Статистик маълумотларга кўра, ҳар бир инсоннинг кундалик эҳтиёжидан ўртача 1-1,5 кг. маиший чиқинди чиқади.
Ҳар кунлик харидларимиз, истеъмол қилаётган озиқ-овқат, унинг чиқитга чиқаётган қисми, бир марталик идишлар... хуллас санасак адоғи кўринмайди. Биз бу чиқиндилар қанча эканини уйимиздаги чиқинди челак, нари борса «дом» яқинидаги тўртта чиқинди контейнери мисолидагина тасаввур қиламиз кўпинча. Аслида бутун бир шаҳар миқёсида бир кунда чиқаётган чиқинди анчайин улкан ва ваҳимали.
Тошкент шаҳридан ҳар куни ўнлаб чиқинди тўла юк машиналари Оҳангарон томон юради. Пойтахтдан кунига тонналаб чиқаётган чиқинди Оҳангарондаги полигонда тоғ-тоғ бўлиб уюлади. У ерда чиқиндилар сараланади, қайта ишлашга яроқлиси ажратилади, қолгани эса белгиланган талаблар асосида кўмилади. Мана неча йилдирки ҳар куни тонналаб чиқинди қабул қилаётган Оҳангарон полигони ҳам деярли тўлди, бу ерда чиқиндиларни хавфсиз утилизация қилишнинг имкони пасаймоқда. Хўш, нима қилиш керак?
Жорий йилнинг 2 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторда бу масалага алоҳида тўхталиб, қатор топшириқлар берган эди. Жумладан, ҳудудлар раҳбарларига ресурсини ўтаб бўлган маиший чиқинди полигонларини (жами 165 гектар майдонда 24 та) 1 майга қадар кўмиш чораларини кўриш топширилди. Мутасаддиларга полигонларни рекультивация қилиш дастурини ишлаб чиқиб, тегишли ишларни бошлаш, умуман, келгуси йилдан полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солиш бўйича аниқ молиявий манбаларини кўрсатган ҳолда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Шунингдек, бир ой муддатда Оҳангарон туманида Осиё тараққиёт банки иштирокида 30 гектар майдонда полигон ташкил этиш бўйича 17 миллион долларлик лойиҳа доирасидаги қурилишни бошлашга кўрсатма берилди.
– Чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини яхшилаш бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда катта муаммога айланмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон АМИНОВ. – Давлат раҳбари ҳам бу бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Юртимизда мавжуд 197 та полигондан 24 таси буткул тўлгани, қолгани ҳам санитария ва экологик талабларга жавоб бермаслиги қайд этилган. Бугун чиқинди полигонларнинг очилиш, ёпилиши бўйича ҳам қонунчиликни такомиллаштириш, экологик маданиятни шакллантириш лозим.
Ривожланган давлатлар тажрибасида давлат қанчалик тараққиётга эришса, чиқиндилар миқдори шунчалик ортиши қайд этилган.
Бугун тиббий, маиший, қурилиш чиқиндиларининг кескин ортиши мамлакатимиз ривожидан далолат, аммо бу муаммони ҳал қилмайди. Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ечими аввало экологияга бўлган муносабатнинг ўзгаришига боғлиқ. Эндиликда бунинг ҳуқуқий асоси ҳам мустаҳкамланади, бу борада парламент назорати йўлга қўйилади.
Дарҳақиқат, дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса ривожланган давлатларда чиқиндиларни қайта ишлашга катта эътибор қаратилади. Боиси, чиқинди – даромад манбаи, газ ва электр энергияси олиш учун тайёр хом ашё. Президентимиз бу масалага давлат даражасида алоҳида эътибор қаратаётганининг боиси ҳам шунда.
18 февраль куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган чиқиндилар полигонида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ҳамда «Махсустранс» ДУК ҳамкорлигида «Чиқинди муаммоси ёхуд экологик маданият қандай шаклланади?» мавзусида акция ташкил этилди. Акция доирасида мутасаддилар ва журналистлар ушбу маиший чиқинди полигонига бориб, ҳолат билан бевосита танишдилар.
Илгарироқ, 2021 йил август ойида газетамиз саҳифаларида айнан Оҳангарон чиқинди полигонининг ҳолати, ундаги вазият қандай эканлиги ҳақида мақола чоп этилган эди. Хўш, бугун мазкур полигонда нималар ўзгарди? Қандай янгиликлар кутилмоқда?
