу билан атмосферага кимёвий моддалар тарқалишининг олдини олиш учун албатта мутахассис маслаҳатини олишингиз керак. Бундан ташқари, агарда музлатгични ёки кондиционерни таъмирлаш керак бўлса, устадан, газни (фреонни) тортиб чиқариб олиб, таъмирлашни якунлагач уни ускуна ичига қайта қуйишини сўраш керак, шу билан атмосферага кимёвий моддалар тарқалиши олди олинади. Шунда тўғри ва атроф муҳит учун хавфсиз бўлади. Бу нафақат озон қатламини ҳимоя қилишга, балки музлатгич ёки кондиционерни янгидан газ билан тўлдириш ҳаражатини тежашга ёрдам беради.

Бутун дунёдагидек, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгаришининг таъсири тобора ортиб бормоқда – сўнгги бир неча йил ичида рекорд даражадаги юқори ва узоқ давом этган ҳароратлар кузатилмоқда, шу билан бирга совутгич ва кондицио­нер ускуналарига талаб ҳам доимий равишда ортяпти. Бинобарин, одамларнинг саломатлиги ва ҳаёти учун янада қулай шарт-шароитларни таъминловчи бундай маиший техника ва технологик жиҳозлар истеъмолчилари учун бу борадаги юқори малакали техник ходимларга талаб ортиб бормоқда.

– Бу соҳада ишлаётган қизлар ва аёллар кам экани сир эмас. Уларни кўпроқ жалб қилиш мумкинми?

– Нега бу соҳада хотин-қизлар кам ишлаётганига мен ҳам ҳайрон бўлдим. Уларни нима жалб қилиши мумкин? Эҳтимол, «иш ҳақи, қизиқиш, карьера». Тажрибадан шуни англадимки, энг муҳими техника билан ишлаш истаги. Истак бўлса – қизиқиш пайдо бўлаверади. Муҳими, муносиб даромадга эга бўлган муваффақиятли карьерага эришиш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда очилган «Ишга марҳамат» мономарказларида совитиш ва ҳавони кондиционерлаш соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари иш бошлаганини эшитдим. Бу қизларни ушбу соҳадаги меҳнатга кўпроқ жалб қилиш учун яхши имкониятдир.

Ушбу мақола Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТТД ҳамда ГEЖнинг «Ўзбекистонда глобал исиш с

алоҳияти паст ва озонни емириш қобилияти бўлмаган энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали ГХФУни бутунлай истеъмолдан чиқариш» қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланган.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔18

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔77

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔77

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар