Инсон саломатлигига хавф солаётган шовқин, ундан қандай қилиб ҳимояланамиз?
Бизнинг бутун муҳитимиз, у ёки бу даражада, шовқин таъсиридан иборат. Одамлар маълум бир шовқин даражасига ўрганган бўлиб, агар ҳаддан ташқари шовқин бўлмаса, улар кўпинча бунга эътибор ҳам бермайдилар.
Кишилар онгига таъсир қилувчи шовқин таъсирига қарши курашиш зарурати халқаро даражада эътироф этилган. Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2021 йил 5 октябрдаги 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф муҳитга бўлган ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этган резолюция қабул қилинди.
Шовқин ва инсон саломатлиги
Инсон танаси турли даражадаги шовқинларга турлича муносабатда бўлади. Узоқ муддатли таъсир қилиш билан 70-90 дБ шовқин даражаси асаб тизими касалликларига олиб келади ва 100 дБ дан ортиғи эшитиш қобилиятини йўқотишдан карликкача олиб боради.
Шовқин инсон асаб тизимига сезиларли юклама бериб, унга психологик таъсир кўрсатади. У ҳатто уйқу пайтида ҳам организмдаги кортизол, адреналин ва норепинефрин каби стресс гормонларининг қондаги даражасини ошириши мумкин. Ушбу гормонлар қон айланиш тизимида қанчалик кўп бўлса, ҳаёт учун хавфли физиологик муаммолар юзага келади.
85-90 дБ шовқин таъсирида эшитиш сезгирлиги пасаяди. Узоқ вақт давомида одам безовталикдан шикоят қилади. Белгилари – бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, ҳаддан ташқари асабийлашиш. Буларнинг барчаси шовқинли шароитларда ишлаш оқибатидир. Кучли шовқин, айниқса, юқори частотали шовқин таъсирида эшитиш органида қайтарилмас ўзгаришлар юз беради. Шовқин билан зарарланишнинг юқори даражасида эшитиш сезгирлиги 1-2 йилдан сўнг пасаяди, ўртача шовқин даражасида у анча кечроқ, 5-10 йилдан кейин аниқланади, яъни эшитиш заифлашади, касаллик аста-секин ривожланади. Шунинг учун шовқиндан ҳимоя қилиш учун тегишли чораларни олдиндан кўриш айниқса муҳимдир.
Ҳозирги кунда ишда шовқинга дучор бўладиган деярли ҳар бир киши кар бўлиб қолиш хавфи остида.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳозирда йирик шаҳарларга хос бўлган «шовқиннинг ифлосланиши» улар аҳолисининг умр кўриш давомийлигини 10-12 йилга қисқартиради. Мегаполис шовқинининг одамга салбий таъсири тамаки чекишдан кўра 36 фоизга кўпроқдир, бу одамнинг умрини ўртача 6-8 йилга қисқартиради.
Ҳимоя қилишда муаммолар бор
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, бугунги кунга қадар мамлакатимизда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Мисол учун, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак. Айни пайтда, «тунги вақт» бўйича ягона тушунча мавжуд эмас, масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 6:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 6:00 гача, «Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй-жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари»га (СанПиН 0267-09-сон) мувофиқ эса – 23:00 дан 7:00 гача деб белгиланган.
Шунингдек, ушбу соҳада аниқ илмий изланишлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган холос.
Хорижий тажрибага назар
Шуни таъкидлаш керакки, бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилги «Шовқинни тартибга солиш тўғрисида», АҚШда 1972 йилги «Шовқинни назорат қилиш тўғрисида», Буюк Британияда 1996 йилги «Шовқин тўғрисида» қонунлар мавжуд.
Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади. Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган, ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.
Таклиф ва тавсия: амалда нима ўзгаради?
Ўрганиш натижасида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан:
– шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш;
– рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш;
– белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш.
Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ривожланган хорижий давлатлар мисолида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам маъсул идораларга тақдим этилди.
«Ушбу ташаббусларнинг имкон қадар тезкорлик билан амалга оширилиши жамият ҳаётини яхшилаш, шовқиннинг салбий таъсирига барҳам бериш, шунингдек, зарарли меҳнат шароитларига эга ишчилар ҳамда шовқин таъсири мавжуд ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳоли учун адолатли компенсация тўловлари жорий этилишига хизмат қилади», – дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Шовқиндан ўзингизни ҳимояланг
Сизга шовқин зарар етказмаслиги учун мутахассислар бугунги шовқинли оламда бир қатор тавсияларга амал қилишни таъкидлашади.
Ҳар куни 1-2 соатни сукутда ўтказинг. Шовқин нафақат эшитишга, балки асаб тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатганлиги сабабли, одам ҳар куни камида 1-2 соатни тўлиқ сукунатда ўтказиши керак. Ҳеч ким сизни безовта қилмайдиган тинч ва танҳо қоладиган жой топинг. Гаджетларни ўчиринг, телевизор, компьютер ва радио ҳақида унутинг. Кўзингизни юмиб ётинг. Бундай сокинликдан сўнг асаб тизимингиз сиздан жуда миннатдор бўлади!
Табиат қўйнига тез-тез чиқинг. Баргларнинг сокин шитирлаши, қушларнинг ёқимли сайраши ва табиатдаги бошқа товушлар шовқинли шаҳардан дам олишга ва хотиржамликни тиклашга ёрдам беради. Бундай табиий шароитларда стрессдан кейин эшитиш ҳужайралари анча тезроқ тикланиши исботланган.
Деразаларни алмаштиринг, шовқин ўтказмайдиган ромларни танланг. Пол, шифт ва деворларнинг овоз ўтказмаслиги кўча шовқинини камайтиради.
Мусиқани жуда баланд овозда тингламанг. Баланд мусиқа эшитиш қобилиятига жиддий зарар етказади. Муаммо шундаки, баланд овозда мусиқа эшитиш ихлосмандлари жуда кеч бўлмагунча бунга аҳамият бермайдилар. Шунинг учун эшитиш гигиенаси ҳақида доимо ёдда тутинг ва амал қилинг.
Саида Эшмўминова