– Полигондаги чиқиндиларни рекултивация қилиш мақсадида Осиё тараққиёт банкидан 3 миллион 200 минг АҚШ доллар қийматга эга энг замонавий техникалар олинди, – дейди «Махсустранс» ДУК раҳбари маслаҳатчиси Исмоил САГДУЛЛАЕВ. – Бу ерга ҳар куни келтириладиган 2 минг тонналик чиқинди прессланади. Ҳар икки метрда 40 см. шағал тўкилади ва устидан яна 40 см. тупроқ тортилади ҳамда махсус машиналарда рекултивация қилинади. Афсуски, Оҳангарон чиқинди полигони деярли ўз муддатини ўтаб бўлган. Шу сабабли бу ерда 30 гектарлик замонавий полигон қурилиши бўйича ишлар бошлаб юборилган. Жанубий Кореянинг Сежин компанияси билан 55 миллион АҚШ доллари қийматга эга шартнома қилинган бўлиб, чиқиндилардан чиқадиган метан газидан электр энергияси олиш кўзда тутилган. Бу 20 йилга мўлжалланган лойиҳа бўлиб, шу муддат давомида чиқиндилардан электр энергияси олиб, фойдаланиш учун аҳолига сотиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, анорганик чиқиндилардан фойдаланиш мақсадида хусусий корхона билан шартнома қилинди. Эндиликда бу ерда пўчоқ маҳсулотлари қайта ишланиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган махсус чиринди тайёрланади. Ҳозирда корхона ўз фаолияти учун шароит ва бино ҳозирламоқда.
Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича яна бир корхона билан меморандум имзоланган. Унга мувофиқ шох-шаббаларни қайта ишлаш йўли билан улардан кўмир ўрнида уйларни иситишда фойдаланиш мумкин бўлган брикетлар тайёрланади.
Маълумки, «Махсустранс» ДУК корхонаси пойтахт аҳолисининг 71 фоизига хизмат қилади, 29 фоизи эса алтернатив корхоналар хизматидан фойдаланади. Бир кунда замонавий, охирги русумдаги 240-250 та техника чиқинди йиғиш учун хизмат кўрсатади. Асосан маҳаллалардан сигнал асосида ҳафтасига 2 марта, чиқинди йиғиш майдонларидан ҳар куни ҳамда корхона ва ташкилотлардан шартнома асосида чиқиндилар олиб чиқилади. Пойтахтнинг ўзидан кунига қарийб 2 минг тонна олиб чиқиладиган маиший чиқиндилар орасида нон қолдиқларининг ўзи 2 тоннани ташкил қилади. Нақадар аянчли...
Чиқинди полигонига қадам боссангиз, атрофда анқиётган ҳидга дош бериш, нафас олишнинг ўзи жуда қийин. Шундай бўлсада бу ерда қанчадан-қанча фидойи инсонлар ишламоқда, чиқиндиларни сараламоқда. Тинимсиз олиб келинаётган чиқиндиларни текислаб, махсус босқичлар асосида рекультивация қилишмоқда.
Полигондаги ҳолатни кўриб, афсуски бизда ҳали чиқиндиларни саралаш маданияти етишмаслигига яна бир бор амин бўлдик.
Шу сабаб ҳам пўчоқ, пластик идиш, овқат қолдиғи, нон бўлаклари ва ҳоказоларни битта қилиб, бир идишга солаверамиз. Полигонда эса буни саралашнинг имкони йўқ. Шундай аралаш-қуралаш чиқиндилар сабаб бу ерда кечаси юриб бўлмайди. Полигон хизматчиларининг сўзларига кўра тунда 100 дан ортиқ дайди итлар овқат илинжида бу ерга тўпланар экан. Яна юзлаб қарғалар, чағалаклар галаси ҳам полигондан қўним топганига нима дейсиз?..
Тошкент вилояти Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Миржалол Мирзалимовнинг сўзларига кўра, Оҳангарон туманидаги маиший чиқиндилар қабул қилаётган 59 гектарлик полигон 98 фоиз хизматини ўтаб бўлган. У буткул ёпилиб, ҳокимлик балансига топширилгач, янгиси очилади. Гарчи Тошкент вилоятида 18 та чиқинди полигони мавжуд бўлса-да, ҳамон аҳоли орасида чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланмоқда. Айниқса чиқиндиларни белгиланган жойга ташламаслик кўп учрайдиган ҳолатга айланиб қолган. Жумладан, февраль ойининг ўзида 93 нафар шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилгани бунинг ёрқин мисолидир.
Айтиш лозимки, вилоятда 34 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлиб 143 минг тонна чиқинди қайта ишлаш учун ана шу корхоналарга юборилади. Ҳозирда чиқиндини қайта ишлаш даражасини янада ошириб, 50 фоизгача етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, яқин 4-5 йил ичида саноат чиқиндиларини қайта ишлашни 40 фоизга етказиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлашни эса 20 фоизга кўтариш учун ҳаракат қилади. Чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш борасида мамлакатимизда бошланган кенг кўламли саъй-ҳаракатларда ҳам Экопартиянинг барча бўғиндаги ташкилотлари, депутатлари ҳамиша камарбаста бўлади.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири